Бишкекда китоб тақдимоти
Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Қирғизистон — бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз, энг яқин қўшнимиз ва вақт билан синалган дўстимиздир”, деган эди.
Албатта, бу сўзларнинг замирида икки қардош халқнинг минг йиллик азалий дўст-қадрдонлиги ва қўни-қўшничилиги мужассам.
Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги Курманжан Датка ва Навоий кўчалари кесишган ҳудудда улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилди.
Айтиш керакки, 2019 йилда Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси Ёзувчилар уюшмалари ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми ҳам икки томонлама адабий алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлиб келмоқда.
Ардоқли шоиримиз Миртемирнинг “Қирғиз халқига” деб номланган шеърида қардошлик туйғуси жуда чиройли ифода топган:
Чордеворлар ўрнида комбинатлар қуролган
Бахти ёрқин, бут халқсан;
Борсакелмас чўлларда комбайнлар суролган
Тупроғи ҳам қут халқсан;
Тарихнинг жиловини ўз измига буролган
Дарёлари сут халқсан…
2022 йилда чоп этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлигида қирғиз адабиётининг 150 дан ортиқ вакиллари ижоди қамраб олинди. Бу ўзбек таржимонлари қирғиз адабиётининг бугунги кунига қизиқиш билан қараётганликларини билдиради.
2024 йилда Чингиз Айтматовнинг 10 жилдлик асарлар мажмуасининг нашр этилиши, шунингдек, 2025 йилда Қирғизистонда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романининг чоп этилиши адабий дўстлигимизнинг яққол намунасидир.
2024 йилда таниқли қирғиз ёзувчиси Султон Раевнинг “Танланган асарлар” номли китоби ўзбек тилида чоп этилди.
2025 йил апрелида Қирғизистон Ёзувчилар делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Қанибек Имоналиевнинг “Қирғизнома”, Роза Айтматованинг “Хат келди” китобларининг ўзбек тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди.
Бугун қирғиз адиблари Ўзбекистонда, ўзбек адиблари Қирғизистонда ўз китоблари тақдимотларини бемалол ўтказишаётир.
2025 йилнинг 24 декабрь куни Бишкекда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби, ёзувчи ва таржимон Ҳабиб Сиддиқнинг “Америкалык коңшуларым” (“Амриқолик қўшниларим”) китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот муносабати билан Бишкек шаҳрига китоб муаллифи Ҳабиб Сиддиқ, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, шоир ва ёзувчи Шукрилло Жалил ва камина таклиф этилган эдик.
Андижон вилояти орқали Ўш шаҳрига ўтдик. У ердан Бишкекка учишимиз керак эди. Аммо туманли об-ҳаво туфайли кун бўйи Ўшда қолиб кетдик. Хайриятки, кечга Бишкекка учишимизга рухсат этилди. Бишкекка етгач, бизни кутиб олишга чиққан қардошларимизнинг илиқ муносабатини кўриб, кўнглимиздаги туманлар ҳам буткул тарқаб кетганини ҳис қилдик.
Тақдимот маросими бошланишидан олдин бизни Қирғизистон Миллий ёзувчилар уюшмаси раиси Қанибек Имоналиев қабул қилди. Суҳбат жараёнида икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик мустаҳкамланиб бораётгани, бу борада шоир ва ёзувчиларнинг ҳамкорлиги катта аҳамиятга эга экани таъкидлаб ўтилди.
Алиқул Осмонов номидаги Қирғизистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмалари, Қирғизистон Миллий кутубхонаси, Бишкекдаги “Улуу тоолор” нашриёти ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ҳар икки халқнинг шоир-ёзувчилари, адабиётшунос олимлар, журналистлар, адабиёт ихлосмандлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Ўзбек ёзувчисининг қирғизистонлик ва ўзбекистонлик мутаржимлар Айтмирза Абилқосимов, Учқун Абдилазизов, Тўрабой Жўраев томонидан маҳорат билан қирғиз тилига ўгирилган ҳажвия ва ҳангомалар жамланган мазкур китоби “Улуу тоолор” нашриётида чоп этилганди.
Адибнинг “Тўқайга ўт тушса”, “Ким ошди савдоси”, “Бедаво дарднинг давоси”, “Инглизча туш”, “Чироғи ёниқ хонадон”, “Ўрага сичқон тушди”, “Ҳаёт йўлга ўхшайди”, “Сайланма”, “Нимкоса” каби насрий ва публицистик китоблари, “Яхшилар кўп дунёда”, “Лаббай, хўжайин…” номли қиссалари чоп этилган, драматик асарлари пойтахт ва вилоят театрларида саҳналаштирилган, мухлислар эътиборини қозонган.
Турли миллат адибларининг жаҳонга машҳур бир қанча комедиялари ва ҳикоялари Ҳабиб Сиддиқ таржимасида ўзбек ўқувчилари ва томошабинларининг маънавий мулкига айланиб улгурди.
Унинг асарлари мазмунан ранг-баранглиги, ҳаётийлиги, ширали тили, ҳазил-мутойибага йўғрилганлиги, кутилмаган ечимлари, тагдор иборалару илмоқли гапларга бойлиги, салмоқдор ижтимоий юки ва фалсафий хулосалари билан ўқувчи эътиборини тортади.
Халқаро адабий алоқаларимиз ривожи натижасида Ҳабиб Сиддиқ асарлари Ватанимиз сарҳадларидан ташқарида ҳам ўз ўқувчиларини топиб бормоқда. Ҳажвия ва ҳангомалари рус, инглиз, турк, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган. Рус тилида “И смех, и грех” (2020), қорақалпоқ тилида “Эсим қурысин” (2023) тўпламлари чоп этилган.
“Америкалык коңшуларым” адибнинг қирғиз тилидаги иккинчи китоби. Уч йил аввал Қирғизистонда унинг “Нымкесе” (“Нимкоса”) номли китоби нашрдан чиққан ва қирғиз китобхонларига манзур бўлгани эътироф этилган эди.
Тадбирда сўз олган Қирғизистон халқ шоирлари Акбар Рисқулов, Маркабай Ааматов, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоблари Тўрабой Жўроев, Бегижон Аҳмедов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Муҳаммад Сиддиқ, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Шукрилло Ҳайитохунов ва бошқа ижодкорлар сўнгги йилларда икки қардош халқ орасида ҳамдўстлик алоқаларининг кенгайиб ва мустаҳкамланиб бораётгани, ижодкорлар ўртасида ҳамкорлик ривожланаётгани ҳақида сўзладилар, ўзбек адибининг қирғиз тилидаги янги китоби мундарижаси, мазмун-моҳияти, таржимонлар маҳорати, қардошлик алоқаларини мустаҳкамлашдаги аҳамияти тўғрисида фикр билдирдилар, қирғизистонлик ўқирманлар учун муносиб туҳфа бўлганини эътироф этдилар.
Уюшма раҳбариятига ва мазкур китоб нашрига ҳисса қўшган ижодкорларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг, муаллифнинг эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбек адиби Ҳабиб Сиддиққа Қирғизистон Миллий ёзувчилар уюшмаси фахрий аъзолик гувоҳномаси топширилди.
Адиб ўзининг ўзбек, қирғиз, рус, қорақалпоқ тилларида чоп этилган китобларидан Қирғизистон Миллий кутубхонаси фондига совға қилди.
Муҳаммад Сиддиқ РАҲМАТОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
аъзоси.
