Ҳуқуқий мақомимиз…

 (“Фуқаро” сўзининг ўрнига маъноси аниқ ва мазмуни эзгу бўлган бошқа бир атама билан алмаштиришни таклиф қиламан!)

Матбуотда, ижтимоий тармоқларда бот-бот “фуқаро” сўзи “қашшоқ эл”, “фақир одамлар” дегани, у “гражданин” тушунчасини мутлақо ифодалай олмайди, ўрнига бошқа сўз топайлик, деган таклиф айтиб келинади.

Луғавий жиҳатдан, бу гап тўғри. Аммо бизда шу сўз зиммасига айни тушунча юкланган, одамлар кўниккан десангиз, орадан тўрт-беш йил ўтиб, янги авлод билимдонлари етишиб чиқади-да, бояги савол яна қўйила беради.

Аслида, ўзбек тилида “фуқаро” атамаси яқинда пайдо бўлган эмас, Юз эллик-икки юз йил аввал ҳам граждан маъносида ишлатилган: “Азизбек… қамалишининг иккинчи куни ўрда томига чиқти, энг кейинги, ҳам энг пастарин чорани кўрмакчи эди бу хоқон. Бошлаб фуқароға салом берди, сўнгра синиқ ва ожиз қолган бир товуш билан халққа узр айтди: – Энди ўзимнинг қилмишларимдан пушаймон бўлдим… Мен сизларнинг қилған яхшилиқларингизни унутқан эканман… Сизлар ўзларингизнинг бу ишларингиз билан маним кеткан ақлимни яна миямга ўрнатдингиз… Раҳмат, фуқаро… Гуноҳимни кечирингиз, қилмишларимдан пушаймон бўлдим, фуқаро!” (А.Қодирий. “Ўткан кунлар”). Кўрамизки, уни кимдир яқинда топиб, ножўя қўллаган ва шу атама оммалашиб кетган экан, деб ўйлаган киши янглишади.

Қизиқ, мамлакат аҳолисини ташкил этадиган одамлар бошқа кўп тилларда ҳам “нотўғри” номланган. Масалан, русча “граждан” (граждане, гражданин, гражданка) – шаҳарлик дегани. У “град” (город) сўзидан олинган. Инглиз тилидаги фуқаро “ситизен” (citizen) ҳам, немисларнинг “бургер” (вürger)и, фарангларнинг “ситоен” (citoyen)и, испанларнинг “сиудадано” (ciudadano)си ҳам “шаҳарлик” маъносида асли. Эрон (форсий) ва Покистон (урду)да ҳам бу тушунча шаҳарга боғланган, “шаҳриванд” дейишади. Бунга эса қадимда шаҳар-давлатлар бўлгани сабаб. Шаҳардан ташқаридаги жойлар давлатга қарамаган.

Бугун эса Сингапур ва Монакони ҳисобга олмасак, шаҳар-давлат дунёда йўқ. Шунинг учун ҳам шаҳар одамларинигина фуқаро деб ҳисоблаш мумкин эмас. Худди шу маънода “граждан” сўзи эскирди.

“Фуқаро” сўзи ҳам фойдаланишга яроқсиз. Уни биздан ташқари фақат уйғурлар “пуқаро” шаклида қўллайди. Бу араб сўзи арабларнинг ўзида ҳам “граждан” маъносида ишлатилмайди. Биз уларнинг тилини ўзларидан яхшироқ биламиз, шекилли, уларда йўқ маъноларда ҳам ишлатаверамиз.

Араб лисонида гражданин атамаси “муваттан” дейилади. Яъни, ватан эгаси, ватанли киши. Мазмунан тўғри калима. “Граждан”ни ватан сўзига боғлаб қўллаш араблардан ташқари туркларда, озарбайжон ва қўмиқларда бор. Уларда “фуқаро”ни “ватандош” дейдилар.

Бу сўз (граждан)ни қозоқлар “азамат”, қирғизлар эса “жаран” деб алмаштиришди. Туркий тиллар атамачилигида муайян муштаракликка интилсак-да, ўзбек тилида азамат ёки ёрон калимасини термин сифатида қўллаш амримаҳол. Чунки биз “азамат”ни паҳлавон, “жаран” (ёрон)ни эса “қадрдон дўстлар” маъносида ишлатамиз. Сўзларни атама қилиб олганда уларга тескари маъно сингдирмаган маъқул.

“Фуқаро” (қашшоқлар) сўзида ана шундай бошқа, одамнинг орини келтирадиган маъно бор. Башарти араблар “фақир”, ё “фуқаро” сўзини “граждан” маъносида истифода қилганларида, бошқа гап эди, уларга “ўзгартиринглар” дейишнинг ҳам иложи йўқ. Грамматик жиҳатдан ҳам, бир кишини “фуқаро” (қашшоқлар) дейиш кулгили, чунки бирликда бу калима “фақир” шаклини олади.

Аксар туркий халқларда атамалар борасида янгиланиш кўп. Масалан, январдан декабргача барча ойлар номини янгилашган, асл туркона ёки асрлар давомида айтиб келинган номларни яна тиклашган, биз эса ҳамон “шошмасдан, чуқур ўйлаш” тарафдоримиз, “етти ўлчаб бир кесиш – доно халқимизнинг фазилати”, деб ўзимизни ишонтириб юрибмиз.

Биз ўзимизни “фақирлар” деб атамайлик. “Ўзбек” сўзининг иккинчи қисми, шубҳасиз, “бек” бўлса-ю, бек қашшоқ бўлса? Чунки исм – тилсим, у тақдирга таъсир қилади. Бу ҳақда ҳадисларда ҳам келган:

“Ҳузн (ғам) деган исм ҳақида Ибн ал-Мусайяб отасидан нақл қиладики, отаси Жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурига борганида ул зот: “Исминг недур?” – деб сўрабди. Отаси “Исмим Ҳузн (ғам)” дебди. Жаноб Расулуллоҳ: “Сенинг исминг Саҳл (яъни, Шодмон) бўлсин!” – деб айтибди. Отаси: “Отам қўйган исмни ўзгартира олмасман!” – дебди.

Ибн ал-Мусайяб: “Шу-шу бўлди-ю, бошимиздан ғам аримай қолди”, – дейди”.

(Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ҳадис 4. Жомиъус саҳиҳ. Қомуслар бош таҳририяти, Тошкент – 1992, 132- бет).

“Ўткан кунлар” романида тасвирланган замонда эл ўттиз икки тангадан солиқ тўлашга қурби етмайдиган фуқаро – фақирлардан иборат эди, шунинг учун кишига оғир ботмайди. Бироқ шу нарса аниқки, кишилар болага исм қўйганида ёки бирон нарсани номлаганида дилидаги орзусини ифодалайди: ўғлини Бахтиёр деб чақиради, дўконини “Файз” деб номлайди ва ҳоказо. Шундай экан, исм эзгу, ном яхши, атама аниқ бўлсин, ижобий маънони акс эттирсин. Шу маънода, қозоқнинг “азамат”и, қирғизнинг “ёрон”и анча яхши атама, биздаги каби бўлганида, граждан сўзи уларда “кедей” ёки “жақир” деб номланар эди.

Мен шу маънода фуқаро (граждан) сўзини бошқа, маъноси аниқ ва мазмуни эзгу бўлган бир атама билан алмаштиришни таклиф этмоқчи эдим.

ЎзФАнинг Тил ва адабиёт институтида кўп йиллар бирга ишлашган Неъмат ака Маҳкамов тўқсонинчи йиллар бошида бир муддат Афғонистонда хизмат қилиб қайтганди. Биласиз, у юртда ўзбеклар бир неча миллион нафар, Ўзбекистондан ташқарида энг кўп ўзбек Афғонистонда. Хуллас, ўша ерда бир ўзбек чол бор экан, ҳар замонда бир келиб, булар билан гаплашиб, она юрти хуморини босиб кетар экан. Неъмат акани ҳар кўрганда “Ватандор” деб атар, умр бўйи Ўзбекистонга бир келиб кетиш нияти билан яшар экан…

Раҳматли Неъмат акадан менга ана шу “ватандор” деган сўз ёдгорлик бўлиб қолди.

Бу сўз “ватандош”га ўхшайди. Аммо ватандор – ватанига эга, ватани бор, дегани. Ватани йўқларнинг армони бу калима.

Бу лексемани ўзбек тилининг бирон луғатидан топа олмайсиз. Бошқа туркий тилларда ҳам, ҳатто чиқишига кўра асос бўлган араб тилида ҳам йўқ.

Қарангки, ахборот қайнаган ҳозирги замонда битта фикрни бир-биридан бехабар ҳолда бир неча одам айтиши оддий ҳол бўлиб қолди. Мен бу мақолани тугаллагач, шунга яқин гапларни излаб интернетни титкилаб, Фарҳод Абдураҳмон деган кишининг қуйидаги мулоҳазасига дуч келдим:

“Мен тилшунос эмасман ва шунинг учун қатъий бир фикр билдира олмасам керак, аммо айрим мулоҳазаларимни ёзмоқчиман, – дейди у. – “Ватандош” сўзидаги “-дош” қўшимчаси айни ўринда бири бошқасига нисбатан деган маънони билдирса керак. Яна “дош” мустақил сўз бўлиб ҳам айрим маъноларни англатади ва бу ҳақда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”дан ўқиб билиб олишингиз мумкин. Демак, “ватандош” сўзини мен бошқа бир Ўзбекистонликка нисбатан ишлатишим мумкин. “-Дош” қўшимчаси билан тугаган кўплаб сўзлар ҳам кўпинча айни маънода келади. Масалан, “синфдош”, “маҳалладош”, “сирдош”, “курсдош”, “фикрдош”, “касбдош”, “хонадош”, “қариндош”, “кундош” каби. Шунинг учун ватандош сўзи ўрнига “ватандор” ёки “юртдор” сўзи ишлатилса ёки фуқаро ўрнига ушбу сўзлардан бири қабул қилинса мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. Ҳали талабалик йилларимда фуқаро сўзи қабул қилинмасдан олдин баҳсларда мен “ватандор” ёки “заминдор” сўзини қабул қилиш ҳақида айтганман. Шунда “-дор” форсчадан келган қўшимча деб айрим тилшунос олимлар қаршилик кўрсатганлар. Агар бундай десак, “Ватан” сўзи ҳам араб тилидан кириб келган. “-дор” эгалик маъносини билдиради. Масалан, “мулкдор”, “ҳақдор”. Юртдор ёки ватандор десак, муайян бир мамлакатнинг эгаси, вакили, шу юртга мансублигини, тегишлилигини кўрсатади. Яна буни профессионаллар шошмасдан муҳокама этсалар яхши бўларди…”

Ватандор, Ватандош, Юртдош… Бу атамаларни ўйлаб кўриш вақти етди.

Тўғри, “фуқаро” сўзи Конституциямизда, барча қонунларда, расмий ҳужжатларда атама сифатида қўлланган, уларнинг барини алмаштириш осон эмас. Бироқ шундай ҳолатлар ҳам бўладики, моддий ва бошқа мулоҳазаларни четга суриб, миллат ўз иродасини амалга оширади.

Сирасини айтганда, юқоридаги фикрларимиз – бир мулоҳаза, таклиф. Бу борада етти марта эмас, керак бўлса, етмиш марта ўйлаб иш тутилмоғи тайин. “Ватандор” атамасига келсак, мантиқан мос келар, аммо бу сўздан ҳам муносиброқ, дилга яқин, юракка яқин, ҳар томонлама тўкис сўзни топиш керак, назаримизда. Тарихий атамаларни, улуғ боболаримиз қолдирган бой меросни, жадид боболаримиз битган китобларни, умуман, ўзлигимизга оид манбаларни синчковлик ила ўрганиш тақозо қилади. Қолаверса, халқдан донишманди йўқ. Шу боис бу масалада элдошларимизнинг фикрини, таклифларини олиш жоиздир.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − 7 =