“Бугун Навоий туғилди!”

Абдулла Орипов:

“Мен ҳам эрта тонгда касалхона деразаларини очиб юбораман ва бутун борлиққа беихтиёр изҳори дил қила бошлайман:

— Бугун Навоий туғилди!”

 

Ҳанифа ая хотираларидан:

“2013 йилнинг қиш фаслини Истанбулда ўтказдик. 9 февраль — Навоий бобонинг таваллуд топган кунларида Абдулла ака Туркия давлати, Истанбул шаҳри “Само” касалхонасининг жонлантириш бўлимида ётгандилар. “Бу йил Навоийнинг туғилган кунида қатнаша олмаяпман” деб жуда безовта бўлдилар. 1968 йил “Навоий” шеърини ёзганлари ҳамон кечагидек эсимда, биз Чилонзор туманида истиқомат қилар эдик.

Беш юз йил унга ҳам нима гап ахир,

Мингга қадам қўйди йигирма беш ёш, —

мисралари билан тугайдиган шеърларининг ёзилиш жараёни. Ўша йиллардан бери бизнинг хонадонимизда Навоий бобомизнинг таваллуд айёмларини албатта ош қилиб нишонлардик. “Навоий бобомиз жуда нозиктаъб, инжиққина бўлганлар-да, бирор марта ҳам шу кунда ҳаво очиқ бўлмайди: ё қор, ёки ёмғир ёғиб, изғирин бўлади”, дердилар. Жуда кўп мақолалар ёзганлар. Бирор марта такрор гап айтмас, албатта, бирор-бир янги ташбеҳ топар эдилар.

Касалхонада ҳам ўзлари осма уколда ётган бўлсалар-да, менга шу мақолани айтиб туриб ёздирдилар. Юз марта ўчириб, юз марта кўчирдим. Мақоланинг қораламаси тайёр бўлди. Ниҳоят, палатага чиқдик. Анча яхши бўлиб қолдилар. Кечаси билан мақолани қайта-қайта ишладилар. Илҳомжон касалхонанинг компьютерида бир неча марталаб кўчириб чиқди…

Абдулла Орипов:

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига!

Ҳурматли раис!

Менинг олисдан юбораётган ушбу мактубимни навоийхонлик кунларида барчага ўқиб эшиттиришингизни сўрайман.

Ҳазратнинг таваллуд кунларини хориж сафарида нишонлашимга тўғри келди. Зеро, бунинг ҳеч бир ажабланадиган жойи йўқ.

Навоий жаҳон шоиридир ва бўлганда ҳам биринчисидир. Менинг назаримда, бу мақом Навоий ҳазратларига абадул абад берилган. Мен ҳамиша ўйлаганимни сўйлашга ҳаракат қилиб келганман. Дейманки, халқимизнинг қайсидир фазилати Парвардигори оламга ёққан эканки, ўз аршидан Навоийдек шоирни бизга туҳфа қилиб юбормишдир.

Навоий бобомиз ўзларининг бир халққагина эмас, жами туркий элатларга, аҳли дунёга мансублигини яхши билганлар.

Агар бир қавм,

Гар юз, йўқса мингдур.

Муайян турк улуси

Худ менингдур.

Алишер Навоий номини эшитгандаёқ қалбимиз қувонч ва ифтихорга тўлиб кетади. Инчунин, у зотнинг туғилган кунларида бу ифтихорнинг адоғи бўлмас.

Мен ҳам эрта тонгда касалхона деразаларини очиб юбораман ва бутун борлиққа беихтиёр изҳори дил қила бошлайман:

— Бугун Навоий туғилди!

Абдулла ОРИПОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони,

Халқ шоири.

Февраль, 2014 йил. Истанбул.

(Ушбу битик матбуотда илк бор  эълон қилинмоқда)

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 3 =