Меҳр-оқибатли инсон эди
Убайдулла Уватов олий ўқув даргоҳига кирган йилида мен бу ёруғ дунёга келган эканман. Аслида, инсонлар ёшидаги ўнлаб йиллар фарқ дўстлашиш, биродарлашиш учун бироз тўсқинлик ҳам қилади. Устоз Убайдулла ака билан ёш нуқтаи назаридан олиб қаралганда, орамиздаги 20 йилга яқин фарқ ҳам шундай тўсиқ бўлиши мумкин эди, аслида. Мен энди фаолият бошлаганимда, Убайдулла Уватов ўзбек халқининг катта олимларидан бири, нафақат юртимиз зиёлилари, балки олам шарқшунослари орасида тан олинган йирик олим, каттагина лавозимли шахс эди. Хуллас, орамиздаги умргузаронлик даври ва фаолият ютуқлари фарқи ер билан осмонча. Аммо тақдир шуни раво кўрдики, шунча монеликларга қарамай, биз Убайдулла ака билан яқин биродар, устозу шогирд, даврадош мақомида бўлдик. Бунга, асосан, устоз Убайдулла аканинг бағри кенглиги йўл очган, албатта.
Бир узоқ кўришмаган дўстим ўзининг бахтли онларидан гапириб, “Аллоҳга шукрки, Убайдулла Уватовдек инсонлар билан қўл бериб сўрашган инсонмиз”, дея ўзига ўзи баҳо бериб қолди. Ичимдагини юзимга чиқармасдан унсиз дедим: “Убайдулла Уватов билан бир марта қўл бериб кўришган инсон бунчалик фахр туйғусига тўлса, биз, яъни у инсон билан кунора кўришиб, уйларимизда меҳмон бўлишиб, хуллас, ҳеч бир тадбиримиз нари турсин, оддий гурунгимиз бир-биримизсиз ўтмаганлар нечоғлиқ омадли эканмиз?”
Убайдулла аканинг эришган мақомларини санамайман, чунки бу кўпчиликка маълум. Қизиғи шундаки, бу мавқени кези келганда ўзлари эсидан чиқариб қўярди, назаримда. Устоз ўзидаги на илмий даражаси билан, на мансаб томондан, на бир тақдирланишлари ортидан бировдан ажралиб турувчи ҳолат ясамасди. Аксинча, биз етиб бормаган тумандошлар тадбирида ҳаммадан олдин бориб, қўл қовуштириб, меҳмонларни кутиб турарди. Бирон-бир даврадан “ишим бор эди”, дея якунидан аввал туриб кетиш ҳолларини деярли эслаёлмайман. Аксинча, даврага кечикиб келганларни ё бирон-бир юмушни важ қилиб, даврадан вақтлироқ туриб кетадиганларни хуш кўрмайроқ турардилар.
Аммо у киши қанчалик камтарин бўлмасин (Убайдулла ака камтаринликни ўзида ясамас эди, табиатан шундай эди ва шундай бўлишни ўзи хуш кўрарди) бу мавқеларга яраша халқ, Ватан иззат-икроми у билан ёнма-ён юрарди.
Убайдулла Уватов тахминан 60 ёшларга етганда ўзининг докторлик илмий ишини ҳимоя қилганди. Шунда бутун жамоатчилик, илм аҳли, зиёлилар орасида катта мавқега эга бўлган, ҳатто ўнлаб халқаро тадбирларда, хорижий юртларда бўладиган энг нуфузли тадбирларда маърузалар қилиб юрган Убайдулла ака ҳалигача доктор эмасмиди, деб ҳайрон бўлишганди.
Ҳа, Убайдулла аканинг шиори катта ишга шошмаслик эди. Илмий иш ёқлаш кунида жараённи бошқарган, шу вақтда Бош вазир ўринбосари бўлган Ҳамидулла Кароматов ҳазил аралаш бу ҳолатга изоҳ берганди: “Билиб турибман, ҳаммангизнинг хаёлингизда Убайдулла ака ҳалигача докторлик ишини ёқламаганмидилар, деган савол ўтаяпти. Ҳа, Убайдулла ака шу пайтгача ўнлаб докторликка тенг ишлар, жумладан, илмий-амалий ишлар билан банд бўлиб, “доктор” деган унвонни шу залда ёқлаб ҳужжатлаштиришга вақт топмаганлар, холос. Шахсан мен ҳам бу инсонни аллақачон “доктор” деб ҳисоблаб юрганман”. Ҳ.Кароматов яна қўшиб қўйганди: “Ким эслайди қайсидир илмий иш ёқланишида шу зал одамга тўлганини? Мана, кириб келишимда кўрдим, қанча одам залга сиғмай, ҳовлида ўтирибди”.
Бу-ку, илмий даража олиш экан, Убайдулла аканинг ҳар бир китоби тақдимоти катта аудиторияларда лиқ тўла одамлар иштирокида ўтарди. Бу, шубҳасиз, Убайдулла аканинг илми ҳам, амалиёти ҳам ўта ҳаётий ва ҳаётбахшлигидан, албатта.
Устознинг энг катта ва афсуслар бўлсинки, охирги тадбири унинг 80 ёшлиги муносабати билан ўтказилганди. Шу пайтлари юбилейларга жудаям хайрихоҳлик бўлмаган бир пайтда Тошкентдаги Халқаро Ислом академиясининг катта залига яна одам сиғмади. Шу пайтда Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлган марҳум Рустам Қосимов тадбирни бошқарар экан, сўзга чиқиш истагидаги одамлар рўйхатини кўрсатди ва бунинг асло иложи йўқлигини айтиб, улардан узр сўради.
Устоз Убайдулла Уватов билан тахминан 40 йилча дўсту биродар, устозу шогирд бўлиб юрдик. У киши бизларга ўта оқибатли инсон эди. Кўринмай қолсак, мен кимману у ким, демасдан қўнғироқ қилар ё индамай ишхонамизга кириб келаверарди. Ҳар бир кўришувимиз узоқ суҳбат билан ва бир пиёла чой устида якун топарди.
Кўпчиликни синаган дард — “ковид” деган бало устоз ва мени бир вақтда синади. “Ҳукумат беморхонаси” жонлантириш бўлимида бир ойга яқин қолиб кетдим. Шу ерда касаллик билан кислород баллонида нафас олиб ётганимда, Убайдулла аканинг ҳам бу дард билан курашаётганини эшитдим. Аммо дардларига дард қўшмайин, деб ҳатто телефон ҳам қилмадим.
Шундай кунларда устоз ва менинг яқин биродарим Ҳусниддин ака Нуриддинов билан телефонда бир амаллаб гаплашиб қолдим. У киши билан камгина вақтли суҳбатимизда Убайдулла ака ҳақида менга гапириб қолди. Убайдулла ака: “Нега ҳеч бўлмаса телефон ҳам қилмаяпти?” деб мени сўрабдилар. Шунда сир очишдан бошқа чора қолмай, беморлигимни айтибди. Менимча, менинг ҳолатим жиддийроқ эканлигини билдирмаган, шекилли: “Телефонда гаплашса бўлади-ку!” дебдилар. Роса алам қилди гаплаша олмаслигим: нафасим жуда сиқиқ, аянчли эди. Шундай аҳволимда кейинги кунларда сал яхшиланиш сезилаётганлигидан умид қилиб, бирон ҳафта ичида, ҳар ҳолда, телефон қила оларман, деб умид қилдим. Аммо бу умидимга ҳаёт вафо қилмади. У кишидан ҳол-аҳвол сўраш ҳам қиёматга қолди…
Убайдулла Уватов катта умрни ўтади. Катталиги шундаки, бир инсон яшаши керак бўлган умрни ўта самарали ўтказди. Устознинг жамиятга, дўсту биродар ва яқинларига қилган хайрли ишлари бу дунёдаги умрининг безаги бўлди. Ўзларидан қанчадан-қанча китоблар, рисолалар, юзлаб эълон қилинган маърифий мақолалар қолди. Устоз юзлаб, йўқ минглаб шогирдларга сабоқлар берди. Илоҳим, бу безак икки дунё саодатини белгилаган бўлсин.
Чори ЛАТИПОВ,
“Қишлоқ ҳаёти” газетаси
бош муҳаррири,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист.
