Таклиф ўзимиздан чиқиши керак

Бу майдонда нима гаплар?

Кейинги вақтда ўзбек медиа муҳитида ноаниқ ва баҳсли ҳолатлар тобора кўпаймоқда. Айниқса, туман ва маҳалла даражасида профессионал журналистика заифлашиб, бўшаб қолган ахборот майдонини ҳеч ким олдида касбий масъулияти бўлмаган манбалар эгаллаётгани ташвишлидир.

2019-2026 йилларда Тошкент вилояти ҳокимининг матбуот котиби — маслаҳатчиси лавозимида ишлаб, бир қонуниятга дуч келдим: жамоатчиликни чалғитувчи, асоссиз чиқишлари билан танилган блогерлар айнан маҳаллий нашр заифлашган, таҳририят муҳити бузилган ҳудудлардан етишиб чиқмоқда.

Масаланинг ахборот хавфсизлигига бевосита дахлдор томонлари борлигини, муттасил давом этиб келаётган айрим можаролар давлатимиз имижига салбий таъсир кўрсатаётганини салмоқлаб кўриб, ахборот муҳитини ичидан биладиган соҳа вакили сифатида таҳлил қилиб, вазиятни энг қуйи бўғиндан бошлаб бартараф этишга доир ўз таклифларимни билдирмоқчиман. Мен илгари сураётган ечимлар ОАВ фаолиятига аралашишни эмас, аксинча, таҳририятларни шахсга қарамликдан институт даражасига кўтаришни ҳамда ахборот майдонида профессионал, масъулиятли журналистика мавқеини тиклашни назарда тутади.

Эътиборли жиҳати, ушбу таклифларни жорий этиш катта молиявий харажат талаб қилмайди. Қонуности ҳужжатлари тартибга солиниб, шундай иш олиб боришга муассислар томонидан рухсат берилса, 2027 йилда тажриба-синов (пилот) лойиҳаси сифатида муайян вилоятнинг бир тумани миқёсида синаб кўриш мумкин.

Кейинги уч-тўрт йилда Тошкент вилоятининг Қибрай ва Ўрта Чирчиқ туманлари, Чирчиқ, Нурафшон, Янгийўл ҳамда Олмалиқ шаҳарларидан медиа майдонида номақбул чиқишлар, ўйламасдан айтилган гаплар билан жамоатчиликни чалғитувчи айрим блогерлар пайдо бўлди. Нега айнан шу ҳудудлар? Нега бошқаларида эмас? Шу саволга жавоб излаб, вазиятни ўрганишга ҳаракат қилдик. Қизиғи, уларнинг барчасида бир умумий манзарани кўрдик: маҳаллий нашр атрофидаги ахборот муҳити инқирозга учраган. Қаердадир собиқ муҳаррир ўз лавозимини ўғлига топширган, яна бир шаҳарда эса муҳаррир ўз ўрнига газетада бир кун ҳам ишламаган қизини тайинлатишга эришган. Учинчи жойда эса йиллар давомида муҳаррир ва жамоа ўртасида низоли ҳолат ҳукм сурган. Оқибатда муҳаррир ишдан кетса-да, бироқ соғлом ижодий муҳит аллақачон бой берилган эди. Бошқаларида эса қариндош-уруғчилик, оилавий бошқарув ҳамда муассис ва муҳаррир қарама-қаршилиги сақланиб қолмоқда.

Бу тасодиф эмас. Занжир шундай ишлайди: муҳаррир лавозими касбий мезон билан эмас, ошна-оғайнигарчилик ва қариндошлик ришталари билан эгалланса, таҳририятга жасоратли ва малакали журналист келмайди. Малакали журналисти бўлмаган таҳририят ҳудуддаги муаммони биринчи бўлиб кўтариб чиқа олмайди, ўз шаҳри ёки туманидаги нотўғри гапга ўз вақтида далил билан раддия беролмайди. Аҳолининг саволи жавобсиз қолади. Жавобсиз қолган саволни эса медиа майдонига энди кириб келаётган сохта ҳақиқатпарвар илиб олади.

Давлат ахборот сиёсатининг туман бўғини бундай кучлар қаршисида ожиз қолди, айрим ҳолларда эса улар билан чатишиб кетди. Оқибатда айнан шу ҳудудлардан кейинчалик вилоят ва республика миқёсида шов-шувли, асоссиз чиқишлари билан танилган медиа шахслар етишиб чиқди.

Шундай қилиб, умумий мулоҳазалардан амалий таклифларга ўтайлик.

Муҳаррир лавозими шахсий вазифага айланмасин…

Рақамли даврда маҳаллий муҳаррир ихтиёрида газета бренди, сайт, ижтимоий тармоқлар, аудитория, ахборот манбалари ва реклама бозорига чиқиш имконияти жамланади. Унинг аҳамияти пасаймади, аксинча, ортди. Лекин айни шу таъсир воситаси тобора шахсийлашиб кетмоқда. Юқоридаги мисоллар кўрсатганидек, лавозим мерос сифатида фарзандга ўтадиган жойда таҳририят мустақил институт эмас, балки оилавий хўжаликка айланади.

Ахборот мактаби яратиш бошқа, ахборот майдонини ўз мулкидек тасарруф этиш тамомила бошқа. Кучли муҳаррир ўз атрофида шогирдлар, янги журналистлар, таҳлилчилар етиштирса, ҳақиқий ижодий мактаб яратади. Агар у кетганда ортидан на кадр, на аккаунт, на манба ва на аудитория қолса, демак, институт эмас, шахсий манфаат тизими шаклланган бўлади.

Бироқ муаммони “ҳаммани алмаштирамиз” деган маъмурий ротация билан ҳал қилиш хавфли: бу муҳаррирни ўз сўзи ва нуқтаи назарига эга раҳбардан жазодан қўрқадиган итоаткор ижрочига айлантириб қўяди. Ротация жазо қуроли эмас, янгиланиш механизми бўлиши керак.

Ечим. Маҳаллий таҳририятлар раҳбарларининг фаолияти мустақил соҳа экспертлари иштирокида холис ўрганилиши керак. Муҳаррир лавозимига очиқ танлов орқали тайинлаш, манфаатлар тўқнашувини ошкор қилиш ва истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш тартиби жорий этилса. Муҳаррир ишини баҳолаш мезони эса “ҳокимият ҳақида нечта ижобий материал чиқарди?” деган ёндашув билан эмас, балки “таҳририят қандай иқтидорли кадрларни камолга етказди, аудитория ишончи ошдими, тушумлар ва рақамли активлар шаффофми?” деган талаблар бўлиши лозим.

Рақамли аудит эҳтиёжи

Кўпгина таҳририятларда “Instagram”, “Facebook”, “YouTube” тармоқларидаги саҳифалар муҳаррир ёки бирор ходимнинг шахсий телефон рақами ва почтасига очилган. Саҳифанинг номи — газетанинг расмий номи. Контентни бутун жамоа тайёрлайди. Аудитория нашрнинг обрў-эътибори ҳисобига тўпланади. Аммо паролни тиклаш учун тасдиқловчи SMS бир кишининг шахсий телефонига келади.

Ахборот хавфсизлиги нуқтаи назаридан бу — жиддий заифлик. Давлат муассислигидаги нашрнинг минглаб обуначига эга расмий ресурси биргина шахснинг қурилмасига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ўша ходим ишдан кетса, таҳририят билан низолашса ёки унинг қурилмаси бузиб кирилса, канал билан бирга йиғилган улкан аудитория ҳам йўқолади ёхуд бегона қўлларга ўтади.

Бунинг учун барча муҳаррирларни айблаш адолатдан эмас: агар расмий тартиб ноқулай бўлиб, норасмий йўл қулайроқ қилиб қўйилган бўлса, муаммо алоҳида шахслардан кўра кенгроқ кўламга эга бўлади. Ваҳоланки, платформаларнинг ўзида тайёр техник имкониятлар мавжуд: “Meta” ҳам, “YouTube” ҳам саҳифани бир неча ходим турли бошқарув ҳуқуқи билан юритишига шароит яратган. Демак, муаммо технологияда эмас, балки бошқарув маданиятида.

Ечим. Давлат муассислигидаги нашрларнинг барча рақамли активлари хатловдан ўтказилиб, таҳририятнинг хизмат почтаси ва телефон рақамига қайта бириктирилиши керак. Ҳар бир аккаунтда камида икки нафар администратор ва икки босқичли ҳимоя тизими жорий қилинса, мақсадга молик бўлар эди. Ходим ишдан бўшаганда, унинг тизимга кириш ҳуқуқи шу куннинг ўзидаёқ расмий қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида тўхтатилади. Шунда муҳаррир кетади — институт эса яшайверади.

Таҳририят номи билан йиғилган аудитория муҳаррирнинг шахсий мероси эмас. У жамоатчилик ахборот институтининг қимматли рақамли активидир.

Ноқулай қоидалар

Оққўрғон тумани газетаси қошида 12 900 нафар обуначига эга каналимиз бўлар эди, унда бир марталик реклама нархи 400 минг сўмгача етган. Харидор тўловни пластик картага ўтказиш таклифини берди. Биз эса давлат муассасаси фаолиятини шахсий банк картаси орқали юритишни истамадик. Канал фаолиятини вақтинча тўхтатдик. Гарчи аудитория бор эди, тайёр маҳсулот бор эди, талаб бор эди. Бироқ институционал, расмий ҳисоб-китоб механизми йўқ эди.

Бу ердаги мантиқ жуда оддий: қонуний йўл бўлмаса, ҳалол одам ишни тўхтатади, нохолиси эса хуфия давом эттираверади. Маблағ шахсий карталарга тушади, аста-секин “иш ичида иш” шаклланади, таҳририят эса яна “маблағ йўқ” деб қўл қовуштириб ўтираверади. Ҳолбуки, тўлов инфратузилмаси аллақачон мавжуд: 2026 йил 1 июлдан юридик шахслар учун ягона “UzQR” тизими амалиётга киритилган. Фақатгина маҳаллий таҳририятнинг устави, фаолият йўналишлари ва ҳисоб-китоб тартибини ушбу замонавий имкониятларга мослаштириш талаб этилади, холос.

Ечим. Маҳаллий ОАВ учун реклама ва рақамли хизматлардан келадиган тушумларни расмий ҳисобварақ орқали қабул қилиш ҳамда таҳририят моддий-техник базасини ривожлантиришга йўналтиришнинг намунавий модели ишлаб чиқилиши керак. Унда реклама маҳсулотларини таҳририй контентдан аниқ ажратиб кўрсатиш талаби ҳам қатъий белгиланиши лозим. Мақсад нашрни оддий савдо нуқтасига айлантириш эмас, балки аллақачон шаклланган маҳаллий медиа бозорини шахсий карталардан расмий таҳририят иқтисодиётига ўтказишдир.

Матбуотга далилларни қайтариш керак

Туман журналисти (бошқа журналистлар ҳам  — Б.Қ.) бевосита одамлар билан ишлайди, аммо очиқ рақамлар ва аниқ далиллар билан ишлашнинг тизимли кўникмасига эга эмас. Статистика идорасида ҳам, ҳокимликда ҳам маълумотлар етарли, бироқ улар журналистнинг кундалик иш қуролига айланмаган. Президентимизнинг 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ-190-сон Фармони билан тасдиқланган “Статистикани ривожлантириш — 2030” миллий стратегияси айнан маълумотлар очиқлиги ва ишончлилигини оширишни мақсад қилган. Демак, марказда сиёсий ирода ва тизим бор, туманда эса уни журналистга етказиб берувчи ишчи занжир йўқ.

Бунинг оқибати ахборот майдонида яққол кўринади. Рақам ва фактларга таянмаган журналист фақат ҳис-туйғу ва таассурот билан чекланади, таассуротлар майдонида эса доимо арзон шов-шув усталари ғолиб чиқади. Сохта ҳақиқатпарварнинг кучи далилда эмас, балки расмий далилларнинг йўқлигидадир. “Туман саноати ўсди” деган қуруқ рақамнинг ўзи ҳали тўлақонли материал эмас; бироқ унинг ортида қайси янги корхона, нечта янги иш ўрни ва қанча оиланинг фаровонлиги турганини таҳлил қилиб берган маҳаллий журналист ҳар қандай асоссиз иддаодан устун туради.

Ечим. Туман статистика бўлими томонидан ҳар ойлик, чораклик ва ярим йиллик статистик кўрсаткичларни маҳаллий нашрга мажбурий тарзда тақдим этиб бориш тартиби жорий этилиши зарур. Шунингдек, вилоят статистика бошқармаси чоракда бир марта ҳудудий муҳаррирлар учун вилоятнинг умумий иқтисодий-ижтимоий статистикасини мунтазам етказиб туриши лозим. Зеро, ҳар бир ҳодисанинг моҳияти қиёслаганда кўринади. Муҳаррир қўшни ҳудудлар билан аҳволни қиёсий таҳлил қилиб, чуқур контент тайёрлаши учун бу муҳим омилдир. Бу тартиб журналистни ҳар бир рақамни расмий хат орқали сўраб юриш оворагарчилигидан халос қилади ҳамда маҳаллий ахборот муҳитига далиллар устуворлигини қайтаради.

Ҳудудларда ислоҳотлар архиви изсиз йўқолмоқда

Битта туман матбуот котибининг телефонида бир йил ичида минглаб фото ва видеоматериаллар жамланади: йўл қурилиши, янги мактаб биноси, маҳалла кўчасининг аввалги қиёфаси, кекса авлод вакиллари билан суҳбатлар… Бугун булар фақат ижтимоий тармоқ контенти бўлса, ўттиз йилдан сўнг бебаҳо тарихий ҳужжатга айланади. Аммо телефон алмашади, матбуот котиби ишдан кетади; ижтимоий тармоқда пост қолса-да, унинг юқори сифатли асл файли, муаллифи, олинган санаси ва аниқ жойи йўқолади.

Ҳуқуқий асос мавжуд: 2025 йил 24 ноябрдаги ПФ-228-сон Фармон архив ишини рақамлаштиришни, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 352-сон қарори эса архив ҳужжатларини Ягона миллий архив ахборот тизимида сақлашни белгилаб берган. Демак, муаммо қонунчиликда эмас, кундалик амалий механизмнинг йўқлигида. Электрон материалларни архивга топшириш муддатининг узоқлиги (йиллик даврийлик) ҳам қимматли тарихий кадрларнинг шахсий телефон хотирасидан ўчиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Ечим. “Ўзархив” агентлиги билан ҳамкорликда матбуот хизматлари ва таҳририятлар учун ихчам “рақамли хотира” тартиби ишлаб чиқилса, олам гулистон: қимматли материаллар саралаб олинади, санаси, жойи, муаллифи ҳамда муаллифлик ҳуқуқи эгаси қайд этилади ва асл нусха белгиланган қисқа муддатларда архивга топширилади. Шунда матбуот котиби фақат бугунги кун пости учун эмас, эртанги тарих учун ҳам хизмат қилган бўлади.

Маҳалла медиаси бор, лекин…

Бир вақтлар қишлоқ ва туман радиоузеллари фаолият юритган. Улар асосан тарғибот вазифасини бажарган ва бугунги кунда бу эски моделни қайта тиклашга эҳтиёж йўқ. Лекин ўша тизимнинг битта катта ютуғи бор эди: маҳаллий ахборот маҳаллий аҳолига тез ва бевосита етиб борарди. Бугун маҳалла миқёсида бу вазифа қандай бажарилаётганини ҳеч ким назорат қилмайди — кўпинча бу майдонни ҳеч ким олдида масъулияти бўлмаган тармоқ саҳифалари эгаллаб олган.

Ҳар бир маҳаллага давлат бюджети ҳисобидан блогер штатини киритиш самара бермайди: бу яна қуруқ ҳисобот учун расмиятчилик контентини ишлаб чиқарадиган тизимни пайдо қилади, аҳоли эса бундай сунъий тарғиботга ишонмайди. Ишончли тармоқ штат бирликлари билан эмас, ижодий мактаб орқали шакллантирилади.

Ечим. Туман таҳририяти ҳузурида маҳалла жамоатчи мухбирлари (медиакорреспондентлари) тармоғи ташкил этилса. Профессионал муҳаррир 20-50 нафар фаол ёш, ўқитувчи ва кутубхоначилар билан ишлаб, уларни бирламчи манба билан ишлаш, фактчекинг (фактларни текшириш), медиаэтика ва сунъий интеллект яратган контентни фарқлашга ўргатади. Ҳудудларга доир “Telegram” каналлар шу йўл орқали профессионал тармоққа айланади ва маҳаллага қўшимча даромад келтиради. Бугунги кунда маҳаллий қишлоқ “Telegram” ва “Instagram” каналларида 3 мингдан 15 минг нафаргача фаол аудитория бор. Уларда реклама ва эълонлар бериш пулли хизмати йўлга қўйилган бўлиб, ойлик даромад ўртача 3-5 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Бу тармоқнинг табиий таянчи маҳалладаги ёшлар етакчисидир. Янги штат очиш ёки унинг вазифаларини қайта белгилаш шарт эмас: етакчи фаол ёшларни жараёнга жалб қилади, таҳририят эса уларни касбий жиҳатдан тайёрлайди. Бунга эҳтиёж ҳам, салоҳият ҳам етарли. Оққўрғон туманининг Ҳамид Олимжон номли маҳалласида ўтказилган дастлабки ўрганишда “YouTube”, “Instagram” ва “TikTok” орқали даромад топаётган 22 нафар фуқаро аниқланди; туман бўйича эса “Instagram” тармоғида 3 мингдан зиёд обуначига эга 100 дан ортиқ фаол аккаунт ишлаб турибди. Бу — видеомонтаж, дизайн, реклама ва “SMM” хизматлари орқали ёшлар бандлигини таъминлаш учун тайёр замин демакдир.

Сунъий интеллект кенг кириб келаётган ҳозирги даврда бу айниқса муҳим. Оддий контентни яратиш арзонлашгани сари муҳаррирнинг қадр-қиммати тез ёзишда эмас, балки ахборотни чуқур текшириш, холис контекст бериш ва янги авлодни тарбиялашда намоён бўлади. Янги давр туман муҳаррири фақат газета чиқарувчи шахс эмас, у туманнинг яхлит ахборот мактабини бошқарувчи соҳа етакчисига айланиши зарур.

Ҳуқуқ ва ахборот

Охирги ўн йилда ахборот соҳасидаги қонунчилик тубдан янгиланди. Конституция янги таҳрирда қабул қилинди, сўз эркинлиги ва ОАВ кафолатлари кенгайтирилди; шахсга доир маълумотлар, блогерлар фаолияти, реклама, ОАВни давлат рўйхатидан ўтказиш ва назорат қилиш тартиблари бир неча бор такомиллаштирилиб, ваколатли идоралар қайта ташкил этилди. Бироқ ушбу муҳим янгиланишлар таҳририятлар ва мустақил контент яратувчиларга содда, тушунарли тилда етказиб берилмади. Улар учун яхлит ва қулай амалий қўлланма тайёрланмади.

Оқибат кўз олдимизда. Туман расмий ахборот бўғини раҳбари, яъни муҳаррир нимани ёзиш мумкин-у, нимани ёзиш мумкин эмаслигини аниқ тасаввур қилолмагани боис ҳар қандай ўткир мавзудан ўзини олиб қочади, сукут сақлашни маъқул кўради. Ёш блогер эса ҳуқуқий чегараларни билмагани учун уларни осонгина бузиб ўтади: шахснинг шахсий маълумотларини ошкор қилади, тасдиқланмаган тахминларни тарқатади, рекламани холис янгилик сифатида тақдим этади. Бири қўрқувдан, иккинчиси билимсизликдан хатога йўл қўяди. Ҳуқуқий саводсизлик эса зиддиятларни кучайтиради: суд можаролари, ўзаро айбловлар ва медиа майдонидаги кескинликлар айнан шунинг оқибатидир.

Масаланинг иккинчи жиҳати ҳам бор: ижтимоий тармоқлардаги баҳс-мунозараларнинг аксарияти аниқ рақамларсиз кечмоқда. Аҳоли, ҳатто зиёлилар ҳам вилоятда қандай объектлар бунёд этилганини, иқтисодий кўрсаткичлар қай даражада ўсганини ва стратегик режалар нимага қаратилганини етарлича билмайди. Рақам ва факт бўлмаган жойда муҳокамалар субъектив таассуротга, таассуротлар эса қуруқ танқидга айланиб қолаверади.

Ечим. Ахборот соҳасидаги амалдаги қонунчилик нормалари бўйича таҳририятлар, матбуот котиблари ва блогерлар учун қисқа, тушунарли тилдаги амалий қўлланма тайёрланиб, бепул тарқатилиши, қонунчиликдаги ҳар бир муҳим ўзгаришдан сўнг янгилаб борилиши керак.

Ушбу қўлланмани кундалик амалиётга татбиқ этишнинг самарали шакли — “Вилоят маълумотнома-блокноти”ни жорий қилишдир. Ҳар бир вилоят ўзининг махсус блокнотини нашр этади. Унинг муқова ва кириш қисмида ҳудуднинг йиллик асосий ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари, ўсиш суръатлари ва истиқболли режалари акс этади.

* * *

Ушбу ечимларни бир-биридан айро ҳолда эмас, балки яхлит тизим сифатида, аввало, бир-иккита туманда тажриба тариқасида синаб кўриш мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки улар — ягона занжирнинг ажралмас бўғинлари: статистика аниқ рақамларни тақдим этади, журналист уларга мантиқий маъно бағишлайди, маҳалла мухбири жонли инсонлар ва аниқ манзилларни топади, рақамли каналлар материални кенг аудиторияга етказади, архив тизими уни тарих учун асраб қолади, қонуний даромадлар тизимни молиявий жиҳатдан мустаҳкамлайди, муҳаррир эса бутун жараённинг юксак касбий стандартини ушлаб туради.

Айтмоқчиманки, бугун бизга навбатдаги расмий қарор билан газеталарни сунъий равишда сақлаб туриш эмас, балки уларнинг эркин ижодий ва иқтисодий фаолият юритишига шароит яратиб бериш керак. Агар муҳаррирга ўз аудиторияси билан қонуний асосда ишлаш имкони яратилса, жамиятда соғлом ахборот муҳити қарор топади, миллий медиа сегментидаги матнларнинг бадиий-эстетик ва интеллектуал савияси тушиб кетмайди.

Шу боис мақсад фақат газеталарни зўрма-зўраки тарзда сақлаб қолиш эмас, балки маҳаллий ахборот инфратузилмасини тубдан соғломлаштириш ва тиклаш керакдир.

Беҳзод ҚОБУЛОВ.

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan