Ўзбек боксчилари жаҳонда тенгсиз!

Бугун ҳаммага, бутун жумлаи жаҳонга маълумки, Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказилган навбатдаги жаҳон чемпионатидаги ўзбек боксчиларининг ғалабаси дунёни ҳайратга келтирди.

Боксчиларимиз залворли муштига жаҳоннинг манаман деган чарм қўлқоп усталари ҳам дош беролмади. Спортчиларимизнинг боксдаги мутлақ устунликлари «Рио-2016» ёзги Олимпиада ўйинларидан бўён давом этмоқда. Унгача Куба, Америка, Россия ва Ўзбекистон биринчи рақам учун курашган бўлса, энди бу рақам фақат ўзбек боксчиларига тегишлидир.

Жорий йил 9-21 сентябрь кунлари Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича 20-жаҳон чемпионатида дунёнинг 78 мамлакатидан 400 га яқин боксчи иштирок этди. Ўзбекистон терма жамоасидан мусобақага 8 нафар чарм қўлқоп усталари қатнашди. Шундан 3 таси олтин, 1 таси кумуш ва 1 таси бронза медаллари соҳиби бўлишди. Умумжамоа ҳисобида жаҳонда биринчи ўринни эгаллашди. Куни кеча Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида чемпионатнинг фахрига айланган спортчиларимиз мухлислар томонидан муносиб кутиб олинди.

Бундай юксак натижанинг қўлга киритилиши ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Бу мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан спорт соҳасига, хусусан, бокс­га қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик натижаси эканини алоҳида эътироф этиш жоиз. Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан амалиётга жорий этилган беш муҳим ташаббуснинг иккинчи босқичи айнан ёшларни спортга жалб этишга қаратилган. Бу саъй-ҳаракатлар дунё ареналарида ўз самарасини бермоқда.

Шаҳобиддин Зоиров, 20-жаҳон чемпионати ғолиби:

— Барча мусобақанинг ўз нуфузи бўлади. Жаҳон чемпионати эса катта мавқега эга. Жанглар ўта муросасиз ва қийин кечди. Ҳар бир жанг­да юрагимдан Ўзбекистонни ҳис қилиб турдим.

Шунингдек, ушбу мусобақада Миразиз Мирзаҳалилов 3 карра жаҳон чемпиони кубалик Лазаро Алваресни мағлуб этди. Матонатли боскчимиз Баҳодир Жалолов қозоғистонлик Камшибек Конкабаевга имконият қолдирмади.

Шундай қилиб мусобақага тикилган 8 та олтин медалнинг 3 тасини Ўзбекистон вакиллари қўлга киритди. Россия, Қозоғистон, кубаликлар ортда қолдирилди. Бундан фахрланмай бўладими…

Айниқса, Баҳодир Жалоловнинг чорак финал баҳсида Амерка Қўшма Штатлари боксчисини чап қўлда берилган бир зарбаси билан накаутга учратгани бокс мухлисларининг узоқ йиллар ёдидан чиқмайдиган бўлди. Чунки, бундай баҳсларда накаут ҳолатлари жуда кам учрайди. Алалоқибат, америкалик бокс­чи шифохонага ётқизилди. Баҳодир жангдан сўнг рақбидан ҳол сўраш учун уни кўргани борди.

— Бразилияда ўтказилган ёзги Олимпиада ва бундан икки йил аввалги жаҳон чемпиоатидаги хатоларимни қайтармасликка ҳаракат қилдим, — дейди Жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов. — 2015 йилда Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳам ярим финалгача етиб борганман.

Насиб қилса, келаси йил Токио Олимпиадасида ҳам ўзбекистонлик боксчиларнинг нималарга қодирлигини намойиш этиб, бокс бўйича биринчи рақамли терма жамоа эканимизни яна исботлаймиз.

Жобир Хўжақулов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 4 =