CALL-CENTR: мурожаатлар эътиборсиз қолмайди

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида ташкил этилган “Call-centr”да иш қизғин. 1197 қисқа рақамли бепул телефон қўнғироқлари орқали мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан тушаётган кўпдан-кўп мурожаатларга қараганда, шу йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларга бўладиган сайловларга жамоатчиликнинг қизиқиши тобора ортиб бораётир.

Сайловчилар, сайланувчилар, сайлов ташкилотчилари аҳоли ва журналистлардан тушаётган барча саволларга Марказий сайлов комиссиясининг малакали мутахассислари, сайлов қонунчилиги бўйича тажрибали экспертлар томонидан атрофлича жавоблар, тушунтиришлар берилиб, муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилган.

Телефон қулоқчинини тақиб, бир сафда тизилиб ўтирган йигит-қизларнинг қўли-қўлига тегмайди. Қўнғироқларга хушмуомалалик билан жавоб қайтариб, саволларга мулойимлик ила аниқлик киритади. Компьютерга ёзиб, жавоб тайёрлаши учун эксперт­га узатади. Мурожаат этувчиларнинг лаҳжаси эса ҳар хил — ўзбек, қорақалпоқ, рус, ҳатто инглиз тилларида сўзлаша олишади. Бу ерда тилмочга эҳтиёж сезилмайди.

— Бу йигит-қизлар — кўнгилли ёшлар, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг юқори босқич талабалари, — дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази директорининг ўринбосари, “Call-centr” фаолиятини мувофиқлаштирувчи Авазбек Қодиров. — Улар уч-тўрттадан тилни эгаллашган, сайлов қонунчилигини пухта билади. Халқаро матбуот марказида ишонч телефони — “Call-centr” очилганини эшитиб, ёрдамга келишди. Фидойи ёшлар. Бу мамлакатимиз фуқароларининг, айниқса, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданияти юксалиб бораётганини билдиради.

Суҳбатдошимиздан телефон орқали бўлаётган мурожаатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўрадик.

— Телефон орқали мурожаатларни қабул қила бошлаганимизга қарийб бир ой бўлди, — дейди А.Қодиров. — Ўтган вақт мобайнида тушган мурожаатларни таҳлил қилсангиз, уларнинг, ҳақи­қатан ҳам, ғоят ранг-баранглигига гувоҳ бўласиз.

Шундан сўнг, телефон орқали келаётган саволлар ва уларга берилаётган жавоблар билан қизиқдик. Хоразм вилоятининг Хонқа туманида яшовчи Хуршид Йўлдошев бу йилги сайловлар қайси қонун ҳужжатлари асосида ўтказилаётгани, 22 декабрь куни бўлажак мазкур сиёсий тадбирнинг илгаригиларидан фарқли жиҳатлари билан қизиқди.

Саволни ўқиб унга жавобан МСК эксперти Баҳром Умаров:Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йилнинг 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини амалиётга жорий этишга оид қонуннинг имзоланиши мамлакатимиз миллий сайлов тизимидаги янги даврни бошлаб берди. Жорий сиё­сий тадбирнинг аввалгилардан энг муҳим фарқ­ли жиҳатларидан бири ҳам шунда — сайловлар илк бор янги Сайлов кодекси асосида ўтказилаяпти. Кодексдан сайловларни умумэътироф этилган халқ­аро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ва шаффоф ўтказишга хизмат қиладиган ўттиздан ортиқ янги нормалар ва қоидалар жой олди. Амалдаги кўплаб чекловлар бекор қилинди.

Яна бир муҳим янгилик — мамлакатимизнинг миллий сайлов тизимига илк бор Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (СЖБАТ) ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) жорий этилди. Бундан мақсад «бир сайловчи — бир овоз” тамойилини тўлиқ ва бехато амалга оширишдан иборат”, деди.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидан Йўлдош Бекназаровнинг:Маҳаллий кенгашлар депутатлигига неча мартагача кетма-кет сайланиш мумкин?” — деб берган саволига эксперт: “Ўзбе­кистон Республикаси Сайлов кодексининг 90-моддасига кўра, сайлов куни 21 ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайланиш ҳуқу­қига эга. Қонунчиликда депутатликка неча марта сайланишни чеклашга оид қоидалар мавжуд эмас”, дея жавоб қайтарилди.

Ҳа, ростан ҳам қўнғироқлар тинимсиз жиринглайверди, навбатдаги қўн­ғироқ Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Саидмурод Йўлдошев томонидан экан: “Кўзи ожиз сайловчилар учун алоҳида сайлов бюллетенлари жорий этиладими?

Эксперт:Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти ўртасида шу йилнинг 27 сентябрь куни имзоланган ўзаро ҳамкорлик келишувига мувофиқ тузилган ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилаётган тадбирлар доирасида кўзи ожиз сайловчилар рўй­хатдан ўтган округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган ҳудудлар аниқланиб, уларни Брайль алифбосида тайёрланган қо­липлар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда”, деб изоҳ берди.

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридан Давлатмурод Тожимуродов:Мамлакатимизнинг хорижий давлатларда яшаётган фуқароларининг сайловларда овоз бериш тартиби қандай?” — деган саволига эса МСК эксперти Баҳром Умаровнинг: “Сайлов кодексининг 10-моддасида Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари тузилиши, уларни муайян округга бириктириш тўғрисидаги масала Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳал этилиши белгиланган. Хорижий давлатлардаги сайлов участкалари Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади”, деди.

Жорий йилдаги сайловларнинг яна бир муҳим янгиликларидан бири — хорижда истиқомат қилаётган барча ватандошларимиз овоз бериши учун имконият яратилади.

Аввалари бундай сиёсий тадбирда фақат консуллик ваколатхоналаридан расмий рўй­хатдан ўтган ўзбекис­тонликлар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланар эди. Энди эса чет элда вақтинча ёки доимий яшаётган Ўзбекистоннинг барча фуқаролари хорижда ташкил этилган сайлов участкаларига мурожаат қилиши ёки Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-саҳифасидан рўйхатдан ўтиб, сайловларда овоз бериши мумкин.

Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 53 та сайлов участкаси тузилди.

Хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари 2019 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловига оид саволларига Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида (www.elec­tions.uz), Тошкент шаҳридаги +99855-502-44-44 рақамли ишонч телефони, шунингдек, “Saylov — 2019” мобил иловаси орқали зарур маълумотлар олишлари мумкин.

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидан Манзура Каримованинг: “Депутат олий маълумотли бўлиши шартми?” — саволига А.Қодировнинг ўзи жавоб қайтарди: “Сайлов кодексига биноан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сиёсий пар­тиялар томонидан номзоди кўрсатиладиган фуқаролар албатта олий маълумотга эга бўлиши шартлиги белгиланмаган.

Аммо депутат замонавий фикрлайдиган, билимли, фидойи, халқпарвар, ватанпарвар инсон бўлмоғи зарур. Шунда халқимиз ва Ватанимиз манфаатларига хизмат қиладиган адолатли қонунлар қабул қилинади. Шунда Ўзбекистонимизни дунёнинг энг илғор давлатлари сафига олиб чиқиш имкониятлари янада кенгаяди”.

Янгиланаётган Ўзбекистонда сайловлар ҳам янги тартибда ўтиши табиий, Ватанимиз фуқароларининг янги сайловга қизиқиши юқорилигини эътиборга олиб, Марказий сайлов комиссияси ҳузурида барча қулайликлар яратилди. Эндиликда мазкур йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтадиган сайловлар олди аҳолига ўзини қизиқтирган барча саволларга электрон почта манзили ёки ишонч телефонлари орқали тўлиқ жавоб олиш имкони яратилди.

Юсуф Жўраев,

“Hurriyat” мухбири.

Суратда: Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот маркази Сурхондарё вилояти бўлимида жорий йилги сайловда биринчи бор қатнашадиган ёшлар иштирокида “Сенинг овозинг — сенинг келажагинг” мавзуида учрашув бўлиб ўтди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + twenty =