Хусусий тиббиёт муассасаларида ҳам туғуруқ амалга оширилади

Давлатимиз томонидан туғиш ёшидаги аёлларнинг соғлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг “Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида”ги қарорида соҳа ривожига оид муҳим вазифалар белгиланди.

Ўз навбатида она ва бола саломатлигини асрашда, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришда ушбу қарор муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, юртимизда илк бор ушбу соҳага хусусий секторнинг кириб келишига кенг йўл очилди.

— Эндиликда хусусий тиббиёт муассасалари туғуруқни қабул қилиш, тиббий фаолият тури билан шуғулланиши мумкин, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Фарҳод Раҳимқулов. — Туғуруқни қабул қилиш билан шуғулланиш фақат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “Хавфсиз оналик” стратегияси талабларига риоя этилишини таъминлай оладиган туғуруқ, жонлантириш, чақалоқларни жонлантириш, муддатига етмай туғилган чақалоқларни парвариш қилиш, эндовизуал гинекология бўлимлари, поликлиника, бактериологик ва клиник-биокимё лабораториялари ҳамда юқори малакали тиббиёт ходимлари мавжуд бўлган муассасаларга рухсат этилади.

Ҳужжатда, 2020 йил 1 мартга қадар соғлиқни сақлаш ва ФҲДЁ органлари ўртасида туғилиш ва ўлим тўғрисида электрон маълумотлар алмашинуви дастурини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида тавсия қилинган ҳисобот шаклларини реал вақт режимида юритиш, шунингдек, ушбу дастурга хусусий тиббиёт муассасаларининг уланиши ҳамда уни соғлиқни сақлаш комп­лекс ахборот тизимига интеграция қилиш учун зарур шароитлар яратиш инобатга олинган.

Ҳозирда тиббий фаолиятга белгиланган лицензия талаб ва шартларига акушерлик фаолияти билан шуғулланиш учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “Хавф­сиз оналик” стратегияси талабларига мувофиқ, тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масалалари вазирлик томонидан кўриб чиқилмоқда.

Феруза Бердиева.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − fifteen =