Сувратингни сувда эритсам…

Думалади деворда ёмғир,

Ошиб ўтди елкамдан шамол.

Пичир-пичир қилди тушимда.

Боларилар йиғиб қўйган бол.

 

Ҳўб-ҳўл бўлди Хожа чорбоғи,

Ҳовуз суви ачиган бода.

Ўркачларин ёғдан тўлдириб,

Чўлдан қайтди уюр, пиёда.

 

Бир кулгандай бўлди тонготар,

Бошин кўкка теккизди гумбаз.

Тувакгуллар ичкари кирди,

Туманларга қилганча араз.

 

Бир ноз қилди момақалдироқ,

Ёқа йиртиқ булутлар чопқир.

Қўнғироқни хабарчи қилдим:

“Бор, кирпини токзордан чақир”.

 

Ёмон бўлди қибла аҳволи,

Ҳур саждалар бўғзига ботди.

Нақшлар ушлаб турган фандуқий

Жойнамозни кузакка отди.

 

Порсо мисол зикри дил тушдим.

Чирмовиқдан ўрадим салла

Сомонҳидга ботиб йиғладим,

Ҳиногуллар тўкилган палла…

* * *

Юрагингда кимнинг сурати,

Қайси йўлдан келаётир куз?

Нега менинг гулдоним қадар,

Тўрт томонни босиб кетди туз.

 

Тушларингда ким-кимлар сиғди.

Парвоз илми қушларга насиб.

Чилторларнинг тори узилди,

Ёруғликда мендан айрилиб.

 

Туманларни танҳо айландим.

Тоғсўқмоққа: “— Юр, дедим—кетдик”.

Уйга қайтсам тинмай чорлашдан.

Сурмадоним лаблари қийшиқ.

 

Ҳасратимни хинолар кийди.

Кўз ёшимга исинди Исо…

Шўх шаҳрингнинг шамолига айт,

Бўлмасин-да кўп оҳанрабо…

* * *

Шамоллар ёстиғи эскириб кетди,

Деворлар намини шимади кундуз.

Миришкор қалъасин кўлмакларида,

Чумчуқлар ҳут бўйи келиб ювар юз.

 

Майсалар чопонин дазмоллар шудринг.

Сўқмоқлар сафари бўлар намоён.

Қора тол сап-сариқ попукларини

Шабада тўрт томон сочар – паришон.

 

Бўз сузма халталар михга кўз қисар,

Шиндилар тубидан кўринади ёз.

Ҳаммадан эртароқ уйғониб кетиб,

Бепарво сурп қопни тешади пиёз.

 

Нокқоқи изини топар чумоли,

Қизғаниб эшигин ёпар Навметан.

Уларга битта гап айтишдан олдин –

Худодан қўрқаман, Худодан.

 

Қақнуслар изига ботираман нон.

Лолалар уруғи менга ҳам Ватан.

Бу қуёш кун бўйи ерга нур сочар,

Ибодат Ражабнинг деразасидан…

* * *

Сўқмоқчалар кўнглимни ёғлар,

Миноралар шамъ тутган пари.

Оёқ қўйсам тошлоқ йўлларнинг

Қўшиқлари сал-пал жайдари.

 

Тушим гоҳи жалага ўхшар,

Гулдиракдан йиртилар осмон.

Пўстин кийиб, тоғларга чиқиб,

Юлдузларни  санайман  осон.

 

Гужумларга қўл берган вали,

Майсаларга бўлганда уруғ,

Уй эшиги нам тортган онам,

Рабоғида озади урчуқ.

 

Азон тортдим, тонг мени кўрди,

Қанотини таради такбир.

Қирқ қиз қалъа юборди нома:

“Қум соғсанг ҳам пиширгин чоғир!”

 

Қозон бошдан қалпоғин олди.

Думи қотиб кетган мойчўмич,

Соянг мисол савдойи бўлса

Суткосалар юборди ўпич…

* * *

Юрагимнинг ёриқлари кўп —

Тубигача етолмас малҳам.

Суратингни сувда эритсам,

Сувпарилар кўрсатди карам.

 

Қизил олов мағзини ютдим,

Дорбозлардай нурдан тикдим дор.

Фариштани холи учратиб,

Кўнгил қўйсам юз берди асрор.

 

Чиғаноқлар шарақлаб кулди,

Икки қўлим сурати – сопол.

Камалаклар машқини олиб,

Қуюнлардан соғиб олдим бол.

 

Саҳро бордим, кенгликка ботдим,

Ёмғирларга қалдироқ ёпдим.

Тушларингга кириш эшигин

Лолаларнинг пойидан топдим.

Ибодат Ражабова

Муаллиф ҳақида:

Ибодат Ражабова –  Пешку туманидаги “Қалаймиришкор” қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг филология ва Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетларини тугатган. Шоиранинг “Осмондаги фаришта”, “Қуш киприги”, “Бухорнур ёки етти пир”, “Бухорода гужум гуллади”, “Варазруд гулоби” ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − thirteen =