Эътибор, эътироф, эҳтиром!

Сийлов, эътибор, эътироф ҳамиша ҳам ўз эгасини топавермайди ёки топгунича анча-мунча сўқмоқлар босиб ўтилади. Нима бўлганда ҳам муносиблик, мутаносиблик деган ўлчамлардан қаралганда 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан онлайн тарзда ўтказилган “Йилнинг энг фаол журна­листи“ анъанавий танлови қалам аҳлини қалқитгани рост.

Биз журналистни эъзозлар эканмиз, унинг тимсолида Ҳақиқатга, Жасоратга бош эгамиз. Одам баъзан ўз ташвишларини кўтара олмай қолган бир пайтда ўзидан ортиб, халқнинг, миллатнинг ғаму қайғуси билан яшаётган журналистларга “Баракалла!” деганингизни билмай қоласиз.

Маълумки, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатаётган журналистларнинг касбий маҳоратини ошириш, ижодий салоҳиятини юксалтириш, ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини қўллаб-қувватлаш ва  рағбатлантириш мақсадида 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан онлайн тарзда “Йилнинг энг фаол журналисти“ анъанавий республика босқичини ижодий танловини ўтказган эди.

Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди томонидан молиялаштирилган ушбу танлов ғолибларига коронавирус пандемияси хавфи ҳали тарқалмаганлиги ҳисобга олиниб, санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда, Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси биносида мукофотлар топширилди.

Мукофотларни Уюшма раиси Саъдулла Ҳакимов топширар экан:

— Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан юртимизда миллий журналистика соҳасини ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрларнинг ижодий, касбий салоҳиятини юксалтириш масаласига устувор вазифа сифатида аҳамият қаратилди. Оммавий ахборот воситалари ходимларининг янада эркин, самарали ижод қилиши, халқимиз учун долзарб бўлган мавзуларни дадил кўтариб чиқишлари учун кенг имкониятлар яратилаётибди, — деди.

Президентимиз журналистларнинг касб байрами муносабати билан йўллаган табригида: “Биз бугун ҳуқуқий демократик давлат қураётган эканмиз, журналистиканинг бутун дунёда эътироф этилган, ўзгармас талаб ва мезонларига амал қилишимиз зарур.

Бу мезонларнинг энг асосийси — холислик ва ҳаққонийликдир”, дедилар.

Мазкур танловда ҳам иштирок этган журналистларнинг материалларида ижтимоий масалага ёки ечимини кутаётган муаммога холис ва ҳаққоний ёндашганлигига, биринчи навбатда, эътибор қаратилди.

— Ушбу танловда биринчи марта иштирок этишим эди, — дейди СевимлиТВнингЗамонахборот дастури бош­ловчи муҳаррири Дилобар Кабулова, — дебют мен учун омадли келди.  Биласизки,  мамлакатда телеканаллар сони кўпайиб бормоқда. Бу эса соғлом рақобат муҳитида ишлашни  талаб этади. Шу боис бизнинг “Севимли” телеканалида ҳам талаблар қаттиқ, натижалар эса фақат халқ, жамиятга хизмат қилиши керак деган тушунча асосида таҳлил қилинади. Тезкорлик, замон билан ҳамнафаслик, аниқ ҳамда сифатли ахборот  етказиш эса менинг шиорим.

Нуриддин Убайдуллаев, “Жамият” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррир ўринбосари:

— Журналистлик машаққатли касб. Шунга қарамай, бу касб эгаларининг меҳнати деярли кўзга ташланавермайди, осонликча эътироф этилмайди. Бундан иккиланмаслик лозим, журналист доимо изланишда бўлса, ҳар қандай машаққатни енга олишга ўзида куч топса, албатта, қилган меҳнати ўз самарасини беради. Камтарин меҳнатларим самараси ҳайъат аъзолари томонидан маъқул кўрилиб, соҳанинг энг катта мукофотларидан бири — “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиб­лиги насиб этди. Бундан жуда хурсандман.

— Ҳар қандай эътироф ютуқларимизга берилган баҳодир. Бугунги кун журналисти замондан бир қадам олдинда юриши керак. Соҳада камчиликларимиз йўқ эмас, албатта. Буни давлатимиз раҳбари ҳам: “Афсуски, аксарият ахборот воситаларида ижтимоий салмоғи енгил бўлган, ҳисобот ва баландпарвозлик руҳидаги материаллар ҳануз устунлик қилмоқда. Яна бир муҳим масала — айрим журналист ва блогерларимизда билим ва профессионал малака, баҳс маданияти етишмаслиги жамоатчиликни ташвишлантирмоқда”, дея таъкидлаб айтдилар.

Ҳақ гап. Бугун ошкоралик, халқ билан ҳамнафас бўлиб яшаш, демократик тамойилларга таянган журналист юқоридаги сўзлардан ўзига керакли хулосалар олиши керак. Бу борада биз — журналистлар уйғоқ, сергак бўлишимиз шарт, — деди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош муҳаррир ўринбосари Абдужалол Тайпатов.

Ислом Асилбеков,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

мутахассиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × four =