“Йилнинг энг фаол журналисти” танлови

  1. Умумий қоидалар

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси миллий оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатаётган журналистларнинг касбий маҳоратини ошириш, ижодий салоҳиятини юксалтириш, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги, ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида 27 июнь — “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни”га бағишланган анъанавий “Йилнинг энг фаол журналисти” танловини пандемия боис юзага келган карантин шароитида Муваққат низом асосида, он-лайн тартибида ўтказишга қарор қилади.
Танловга тақдим этиладиган журналистик ишлар — босма оммавий ахборот воситаларида ва интернет нашрларида чоп этилган мақолалар, эфирга узатилган телекўрсатув ва радио эшиттиришларда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва демократик янгиланишлар жараёни, жумладан, коронавирус пандемияси ва фавқулодда ҳолатларда жамиятимизда одамларимиз томонидан намоён этилаётган фидойилик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар тобора мустаҳкамланиб бораётгани, Ватан тақдири ва истиқболига дахлдорлик туйғуси маънавий ҳаётимизнинг узвий қисмига айланиб бораётгани ўз аксини топган бўлиши лозим.

  1. Танловни ўтказиш тартиби

“Йилнинг энг фаол журналисти” танлови оммавий ахборот воситаларининг барча йўналишлари — телевидение, радио, матбуот, фотожурналистика, интернет журналистика бўйича ўтказилади ва танлов натижасида 27 нафар журналист тақдирланади.

Ҳудудий оммавий ахборот воситалари номзодлари телевидение, радио, босма нашрлар, фотожурналистика ва интернет йўналиши бўйича Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг ҳудудий бўлимлари бошқаруви баённомасига кўра ҳар йўналиш бўйича биттадан танланади ва уларнинг ҳужжатлари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига 20 июнга қадар жўнатилади.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви қарорига кўра Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятдан бир нафардан жами 13 нафар ғолиб аниқланади.
Марказий оммавий ахборот воситалари бўйича (жами 14 нафар) — Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (4 нафар), Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (2 нафар), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (1 нафар), Дунё ахборот агентлиги (1 нафар) ғолибларни ўзи аниқлаб беради. Республика миқёсидаги босма (4 нафар) ва интернет (2 нафар) нашрлари бўйича ғолиблар улар: 1 нафардан тавсия этган номзодлар орасидан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви қарорига кўра аниқланади. Бошқарув қарори баённома билан расмийлаштирилади.

  1. Танлов шартлари

“Йилнинг энг фаол журналисти” ғолибини танлашда журналистнинг ижодий фаоллиги баробарида ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги ҳам эътиборга олинади. Бунда журналистнинг ўтган йилнинг 1 июнидан жорий йилнинг 1 июнигача бўлган даврдаги ижодий ва ижтимоий фаоллиги назарда тутилади.
Оммавий ахборот воситалари ўз номзодлари ҳақида тўлиқ маълумотли ҳужжатнинг (муҳр босилган ва сканер қилинган) электрон шаклини топширадилар.
Ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

муаллифнинг паспорти нусхаси;
муаллиф ва унинг профессионал фаолияти тўғрисида маълумотнома (объективка);
муаллифнинг ижодий ва ижтимоий фаолияти тўғрисида ­оммавий ахборот воситаси раҳбарининг тавсияномаси;
муаллифнинг манзили ва алоқа телефонлари.
Ҳужжатлар 2020 йилнинг 20 июнигача қабул қилинади.

  1. Ғолибларни тақдирлаш

Танлов ғолиблари ноутбук компьютери ва дипломлар билан тақдирланади.
Танлов ғолиблари 27 июнь — “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” арафасида эълон қилинади.

“Йилнинг энг фаол журналисти”
танлови ташкилий қўмитаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 1 =