Ёшликда олган билим…

Президентимизнинг Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид имзолаган 2019 йилнинг 27 майдаги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўрта-махсус касб-ҳунар коллеж ва академик лицей ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Ёшлар Ватан хизматида ростгўйлик ва қонунларни ҳурмат қилиш тарафдори” мавзуидаги ижодий ишлар республика кўрик-танлови ҳам ёшларни коррупциянинг салбий оқибатларидан хабардор этиш, қонунларга ҳурмат ва итоаткорлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида ташкил этилди.

— Танлов ёшларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича билимларини янада мустаҳкамлаш, уларни Конституция ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, иқтидорли ёшларни аниқлаб, жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда ўз иқтидорлари ва ижод маҳсулларини намойиш этишлари учун имконият яратишга қаратилган эди. Шу­нингдек, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда ҳуқуқий маданиятни шакл­лантиришга қаратилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқармаси катта прокурори Каримжон Мусашайхов.

Жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказилган мазкур танлов Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва маърифат маркази, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилди.

Танловга жами 200га яқин ижодий ишлар тақдим этилди, уларни баҳолашда мавзунинг мазмун-моҳияти тўла очиб берилганлиги, плакат чизиш маҳорати, ранглардан тўғри фойдалана олиш, тасвирий санъат элементлари ва замонавий техноло­гияларни қўллай олиш қобилияти, плакатдаги мантиқийлик, иштирокчининг дунёқараши, фикрлаш доираси ва эътиборни жалб қила олиш хусусияти каби мезонларга алоҳида аҳамият берилди.

БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф институтлар ор­қали коррупцияга қарши курашиш” лойиҳаси доирасида ўтказилиб, молиялаштирилган мазкур танлов ғолиблари “Энг яхши плакат” ва “Энг яхши сурат” номинациялари бўйича ноутбук, планшет ва “Sam­sung Galaxy A70” смартфони билан тақдирландилар.

Назокат Юсуфжонова,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги

Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 6 =