Синфдан ташқаридаги дунё

ёхуд Жанубий Корея таълим тизимига назар

Жанубий Корея Aрхив қўмитасининг 1944 йилги маълумотларида келтирилишича, кореяликларнинг умумий саводхонлик даражаси бор-йўғи 13,8 фоизни ташкил этган. Иккинчи Жаҳон уруши Кореяни Япония мустамлакачилигидан озод этди. Шундан сўнг, мамлакатда  эътиборни таълим тизимига қаратишга имкон туғилди.

Энг аввал, мамлакатда Таълимни ривожлантириш қўмитаси ташкил этилди. Қўмита фаолияти дастурига умумтаълим дарсликлари яратиш, таълимни тубдан ислоҳ қилиш, қўшимча равишда этика ҳамда техникага оид янги фанларни киритиш вазифаси юклатилди.

Ўша йиллари бу давлат шунчалик қашшоқ эдики, йиллик ялпи даромад жон бошига жуда кам миқдорни ташкил этар эди. Мактабда педа­гоглар учун ортиқча ресурслар жалб этилмаган, яшаш учун ёш болалар ҳам ишлашга мажбур бўлишган.

1980 йилларга келибгина мамлакат миқёсида иқтисодиётни тубдан ислоҳ қилиш мақсадида, биринчи навбатда, таълимга эътибор кескин кучайтирилди. 1981 йилда Президент Чон Ду Хван таълимни ҳукумат назоратида кучайтириш мақсадида хусусий таълим масканлари фаолиятини қонунан тақиқлаб қўйди. Шу сабаб, давлат тасарруфидаги барча ўқув муассасаларида ёшларнинг мустақил шуғулланиши учун қўшимча имкониятлар яратилди. Маълум бўлишича, ҳатто ўқувчилар кечалари мактабда қолиб, устозлари билан дарс тайёрлашар экан. Натижада 1990 йилга келиб, мамлакатда саводхонлик даражаси 98,5 фоизни ташкил этди.

Замонавий Корея таълим тизимида бошланғич мактабларнинг роли муҳим аҳамиятга эга. Асосан бошланғич таълимга болалар 6 ёшдан қабул қилинса, иқтидори бўлган 5 ёшли болалар ҳам бошланғич синфларга олинади. Бунинг учун махсус рухсатнома керак, холос. Ҳар йили мактаб­ларда ўқиш 2 мартдан бошланади. 6 йил давом этадиган бошланғич таълим мажбурий этиб белгиланган. Юқори босқичдаги таълимда асосий эътибор болани касбга йўналтиришга қаратилади.

Ўрта таълим мактабларида давлат тили, ахлоқ, ижтимоий фан, математика, жисмоний тарбия, мусиқа, санъат, чет тили каби 10 га яқин фанлар ўқитилади. Шунингдек, ўқувчи информатика, чет тили (немис, француз, испан, хитой, япон, рус, араб тиллари) каби фанларни, хоҳишига кўра, танлаб ўрганиши мумкин.

Бугун Жанубий Корея таълим сифати бўйича дунёда иккинчи, математика соҳасида тўртинчи ва табиий фанларни ўқитиш бўйича бешинчи ўринда туради. Шунингдек, саводхонлик даражаси бўйича барча Европа давлатлари, ҳатто AҚШдан ҳам юқори ўринларда туради.

Жанубий Корея — бу хавфсиз, технологик ва индустриал ривожланган мамлакат. Бу мамлакатда ўқитиш ва ўзлаштиришни баҳолаш бошқа давлатларникидан фарқ қилади. Масалан, олий таълим муассасасида таҳсил олаётган талабалар маъруза дарсларига ўзлари тайёрланади ва мустақил ўқиб-изланади. Ўқитувчилар фақат йўл-йўриқ кўрсатиб, уларни қизиққан соҳасига йўналтиради, илҳомлантиради. Кореяда давомат, маъруза ва конспектларнинг заррача аҳамияти йўқ. Aсосийси, ўқувчи билимни пухта эгаллаб, синовда қийналмаса бўлгани.

Корея ўқув дастуридан ўрин олган барча материаллар, айни пайт­­да, электрон кўринишга ўтказилган. Дарсликлардаги маълумотлар китоб саҳифалари ўрнига, “Смарт таълим” дастури бўйича, экранларда акс этади. Ушбу лойиҳа ҳаётга татбиқ этилгач, барча мактабларда симсиз тармоқлар жорий этилди. Бу эса ўқувчи-талабаларга “ҳамма вақт ва ҳамма жойда” билим олиш имконини яратди. Aнъанавий китоблардан электрон дарсликка ўтиш ёшларга “оғир ва қаппайган сумкаларини уйда қолдириб, синф хонасидан ташқаридаги дунёни кашф этиш салоҳиятини берди”.

Янги тизим, шунингдек, мутахассис-ўқитувчилар етишмайдиган чекка қишлоқ ҳудудларидаги ўқувчи ва талабаларга ҳам фанларни танлаш ва уйдан туриб сифатли таълим олишда бир қатор қулайликлар яратди. Ҳозирда Корея давлати интернетга уланиш тезлиги бўйича, 2017 йил маълумотларига кўра, дунёда биринчи ўринни эгаллаган. (Ўзбекистон эса интернет тезлиги бўйича дунёда 130-ўринда туради.)

Жанубий Кореялик ўқувчиларнинг илмий салоҳияти ҳам тобора юксалиб бормоқда. Масалан, Илмий юксалишни баҳолаш халқаро ташкилоти (IEAP) томонидан ўтказилган таълим сифатини ифодаловчи мониторинг тадқиқотларида 19 мамлакат талабалари орасидан 18 ёшли корейс ўсмирлари биринчи ўринни эгаллашган (http://www.csu.edu.au).

Иқтисодий Мувофиқлаштирув ва Тараққиёт Ташкилоти олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, Корея ёшлари рақамли технологиялардан фойдаланиш борасида дунёдаги бошқа тенгдошларига қараганда анча устунликка эга эканлиги айтилади. Бу каби технологиялардан унумли фойдалана оладиган ёшларга ҳар қандай жамиятда ҳам талаб кучли бўлади, улар учун қатор имтиёзлар яратилади. Зеро, бугун улар интернет материалларининг ишончлилигини текшириш ва интернет саҳифаларини навигация қилиш бўйича бир қатор халқаро дастурларда илғорлар сафидан ўрин олишган.

Хўш, Кореяда ҳам нодавлат таълим муассасалари — “деҳқончасига” айтганда “репетитор”лар борми? — деган савол беришингиз мумкин. Aлбатта бўлган. Аммо ўтказилган сўровномаларга қараганда, 1980 йилда умумтаълим мактабларидан 61 фоиз ўқувчи қўшимча машғулотга қатнаш­ган бўлса, шундан 14 фоиз ўқувчи асаб касалликлари ва зўриқишга учраган…

Корея ёшлари таълимга жуда кўп вақт сарфлашар экан. Дейлик, улар қўшимча таълим ёки амалиёт учун, мактабдан ташқари, бир неча соат вақт ажратади. Қизиғи шундаки, улар қўшимча дарсларни ҳам уйга вазифа сифатида қабул қилади.

Таълим соҳасида нисбатан орқада қолаётганидан хавотирга тушган Aмерика Қўшма Штатлари ҳам бугун рақамли таълим соҳасига кучли эътибор қаратяпти. Тадқиқотчилар компьютерлаштирилган таълим дастурини яратиш устида бир неча йиллардан буён иш олиб бормоқда. Уларнинг фикрича, юқори натижа қайд этиш учун бошланғич таълимни бутунлай янги босқичга кўтариш лозим.

Бекорга Германия Наполеон бошчилигидаги Франция қўшинларидан мағлубиятга учрагач: “Биз урушда енгилдик, демак таълим тизимимизда муаммолар бор!”, дея хулоса қилмаган экан.

Абдулазиз Аҳмедов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + 2 =