Яхшидан боғ қолади

АҚШнинг Жоржия штати, Мариэтта шаҳри Хилтон Драйн маҳалласидаги аллея ва Голландиянинг Пришлан шаҳридаги HZPS фирмаси етиштирган янги картошка нави ўзбек аёлининг номига қўйилган.

Менинг қизим Фаридахон — етти фарзандимнинг тўнғичи ўрта мактабни Олтин медаль билан тугатиб Ўрта Осиё педиатрия тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент педиатрия институти)га ўқишга кирди ва уни битиргач, олдин Наманган вилояти шифохонасида болалар шифокори, вилоят педиатрия бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлади. Қўли енгил даволовчи ҳамда ташкилотчи сифатида танилди.

Кейинчалик у ўз фаолиятини Тошкент шаҳрида давом эттирди. У оиламизнинг ҳам “бош шифокори”, доно маслаҳатгўйи, ука-сингилларига меҳрибон опа, оиласида суюмли бека, фар­зандларига меҳрибон она эди.

Қизимнинг икки ўғли ва бир қизи бўлиб, улар ҳам олий маълумотли, етук инсонлар бўлиб ҳаётга қадам қўйишди. Унинг қизи Феруза ўз турмуш ўртоғи Санжарбек билан Тошкент давлат Шарқшунослик институтини тамомлашгач, чет элларда магистратурани битиришди. Интернет орқали Америка Қўшма Штатларининг Жоржия штатида ўз касблари бўйича ишлашга йўл олишди.

Бирин-кетин икки фарзандли бўлишгач, қизим Фарида набираларига қарашиб туриш учун турмуш ўртоғи билан Америкага кетишди. Улар билан телефонда тез-тез гаплашиб турардик. Доим соғ-саломат эканлигини айтиб, набираларининг яхши ўсаётганлигини билдириб туришарди. Ногоҳ…

Ногоҳ океан ортидан оиламиз учун кутилмаган совуқ хабар келди — қизимиз Фаридахон тўсатдан вафот этибди. У икки набирасини шаҳар паркида сайр қилдираётганда юрак хуружига учрабди… Турган гапки, ҳар бир оилада яхши кунлар билан оғир дамлар бўлиб туради. Ўз мусибатини эса ҳаммага эълон қилиш унчалик тўғри эмас.

Аммо қизимнинг ҳаёти сингари унинг вафоти ҳам ибратли кечибди — у ўша борган жо­йида — узоқ Америкада ҳам қўни-қўшни, яқин-атрофдаги кишилар билан яхши муносабатда бўлиб, улардан ёрдамини аямаган, ўзбекларча очиқ кўнгиллиги, меҳмондўстлиги билан кўпчиликнинг ҳурматини қозона олган экан. У яшайдиган Мариэтта шаҳрига қарашли Хилтон Драйн маҳалласи аҳолиси қизимнинг вафотини эшитиб қаттиқ қайғуришибди, турли миллатдаги барча узоқ-яқин қўни-қўшнилар келишиб таъзия изҳор қилишибди, турли хил таомлар пишириб олиб чиқишибди, улар турган хонадон гулларга тўлиб кетибди.

Қўни-қўшнилар қизимнинг номини абадийлаштиришга қарор қилишибди ва маҳалладаги чиройли хиёбонлардан бирига “Alley of Farida KHudaykulova” — “Фарида Худойқулова хиёбони”, деб ном беришибди. Хуллас, “Яхшидан боғ қолади”, деган халқ мақоли ҳаётда исботини топибди…

Ҳа, яна бир гап: қизим Фариданинг турмуш ўртоғи — Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани, Нанай қишлоғидан бўлган Мирзаабдукарим Рўзиев тадбиркор сифатида картошка уруғи олиб келиш учун Голландияга у билан бирга борган ва ўша ерда картошка уруғи етиштирувчи   тадбиркорларнинг оиласида меҳмон бўлишган экан.

Улар мулоқот қилган Голландиянинг Пришлан шаҳридаги HZPS (Голланд Зеро Потатекс) фирмасининг ходимлари қизимнинг вафот этганлигини эшитиб қайғуришибди ва ўзлари ишлаб чиққан янги серҳосил картошка навига “Фарида” номини беришибди. Ҳозир бу уруғ Нанай далаларида экилиб, мўл-ҳосил олинмоқда.

Қизим вафотидан бери бир неча йил ўтди, аммо унинг хотираси ҳамда борган жойидаги одамларнинг меҳрларини қозона олганлиги бизни юпатиб туради.

Мухтор Худойқулов,

ёзувчи.

Суратда: Фарида Худойқулова ўз набиралари билан.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + two =