Мақсад чекка ҳудуд аҳолисини иш билан таъминлаш

Тадбиркорлик, саноат, ишлаб чиқариш соҳаларини риворлантириш бугунги куннинг энг муҳим талабларидан биридир. Бу соҳаларни молиявий қўллаб-қувватлашда банкларнинг ўрни муҳим, албатта. Айниқса, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида тадбиркорлик фаолиятининг йўлга қўйилиши ўша ҳудуд иқтисодиётининг кўтарилишига, аҳоли бандлиги таъминланишига катта таъсир кўрсатади.

“Қишлоқ қурилиш банк” АТБ томонидан Жиззах вилоятига уюштирилган ижодий сафаримиз давомида кўплаб хайрли ишларнинг гувоҳи бўлдик. Биринчи манзилимиз вилоятнинг Янгиобод тумани марказидаги “Дўстлик” маҳалласи бўлди. Бу ерда “Қишлоқ қурилиш банк” Янгиобод туман филиалининг янги, замонавий биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маҳалла фахрийлари, фаоллар, ёшлар ҳамда маҳаллий тадбиркорлар, банк ходимлари иштирок этган маросимда туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев сўзга чиқиб, туманда банк филиалларининг очилиши тадбиркорлик субектларининг ривожланишига боғлиқ эканини таъкидлади. “Қишлоқ қурилиш банк” маъмуриятига миннатдорлик билдирди.

“Қишлоқ қурилиш банк” бошқарув раиси ўринбосари Козим Исмоилов Янгиобод аҳлини замонавий банк биноси билан табрик­лаб, жумладан шундай деди:

— Бу ҳудуддаги аҳолининг оғирини енгил қилишдан, уларга хизмат кўрсатишдан жуда мамнунмиз. Замонавий банк тизимини яратишдан мақсад туман аҳли ва тадбиркорларига сифатли банк хизматини кўрсатиш устувор вазифамиз эканлигидандир.

Шундан сўнг Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев иштирокида банк биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бинонинг ташқи ва ички кўриниши кўркам, замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган. Мамлакатимизнинг чекка туманларида ҳам замонавий имкониятларга эга шундай иншоотлар қад ростлаётганини кўриб кишининг баҳри дили очилади.

Мазкур қувончли тадбирдан сўнг, “Қиш­лоқ қурилиш банк”дан кредит олиб, ўз фаолиятини бошлаган айрим тадбиркорлар билан суҳбатлашдик.

Лазизжон Муродқулов:

— Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга қаратилаётган эътибордан, юртимизда тадбиркорлик фаолияти қўллаб-қувватланаётганидан руҳланиб, 2020 йилда “Қишлоқ қурилиш банк”дан 4 миллиард 150 миллион сўм миқдорида кредит олдим ва “Истиқлол баҳори томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилдим. Олган маб­лағим эвазига 12 та лойиҳани амалга оширмоқчиман. Ҳозиргача бир нечта лойиҳаларимиз ишга тушди: туман аҳолисига томорқа хизматларини кўрсатиш мақсадида минитрактор, мотокультиваторлар олиб келдик. Мана, баҳор мавсуми ҳам яқинлашиб қолди. Экин ерларига ишлов беришда хўжалик аҳлига ёрдам бераётганимиздан бахтиёрмиз.

200 тонналик совутгичли омборхона ҳам қурганмиз. Чунки туманда бунга эҳтиёж бор эди. Омборхонани қуришимиздан мақсад, турли қиш­лоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаб қўйиб, бозорда тақчиллик пайти бўлганда ёки нарх-наво қимматлаган пайт­­да арзон нархда бозорга чиқаришдир. Кўчатчилик иссиқхоналари ҳам ташкил қилдик. Ҳозирда 17 нафар ёшни иш билан таъминлаганмиз, улардан 8 нафари “аёллар дафтари”да турадиган хотин-қизлар.

Жорий йил якунигача Хитой технологияси асосида сутни қайта ишлаш кичик корхона фаолиятини йўлга қўймоқчимиз. Бу кунига 4 тонна сутни қайта ишлаш имконини беради. Булардан ташқари, ем ишлаб чиқариш, жўжа очириш, меваларни қуритиш бўйича ҳам лойиҳаларимиз мавжуд. Бу лойиҳаларимиз 2021 йил охирига қадар тўлиқ амалга оширилади. Натижада 41 нафар туман аҳлини доимий иш билан таъминлаймиз. Шунингдек, 100 нафарга яқин мавсумий ишчилар ишлаши мумкин бўлади.

Адиба Юнусова:

— Янгиобод тумани “Дўстлик” маҳалласи Паскисармиш қишлоғиданман. 2018 йилда тадбиркорлик фаолиятини бошладик. Қишлоғимизда мактабгача таълим муассасаси очиш мақсадида “Қишлоқ қурилиш банк”дан имтиёз асосида 1 фоизли 2 миллиард 700 миллион сўм кредит олдик ва 100 ўринли “Озода нур” нодавлат мактабгача таълим муассасасини қурдик. Ҳозирги кунда боғчамизда 73 нафар бола тарбияланмоқда. Боғчани ташкил қилганимиздан сўнг 13 кишини иш билан таъминлашга муваффақ бўлдик. “Қишлоқ қурилиш банк” ходимларидан жуда ҳам миннатдорман. Тадбиркорлик фаолиятимизни бошлашда ёрдамларини аяшмади. Энди туманимиз марказидан ҳам мактабгача таълим муассасаси очишни ният қилганман ва албатта, яна “Қишлоқ қурилиш банк” билан ҳамкорликда ишлаймиз.

“Қишлоқ қурилиш банк” АТБнинг Жиззах вилояти Янгиобод туман филиали бошқарувчиси Ихтиёр Ҳасанов билан ҳам суҳбатлашдик:

— Янгиобод туманида фақатгина “Қишлоқ қурилиш банк”нинг филиали мавжуд. Тумандаги 8 та маҳаллада 28 минг 400 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳозирги вақтда ҳудуд бўйича банкимизнинг 8,5 мингта мижози бор. Мана бугундан банкнинг янги биноси ишга туширилди. Ушбу бино барча замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Аввалги бинода мижозларга хизмат кўрсатиш сифати талабга жавоб бермас эди. Ушбу филиалда халқаро пул ўтказмалари хизмати ҳам йўлга қўйилди. Илгари бунинг учун одамлар қўшни туманларга бориб келишга мажбур бўларди.

Ҳозирда маҳаллабай тизимда иш олиб бормоқдамиз. Ҳар бир маҳаллага иккитадан ходимимиз бириктирилган. Ўтган давр мобайнида икки нафар мижозимизга агрокластер очиши учун кўмаклашдик. Натижада “аёллар дафтари”, “темир дафтар”, “ёшлар дафтари”да турадиган бир нечта фуқароларни иш билан таъминланишига эришилди. 2021 йилда ҳам катта лойи­ҳаларни амалга оширишни мақсад қилганмиз.

Масалан, Янгиободнинг узумлари халқ орасида машҳур. Шунинг учун узумчиликни янада ривожлантириш мақсадида 20 миллиард сўм маблағ ажратганмиз. Мақсадимиз чекка ҳудудлардаги аҳолини иш билан таъминлаш. Йил охиригача лойиҳа тўлиқ ишга тушади. Йирик лойиҳаларимиздан яна бири “Янгиобод-Даштобод чорва” чорвачиликни ривожлантириш хўжалигини ташкил қилиш бўлиб, бунинг учун 6 миллиард сўм маблағ ажратилган. Чет элдан наслли қора молларни олиб келиб кўпайтиришни мўлжаллаганмиз. Ушбу хўжалик ташкил қилингач 15 та янги иш ўрни яратилади.

— Ҳозирда “темир дафтар”га кирган 2020 нафар, “аёллар дафтари”даги 289 ва “ёшлар дафтари”даги 485 нафар фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида тумандаги тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, яна қандай лойиҳалари, ғоялари бор эканлигини сўраб, қўшимча иш ўринлари яратишга ҳаракат қиляпмиз, — деди “Қиш­лоқ қурилиш банк” департаменти бош­лиғи Миразиз Эгамбердиев.

Миразиз Эгамбердиевнинг маълумот беришича, маҳаллабай ишлаш доирасида банкнинг республика вакиллари ҳамда Янгиобод туманидаги филиали ходимлари билан биргаликда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Тумандаги мавжуд 8 та маҳаллада яшовчи барча фуқароларнинг аҳволини тўлиқ ўрганиш мақсадида туман ҳокимияти билан биргаликда ишчи гуруҳ тузилган.

Банк ходимлари уйма-уй юриб, тадбиркорлик истагини билдираётганларга ўзлари хоҳлаган йўналиш бўйича керакли маслаҳатлар беришмоқда, кредит ажратиш чоралари кўрилмоқда.

2020 йилда “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ томонидан фақат ёшларнинг ўзига “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида, шунингдек, банкка мурожаат қилган, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш бўйича таклиф берганларга 15 миллиард сўм маблағ ажатилган. 2021 йилда ёшларни иш билан банд қилиш мақсадида 50 миллиард сўмга яқин маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Янгиобод туманидаги янгиланишлар, тадбиркорлик обектлари билан танишганимиздан сўнг, Жиззах шаҳри томон йўл олдик. Чунки у ерда биз “Қишлоқ қурилиш банк”нинг мижозларидан бири “Nеwland” масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти билан танишишни режа қилган эдик.

Жиззах шаҳри Олмазор маҳалласида жойлашган “Nеwland” МЧЖ банкнинг йирик мижозларидан ҳисобланар экан. Жамият асосчиси Фаррух Алиқулов 2018 йилда банкдан 3 миллиард сўм кредит олиб ўз фаолиятини бошлаган. “Farali textile” трикотаж махсулотлари ишлаб чиқариш корхонасига асос солган. Бундан ташқари, тадбиркор мактабгача таълим муассасасини ҳам ташкил қилган.

Ҳозирги кунда корхонада 350 нафарга яқин ходим ишламоқда. Бу ерда 100 дан ортиқ турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларнинг 90 фоизи МДҲ давлатларига экспорт қилинади.

— 2020 йилда 3 миллион долларлик маҳсулотларни Россияга экспорт қилдик. Бу йил 10 миллион долларлик экспортни амалга ошириш ниятидамиз. Европанинг Германия, Италия, Франция давлатлари билан шартнома тузиш арафасида турибмиз, — деди “Nеwland” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Фаррух Алиқулов.

Қолаверса, тадбиркор Ғаллаорол, Зафаробод ва Зомин туманларида корхонасининг филиалларини очмоқчи эканини ҳам айтиб ўтди. Аҳоли кўп ва одамларга иш керак бўлгани учун шу туманларни танлаганини билдирди.

Дарвоқе, Янгиободда ҳам, Жиззах шаҳрида ҳам тадбиркорлик обектарида ишлаётган ёшлар билан суҳбатлашдик. Улар: “Ишсиз эдик, ишли бўлдик. Энди ҳар тонг бугун нима қилсам экан, деган ўйдан қутулиб, ишлаш учун келадиган манзилимиз бор”, деган мазмунда жавоб бердилар.

Қош қораявергач пойтахтга қайтишимиз кераклиги ёдимизга тушди. Шундай ишларга гувоҳ бўлганимиздан хурсанд ҳолда йўлга отландик. Тўғриси, юртимизда тадбиркорлик фаолиятининг ривож топишида, шу тариқа аҳолининг турли қатламлари ижтимоий аҳволининг яхшиланишида банкларнинг ўрни ҳам нақадар муҳим эканлигига “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ томонидан қилинган ишлар мисолида яна бир бор амин бўлдик. Ичимизда бундан-да кенгроқ имкониятлар, енгилликлар яратилишига умид боғладик.

Шаҳзод ШОДМОНОВ,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + sixteen =