Адлия вазири шундай деди
Маълумки, шу йилнинг 12 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда адлия вазири Р. Давлетовнинг 2020 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти эшитилди.
Жумладан, у қуйидагиларни айтди:
1 Гб мобил интернет (ўзимизнинг пулга ҳисоблаганда. Таҳ.) Ҳиндистонда 950 сўм, Исроил – 1200 сўм, Қирғизистон – 2200 сўм, Италия – 4500 сўм, Украина – 4900 сўм, Қозоғистон – 4900-5000 сўм бўлса, Ўзбекистонда (54-ўрин) 16 000 сўмни ташкил қилади;
* * *
2016 – 2019 йиллар оралиғида Республикамизда чоп этилган китоб ва брошюралар бирлиги қарийб 600 тага, адади эса 7 млн. нусхага камайган, газета ва журналларнинг йиллик тиражи шу муддатда қарийб 2 бараварга қисқарган. Бу ҳолат соҳанинг рентабеллиги пасайишига ва аста-секин сўниб боришига олиб келади;
* * *
Сўнгги тўрт йилда “Ўзбекистон почтаси” АЖ томонидан матбуот тарқатиш ҳажми 3 баробарга камайиб, унинг матбуот тарқатишдаги улуши 13 фоизни ташкил этмоқда. Почта алоқаси етказиб бериш участкалари сони эса 4800 тадан 3571 тага, қишлоқ жойларда 2893 тадан 2062 тага камайган;
босма, электрон газета ва журналларни, китобларни аҳолининг истеъмол саватчаси таркибига киритиш масаласини кўриб чиқиш лозим;
* * *
2020 йил давомида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ жами 52 та ҳолат содир бўлди: 39 нафар фуқаро жабрланган, 61 киши вафот этган. Аҳоли орасида тушунтириш ишлари (етарлича. Таҳр.) олиб борилганида бундай ачинарли ҳолатлар камайган бўларди.
Адлия вазирлигининг “Minjust.uz” сайтидан олинди.