“Бўлиб қолар” эмиш

Ёғингарчилик кунларида лой ва балчиққа ботган, иссиқ кунларда эса тупроқ ва чангга беланган Сирдарё вилояти, Гулистон туманидаги “Бахмал” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Чароғон”, “Гулистон”, “Сомон йўли”, “Ипакчи”, “Боғишамол”, “Мол гузар”, “Обод”, “Фарғона”, “Саховат” ва “Камолот” кўчаларида яшовчи фуқаролар мурожаат қилмаган идора Сирдарёда қолмади ҳисоб.

 

— Тўғрисини айтсам, — дейди “Ёшлик” кўчасида яшовчи фуқаро Эркин Жуманов. — Оби-ҳавога қараб кўчага чиқамиз-да. Биз-ку майли, катта ёшдамиз, у ёқ-бу ёққа қараб юрамиз. Аммо мактабга ва боғчага бораётган болаларни кўриб юрагим зирқирайди. Афгор бир аҳволда мактабга бориб, афгор бир аҳволда уйга қайтишади. Кийим-кечагини қўяверинг, баъзан ўзларининг юз-кўзлари ҳам лойга беланганча уйга келишади. Бу томонини айтсам, зўрма-зўраки рўзғор тебратаётганлар бор, аҳволи ҳаминқадар, ўзингиз тушуниб олаверинг. Кийим-кечак, совун, хуллас, ҳаммаси чиқимга бориб тақалади.

Эркин ака айтган   ҳудудда бўлиб, маҳалла аҳли билан суҳбатлашдик. 2378 нафар аҳоли яшайдиган мазкур маҳаллада иш қидирган ёшлар ва аёллар сони ҳам талайгина экан. Яқинда ёшларнинг 50 нафарига деҳқончилик қилсин, даромад топсин деган ниятда туман ҳокими 50 сотихдан ер майдони ажратиб берибди. Бу яхши, албатта. Қолганлари-чи? “Ишлайлик десак иш йўқ”, дейишди улар куйинчаклик билан.

Қаттиқроқ шамол турса, ағанаб кетар даражада қийшайиб турган сим ёғочларни кўриб, тўғриси, ўзимиз ҳам четроқда туриб олдик, ерга тегай-тегай деб турган электр сим ўтказгичларни кўриб кўзимизга ишонмадик. Ахир намгарчиликда ток жуда хавфли-да. Энди “сизларда электр тармоқлари мутасаддилари бор, мурожаат қилмайсизларми?” — демоқчи эдик, Э.Жуманов: “Сиз электрикларни айтасиз, тоза ичимлик сув йўқлигидан бормаган жо­йимиз қолмади. Қани бирорта тирик жон қайрилиб қараса?.. Лойга, балчиққа белангунча қўшни маҳалладан ичимлик суви ташиймиз. Ювин-чайинга сувни зовур ва ариқлардан оламиз”, деди.

Биз маҳаллага борган кунимиз, “Мол гузар” кўчасида яшовчи фуқаролар юқоридаги идоралардан нажот бўлмагач, ўзлари пул йиғишиб, ҳашар йўли билан сув қувури ўтказиш учун хандақ   қазишаётган экан. “Ўзинг учун ўл етим”, дегани шу бўлса керак-да.

Сўнг маҳалла фуқаролар йиғини раиси Анвар Мамасолиевни қидирдик. Аммо топа олмадик. Ахири телефон орқали боғландик. У кишидан аҳолини қийнаётган муаммонинг ечими борми, деб сўрадик.

“Нимасини айтасиз, муаммоларимиз кўп, ҳаракат қиляпмиз. Кўча йўлимизга, насиб қилса, туманимиз ҳокими айтганидай бўлса, икки-уч ойларда шағал тўкилиб қолар. Симёғочлар масаласида туман ва вилоят электр тармоқлари корхонасига, сув масаласида “Сувоқава” идорасига мурожаат қилганмиз. Ҳозирча жим. Бўлиб қолар…”, дейди.

— Қачон бўлиб қолади деб ўйлайсиз?

“Биз кичкина одам. Бу ёғини раҳбарлар билади-да…”.

Мана сизга жавоб. Маҳалла раиси Президентимизнинг “Маҳалла халқ билан давлат ўртасидаги кўприк бўлиши керак.” деган пурмаъно гапини эшитмаган кўринади. Йўқса, мана шундай пайтда одамларнинг қувончу ташвишига шерик бўлиб, уларнинг муаммосини ўзининг муаммоси каби билиш ўрнига туман ва вилоятдаги мутасадди ташкилот ва идора раҳбарлари каби бу масалага юзаки қарамасди.

Хуллас бир сўз билан айтганда, Президентимиз ташаббуси билан жойларда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” Давлат дастури доирасида ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари амалга ошириляпти. Қишлоқ ва маҳаллалар қиёфаси ўзгаряпти. Аммо энг асосийси, мамлакатнинг керакли ҳудудларига ҳали бундай ислоҳотлар етиб келмади. Бўлмаса буни “Бахмал”ликлар ҳам жон-жонидан исташяпти. Начора, ҳозирча ислоҳотларни амалга оширадиган, одамлар охини тинглайдиган мард ва ташаббускор раҳбар Гулистон туманида топилмаяпти.

Президентимиз жойларда аҳоли билан учрашиб, ҳеч бир огоҳлантиришларсиз ташрифлари давомида кўзда тутилмаган маҳаллаларга боряпти. Фарғонада, Наманганда, Тошкент вилоятидаги қатор маҳаллалардаги ачинарли аҳвол давлатимиз раҳбари борганидан сўнг, мутасаддилар қаттиқ гап-сўз эшитганларидан сўнг ҳаракатга тушиб қолмоқда.

Сирдарё вилояти Гулистон тумани ҳокими бош­лиқ тўрттала сектор раҳбарлари ҳам давлатимиз раҳбарининг ушбу маҳаллаларга боришларини кутишяптимикан?

Афсус, улар “Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи”, деган нақлни унутишган кўринадилар.

Ғулом ПРИМОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × two =