Матбуотдан аллергиянгиз борми?

Сурхондарёда газета ва журналларнинг сотилишига ҳамда  обунага зимдан тўсқинлик қилаётган айрим маҳаллий амалдорларнинг хурмача қилиқлари хусусида

 

Инсоннинг маънавияти,   маданияти, зиёлилик даражаси, аввало, унинг бажараётган   вазифаси, эгаллаб турган   лавозими, дабдабали уйи, миниб   юрган машинаси, пўрим   ки­йиниши,   мансаби ва моддий   бойлиги билан белгиланмайди. Агар шундай бўлганда эди, барча катта-кичик “амалдор”лар ва “бойлар” ҳам дунёдаги энг   маданиятли, энг маънавиятли   шахслар деб фуқаролик жамияти   томонидан эътироф этилган   бўларди. Бу асрлар   синовидан ўтган аксиома.

 

Бу гапларни бежиз   айтаётганимиз йўқ. Бир умр газетада   ишлаганлигим   туфайли бундан беш-олти йил илгари Сурхондарё вилоят   “Матбуот тарқатувчи” шўъба   корхонаси фаолияти қандай   бўлганлигини яхши биламан.   Бир кун борсам корхона ҳовлисида   юк машинасидан йигитлар   газета, журнал, китоб   тушираётган экан. Китобларни   кўриб ҳайрон қолдим.

— Шунча китобни қандай   сотасизлар? — сўрадим корхона   ҳисобчиси Илҳом деган йигитдан.

— Бор-йўғи уч мингта китоб. Жойларда бўлиб ўтган   учрашувларда ўқувчиларнинг талаб ва   эҳтиёжини ўрганиб,   шу қарорга келганмиз. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов каби машҳур ёзувчиларимизнинг асарлари. Дўконларимизга тарқатиб берсак, узоғи   билан бир ойда сотилиб   кетади.

Ўзим ҳам беш дона   китобни сотиб олиб сумкамга   жойлагач, Илҳом   кулиб юборди: “Мана кўрдингизми,   юкни тушуриб улгурмасимиздан савдо бошланиб кетди”.

Бугунги кунда   вилоят “Матбуот тарқатувчи” шўъба   корхонасида   аҳвол мутлақо бошқача. Термиз шаҳри ва туманлар марказларида кенг кўламда   қурилиш ишлари бошланганлиги   туфайли бундан   4-5 йил олдин   маҳаллий ҳокимлар матбуот   дўконларини “вақтинча”, деб олдиришганди. Лекин ҳанузгача “вақтинча”, деб олдирилган   матбуот   дўконларини қайта   ўрнатишга   мутасадди амалдорлар рухсат   беришмаётган   экан. Вилоят “Матбуот тарқатувчи” шўъба   корхонаси директори Тоҳир Жўраевнинг   ҳасратидан “дуд” чиқади.

— Янги ташкил   этилган деҳқон ва буюм бозорлари, бош бекатлар, олий   ўқув юртлари раҳбарларига мурожаат этганимизда улар   жон-жон, деб рози   бўлишди. Лекин маҳаллий ҳокимлар   жойларга матбуот дўконларини   ўрнатишга ва фаолиятини бошлашига шунча йиллардан буён турли баҳоналар билан   рухсат   беришмаяпти. Биласизми,   “вақтинча” воқеасидан олдин   вилоят бўйича аҳолига 105 та матбуот дўкони хизмат кўрсатар   эди. Ойига 120   минг, йилига 1 миллион 440 мингдан   ортиқ   газета ва журнал   сотиларди. Бу воҳадаги ўқимишли   аҳолининг салкам   30   фоизини ташкил қилади. Ҳозирги кунда бор-йўғи ойига 10 минг   нусха газета ва журнал   сотилади. Бу   аввалгидан ўн икки   баравар кам дегани. Президентимиз Учинчи Ренессанс — Уйғониш   даврини биз бошлаб берамиз, деяпти. Маҳаллий амалдорлар эса миллий матбуотга, маърифатга, маданият ва маънавиятга бўлган муносабатини даҳшатдан бошқа нарса, деб   баҳолаб бўлмайди. Ахир, уйғониш учун маърифат, маънавият керак! — дейди   Тоҳир Жўраев.

Дарҳақиқат, бунга вазиятни   ўрганиш жараёнида ўзимиз ҳам тўлиқ амин бўлдик. Сурхон   воҳасидаги туман ва шаҳарларда ўттиздан   ортиқ бозор, йигирмага яқин   катта-кичик шоҳбекат, олтита олийгоҳ, қанчадан-қанча йирик ишлаб чиқариш   корхоналари, техникумлар, мактаблар мавжуд. Тўғри, ҳар ким ҳам у ёки бу вақтли матбуот нашрига ўз вақтида обуна   бўлолмаслиги мумкин. Лекин   ўзини қизиқтирган нашрни матбуот дўконидан сотиб олишни   истайди.

Биз муаммо нимада эканлигини билиш учун Термиз шаҳар ҳокимлигига бир неча марта бордик. Мазкур соҳага мутасадди бўлган шаҳар ҳокими ўринбосарига кўплаб қўнғироқлар (бир гал гўшакни кўтариб, Наманганда хизмат сафаридаман дегани рост) қилдик. Жавоб йўқ! Темир панжара ортида турган шахс эса: “Ака, сизни киритсам, мени ишдан ҳайдаб юборади. Қўнғироқ қилайлик-чи, нима дейдилар”дан нарига ўтмайди.   Кечирасиз, “йўқ эканлар”, дейди. Ҳатто, ўзини телефонда “котибасиман”, деб таништирган хонимга шаҳар   ҳокими ўринбосари жаноб Ш.Раҳмонқуловга муддаомизни етказинг, деб телефон   рақамимизни ҳам айтдик. Бу   қандай сирли маҳкама бўлдики, унинг ходимлари билан учрашиб, гаплашиб бўлмаса?! “Бу кимсага давлатимиз раҳбари газета-журнал ўқинглар” деяпти дейишни ҳам ўзимизга эп кўрмадик. Чунки одамнинг ўзида бўлмагач, садқаи сухан, деган экан бир биз каби дили вайрон одам.

Далил ва рақамлар инжиқ бўлади. Энди ҳужжатлар сўзласин!

“Термиз шаҳар “Фаровон”   массивида жойлашган “Яшил дунё”   бозори ҳудудидан иккита янги типдаги, замонавий матбуот дўконларини   ўрнатиш учун жой   ажратиш чоралари кўриб   чиқилаётганлигини маълум қиламиз.  

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Р. Пардаев. Имзо. 2019   йил 20 декабрь.”

“…Кўп   қаватли уйлар ва   “Яшил   дунё”   фойдаланишга топширилгандан сўнг, иккита матбуот дўконлари жойлаштириш масаласи қайта   кўриб чиқилади ва амалий ёрдам кўрсатилади.

Термиз   шаҳар ҳокимининг ўринбосари   Ш. Раҳмонқулов. Имзо. 2019 йил 26   март.”

“Мурожаатда   кўтарилган масала юзасидан,   шаҳарнинг   А. Навоий кўчаси ёқасида янгидан қурилаётган бозор, Тараққиёт   кўчаси ёқасида жойлашган Зобитлар уйи ёнидан ва   М-41 автомагистрал кўчаси   ёқасида жойлашган   Автошоҳбекатлар ҳудудлари ишлаб чиқилган бош режага асосан қурилган бўлиб, уларнинг ҳудудида замонавий   кўринишда “Матбуот тарқатувчи” савдо шахобчаси жойлаштириш мумкинлигини маълум   қилади. Шаҳар ҳудудида жойлаштирилган собиқ матбуот шахобчалари   бугунги кундаги замон   талабларига жавоб бермаслигини билдиради.

Термиз шаҳар   ҳокимининг ўринбосари   Ш. Раҳмонқулов. Имзо. 2019 йил 6   август.”

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 апрелдаги “Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бозорларнинг ҳудудида бирон-бир   объект қуриш ва фойдаланиш учун ер майдонлари ажратиб беришда, шунингдек, бозорга тегишли   кўчмас мулк объектларини жисмоний   ва юридик шахсларга   мулк қилиб, топширилишига йўл   қўймаслиги   қайд этиб ўтилганлигини инобатга олиб, мазкур   ҳудуддан ер майдони ажратишнинг имкони йўқлигини   маълум   қиламиз.

Термиз шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ш.Раҳмонқулов. Имзо. 2019 йил 27 ноябрь.”

“Мазкур хатингизда   келтирилган масала юзасидан Сизга,   шаҳарнинг Фаровон массивида   жойлашган   “Яшил дунё” бозори   ҳудудидан 2 та замонавий типдаги матбуот тарқатувчи   дўконларни ўрнатиш учун   бозор маъмурияти билан ўзаро келишган   ҳолда ўрнатиш мақсадга   мувофиқлиги   маълум қилинади.

Термиз   шаҳар ҳокимининг ўринбосари Б.Гул­ямов.   Имзо. 2020 йил 11 декабрь.”

Мен нима дейман,   қўбизим нима дейди! Биздаги барча қонунлар, қарорлар мамлакат,   миллат   ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя   қилади-ку! Вилоят “Матбуот тарқатувчи” идораси мурожаатларига юқоридаги каби бир-бирини рад этувчи, саводсизларча ёзилган расмий жавоб хатларини бежиз айнан келтирмадик. Нима эмиш, бозорлар ва бош бекатлар хусусий эмиш. Улар рози бўлиб турганда маҳаллий ҳокимият нега матбуот дўконларини ўрнатишга тиш- тирноғи билан қаршилик кўрсатаяпти? Бунинг   замирида нима бор экан?

Юқорида айтилган   жойларда кимлар ва нималар учун   жой ажратилмаган дейсиз!   Наҳотки, маърифат, матбуот, маънавият учун   жой топилмаса?! Янги Ўзбекистонни шундай амалдорлар, шундай ҳокимлик вакиллари билан   қуриб бўладими?! Аввало, бундайларнинг маънавиятини, маданиятини, маърифатини,   дунёқарашини “янгилайдиган” мард   қани?

Шу ўринда, миллий матбуотга маҳаллий амалдорларнинг муносабати борасида айрим далилларни қистириб   ўтсак. Бир пайтлар катта амалдор бўлган, ҳозирги вақтда вилоятдаги   бир бош­қармаларнинг бирида бошлиқ бўлиб ишлаётган   “акахон”нинг ҳузурига бордик. Мақсадимизни билгач, “Ҳозир   ўзини билган газит ўқимайди. Жуда тўғри қилади. Ҳамманинг қўлида   айпони бор. Чунки газитдан кўра   ўн карра кўпроқ ва тезроқ   дунё воқеаларидан хабардор   бўлади. Хафа бўлманглар, мен   ходимларимга обуна бўлинглар, деб   айтмаганман ва айтмайман”, деди. Бир   замонлар вилоятни бош­қарган одам шундай дегач, бошқасидан нимани   ҳам кутиш мумкин…

Президентимиз Шавкат Мирзиёев катта-кичик раҳбарларнинг ОАВлари билан яқин ҳамкорлик қилиши зарурлигини уқтирмоқда. Аммо минг афсуски, ҳатто шаҳар ҳокимини қўятурайлик, уларнинг ўринбосарлари ҳам республика матбуот вакилини бир тийинга олмаса!

Иккинчи манзара. Бир танишим бор. Отаси машҳур журналист бўлганлиги учун   матбуотнинг қаттиқ нонини   еб улғайган, ўқиган. У   киши ҳам ҳозир катта амалдор.   Уч-тўртта нашрнинг   вакилларини қабул қилди. Бечора   мухбирлар шунга ҳам хурсанд. Бирин-бирин танишгач,   “Мен сизнинг   газетангизга обуна бўлмайман. Майли   шундай деб ёзинг. Менга   туҳмат қилгансизлар, танқид   қилгансизлар. Менинг жамоам   бу газетани ўқимайди”, деди.

Ҳамкасбим   ғазабдан титраб кетди.   Хўш, бош­лиқни газетада   танқид қилишган бўлса, ўқувчи-талабалар, ўқитувчиларда нима гуноҳ! Айтганини   қилди, ўша йили, ўша газетага шундай катта   жамоадан бирорта киши ҳам обуна бўлмади. Сабаби аниқ:   унинг айтганини қилмаган   ходимнинг   шўрига шўрва тўкилади. Амални, мансабни ўз мақсади, шахсий манфаати йўлига солиб олган кишилар   ҳақида бундай мисолларни кўплаб келтиришим мумкин.

Бизнинг энг оғриқли нуқтамиз   ҳам маданиятимиз ва маънавиятимизда. Президентимиз барча тармоқ ва   соҳалар фаолиятини   демократик тамойиллар асосида   қонун билан кафолатлаб   қўйган.   Жаноб маҳаллий амалдорлар   билиб қўйингким, Вазирлар   Маҳкамасининг 1999 йил 4 июлдаги   “Вақтли матбуотни тарқатиш   корхоналарини бошқариш тузилмасини   такомиллаштириш   тўғрисида”ги қарорининг 10-бандида “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар   Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари   алоқа   бўлимлари, вақтли матбуот сотиладиган савдо тармоқларини одамлар гавжум жойларда, жамоат   жойларида, янги объектлар   барпо этиладиган ҳудудларда   қуришни назарда тутсинлар”,   дейилган.

Яна шуни унутмасаларки, ўзбек миллий мат­буоти, адабиёти, санъати бир-иккита амалдорга эмас, асрлар чиғириғидан ўтган заковатли миллатга, боқий мамлакатга, қудратли давлатга хизмат қилади. Унинг миллий   манфаатларини оқилона ҳимоя   этади. Очиғини айтганда, Сурхондарёдаги кўпгина маҳаллий амалдорларнинг миллий матбуотимиздан аллергияси бўлса, бунга биз ёки бош­­қа   фуқаролар ё матбуот дўконлари айбдор эмас!

Сафар ОМОН,

“Hurriyat”   мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 3 =