Энди уча оламизми?..

Куни кеча “Qanot sharq” хусусий авиакомпаниясининг “Airbus А320” русумли биринчи авиалайнери “Тошкент-3” аэропортига келиб қўнди.

 

Шу йилнинг апрель ойида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлган мавзулардан бири бу Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов томонидан фуқароларнинг эътирозлари юзасидан “Тошкент–Олмаота” йўналиши бўйича авиачипталар ҳаддан зиёд юқори нархда сотилаётганлигини ўрганиб чиқиш ва натижаси юзасидан маълумотларни тақдим этиш бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Шоҳрух Шораҳметовга сенатор сўрови юборгани ҳақидаги хабар бўлган эди.

Унда маълум қилинган эдики, бугунги кунда парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган “Тошкент–Олмаота” йўналиши бў­йича авиачиптанинг нархи фақат бир тарафга 4 млн. 700 минг сўмни ташкил қилади.

“Ҳолбуки, парвоз вақти 3 соат 40 дақиқадан иборат “Тошкент–Москва” йўналиши бўйича авиачипта нархи 4 млн. 200 минг сўм, “Тошкент–Рига” йўналиши бўйича 2 млн. 800 минг сўм (парвоз вақти – 5 соат 30 дақиқа), “Тошкент–Нью Йорк” йўналиши бўйича эса 6 млн. 500 минг сўм (парвоз вақти – 12 соат) этиб белгиланган. Самолётлар турлари эса деярли бир хил.

Кўриниб турибдики, парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган “Тошкент–Олмаота” йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи ундан бир неча соат кўп парвоз қилинадиган йўналишлар учун белгиланган нархлардан сезиларли даражада юқоридир. Ушбу тушунарсиз ҳолат фуқароларимиз учун қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда”, – деган эди сенатор.

Сенаторнинг яна қайд қилишича, масъ­уллар нарх белгилашда фуқаролар тушиб қолган танловсиз, мураккаб вазиятдан инсофсизларча фойдаланмоқда.

“Зотан, Қозоғистонга чегарадан пиёда ёки автотранспорт воситасида ўтишга қўшни давлат томонидан пандемия сабабли тақиқ қўйилган. Бизнинг масъулларимиз ана шундай шароитда фуқароларимиз мажбурлигидан ҳам қиммат нархда чипта сотиб олаверади, деган ишонч билан ўз юртдошларининг манфаатларига зид ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик) қилмоқда.

Оқибатда ишлаш ёки бошқа мақсадларда қўшни Қозоғистонга кетаётганлар яна асоссиз ва ортиқча харажат қилишга мажбур бўлмоқда”. (Манба: Kun.uz, 2021 йил 16 апрель.)

Монополияга қарши курашиш қўмитаси сенатор сўровига шу пайтгача жавоб йўллаганми йўқми, бу бизга ҳозирча маълум эмас.

Аммо ЎзА ва бошқа расмий манбаларнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 26 апрель куни “Qanot sharq” авиакомпаниясининг “Airbus А320” русумли биринчи авиалайнери “Тошкент-3” аэропортига келиб қўнди.

Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, “Qanot sharq” авиакомпанияси таъсисчиси Носир Абдуғаффоров мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига яратилаётган қулайликлар хусусий авиакомпаниялар фаолиятининг йўлга қўйилишида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.

Ўзининг 20 йилдан ортиқ фаолияти давомида “Qanot sharq” авиакомпа­нияси асосан юк ҳаво транспорти соҳасида таж­риба тўплаган. Компания ўтган давр мобайнида мамлакатимиз ва хорижда йирик агентлик тармоғини ярата олган ва бутун фаолияти даврида 100 минг тоннадан ортиқ юк ташишга эришган.

Шу билан бирга, компания кейинги етти йил ичида йўловчи ташиш борасида ўз имкониятини синаб кўриб, маҳаллий ва хорижий авиакомпаниялар билан яқин ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйган компания чартер рейслари орқали 150 мингдан зиёд йўловчини ўз манзилларига етказишга муваффақ бўлди.

— Бугун биз туризм, транспорт соҳаси учун аҳамиятли бўлган тарихий кунда иштирок этдик, — дея сўз юритган Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов. — Ўзбекистонга илк бор хусусий авиакомпа­ниянинг биринчи авиалайнери етиб келди.

Бу ҳақда компаниянинг ташаббускорлари билан икки йил олдин режалари бўйича гаплашиб олган эдик. Компания яқин 20 кун ичида иккинчи авиалайнерини олиб келади. Йил якунига қадар яна иккита “А330” русумли авиалайнер олиб келиниши кутилмоқда. Шу тарзда, компания ўзининг учта “А320” ва учта “А330” русумли самолётига эга бўлади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Президентимиз томонидан ички ва зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада фармон қабул қилиниб, тадбиркорларга кенг имтиёзлар берилган эди. “А330” русумли самолёт айнан зиёрат туризми учун қулай бўлиб, бир парвоз давомида 300 нафаргача бўлган йўловчининг мамлакатимизга келишига имконият яратади.

– Бугун жамоамиз учун қувонарли кун бўлди, — деб мамнунлигини изҳор этган, “Qanot sharq” авиакомпанияси таъсисчиси Носир Абдуғаффоров. – Аввало, бизга шундай қулайлик ва имкониятлар яратиб берган Ўзбекистон ҳукумати ва Президентимизга миннатдорлик билдирамиз. Бугун етказиб келинган авиалайнеримиз Европа авиацияси қоидаларига мувофиқ, техник хизматдан ўтказилган ва унинг техник ҳолатини баҳолаш учун намойиш парвозлари ҳам амалга оширилган. Иккинчи самолётнинг олиб келиниши май ойининг учинчи ўн кунлигида режалаштирилган.

Албатта, бундай яхши муж­да юртимиз ҳаво йўллари хизматида ҳам соғлом рақобат вужудга келиши ва йўловчиларга янада адолатли, сифатли хизмат кўрсатилишига умид уйғотади.

Қулай ва нарх-навоси чўнтак кўтарадиган хизмат яратилса, оддий одамлар ҳам кўзлаган манзилига тезроқ етиши мумкин бўлади. Чунки ҳамма уча олади.

Шаҳзод ҚАҳрамон ўғли

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × two =