Усмон Носир нега йиғлаган эди?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев наманганлик сайловчилар билан учрашув чоғида 2022 йил хассос шоир Усмон Носирнинг 110 йиллигини мамлакат миқёсида кенг нишонлаш ҳақида ҳам сўз юритдилар. Зеро, у зот бундай эъзозга ҳар жиҳатдан ло­йиқдир.

 

Ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида Сирдарё давлат педагогика институтида ўқиб юрган кезларимизда институтимизга Абубакр Ражабий исми шарифлиғ (жойлари жаннатдан бўлсин) бир домла келди. У киши Усмон Носир ижоди бўйича номзодлик ишини ёқлаган экан. Бизга мумтоз адабиётдан сабоқ бера бошладилар. (Замонавий ўзбек адабиётидан дарслар бошқалар томонидан эгаллаганлиги боис шундай йўл тутилгандир) (М.А). Абубакр домланинг дарс ўтишларида ўзига хос услуби бор эди. Сабоқнинг бошида 10-15 дақиқани шеърхонликка бағишларди.

Илк бор аудиторияга кирганларида:

— Ораларингда шеър ёзадиганлар борми?, — дея савол ташладилар.

Курсдошларим менинг номимни пешкаш қилишди. Ўша пайтлари кўнгил кечинмаларимни ён дафтаримга қоралаб юрардим.

— Қани, ўқи-чи? – деди устоз менга юзланиб.

Битта шеъримни ўқидим.

— Яна! — дедилар.

Тўрт-бешта шеъримни қаторлаштириб ўқидим.

— Дуруст-дуруст! — деди маъқуллаганча, — шеър ёзган қаламкаш Усмон Носирдай ёзсин-да!, деб қўшиб қўйдилар-да, Усмон Носирнинг тўрт қатор шеърини ёддан ўқидилар.

 

Сен, юрагимнинг чашма суви сен,

Сен, кўзларимнинг гавҳар нурлари.

Сенинг баҳонгни ким сўраса, де:

“Баҳом − умрингнинг баҳосига тенг!”

 

Шу-шу биз, талабалар Абубакр домлани яхши кўриб қолдик. Ўзбек адабиёти тарихи дарси бўлишини интизорлик билан кутадиган бўлдик. Шеърхонликлар руҳиятимизни еттинчи осмонга қадар кўтариб юборарди-да!

Ажойиб кунларнинг бирида Абубакр домла дарсга қўлларида иккита сутранг китоб билан кириб келди. Бу Усмон Носирнинг 2 жилдлик “Танланган асарлари” эди. Ғафур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриётида 1969-1970 йилларда (1-жилди 1969 йилда, 2-жилди 1970 йилда нашр этилган) чоп этилган бу қўшалоқ китоб Усмон Носир номи оқлангандан кейин дунё юзини кўрган энг салмоқли нашр эди. Уни тўплаб, нашрга тайёрлаган Абубакр Ражабий домла эди. Ҳар икки китобнинг зарварағида домланинг исми шарифлари дарж этилганди. Домла дарс бошланишидан олдин китобнинг биттасини очдилар-да, ички овозда шеър ўқий бош­ладилар.

 

Юрак, сенсан менинг созим,

Тилимни найга жўр этдинг.

Кўзимга ойни беркитдинг,

Юрак, сенсан ишқибозим.

 

Сенга тор келди бу кўкрак,

Севинчинг тошди қирғоқдан.

Тилим чарчар, ажаб, гоҳи

Сени таржима қилмоқдан.

 

Сен эй, сен − ўйноқи дилбар,

Зафардан изла ёрингни.

Тўлиб қайна, тошиб ўйна,

Тирикман, куйла борингни.

 

Итоат эт!

Агар сендан

Ватан рози эмас бўлса.

Ёрил, чақмоққа айлан сен,

Ёрил! Майли, тамом ўлсам!..

 

Домла шеърни ўқиб бўлганларидан кейин мижжаларида ёш ҳалқаланганини кўрдик. У киши бироз тин олдилар-да, кўз ёшларини бармоқлари билан артдилар. Сўнгра Усмон Носир ҳаёти билан боғлиқ қизиқ бир воқеани сўзлаб бердилар. Туғма шоир бўлганлиги боис, ул зот қамоқда ётганида ҳам шеър ёзишни канда қилмаган экан. Ҳар галгидек маҳбусларни ишга олиб кетишганида қамоқхона маъмурияти ётоқни кўздан кечирса, кўрпа-тўшакларнинг яғири чиқиб, бит босиб кетганига гувоҳ бўлибди. Барча кўрпа-тўшакларни ёқишга буйруқ бўлибди. Кечқурун маҳбуслар ишдан қайтсалар, кўрпа-тўшаклар алмаштирилган. Казармани оҳ-воҳ, дод-вой босиб кетибди. Маҳбуслар топган пулларини матрасларининг ичига тикиб қў­йишар экан. Бир кун озодликка чиқсак асқатар деб. Усмон Носир эса ёзган шеърларини матраси орасида сақлар экан. Ҳамма: “Вой, пулим”, деб йиғлашса, Усмон Носир “Вой, шеърим!” деб фарёд кўтарган экан.

— Ишқимнинг энг олий туҳфаси — шеърим, деб ёзган (“Нахшон” достонидан) шундай буюк шоир Сталин қатағонининг қурбони бўлди-я, — дея чуқур сўлиш олдилар устоз.

Домланинг ушбу ҳикояси ҳаммамизни музлатиб юборди. Ўшанда менга Абубакр домла Усмон Носирнинг икки жилдлигини совға қилган эди. “Танланган асарлар”га Ўзбекистон халқ шоири Уйғун сўзбоши ёзган экан. У “Халқ ўзининг асл фарзандини, у қилган садоқатни, эзгу ишларни ҳам умрбод ҳурмат қилади, ёдда сақлайди. Минг йиллардан кейин ҳам шоирнинг ажойиб шеърлари жаранглаб туради, ўзи айтгандай, шоир бир умрга ўлмайди. Шеъриятга ўлим йўқ!” деган эътироф билан якунланган эди. Орадан уч-тўрт йил ўтиб Абубакр Ражабий домланинг шоирга бағишлаб ёзган “Усмон Носир” деб аталувчи монографияси нашрдан чиқди. Домлам ушбу китобнинг бирига   ҳурмат юзасидан менга дастхат қўйиб берганлар.

Сўнгги тўрт-беш йил ичида Президентимиз раҳнамолигида адабиётимиз ва унинг улуғ намояндаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фикри ожизимизча, Адиблар хиёбонида Усмон Носирдек ҳассос шоирга ҳам ҳайкал ўрнатилса, адолат қарор топган бўларди. Боз устига, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти томонидан чоп этилаётган улуғ адибларимизнинг муҳташам “Танланган асарлари” қаторида Усмон Носир китобини ҳам кўришни жуда-жуда истардик.

Муҳаммадали АҲМАД,

“Янги Сирдарё” газетаси бўлим мудири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − six =