Саёҳат, зиёрат, мулоқот

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги газеталар таҳририятларида хайрли анъана бор. Газета журналистлари мунтазам равишда юртимизнинг қадимий ва гўзал шаҳарларига жамоавий саёҳатга чиқадилар, ижодий фаоллигини ошириб келадилар.

Ўзбекистон   Журналистлари ижодий уюшмасининг Тошкент шаҳар бўлими, “Ishonch” ва “Ishonch – Доверие” газеталари таҳририяти ходимлари ва ижодкорларнинг навбатдаги сафари буюк тамаддунларга бешик бўлган, дунё тан олган машҳур даҳоларни етиштирган Хоразм воҳасига уюштирилди.

Қадимий иншоотлари билан дунё сайёҳларини ҳам ўзига жалб қилаётган тарихий маскан Хива шаҳридамиз. Хоразм моддий-маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланган, гўзал ва жозибадор меъморий обидаларга бой Хива шаҳрига келган ҳамроҳларимиз ҳайратларини яшира олмади.

Кўҳна Хоразм заминида жаҳон фани ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб алломалар етишиб чиққан. Буюк математик ва астроном, географ Муҳаммад ал-Хоразмий, жаҳон илм-фани, маданиятига беназир ҳисса қўшган буюк истеъдод соҳиби, ақл ва маърифатнинг тимсоли Абу Райҳон Беруний, араб грамматикаси, адабиёт, география, тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид машҳур асарлар муаллифи Маҳмуд Замаҳшарий ҳам шу юрт фарзандидирлар. Журналистлар Хоразм алломалари шарафига бунёд этилган мажмуалар билан   танишиб,кўп­лаб қимматли маълумотларга эга бўлдилар.

Саёҳатимиз ва зиёратимиз ижодий мулоқотларга, ўзаро аҳдлашувларга уланиб кетди. Хабарингиз бор, бундан бир муддат аввал “Ishonch” ва “Ishonch – Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов Ўзбекистон   Журналистлари ижодий уюшмасининг Тошкент шаҳар бўлими раислигига сайланганди. Ижодий уюшманинг раҳбарияти ва кенгаши аъзоларидан иборат бир гуруҳ журналистлар Хоразм вилояти телерадиокомпанияси мажлислар залида Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмасининг Тошкент шаҳар бўлими ва Хоразм вилояти бўлими ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми имзоланишига бағиш­ланган тадбирда иштирок этдилар.

Шунингдек, “Ishonch” – “Ishonch – Доверие” ва “Хоразм ҳақиқати” ва “Хораземская правда” газеталари таҳририятлари ўртасида келгусида ижодий ҳамкорлик қилиш бўйича меморандумга ҳам имзо қўйилди. Ҳар икки жамоа аъзоларининг ижодий мулоқоти давомида ўзаро ҳамкорлик Ўзбекистон журналистикаси, босма оммавий ахборот воситалари ривожига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.

– Тўғриси, босма оммавий ахборот воситалари, хусусан, газеталарнинг яқин келажакдаги тақдири қандай бўлишини олдиндан башорат қила олмаймиз, – деди Ҳусан Эрматов. – Ахборот техноло­гиялари шиддат билан ҳаётимизга кириб келаётган, интернет журналистикаси ривожланаётган бугунги кунда ҳам босма оммавий ахборот воситаларининг, асосан, газеталарнинг ўрни муҳим.

Аммо, айрим раҳбарларнинг газетхонлик саводи етишмаётгани, газета ўқимаслиги ва танқидий чиқиш­ларга ўз вақтида холис муносабат билдирмаётгани ташвишлидир. Турли синов ва қийинчиликларга дуч келаётган мураккаб даврда журналистларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари катта аҳамиятга эга.

Газеталарда кўтарилаётган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш ўрнига юзаки ва расмиятчилик учун жавоблар йўллашга одатланаётган бош­қарув идораларининг масъул раҳбарларига тоқат қилиб бўлмайди. Шу боисдан ҳам миллий журналистикамизда фельетон, танқидий-таҳлилий мақолалар ёзувчи журналист ва мухбирлар йил сайин камайиб бораётгани ҳам аччиқ ҳақиқатдир.

Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ислоҳотлар жараёнида оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳам туб ўзгаришларга эришиш, холислик ва ҳаққонийлик принципларига, қонун талабларига амал қилиш олдимизда долзарб масала бўлиб турибди. Демократик янгиланиш жараёнларини чуқурлаштиришда,босма оммавий ахборот воситалари фаолияти самарадорлигини янада оширишда ижодий уюшмалар бўлимлари, таҳририятлар ўртасидаги бундай амалий ҳамкорлик ўз меваларини беради деб умид қиламиз.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 11 =