Юракларда дўстлик кўприги

“Сайхун” ёшлар фестивали доирасида “Дўстлик” форуми иштирокчилари – қозоғистонлик бир гуруҳ ёшлар Гулистон шаҳрида бўлишди. Уларни шаҳардаги “Билимдонлар маскани”да сирдарёлик тенгдошлари тантанали кутиб олдилар.

Форум иштирокчилари дастлаб, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйишди. Вилоят мусиқали драма театри фойесида ўзбек-қозоқ халқлари тарихи ва қадриятларига бағишланган тақдимот намойиш этилди.

Қозоғистон Республикаси Туркис­тон вилояти ёшлар ресурслари маркази раҳбари Ерассйл Толебаев бош­чилигидаги ёшлар делегацияси “Дўстлик кўприги!” шиори остида ташкиллаштирилган концерт дастурини томоша қилдилар. Тадбирда янграган икки халқ қардошлигини тараннум этувчи куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.

Сўнгра қозоғистонлик меҳмонлар “Қабуллар уйи”да вилоят ҳокими, сенатор Ғофуржон Мирзаев билан учрашдилар.

Учрашувда вилоят ҳокими азал-­азалдан қардош ҳисобланган ўзбек ва қозоқ халқларининг ҳар жиҳатдан бир-бирига яқинлиги, биродарлигини таъкидлади.

—Ўзбек ва қозоқ дўстлиги азалий ва абадийдир. Ўзбек ҳамиша қозоқ биродарини “жигарим”, деб ардоқлайди, қозоқ ўзбекни “ўз оғам”, дея эъзоз­лайди, – деди Ғофуржон Мирзаев. – Сизларнинг машҳур оқинингиз Абай қозоқ халқини дунёга танитди, қозоқ халқи эса Абайни оламга машҳур қилди. Шуни алоҳида таъкид­лаб ўтиш керакки, Абайнинг ўзбек халқига меҳр-муҳаббати катта бўлган. У “Ўзбекдан дўстинг бўлса оч қолмайсан, қозоқдан дўстинг бўлса йўлда адашмайсан”, дея ўзбек халқига юксак баҳо берган.

Вилоят ҳокими учрашув давомида қозоғистонлик меҳмонларга Сирдарё заминида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик, яратувчанлик ишлари ҳақида сўзлар экан, юртимизни янада ривожлантириш йўлида қўшни давлатлар билан барча соҳаларда алоқаларни кучайтириш, айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикасининг Президенти Қасим-Жомард Токаевларнинг икки қардош халқларимизнинг абадий биродарлиги ва манфаатлари йўлидаги саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилганлигини мамнуният билан таъкидлади.

Шундан сўнг истеъдодли ёш ижодкорлар икки миллат халқи ижодидан мушоира уюштириб, бахшичиликда дўстона беллашдилар.

— Форумдан катта таассуротга эга бўлдик, – деди Ерассйл Толебаев. – Дўстлигимизни янада мустаҳкамлаб, элларимиз ўзаро дўстлик ва ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишда биз, қозоғистонлик ёшлар ҳам ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз. Сизлар бошлаб берган “Дўстлик” форуми халқларимиз ўртасида ҳақиқий “Дўстлик кўприги” бўлиб хизмат қилади. Энди сирдарёлик ёшларни Туркистонда кутиб қоламиз.

Учрашув якунида Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев қозоғис­тонлик меҳмонларга “Дўстлик” форуми статуэткаси ва эсдалик совғаларини топширди.

Ғулом ПРИМОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × one =