Узум сотаётган аёл ёки биз қайси шоирни таниймиз?

Ҳаётда гоҳида шундай воқеалар юз берадики, уни эсласанг ҳам кулгинг келади, ҳам жаҳлинг қистайди. Бунга сабаб ёш болага ўхшаган ҳаракатинг кулгингни қистади, нодонлигинг эса жаҳлингни чиқаради.

Гапни кўп чўзмай ҳаёт йўлимда ибрат бўлиб келган воқеани ҳикоя қилиб берсам. Ўша пайт­­да (янглишмасам бу тахминан 2010 йилларда бўлиб ўтганди) “Ўқитувчи” нашриётида ишлар эдим. Мавлон деган касбдошим билан ишдан сўнг “Чорсу” бозорига тушиб болаларга узум, олма ва шунга ўхшаш мевалардан олиб кетардик. Табиийки, бизга қанча арзон бўлса, шунча яхши. Гоҳо мен, гоҳо Мавлон сотувчи билан “бор баракаси”га савдолашар, сотувчи баъзан бизнинг савдойимиздан безор бўлганидан маҳсулотни арзонга бериб юборарди. Биз бундан жуда қувонар, олган нарсамиз ўзимизга ёқарди. Арзон, сифатли нарса кимга ҳам ёқмайди, дейсиз. Шиоримиз оддий эди: “Нарса олсанг, пулинг ўзинг билан кетсин”.

Ана шундай бозор кунларимиз бирида ғаройиб воқеа содир бўлди. Янглишмасам август ойлари эди. Ишдан кейин Мавлон билан яна бозорга тушдик. Мақсадимиз узум олиш, узум бўлганда ҳам кишмиш олиш. Бозорни обдон айландик. Аксига олиб нархлар анча қиммат эди. Энди нима қилсак экан, деб турувдик “Чорсу” бозорининг гумбази зинасининг ёнгинасида ёши 60 ларга яқинлашиб қолган аёлга кўзимиз тушди. Тилла топгандек севиниб кетдик. Чунки у аёлнинг тоғорасида 10 килога яқин кишмиш ялтиллаб турарди. Иккаламиз онахон олдига яқинлашиб узум нархини сўрадик.

– Ҳаммасини оласизларми? – деди у.

– Ҳа, нархи тўғри келса, оламиз, – дедик.

Онахон нархни айтди. Узум ширин ва жуда мазали эди. Индамай олаверсак бўларди. Аммо қувлигимиз, шумлигимиз тутди.

– Қаердан олиб келдингиз? – деб сўрадик.

– Паркентдан, – деди аёл бепарвогина.

– Паркентдан дейсизми? – деди Мавлон шоша-пиша қувониб.

– Ҳа, нимайди?

– У ерда бизнинг шоир акамиз яшайди,– деди бироз мақтаниб.

– Маҳмуд Тоир! Балким эшитгандирсиз?

Аёл бизга қизиқсиниб қаради.

– У бизнинг акамиз бўлади. Катта шоир. Узумингизнинг нархини яна туширсангиз бўларди. Акамнинг “земляги” экансиз, – деди Мавлон кулимсираб.

Бу гапдан аёлнинг нурли чеҳрасига табассум югурди, лекин бошини чайқади.

– Йўқ, бўлмайди. Ўзи шундоқ ҳам жуда арзон айт­дим.

– Вой-бў, озгина тушсангиз нима қиларди? Ростдан ҳам Паркентданмисиз?

Мавлоннинг саволига аёл индамади. Энди мен “ҳужум”га ўтдим.

– Маҳмуд Тоирни танимас экансиз. Бўлмаса узум­ни текинга бериб юборардингиз. Маҳмуд Тоир мард, танти, сахий шоир. Ҳар сафар келганида бизни меҳмон қилади.

Аёл энди ажабланиб қаради.

– Сизлар Маҳмуд Тоирни танийсизларми?

– Ҳа, айтдик-ку! У бизни акамиз деб.

– Ҳмм… Акангиз шоирми?.. Савол ғалати ва қитмиронадек эди.

– Ҳа, ҳа… шоир… Шоир бўлганда ҳам катта шоир. У кишини бутун республика танийди-ку, наҳотки сиз танимайсиз?

– Шундайми? – деди аёл ўнг қўлини пешонасига қўйиб. Бизга яхшилаб қараб олди, сўнгра кулимсираб: – Қаерда туради у шоир акангиз?, – деди.

– Қаерда бўларди, Паркентта-да. Ҳалиги Шампань қишлоғи бор-ку, ўшандан ўтилади…

– Шундайми? Катта шоир акангиз ўшатта турадими? Ростдан ҳам сиз уларнинг укасимисизлар?

– Бўлмасам-чи! – Иккаламиз ғурур билан жавоб қайтардик.

– Ундай бўлса, қани шоир акангизнинг бирон шеърини ёддан айтиб беринглар-чи…

Бу гапдан кейин мен ток ургандек қотиб қолдим. Мавлон бир оқарди, бир қизарди.

Маҳмуд Тоирнинг қўшиқ бўлиб кетган машҳур шеърларидан бир-икки сатр ўқидик. Ўхшамади. Ўхшатолмадик.

– Биз ҳалиги… – Иккаламиз нима деяётганимизни билмай дудуқланардик.

Онахон аҳволимизга қараб нима учундир қотиб-қотиб кулди. Сўнг бирдан жиддий тортди ва кутилмаганда ўзи шеър ўқий бошлади:

 

Фарзандингман, парвонамсан,

Сен биттасан, сен онамсан.

Азизсан ва ягонамсан

Ўзинг орим, ўзинг шоним—

Жонажон Ўзбекистоним!

 

Баҳоримнинг ифори сен,

Икки кўзим хумори сен.

Тинчлигимнинг тумори сен

Томиримда оққан қоним—

Жонажон Ўзбекистоним!..

 

Худо қўллаб ҳур бўлган сан

Бахтинг балқиб, нур бўлган сен

Темур тутган туғ бўлган сен

Эллар аро боқий шоним—

Жонажон Ўзбекистоним!..

 

Қўшиғимга қўр бўлган эл,

Қўшиғимга жўр бўлган эл.

Ҳурлар ичра ҳур бўлган эл,

Тилда болим, дил достоним—

Жонажон Ўзбекистоним!

 

У Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг ашъорини шундай тўлқинланиб жарангдор ўқирдики, ҳатто ёнимиздан ўтаётган одамлар ҳам тўхтаб тинг­лашарди. Шоирнинг ташбеҳлари одамларни ўзига бутунлай маҳлиё этиб қўйганди. Мен Мавлон билан бу узум сотувчи оддий аёлнинг шеър ўқиш санъатига, унинг оҳангига маҳлиё бўлиб қолдик. Назаримда аёл бутун борлиғи билан “Ўзбекистон” шеъри ичига кириб кетганди ва ўзининг бозорда эканини ҳам унутганди, гўё.

Шеър тугади. Биз эса нима дейишни билмай қаққайганча турар эдик. Мавлон бирдан қарсак чалиб юборди. Ёнимиздагилар қўшилди.

Мен аёлнинг шеър ўқишидан завқлансам-да, ичимни аллақандай бир ҳис тирнай бошлаганди. Мана, мақтанчоқлик оқибати дердим, ўзимдан ўзим уялиб.

– Укаларим, – деди аёл бизга қараб. Мен ўқитувчиман. Сиз айтган Маҳмуд Тоирни жуда яхши танийман. У сизларнинг акангиз бўлса, мени жондош, қондош укам. Лекин эл таниган шоирдан тўрт қатор шеърни ёддан билмаслик, уни айта олмаслик уят! Маҳмуд Тоирнинг укаларига эса шу узумни совға қиламан. Чунки бу ҳовлимизнинг узуми. Сотиб олмаганман. Фақат Маҳмуд Тоирни таниймиз, дея мақтанмасдан ижодини ҳам ўқиб туринглар. Хўпми?!

Аёлнинг ўқитувчиларга хос тарсакиси эди бу! У тоғорадаги бор узумни тенг иккига бўлди-да, йўқ дейишимизга қарамай қўлимизга тутқазди…

Узумнинг пулини бермоқчи бўлсак ҳам, асло кўнмасди. Совға дедим-ку, сизларга–деди чўрт кесиб.

* * *

Орадан анча йиллар ўтди. Шу йиллар орасида Мавлон билан яна бозорга кўп тушдик. Аммо бизга таълим ва чиройли дашном берган ўша чеҳрасидан нур ёғилиб турган ўқитувчи аёлни бошқа учратмадик. Балким, биз кўрмагандирмиз… Бироқ у қадр­дон оғамиз Маҳмуд Тоирнинг оҳангдор, завқли, юракларни титратувчи ва қалбларга ором берувчи сеҳрли шеърлари каби бутун умр ёдимизда қолди…

Баҳром АКБАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + 13 =