Изтироб (Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова хотираси)
Бу йил қиш қаттиқ келди. Аёзи айрилиққа, совуғи соғинчга айлангандек. Қушларга қўшилиб япроқлари ташлаб кетган дарахтлар ёввойи изғиринга енгилмасайди… Кўзимизни босган ёғ каби қалин тортган музпарчалар эртага яна шарқироқ “оби ҳаёт”га айланармикин…
Кеча жонимнинг чашмасини кўксимдан юлиб, тупроққа қўйдим. Кўзимнинг гавҳарини наханглар ютгани рост. Маънавий волидамни бағрига босган тупроқнинг ранги юзимга кўчгандек.
Устоз, бундан 17 йил аввал қўлимдан етаклаб улуғ шоир Абдулла Ориповнинг ёнига олиб борганингиз, ғўра шеърларимнинг пойтахтдаги газеталар таҳририятига тарқатиб чиққанларингиз эсимда. Сиз менга сўзнинг қудратини англатдингиз. Ҳаёт ва ижод мактабида мударрислик қилдингиз. Зомин семинарининг очилиш маросимида сўзга чиқишим учун кўплар билан курашган эдингиз. Бу каби шогирдлар истиқболи учун муросасизлигингиз ҳамма ижодкор дўстларимнинг хотира китобида бор.
Отам оламдан ўтганда чақалоғимни бағримга босганча кўзим қонга тўлиб остонангизга келдим. Бошимдан сидирилган қора рўмолимни пешонамга тортдингиз. “Отанг ўтган бўлса, устозинг ҳали тирик”, дея юзланганингизда қўлларингиз елкамда эди.
Ижод, уй-жой, яхши касб… бари топганларимнинг пойдевори сизнинг бағрикенглигингиздан юксалганига иқрорман. Мен ҳам фарзандларингиздан-да кўпроқ сизнинг меҳрингиз, ғамхўрлигингиздан баҳраманд бўлган шогирдларингизданман. Камина каби қўлингиздан дон еб, кўкка учган юзлаб шогирдларингизнинг бугун ўпкаси зардобга тўлган.
Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Сиз миллат оналарининг тимсолисиз”, дея ижодингизга катта баҳо берганлари бежиз эмас. Аёл бошингиз билан умр йўлдошлик масъулияти, беш фарзанднинг тарбияси, оила ташвишлари, раҳбарлик заҳматидан ортиб ижод машаққатига сабр, матонат топганингиз бизга катта мактаб эди.
Ҳар йили адабиётни халқимиз қалбига янада яқинлаштириш, маънавий сарчашмаларимизни улуғлаш мақсадида ўнлаб устоз шоирларнинг юбилейларини ўтказиш учун елиб-югурардингиз, амалдорларнинг ҳоли жонига қўймай адабий издихомларга муаллифлик қилардингизу, лекин ўзингизга келганда ҳатто таваллуд кунингиз ҳақида ижтимоий тармоқларда ёритмоқчи бўлсак ҳам, розилик бермасдингиз. Бирор марта ёнингизга қайси масалада бўлмасин ёрдам сўраб келганларнинг ноумид қайтганини кўрмадик. Яқинда ижодкорлардан бирининг беморлигини билиб, тезлик билан шифохонага жойладингиз. Даволаниши учун моддий кўмак сўраб, бир амалдорга қанча илтимос қилганингиз, тинмай йўқлаб турганингизни биламиз. Бундай савобли амалларингиз ҳақида узоқ сўз айтишимиз мумкин. Аёнки, ўзи ёки фарзанди учун эмас, бир бегона учун қалқон бўлиш жасорати ҳаммада ҳам топилмайди.
Минг афсус, ўзбек халқи, адабиётимиз оғир жудоликка юз тутди. Она Фарғонамиз фахрига айланган азиз дилбандидан айрилди.
Меҳрижаҳоним, ҳақиқат яловдори сизнинг оташ нафасингиз, китобларга кўчган дилбар сатрларингиз, миллат улуғларини ҳайратга солган заковатингиз, толмас шижоат ва тенгсиз фидойилигингиз халқимиз ёдидан ўчмагай!
Охиратингиз обод бўлсин, ётган жойингиз нурга тўлсин.
Дилшода ЭРГАШЕВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси