Ўзбекистон–Миср: Ҳамкорликнинг янги имкониятлари

Шу йилнинг 20-21 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мисрга икки кунлик расмий ташрифи самарали кечди.

Президент Шавкат Мирзиёев Мисрга расмий ташрифининг биринчи кунини ушбу мамлакат етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувдан бошлади.

Миср томонидан тадбирда халқаро ҳамкорлик бўйича вазир Рания ал-Машат, Савдо палаталари федерацияси президенти Иброҳим Маҳмуд ал-Арабий, “Elsewedy Electric”, “El Araby Group”, “Orascom Construction”, “Poliserve Group”, “Al-Rowad”, “Lotus Garments Group” каби йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

Учрашувда икки томонлама муносабатларда улкан салоҳият борлиги, ишбилармонлик ва тадбиркорлик алоқаларини кенгайтириш, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ўзаро инвестицияларни фаол­лаштириш ва савдони ошириш учун катта имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Мамлакатимиз етакчиси икки мамлакат ишбилармон доиралари биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан ўтмишда гуллаб-яшнаган Буюк Ипак йўлидек мус­таҳкам ҳамкорлик кўприкларини қайта тиклашда муҳим ўрин тутишини кўрсатиб ўтди.

Кейинги йиллардаги шериклик суръати мамнуният билан қайд этилди. Хусусан, товар айирбошлаш кўрсаткичлари каррасига ошди, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони 6 баробар кўпайди.

Давлатимиз раҳбари куни кеча ўтган Ўзбекистон-Миср бизнес форумининг самарали натижаларини, унинг якунида умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик 20 дан зиёд битим ва шартномаларни амалга ошириш юзасидан аниқ келишувларга эришилганини юксак баҳолади.

Энергетика, электротехника, кимё, тоғ-кон, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, чарм-пойабзал тармоқларида саноат кооперацияси учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

— Миср компанияларига мамлакатимизда катта инвес­тиция дастурларини биргаликда амалга ошириш учун барча имкониятлар очиқ, — деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва янги ўсиш нуқталарини рўёбга чиқариш юзасидан фикр алмашилди. Қўшма лойиҳа ва келишувларни амалга оширишни тез фурсатда бошлаш бўйича таклифлар билдирилди.

Мисрнинг етакчи компаниялари вакиллари ўз чиқиш­ларида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳоладилар.

Бўлаётган янгиланишлар, иқтисодиётнинг либераллашуви ва қулай инвестиция муҳити яратилгани Миср бизнесининг Ўзбекистон бозоридаги фаолиятини кенгайтириш учун катта имкониятлар очаётгани алоҳида қайд этилди.

Масалан, “Elsewedy Electric” компанияси электр энергияси, трансформаторлар ва кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Мисрдаги энг йирик корхона бўлиб, шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш, трансформаторлар, кабель-сим маҳсулотлари ва қўшимча қисмларни ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга тайёр.

“Orascom Construction” Ўзбекистонда индустриал парк яратган ҳолда унинг ҳудудида лок-бўёқ маҳсулотлари ва қурилиш материаллари учун кимёвий моддалар ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, шунингдек, 100 МВт қувватли шамол электр станциясини қуришдан манфаатдор эканини билдирди.

Икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида фикр-мулоҳазалари билан бўлишиб, Мисрнинг йирик сармоядорлари мамлакатимизни Марказий Осиё бозорларига чиқиш учун кўприк сифатида кўраётганларини қайд этдилар.

Президент Шавкат Мирзиёев билдирилган режа ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон томонининг мутасаддиларига таклиф этилган лойиҳалар ижроси устидан қатъий назоратни таъминлаш топшириғини берди.

Учрашув якунида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва савдо-инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қўшма “йўл харитаси” қабул қилиниши белгилаб олинди.

Расмий ташрифнинг иккинчи кунида Қоҳирадаги “Ал-Иттиҳодия” саройида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг музокаралари бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига асосланиб айтиш жоизки, Президентлар Ўзбекис­тон-Миср ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилиб, ўзаро муносабатларни кенг қамровли шериклик даражасига олиб чиқишга келишиб олдилар.

Сиёсат, хавфсизлик, савдо ва саноат кооперацияси соҳаларидаги ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ҳамда маданий-гуманитар ва таълим алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари музокараларнинг асосий мавзулари бўлди.

Президентлар Мисрнинг “Назар-2030” стратегик режаси ва Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси дои­расида амалга оширилаётган ислоҳотлар бир-бирига ҳамоҳанг эканини қайд этдилар.

Давлатимиз раҳбари Миср Президентини Иқлим ўзгариши бўйича   СОР-27 халқаро саммити муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

Музокаралар чоғида етакчилар икки томонлама муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани, кенг сиёсий мулоқот фаоллашгани, БМТ, ИҲТ, ШҲТ ва Қўшилмаслик ҳаракати каби халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро кўмаклашилаётгани, парламентлараро алоқалар жадаллашганини мамнуният билан қайд этилди.

Томонлар коррупцияга, хавфсизлик соҳасидаги замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашишда таж­риба алмашишдан, Афғонистонни барқарорлаштириш ва қайта тиклаш бўйича халқаро ташаббусларни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Президентлар давлатимиз раҳбарининг ташрифи арафасида ўтган Ўзбекистон-Миср ишбилармонлик тадбирларининг якунларини юксак баҳоладилар.

Ўзаро инвестициялар жалб қилиш учун қулай шароитлар яратишга келишиб олинди. Икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдириб турувчи хусусиятга эга эканидан келиб чиқиб, бешта аниқ йўналишда — газ-кимё, тўқимачилик, электротехника, заргарлик ва фармацевтика тармоқларида ҳамкорлик қилиш чоралари белгилаб олинди.

Саноат кооперациясини ривожлантириш ва юқори рентабелли қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналар имкониятларидан фойдаланиш таклиф қилинди.

Энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Мисрни боғлаб турган транспорт йўлакларини ривожлантириш чоралари ҳам муҳокама қилинди.

Маданий-гуманитар ва диний алоқаларни ривож­лантириш муҳимлиги қайд этилди. Араб тили мутахассисларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан келишувга эришилди. Ўзбекистон Президенти 2024 йилда Арабшунослик глобал форумини биргаликда таклиф этиш ташаббусини илгари сурди.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашув очиқ, самимий ва дўстона муҳитда ўтди. Якунда Шавкат Мирзиёев Абдулфаттоҳ ас-Сисини мамлакатимизга ташриф билан келишни таклиф этди.

“Дунё” АА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + eleven =