Юрт тақдири ёшлар қўлида

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш Улуғбек жамғармаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан Истеъдодли ёшлар ва ёш тарғиботчилар форуми ташкил этилди.

Улуғбек жамғармаси раиси, академик Оқил Салимов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов ва бошқалар мамлакат келажаги, унинг тақдири бугун ёшларнинг нечоғли билимли, теран маънавиятли инсон бўлиб камолга етишига бевосита боғлиқ эканини таъкидлади.

Юртимиз ёшлари яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, турли соҳаларда дастлабки умидбахш натижаларни қўлга киритмоқда. Жумладан, ўзбекистонлик ўқувчилар ўтган йили халқаро фан олимпиадаларида 7 та олтин, 36 та кумуш ва 38 та бронза медалини қўлга киритди.

Ёш спортчиларимиз эса халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, бу йил 247 та олтин, 119 та кумуш, 110 та бронза медаль соҳибига айланди.

Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ана шундай ёшларнинг 758 нафари давлат мукофотларига сазовор бўлди. Олий таълим муассасалари сони салкам уч марта кўпайиб, 210 тага, қамров даражаси эса 9 фоиздан 38 фоизга етгани замонавий илм ва касб соҳаларини эгаллашда ўғил-қизлар учун янги имкониятлар очмоқда.

Мамлакатимизда ана шундай баркамол авлодни шакллантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тар­биялаш, уларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Жумладан, Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан юксак маънавиятли, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқарашга эга бўлган фидойи ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаш, уларни ёт ғоя­лар таъсиридан ҳимоялаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялаш мақсадида юртимизнинг барча ҳудудларида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида “Ёшлар ойлиги” ўтказилди.

Шу билан бирга, ёш авлоднинг соғлом ўсиши, сифатли таълим олиши ва баркамол шахс бўлиб воя­­га етишини таъминлаш, уларнинг маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва китоб ўқишга бўлган қизиқишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид “Менинг фарзандим Ўзбекистон фахри”, “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” лойиҳаларининг тақдирлаш маросими ўтказилди.

“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!”, “Миллий қадриятлар ҳафталиги”, “Китоб карвони”, “Китобсевар ёшлар”, “Китобсиз юксак маънавиятга эришиб бўлмайди” мавзуларида 1844 та маданий, маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари, учрашувлар, китоб тақдимотлари ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Ушбу тадбирларда 2669 минг нафарга яқин аҳоли ва ёшлар қамраб олинди.

Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улғайиб келаётган авлоднинг илм-фанга бўлган қизиқишини янада ошириш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳузурида 40 нафар иқтидорли ёшлардан иборат “Ёш тарғиботчилар ҳаракати” ташкил этилиб, уларга “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг кўкрак нишони ва аъзолик гувоҳномаси топширилди.

Форумда ёшлар билан мулоқот ташкил этилиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди. Иштирокчиларга Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан китоблар тақдим этилди.

Н.УСМОНОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + five =