Ренессанс таълим университети юксак марраларни кўзлаган

Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар орқали Учинчи Ренессанс даврининг пойдевори яратилмоқда. Бу борада олий таълим муассасалари педагог кадрларининг касбий салоҳиятини шакллантириш ва янада ривожлантириш, фанларни ўқитишнинг замонавий методикаларини ўзлаштириш орқали жойларда таълим сифатини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Таълим сифати ва самарадорлиги унда фаолият юритувчиларнинг илмий салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, юқори малакали, рақобатбардош, жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган мутахассислар тайёрлаш ҳамда илм-фан ривожини янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Бугунги кунда олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар мана шу устувор масалаларга йўналтирилган. Чунки жамиятни ривожлантирадиган, уни интеллектуал тараққиёт сари етаклайдиган асосий куч — бу малакали мутахассислардир.

Шу мақсадда 2019 йил 8 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” ислоҳотларнинг муҳим йўналишини белгилаб берди. Ҳужжатда олий таълимни замонавий талаблар асосида қайта ташкил этиш, мустақил фикрлайдиган ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, инновацион фаолиятни кучайтириш каби асосий вазифалар белгилаб берилган.

Концепциянинг асосий мақсади — фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш. Бу эса илм-фан ва иқтисодиёт ривожини жадаллаштириб, халқаро ҳамкорлик учун кенг имкониятлар яратади.

Олий таълим тизимидаги бундай ўзгаришлар жамиятни ривожлантириш, иқтисодиётни мустаҳкамлаш ва фуқаролар ҳаётини яхшилаш йўлидаги муҳим қадамдир.

Айни пайтда мамлакатимизда олий таълимни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Соҳага хусусий сектор кириб келиши натижасида олий таълимда қамров даражаси 9 фоиздан 43 фоизга етди. Республикамизда 208 та олий таълим ташкилоти фаолият юритаётган бўлиб, уларда таълим олаётган талабалар сони 1 млн 400 минг нафардан ортди.

Ҳукуматимизнинг таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлари Ренессанс таълим университетида ҳам изчил давом эттирилмоқда.

Университетимиз 2022 йилда ташкил этилган бўлиб, асосий мақсадимиз инновацион ёндашувлар асосида сифатли таълимни йўлга қўйиш орқали юқори малакали, рақобатбардош, замонавий фикрлайдиган кадрлар тайёрлашдан иборат. Шунингдек, университетимизни мамлакат ва хорижда тан олинган олий таълим муассасаси даражасига олиб чиқиш устувор мақсадларимиздан бири ҳисобланади.

Ҳозирда Ренессанс таълим университетида 204 нафар профессор-ўқитувчи фаолият олиб боради. Шулардан, 101 нафари илмий даражали бўлиб, фан докторлари (DSc), профессорлар 23 нафарни, фан номзодлари (PhD), доцентлар 78 нафарни ташкил этади. Ҳозирги кунда илмий салоҳият 50 фоизга етди. 2027 йилга қадар бу борадаги ишларни жадаллаштириб, илмий салоҳиятни 70 фоиздан оширишни мақсад қилганмиз. Бунинг учун университетимизда барча шароитлар яратилган.

2024 йилда жамоамизнинг тинимсиз меҳнати ва фидойилиги натижасида кўплаб ютуқларга эришилди. Ўтган давр мобайнида 8 нафар ўқитувчимиз ўз диссертацияларини ҳимоя қилди, 15 нафар ўқитувчимиз илмий унвонга эга бўлди. Бундан ташқари, 200 дан ортиқ ўқув қўлланма ва дарсликлар, 500 дан ортиқ ўқув адабиётлари яратилди.

Сир эмаски, ҳозирги ўзгаришлар шиддат билан ривожланаётган бир даврда университетимизда хорижий мамлакатлар таълим тизими билан интеграция жараёнларини йўлга қўйиш борасида аниқ мақсадларга мувофиқ ҳолатда самарали ишлар олиб бориляпти. Жумладан, бу борада ҳамдўстлик мамлакатларидан Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, хорижий давлатлардан Хитой, Туркия, Корея, Малайзия давлатлари билан олий таълим соҳасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Хусусан, Қозон федерал университетининг Психология ва таълим институти, Набережное Челни институти билан таълим сифатини ошириш, қўшма дастурлар ишлаб чиқиш бўйича, Халқаро Нордик университети билан таълим мазмунини янгилаш, кадрлар малакасини ошириш ва қўшма илмий лойиҳалар олиб бориш бўйича, Туркиянинг Карабук университети билан алмашинув дастурларини йўлга қўйиш бўйича ҳамда Анқара университети ва Ҳожи Байрам Вали университети билан филология ва тарих, иқтисод йўналишларида қўшма дастурлар асосида кадрлар тайёрлаш, илмий тажриба алмашиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, ҳамкорликда ўқув адабиётларини яратиш бўйича мустаҳкам алоқалар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, Ренессанс таълим университети Корея, Хитой, Малайзия, Туркия, Россия, Ҳиндистон, Беларусь каби 15 га яқин хорижий ва Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, илмий-тадқиқот ишларини ҳамкорликда бажариш, дарслик ва ўқув адабиётларини тайёрлаш, халқаро конференциялар ўтказиш, халқаро грантларда иштирок этиш бўйича ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Таъкидлаш жоизки, мазкур хорижий университетлардаги давлат стандартлари асосида педагогика-психология, спорт, ижтимоий фанлар, филология ва иқтисод йўналишларида тажриба алмашинув ишлари йўлга қўйилганлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Муҳими, халқаро стандартларга мос равишда ўқув дастурларининг тузилиши, таълим сифатининг юқори даражага чиқиши, таълим-тарбия жараёнининг узлуксизлиги ҳамда энг илғор педагогик технологиялар асосида олиб борилиши университет битирувчиларининг меҳнат бозорида рақобатбардош бўлишини кафолатлайди.

Таълим сифатини оширишда фан олимпиадаларининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Бу борада ҳам қатор ютуқларга эришиб келмоқдамиз. Хусусан, 2024 йилда талабаларимизнинг 3 нафари математика фани бўйича халқаро олимпиадада 2-3-ўринларни, 12 нафари эса республика ва халқаро спорт мусобақалари ҳамда танловларда ғолибликни қўлга киритди. 5 нафар талабамиз эса номдор Давлат стипендияларига сазовор бўлди.

Бугун университетимиз нафақат юртимизда, балки халқаро майдонда ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Яқинда университетимиз Индонезиянинг “UI Green Metric World University Ranking” халқаро агентлиги рейтингидан жой олиб, дастлабки юқори натижаларни кўрсата бошлади. Бу, албатта, барчамиз учун қувонарли янгилик.

2024 йилда университетимизда 2 та катта халқаро конференция юқори савияда ўтказилди. 2025 йилда ҳам ана шундай 4 та халқаро конференция ўтказишни режалаштирганмиз.

Профессор-ўқитувчиларимизнинг илмий мақолалари доимий равишда халқаро конференцияларда, “Scopus” илмий маълумотлар базасида, республика конференциялари материаллари тўпламларида чоп этилмоқда. Яқинда туркиялик профессорлар билан ҳамкорликда бир нечта илмий адабиётлар нашр қилинди. Жумладан, Анқара университети профессори Айнур Ўз Ўзжан ва университетимиз профессори, филология фанлари доктори Лайло Раупованинг ҳаммуаллифликда ёзилган “Ўзбек тили” китобининг ҳам тақдимоти бўлиб ўтди.

Университетимизда тармоқ, корхона ва олий таълим муассасаси узвийлигини таъминлаш, ўз соҳасида илғор, рақобатдош мутахассисларни тайёрлаш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунга келиб гуманитар, ижтимоий, иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, техника ҳамда хизматлар соҳаси асосида йўналишларимиз сони 34 тани ташкил этмоқда. Бундан ташқари, 3 та факультет, 10 та кафедра, 13 та бўлим, ахборот-ресурс маркази, устоз-шогирд илмий мактаблари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, 4 йил давомида талабалар математика, тарих, фалсафа, адабиёт, педагогика ва психология, жаҳон иқтисодиёти, халқаро муносабатлар, туризм, банк иши, молия, бухгалтерия, солиқ, ахборот тизимлари, IТ, дизайн бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўладилар.

Университетда таҳсил олаётган талабалар спортнинг волейбол, теннис, шахмат, армрестлинг, бокс, таэквондо йўналишларида халқаро миқёсда фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Университетимизда асосий эътибор таълим сифатини оширишга қаратилган. Талабаларимиз замонавий билимларни пухта эгаллаши учун барча қулай шароитлар мавжуд. Ахборот-ресурс марказимиз 100 000 га яқин китоблар, ўқув адабиётлари, дарсликлар ва ўқув қўлланмалар билан тўлиқ таъминланган. Талабаларга қулайлик яратиш мақсадида электрон кутубхона ҳам ташкил этилган бўлиб, унда 10 мингга яқин адабиётлар ўрин олган.

Талабаларнинг мустақил билим олиши, амалий кўникмаларни мустаҳкамлаши ва ҳар томонлама ривожланишлари учун университетнинг замонавий ўқув бинолари, компьютер хоналари талаб даражасида жиҳозланган. Шу билан бирга, уларнинг мустақил ишлашга бўлган қизиқишларини ошириш учун илмий тадқиқот фаолиятларига кенг имкониятлар яратилган.

Бугунги кунда “харажат — тадқиқот — маҳсулот” формуласи асосида амалий ишлар тизимли йўлга қўйилмоқда. Бу ёндашув, аввало, молиявий ресурсларни оқилона бошқариш, долзарб илмий масалаларни ўрганиш ва уларнинг натижалари асосида янги, бозор талабларига мос маҳсулотларни яратишни назарда тутади. Мазкур формула ёрдамида талабалар фақат назарий билимга эга бўлиб қолмай, балки ўз тадқиқотларининг натижаларини амалиётда қўллаш имкониятига эга бўладилар.

Бундан ташқари, талабаларнинг ижодий фикрлаш қобилиятларини ривожлантириш, уларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва янги инновацион ғояларни амалиётга жорий этиш мақсадида “Ёш олимлар” маркази, “Ёш академиклар ва заковатчилар”, “Ёш математиклар”, “Санъат, драма ва театр”, “Дизайн”, “Чет тили”, “Сунъий интеллект ва киберспорт”, “Сунъий интеллект ва дастурлаш”, “Ёш дипломатлар”, “Подкаст” клублари мунтазам фаолият олиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида келажакда юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга ва мамлакат иқтисодиётига улкан ҳисса қўшишга хизмат қилади.

Университетимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг қобилиятларини юзага чиқариш ва китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ.

Мунтазам равишда маънавий-маърифий учрашувлар, маҳорат дарслари ва семинарлар ташкил қилинмоқда. Мазкур тадбирлар талабаларда ватанпарварлик, инсонпарварлик ва илмга чанқоқлик руҳини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, таниқли мутахассислар ва ёзувчилар билан учрашувлар талабаларнинг дунёқарашини бойитиб, илм олишга бўлган қизиқишларини янада оширмоқда.

Китобхонлик маданиятини шакллантириш мақсадида талабалар ўртасида ҳар ой иккита китоб ўқиш анъанаси йўлга қўйилган. Ушбу лойиҳа орқали ёшлар ўз билимларини ошириш билан бир қаторда мустақил фикрлаш кўникмаларини ҳам эгалламоқда.

Беш муҳим ташаббус доирасидаги ишлар университет ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган. Ёшларнинг жисмоний ва интеллектуал ривожи, маънавий камолоти, ижодий қобилиятларини намоён қилиш имкониятлари янада кенгайтирилмоқда. Ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаш орқали университетимиз ёшлар учун зарур бўлган кўникмаларни шакллантирувчи етакчи масканга айланмоқда.

Талабаларимиз Универсиада мусобақаларида ҳам фаол иштирок этиб, ўзларининг спорт соҳасидаги истеъдодларини намоён этишмоқда. Спортнинг турли йўналишлари бўйича эришилган ютуқлар талабаларнинг фаоллиги ва ғайрат-шижоатини кўрсатиб келмоқда. Бу эса соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Яқинда университетимиз вакиллари Уфа шаҳрида ўтказилган белбоғли кураш бўйича халқаро мусобақада ажойиб натижаларни қўлга киритди. Хусусан, педагогика факультети “Спорт фаолияти” кафедраси ўқитувчиси Зайлобиддин Артиқов мусобақада 1-ўринни қўлга киритиб, олтин медаль билан тақдирланди. “Спорт фаолияти” кафедраси ўқитувчиси Оғабек Аматбоев эса 2-ўринни эгаллаб, кумуш медалга сазовор бўлди. Ёш истеъдодли вакилимиз, “Спорт фаолияти” кафедрасининг 1-босқич талабаси Ҳайдарали Аҳаджонов 3-ўринни эгаллаб, бронза медалини қўлга киритди.

Бу улкан ютуқлар университетимизда устоз-шогирд тизимининг самарали йўлга қўйилганлигининг яна бир исботидир. Спортчиларимиз нафақат университет, балки мамлакатимиз спорти тарихига ҳам ўз номларини ёрқин ҳарфлар билан ёзиб қолдирди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, университетимиз томонидан буюртмачилар ажратган маблағлардан фойдаланиш бўйича қатор таклифлар ишлаб чиқилди. Жумладан, ҳудудий илмий кластер лабораторияларини ташкил этиш, ўқув-илмий лабораторияларни йўлга қўйиш, конструкторлик бюролари (лойиҳа марказлари) фаолиятини амалга ошириш, технологик кўмак марказларини очиш, психологик диагностика дастурий таъминотини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш бўйича таклифлар берилди.

Хулоса қилиб айтганда, Ренессанс таълим университетида ўқув жараёнларини ташкил этиш, илмий фаолиятни ривожлантириш ҳамда маънавий-маърифий ишларни самарали йўлга қўйиш тизимли олиб борилмоқда. Университет ўзининг юқори салоҳиятли кадрлари, таълим жараёнларига замонавий технологияларни қўллаши ва инновацион ёндашувлари билан таълим сифатини ошириш йўлида катта ютуқларга эришаётгани алоҳида эътиборга лойиқ.

Илмий фаолият йўналишида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, жумладан, халқаро тадқиқот ва ҳамкорликлар университетнинг илмий салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Шу билан бирга, маънавий-маърифий йўналишда амалга оширилаётган ташаббуслар ёшларнинг дунёқарашини кенгайтиришга, уларни жамият учун масъулиятли ва етук шахс сифатида шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Абдулла Авлоний: “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқ”, деганда таълим муассасалари ва уларда фаолият юритадиган педагоглар зиммасида жуда буюк масъулият турганини назарда тутган бўлса, ажаб эмас. Дарҳақиқат, келажаги буюк давлатга ҳар томонлама етук ва баркамол, маънан ва ахлоқан пок, ватанпарвар ва инсонпарвар авлодларни тарбиялаб етказиш улкан масъулият талаб қилади. Бугун таълим тизимимизни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, ўқув-тарбия жараёнига илғор хорижий тажрибалар, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, ўқувчи-талабаларга замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришдек улкан вазифалар қўйилган. Мана шундай улуғвор вазифаларни бажаришда Ренессанс таълим университети ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. Мазкур улуғвор мақсад юксалиш ва ривожланиш стратегиясининг аниқ мақсадларга йўналтирилганлиги уни халқаро ва мамлакатимиз миқёсида етакчи университетга айлантиради.

Нусратилла БАРАКАЕВ,

Ренессанс таълим университети ректори,

техника фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 2 =