Наманганда пальма ўсадими?

Одатда пальма денгиз бўйларидаги деярли қиш бўлмайдиган юртларда ўсади. Бу иссиқсевар пальма дарахтини кўриб, аввалига ишонмадик. Қаловини топсанг, қор ёнар деганларидек, наманганлик ишбилармонлар пальма ўстиришни уддасидан чиқибди, қойил!
Тошкентдан Наманган шаҳрига кираверишда йўлнинг ўнг томонида шу шаҳар номи билан аталган беш қаватли меҳмонхона бор. Бу меҳмонхонанинг ўз тарихи бор экан. Мустақилликнинг дастлабки йиллари бизнес билан шуғулланиб юрган наманганлик тадбиркорникига Россиядан дўстлари меҳмонга келади. Улар мезбоннинг уйида қолишга кўнмай меҳмонхонада ётамиз, деб туриб олишади. Бахтга қарши ўша пайтда шаҳарда меҳмонхоналар кам бўлган. Ўша пайтда шаҳар учун обрўли ҳисобланган меҳмонхонани кўрсатишади, меҳмонларга бу жой ёқмайди. Мезбон жуда ҳижолатли аҳволда қолади. Ўшанда у гўзал Наманганимга ярашадиган меҳмонхона қураман, деб аҳд қилади. Шу баҳона бўлиб, 2007 йили икки қаватли шинамгина меҳмонхона бунёд этилган экан.
— Бугунги кунда ушбу кошона тубдан қайта қурилиб, қаватлар сони бештага етди, — деди меҳмонхонанинг ижрочи директори Адаҳамжон Бойдадаев. — Гуллар шаҳри бўлган Наманганимизга файз бағишлаб турган ушбу масканда 95 та хона мавжуд бўлиб, уларда 125 киши истиқомат қилиши мумкин.
Меҳмонхонага кираверишнинг ҳар икки томонида икки тупдан бўйи беш қулоч чамаси бўлган пальмага кўзингиз тушади. Ҳовлида эса беш қаватли бино билан бўйлашиб қолган пальма совуқдан асраш учун темир каркас тайёрланиб, дид билан ўраб қўйилибди. Узоқ Россия ўлкаларида ўсадиган оқ қайинлару ўнлаб турдаги ноёб манзарали дарахтларни айтмайсизми?
Ушбу шинам ва замонавий меҳмонхонага кираверишдаги ойнаванд ҳудудда яна зайтун дарахти ўстирилмоқда. Зайтун жуда шифобахш ўсимлик, минг йил яшайдиган дарахт. У ҳам, асосан, иқлими иссиқ юртларда ўсади. Дунё кезган тадбиркор Наманганда зайтун ҳам парвариш қилаётган экан, хайратимиз ошгандан ошди.
Бу жойдаги шарт-шароитлар илғор чет мамлакатларнинг замонавий меҳмонхоналаридан асло қолишмайди. Ҳовлисига чиқсангиз қушлар боғи бўлиб, унда ўн икки турдаги сайроқи қушлар “қўшиқ” куйлаб турибди. Ҳудди Мадинанинг кабутарларига ўхшайдиган чиройли кабутарларни кўриб, яна кўз қувонади.
Бугун ушбу масканда бўлсангиз, Янги йилга мослаб безатилган манзарага боқиб кайфиятингиз кўтарилади. Ходимларнинг хушмуомалалиги, нархларнинг арзонлиги ва бошқа қулайликларни айтмай қўя қолайлик.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
журналист.