Чертим

Айтилмаган ҳақ сўздек

Чертилмаган торлар бор.

Амирқул Пўлкан

Шеър олами бепоён,

Буюк тоғлар, қирлар бор.

Денгиз каби достонлар,

Дарё каби жирлар  бор.

 

Сўз — уруғ, кўнгиллар — ер,

Ҳикмат сочиб, тўкар тер,

Хирмони чўнг Алишер

Навоийдек зўрлар бор.

 

Боғда очилар гуллар,

Яшнаб кетар кўнгиллар,

Фозил Йўлдош, Булбуллар ,

Пўлкан шоир — пирлар бор.

 

Одам яхши сўзга қул,

Шеър айтсанг, эл тутар гул,

Шеър қолдирди Амирқул ,

Китобида нурлар бор.

 

Шоирлар куйлар моҳир,

Элга бахш этар меҳр,

Созларида бор сеҳр,

Сўзларида сирлар бор.

 

Сўздан яралган дунё,

Дилда ишқ, сўзда сафо,

Шеърда ганж бор бебаҳо,

Кетмас давлат, зарлар бор.

 

Доим зўр шеър сайладим,

Доим зўр шеър куйладим,

Барчани лол айладим,

Тинглолмаган “кар”лар бор.

 

Сичқон — муш, арслон — асад,

Яхши-ёмон бор абад,

Шоирга қилиб ҳасад,

Кўролмаган “кўр”лар бор.

 

Ҳаққа айтиб дил розинг,

Янгратавер шўх созинг,

Худо берган овозинг

Олқишлаган ёрлар бор.

26.01.2025

 

Рустам МУСУРМОН,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими,

Қорақалпоғистон халқ шоири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 − 1 =