Бола бўлмаганмизми?

Устозларимдан бирининг: “Ҳар ким ўз йўлини ўзи белгилайди, ўзи танлаган йўлдан юради”, деган гапи ёдимдан чиқмайди. Журналистика касбини танлагунимча кўп ўйлаганман, ота-онам: “Ўқитувчи бўлганинг маъқул”, дейишганида, “Йўқ, мендан ўқитувчи чиқмаса керак”, деб таклифларини рад этганман. Энди бўлса…
Журналистикада ўқишим давом этмоқда. Бу соҳанинг сирли дунёси қизиқувчан талабаларни ўзига жалб қилади. Устозлар ёрдамида қўлимга қалам олиб, мақолалар ёза бошладим. Касб танлашда адашмаганимга ишончим комил бўлиб бормоқда. Шу билан бирга, журналистика маълум маънода педагогика билан яқинлигини сеза бошладим. Негаки, матбуот одамларни воқеа-ҳодисалардан хабардор қилиши билан уларни тарбиялар ҳам экан.
Ёзги таътил пайти вақтимни бекор ўтказмай, хусусий мактаблардан бирига вақтинча бўлса ҳам ишга кирдим. Болалар билан ишлашга жуда тез киришиб кетаман, деб сира ўйлаган эмасман. Кутилмаган ҳол деса ҳам бўлади. Бу ерда ишлар эканман, ҳар куни ўзим учун жуда муҳим билимга эга бўла бошладим. Болалар дунёсига шу қадар қизиқиб кетдимки, бу дунёни бола кўзи билан кўра бошладим. Нақадар соф, беғубор дунё. Катталар учун ибрат бўладиган самимият олами.
Ўйланиб қоламан: ҳаммамиз ҳам бола бўлганмиз, шу беғуборликни бошдан кечирганмиз. Аммо… нега энди катта бўлгач, болаликдаги самимиятдан узоқлашамиз, бир-биримизни тушунмай, танимай қоламиз, бир-биримизга ишончимиз сусаяди? Боғчадаги пайтларимиз бир дона конфетни бўлиб еганмиз, ўйинчоқларимизни бир-биримиздан қизғанмаганмиз, катта бўлгач, устоз Абдулла Орипов ёзганидек, нега энди шу ёруғ дунёни ҳам бир-биримиздан қизғанамиз?..
Ҳар иш куним шу саволларга жавоб қидиришдан бошланади. Жавоб йўқ. Нега шундайлиги жумбоқлигича қолади. Болаларнинг кўзига қарайман. Улар ҳали бу саволлардан бехабар, бир-бирларига меҳрибон, аҳил-иноқ. Қани энди, бу гўзал ҳолат бир умр давом этса…
Юлдуз НУРМОНОВА,
ЎзМУ талабаси.