Дарё ирмоқлардан бошланади
Бир тоифа замондошларимиз бор: жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, маънавий ҳаётига доҳил тадбирларга (тўй, маъракаларга эмас) имкон қадар ҳаммадан олдин боришга ҳаракат қиладилар. Шароит ва имкониятларига қараб пиёдами, жамоат транспорти ёки шахсий уловдами, ишқилиб, кечикмасликка одатланганлар. Тадбир ташкилотчилари уларнинг келганидан хурсанд бўлишади-ю, асосий эътиборлари анжуман ёки йиғиннинг рисоладагидек бошланиши, энг ҳурматли санаган меҳмонларни рисоладагидек кутиб олишга қаратилган бўлади. Ҳалиги замондошимизнинг бундай иззат-икром билан иши йўқ, у айни тадбирнинг мақсади, моҳиятини англаш ташвишида ўз-ўзидан шу муҳитга қўшилиб кетади.
Баъзан катта дабдаба, баъзан эса жиддий кириш қисмлар билан бошланадиган тадбирларда ташкилотчилар бу анжуманни хато-камчиликларсиз ўтказиб олиш ташвишида; таклиф этилганларнинг қай бирлари ундан бир янгилик, маърифат олиш, ўрганиш иштиёқида ва қай бирлари ҳисобот бериши зарурлиги учун “Бордингми? – Бордим! Қатнашдингми? – Қатнашдим!” кайфиятида.
Юқорида тилга олган замондошимиз эса на ташкилотчилар ва на таклиф этилганлар қаторида масъул эмас, лекин у бошидан охиригача бор диққати билан (каттами, кичикми) шу тадбирга боғланади: мисоли уммонга тушиб унинг сувлари, тўлқинлари, тубидаги тошларию ўсимликларидан ўзига хослик, гўзалликлар, ибратлар, дурлар излаган ғаввос каби тадбирнинг мақсаду мазмуни, иштирокчиларнинг кайфиятию ўзаро муносабатлари, айтилган сўзлар моҳиятидан эзгуликлар, маълумотлар, янгиликлар, жамият одимларига ҳамоҳангликлар, одамлар дардларига малҳамлар, ибратлар теради.
Тадбир тугаб, ташкилотчилар енгил тортадилар; ҳурматли меҳмонларни ё миннатдорчилик, ё совға-саломлар, ё бир пиёла чой билан кузатадилар. Аммо ҳалиги замондошимиз ҳар доим ҳам бу эътибор доирасига тушмайди ва унинг ўзида ҳам бунга интиқлик-илинж йўқ – энди у қандай келган бўлса, шундай қайтиб кетиш тараддудида бўлади.
Шошади, тезроқ қадрдон хонасига борса-ю, таассуротларининг ҳовури босилмасдан, оҳори тўкилмасдан туриб қоғозга туширса… зарурат бўлса, ёзганларини ҳикматлар, янги маълумотлар билан тўлдирса ва элга ҳавола этса; шу йўл билан барча соҳалардаги хайрли янгиликларнинг оммалашишига, самарали тажрибаларнинг ёйилишига, гўзал фазилатли инсонларга ҳавас билан эргашадиганлар сафининг кенгайишига… бир ибора билан айтганда, жамият моддий, маънавий жиҳатдан юксалиб, тараққий этиб боришига имкони етганича ҳисса қўшиш ниятида яшайди…
Гап кимлар ҳақида эканини, балки, англагандирсиз. Ҳа, таърифу тафсилотларни маромига келтиролмаган бўлишим аниқ: вилоятларда, туманларда меҳнату ижод қилаётган, ҳар доим ҳам замонавий пўрим кийимларда юришмаса-да, қалби ҳар доим замон билан ҳамнафас бўлган номига муносиб чин журналистлар ҳақида сўзимиз!.. Қалбимга яқин бу инсонлар билан (визуал деймизми, онлайн деймизми…) хаёлан учрашгим келди. Вилоятларнинг узоғу яқин ҳудудларида журналист номидан фахрланиб, унинг масъулиятини зиммага олиб яшаётган, ишлаётган ёши улуғлар ҳамда уларнинг издошлари шаҳару қишлоқлар, туманлар аҳолиси мақсадларини, орзу интилишларини, қувончу дардларини, илғор тажрибаларни, самарали янгиликларни жамиятнинг ўзига хос “дастурхон”и бўлган вилоят, шаҳару туман газеталари саҳифаларига ёйиб-ёритиб, халқни эзгу, инсонпарвар мақсадлар йўлида бирлаштиришга умрларини бағишлаганлар.
Бу фидойиликлари эвазига журналист ўзи учун нимадир сўрамайди, кутмайди. Агар у тарғиб қилган яхшиликлар, хайрли ишлар, самарадор тажрибалар оммалашса, кимнингдир мушкули осон бўлса; қалбларда илму ҳунарга рағбату муҳаббатни кучайтира олса – халқу Ватан озодлиги, ободлиги йўлидаги улкан ишлардан четда турмаса, у мақсадга етган бўлади, ўзидан, ҳаётидан кўнгли тўлади. Ахир, ирмоқлар қўшилмаса, дарё бўлармиди?!
Илғор технологиялар бугун дунё қиёфасини, одамларнинг яшаш тарзини, эҳтиёжларини тамоман ўзгартириб юборди. Интернет тармоғи дунё ахборот алмашинув жараёнларига тўлиқ ҳоким бўлиб, қоғозу қалам билан ишлайдиган журналистлар фаолият майдонини чеклаб ташлагандек. Аммо бор ҳақиқатдан келиб чиқсак, республикамиз вилоятларининг жуда кўп ҳудудлари аҳолиси ижтимоий тармоқлардан эҳтиёжига яраша фойдаланиш имкониятларига эга эмас.
Ҳудудларимизда ўзининг иши, ўқиши, қизиқишлари, ютуқ ва муаммоларини ўртоқлашишни, элу улуснинг фикр-мулоҳазаларини уйғотиш, билиш орқали мамлакатимиз ҳаётида ўз овози, таклиф-мулоҳазалари билан фаол иштирок этишни истайдиганлар; худди шунингдек, ўз ҳудуди, вилояти янгиликларидан хабардор бўлиб туришга маънан эҳтиёжманд юртдошларимиз минг-минглаб топилади, десак, муболаға эмас. Уларнинг овози ҳудудлардан чиқиб келишига ўша камтару фидойи журналистлар “кўприк” бўладилар.
Аммо афсуски, кейинги йилларда республикамизнинг жуда кўп туманлари газеталари ёпилиб кетди, қанчаси ночор аҳволдаки… қишнинг қаҳратонию ёзнинг саратонида халқ ҳаёти, бунёдкорлиги, маданиятию қадриятлари, ютуқ ва муаммоларини ўрганиб матбуотда ёритиш учун пою пиёда меҳнат, ижод қилаётган журналистларнинг ойлик маошини айтгани одам уялади! Бу ҳолатларни масъул идоралар қайта кўриб чиқиши, журналист шахси ва меҳнати қадр-қимматини ўз жойига қўйилишини янгиланаётган Ўзбекистон олдида турган вазифалар талаб қилиб турибди.
Қадрдон йилимиз Ватанимиз солномасида қолдираётган нурли, шарафли саҳифалардан қалблар қувончу ифтихорда, халқимиз Янги йилни янги юксак ниятлар билан кутиб олаётган дамларда юқоридаги мулоҳазаларни яхши ният сифатида айтишга жазм этдик, зеро, “Бола йиғламаса, онаси …”
Ва энг муҳими, “Албатта, соҳада хизмат қилаётган барча юртдошларимизнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш масалалари бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади”.
Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 26 июнь куни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табрикларидаги бу фикр журналистларнинг жамият бахту саодати билан боғлиқ фаолиятларига оид тилакларнинг амалга ошишига ишончимизни, иншааллоҳ, қўллаб-қувватлаб турибди.
Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.