Бужур тош

ёки шоира Гуландом ТОҒАЕВАнинг “Ишқ ҳандасаси” китоби тақдимотидан кейинги ўйлар
Истеъдодли шоира Гуландом Тоғаеванинг “Ишқ ҳандасаси” китобини мутолаа қилиб, хаёлим олисларга кетди.
1989 йил. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетининг биринчи курсида ўқиймиз. Ўқувчилигидаёқ “Тонг юлдузи”, “Ғунча”, “Гулхан” каби адабий нашрларда туркум шеърлари эълон қилинган Гуландом Тоғаева курсимизда энг машҳур талаба эди. Гуландом Тоғаева ва Юлдуз Мухторова (таниқли адиб Омон Мухторнинг қизи) ҳақидаги ҳужжатли фильм Москванинг “ОРТ” ва юртимиздаги “Ўзбекистон” телеканаллари орқали намойиш этилгандан сўнг пойтахт ва вилоят марказларидаги кинотеатрларда ҳам кўрсатилган, нафақат адабий жамоатчилик, бутун афкор омма орасида ҳам шоира номи тез-тез тилга олинар эди.
Хуллас, талаба бўлганимизга бир қувонган бўлсак, яқин таниш-билишларга “Гуландом Тоғаева биз билан ўқийди…” дея икки бор қувонганмиз.
Бўлажак журналистларнинг иккинчи уйи бўлган “Талабалар шаҳарчаси”даги 85-ётоқхона. Журналистика ва адабиёт баҳси. Ҳаёт беғубор ва бегидир кўринган паллалар. Ҳақиқатпараст талабаларнинг тонготар гурунглари. Қадрдон ошнам Зокир Худойшукур билан ётоқхонага борсак, албатта, Гуландомни излардик. Эгнида беқасам чопон, бошида зар рўмол, ўзига хос табассум билан кутиб оладиган эгачимиз Тошкентда қолиб ижод қилиш ҳақида гап бошлаганида биз нодонлар бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган эдик. Гуландом тортинмасдан шеърлар ўқир, деворга суяб қўйилган қашқар рубобини олиб аста созларди-да, Шерали Жўраевнинг “Қарашларга” ёки “Ўйнаб-ўйнаб…” қўшиғини берилиб айтарди.
Намозшомгул атлас кўйлаги ярашган, билагида онаси Норхол опа берган “Заря” соат, бир ўрим қоп-қора сочи белига тушган Гуландомнинг соддаликлари курсдош йигитлар даврасида то ҳануз эсланади.
Гуландом Тоғаева шеърларини ўқиган шеърхон мусиқани билган, ҳис этган ижодкор билан юзма-юз турганини сезади.
Ҳақиқий шеър ойда қолган из каби қалбда мангу яшайди.
Шоиранинг изтиробли сатрлари — унинг таржимаи ҳоли. Гуландомни бундан ўттиз йил бурун матбуот орқали бадном этмоқчи ҳам бўлишганди. Вахшиворнинг бужур тошидай метин иродали қиз ҳақоратга чиройли сабр қилди. Гуландом сукут билан зарба берди, аммо кўр ҳасад Аллоҳдан бошқа ҳимоячиси бўлмаган қиз қалбини яралаган эди. Шоиранинг ўнгланишига кўп йиллар керак бўлди.
Назаримда, Гуландом Тоғаева шеъриятини икки босқичга бўлиб ўрганиш керак. Биринчи босқичга шоиранинг ўқувчилик ва талабалигининг илк йилларида ёзган асарларини киритиш лозим. Гуландом Тоғаева ижодининг дастлабки даврида анчайин битилган, шўро даври руҳига мос, китобий сатрлар ҳам учрайди. Тоза, беғубор мурғак қалб жамиятдаги сиёсий-мафкуравий чақириқ ва даъватларга инонади-да. “Тинчлик” сўзини баралла айтаётганлар уруш оловини ёқишини қаёқданам билсин!
Иккинчи босқич, бу — ўтган асрнинг 90-йиллари бошидан бугунги кунга қадар бўлган давр. Назаримизда Гуландом Тоғаева ижодининг услубий ва лексик жиҳатдан ранг-баранглашуви ҳам айнан шу давр билан боғлиқ. Тошкент адабий муҳити шоира ижодида кескин бурилиш ясади. Бу, назаримда, шоиранинг ўзликни англаш, инсон қалбини кашф этишда чин маънода камолот босқичи бўлиш билан бир қаторда, мумтоз адабиётни ўрганиш, ижодга танқидий қараш даври ҳам бўлди.
Гуландом Тоғаева — руҳият шоираси. Қалбида шеър исёни бошланган ўн беш яшар қизнинг иқрорини қаранг:
Тунлар тунд уйқумни ўғирлайди шеър,
Ашъорсиз шомларни унча суймайман.
Ўтданмас, завқдандир юракдаги қўр,
Шоир юлдузларга боқиб тўймайман.
“Теграмда тирик руҳ — хаёллар фақат” деб ёзган шоиранинг руҳий сарбаландлигини, қамровини тасаввур этиш қийин эмас. Одам қачон хаёлни тирик руҳ деб билади? Ожиз банда кўзга кўринмас кучлар кўз илғаган дунё билан бақамти эканини ҳис эта бошлаган чоғда бу олам ҳам руҳлар олами эканини англайди.
Гуландомнинг ўқувчилик пайти битган шеърларидаги тоза туйғулар одамни севинтиради. “Пок момомга бориб айтинг…” шеърини бир ўқинг.
Баҳор севинч ёшларимга
Кўйлагини ювмоқда.
Кўз ўнгингизга гўзал манзара келди-а?
Шеърнинг якуни қуйидагича:
Шеърим, сени азиз тутай,
Дардларимнинг бонги бўл.
Мени ярат, қонлар ютай,
Юрагимнинг тонги бўл!..
Айиқсой бўйида аҳд қилган шоира “Шеърият кўксида буюк ёнғин бор, Адолат шамсидек ёқлайсан уни” дейди.
Гуландом самимияти билан танилган шоира.
Кўк ва орзум айлашиб висол,
Кенг борлиқда сайрлашади.
Қорлар олиб қўлга дастрўмол
Қирлар билан хайрлашади.
Ёки:
Қораламам бўлиб чарсиллоқ, тоза,
Ғўрангиз қизартсин шеърий саратон, —
деган сатрларни олинг.
Ёхуд қуйидаги тўртлик — ўсмир қалбнинг ҳайқириғига қулоқ тутинг:
Тонгчи юлдуз, найингизни тиндирманг,
Сиз йўқдирсиз, ҳузурли ой қайдадир?
Сочларимнинг толасини синдирманг,
Осмон синса юлдузга жой қайдадир?!
“Уфқнинг тандирида ҳижронлар куйди”, — дея бўзлаган қалбга инонмай бўладими?
Гуландом она қишлоқ — виқорли тоғлар манзаралари, дилбар ҳаёт васфи, порлоқ болалик, байрамда лойҳуштак улашган кулол, Сангардак тоғида ўйнаган кийик, Хонжиза тоғи мадҳига бағишланган шеърлар орасида қолиб кетмади. Вахшивор Гуландом ижодида жуғрофий макон эмас, орзу, хаёл, ўкинч ва армон тимсоли бўлиб кўринади. Унинг мактаб даврида битган шеърларидаёқ жунун уфуриб туради. “Милт-милт ёнаётган, эй, ғамгин олов…” шеърида сескантирувчи сатрлар кўп.
Эй, чирмаш, чирмаш-ей танимга олов,
Қошимга аланганг ўсмасини сурт.
Мени йўқотсалар чўғли уфқ-ўров,
Бахтлар шеързоридан топиб олсин юрт…
Тубандаги шеърни ўн олти яшар қиз битганига ишониш қийин:
Тирналган чўққилар музини тишлаб,
Ғамдан ғалвир танни тутиб қуюнга,
Зангори қалъанинг ғиштидан ушлаб,
Юлдуз, етгум келур сенинг уйингга!
Тийиқсиз завқ-шавқ, шиддат, ҳайрат меваси бўлган бундай шеърлар кўп Гуландомда.
Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида ижтимоий-маърифий муҳит жуда ранг-баранг бўлиб, эсперанто тарғиботи, қатағон қурбонлари номидан ёдномалар битиш, янги сиёсий партия ва ҳаракатларга қизиқиш қандай кучайган бўлса, диний тафриқаларга даъват ҳам шунчалик кенг тарқалган эди. Фарз ва суннатни фарқламаганлар сўфий бўлишга ҳавасманд эди. Социалистик реализм методидан бошқа методни тан олмаган “адабиётшунос”лар бармоқ, сарбастда ижод қилаётган замондош шоирлар ижодидан тасаввуф излашга бел боғлади. Ўша йилларда Гуландом Тоғаева “Ҳижронга масаллиғ эмиш шўр, талх, об…”, “Тахайюрнинг кафтида…”, “Фаридиддин Аттор китобига сўзбоши” каби бир қанча шеър битди. Аммо аксар ижодкорлар қатори Гуландом ҳам ҳавас ҳақиқат йўлида собитқадам ҳамдам бўлолмаслигини, чўнг диний илмсиз буюк мақсадга етишиш душворлигини дилдан англади.
Гуландом Тоғаева ижодида 2005 йилдан кейин руҳоний эҳтиёж, эзгин, шикоят оҳанглари кучайгани сезилади. Жумладан, “Дард” шеърини шунчаки ўқиб бўлмайди.
Мен муҳтожман кимгадир бугун,
Севилмаган юрагим оғир.
Тақдир хатин кўтаролмасдан
Елкаларим дол бўлиб оғрир.
Ёлғизлик азоби, етишмаган муҳаббат изтироблари, дилга таскин, умид муждалари акс этган шеърлар кўплаб учрайди. Шеър шоиранинг ҳақиқий ҳамдамига айланиб қолганини сезиш қийин эмас.
Бир юлдузман, ой ёнида юрмаган,
Ошиқдирман, кўнгил иши унмаган,
Асли гулу бойчечагин кўрмаган,
Баҳордирман, йўлин кузга бермаган.
Ҳақиқий ижодкор — кашшоф. Чин шеър — бир кашфиёт, аслида. Чин шоир қалбини кашф этиш орқали одамлар кўнглига йўл топади. Аслида, мана шу йўл — шеърият. Бу фараҳбахш йўлда адашмаган, қоқилмаган, пешонаси қонамаган шоир шоирми? Бу йўлнинг Маккаси — кўнгил. Бир инсон кўнглида қолмоқ, бир шикаста кўнгилга чироқ бўлмоқ машаққатини ёлғиз Аллоҳ билур.
“Бахтнинг тўрғайлари ҳамиша тоқдир”, дея битган шоира тақдирга ишора этдимикан? Талабаликда ёзган “Видо” шеъридаги “Ва бахтли бўлмайман мен ҳам ҳеч қачон” сатрини ўқиб ҳайрон қолдим. “Яхши ният — ёрти мол”, деган гап бор халқда. “Халқ фақат ҳақиқатдан иборат бўлса, Мен ҳам шоир бўлдимми?” дея ўзига савол беради шоира.
Мингта найга нола бўлди муҳаббатим,
Лекин қадрим бир қамишча бўлолмади, —
деб ёзган шоиранинг аҳвол-руҳиясини тасаввур этиш қийин эмас.
Гуландомнинг бундан йигирма йил бурун битилган “Мен онамни алиштирдим шаҳарларга…” деб бошланадиган шеърини ўқиб йиғлаган қиз-жувонларни кўрганмиз.
Мен онамни алиштирдим шаҳарларга,
Бир бойчечак келтирмадим баҳорларда.
Мен қиз бўлиб кўйлагини бир ювмадим,
Лек қолдирдим уни ҳижрон — заҳарларда.
Шеър ижтимоий тармоқларга қўйилганида “Гуландом бу шеърни бизнинг номимиздан ёзган”, “Бизда ҳам шу дард, шу армон”, “Гуландом, она ҳақидаги шеърингиз ҳар бир қалбнинг мадҳиясидир”, “Гуландом, бу шеър эмас, дил қатидаги ярадир”, деган фикрлар билдирилди.
Гуландомнинг кўпчилик севиб такрорлайдиган шундай бир сатрлари бор:
Худо менга ойдай кўнгилни берди,
Энди беркитмоққа этак ҳам берсин!
Худо менга Мунгдай сингилни берди —
Пойига сочмоққа чечак ҳам берсин!
Юрагида ўти бор шоиранинг “Ишқ ҳандасаси” китобида янгича мазмун-моҳият касб этган мақол ва маталлар кўп. Шунингдек, кўпчиликнинг кўзи ва қулоғи ўрганмаган “чумдук”, “дардхўр”, “оғриқзор”, “ҳаловатхўр”, “кўҳивор”, “севгизор”, “шеързор” каби янги сўзлар бор. Инчунун, “Кўзинг қуёшланар, кўзинг ойланар” сатридаги “қуёшланар”, “ойланар” — тоза ифода.
Китобни варақлаган ўқувчи кўнглидан “Шоирамиз 2009 йилдан кейин деярли ижод қилмай қўйибди. Эсиз…” дея ўкинч ўтиши мумкин. 2020-2021 йилларда битилган “Шаробингман”, “Изҳор” каби ўтли нидоларни истайди.
Ижодга маълум вақт “танаффус” эълон қилган шоирамиздан янги асарлар кутиб қоламиз.
Ва асло шубҳа йўқки, шоиранинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида яқинда тақдимоти бўлиб ўтган янги китоби — “Ишқ ҳандаси” унинг бетакрор ижодкор эканини яна бир бора намойиш этгандек бўлди. Гуландом Тоғаева шеърияти ўзига хос шеърият. Қалбларга етиб борадиган, сингишиб кетадиган шеърият. Шоиранинг ижодига омадлар тилажакмиз.
Олим ТОШБОЕВ,
филология фанлари номзоди,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
журналист.