Ўшанда ҳам қиш эди

Каминаи ғарибнинг ғариб кўнглидаги ижодга бўлган иштиёқни кашф этган, ҳижжалаб сабоқ бериб юриб ижодкорлар сафига қўшган, оламни бўлмаса-да, одамнинг барча оғриқларини, дардларини, ғам-ғуссаларини қалбида, вужудида ҳис қилиб, буларнинг барини қувончдай қабул қилиб яшаётган ижоддаги биринчи устозим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Лобархон ая Рустамовадир. Адиба “Дарёда айтилган алла” (2004), “Оймомо жилмайди” (2004), “Ишқ изҳори” (2007), “Ўргимчак тўрида” (2009), “Эзгуликка йўғрилган умр” (2011), Тоғдаги фожиа” (2011), “Саодат манзили” (2017), “Ўшанда ҳам қиш эди” (2021), “Тақдир тарозиси” (2022), “Соғинч сочилган йўл” (2024) каби китоблар муаллифи ҳисобланади. Ижод намуналари Туркия, Италия, Германия, Бельгия, Кения, Қирғизистон, Озарбайжон сингари кўплаб мамлакатларнинг нуфузли нашриётларида чоп этилган. Лобархон ая Учқўрғон туманининг Қўғай қишлоғида таваллуд топган. Янгиқўрғон туманининг Заркент қишлоғида камолга етиб, бугунги кунда Янгиқўрғон туман марказида яшаб, баракали ижод қилиб келмоқда.
Устознинг “Тақдир тарозиси”, “Ўшанда ҳам қиш эди”, номли китоблари (2023 йилда) Америка ва Францияда инглиз ва француз тилларида чоп этилиб, АҚШдаги “Amazon” сайтида сотувга қўйилди. “Ўшанда ҳам қиш эди” китобига киритилган “Сизга аталган кун” деб номланган туркум, жажжи ҳикоялар бўлими бор. Бор-йўғи бешта ҳикоя. Бу ҳикояларни мен насрда ёзилган қўшиқ, насрда ёзилган достон, муҳаббат ҳақидаги энг яхши асарлар дегим келади. Уларни ўқисанг, соғинчни бор бўйи билан ҳис қиласан. Ҳижроннинг тоғлар қадар салобатли гавдасини кўрасан. Меҳрнинг боғлар тўла гуллар каби хуш ифори димоғингга урилади. Бу ҳикояларда бир нур бор, кўнгил кўзи кўради. Бу ҳикояларнинг ичида бир куй бор, қалб қулоғи билан эшитган саринг эшитгинг келаверади. Уларда бир сир борки, ўқиган сари ўқигинг, уққан сари уққинг келади. Кўз ёшларга тўла дарё бор, ғарқ бўлгинг келади. Меҳр бор, муҳаббат бор, уларга эгалик қилгинг келади. Китобларнинг номланишига ҳам бир эътибор беринг-а… “Дарёда айтилган алла”, “Оймомо жилмайди”, “Ишқ изҳори”, “Ўшанда ҳам қиш эди”… Худди маҳзун бир куйнинг, қўшиқнинг бошланишига ўхшайди. Туркумдаги ҳикоячалардан бири бор-йўғи икки юз битта сўз, битта боғловчи, бир юз ўн учта тиниш белгиси, бир минг олти юз саксон еттита ҳарфдан иборат бўлган ҳижрон ҳикояси — қайғуда қолган қалб қўшиғидир.
Шу кунларда 70 ёшни қаршилаган устозим Лобархон аяга узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ, ғайрат-шижоат тилаган ҳолда, ижодлари бардавом, янада сермаҳсул ва сермазмун бўлсин, дейман.
Қуйида эса адиба Лобар РУСТАМОВАнинг ҳикояларини ўқиб ёзилган шеърни ҳукмингизга ҳавола этишдан бахтиёрман…
1
Ўшанда ҳам қиш эди,
Кўрганларим туш эди.
Ҳеч уйғонгим келмасди,
Туш бўлса-да, ҳуш эди.
Қўлларимдан етаклаб,
Қор қўйнида эрталаб,
Эртаклар айтар эдинг,
Қор отардинг эркалаб.
Самоларда учардим,
Юлдузларни қучардим.
Майдан мосуво эдим,
Ишқ шаробин ичардим.
Атроф оппоқ қор эди,
Оқлик бизга ёр эди.
Гувоҳимиз, оҳимиз,
Баҳайбат чинор эди.
2
Ўшанда ҳам қиш эди,
Кўрганларим туш эди.
Ҳеч уйғонгим келмасди,
Орзуларим қуш эди.
Ҳовлингда эсиб насим,
Ойнага чизиб расм,
Дил изҳорин ёзарди,
Келар эди ҳавасим.
Кўзларинг эди хомуш,
Нигоҳларинг фаромуш.
Қор қўйнида қолган кун,
Кўзларингда ўт ёнмиш.
Шундан бери най — қамиш,
Қиш фаслида куйлармиш.
Гулзорингда гулларинг
Фақат қишда гуллармиш.
3
Ўшанда ҳам қиш эди.
Кўрганларим туш эди.
Ҳеч уйғонгим келмасди,
Руҳим Сиёвуш эди.
Сени соғинган сайин,
Қор ёғар майин-майин.
Ухлагим келар, висол
Тушимда келар тайин.
Машшоқлар чалсин найин,
Соқийлар қуйсин майин.
Тушда бахтиёрдирман,
Уйқумдан уйғонмайин.
Мен кетдим қайрилмайин,
Айрилдим, айрилмайин.
Тушларимда қиш қолди,
Қишимдан айрилмайин.
Қушимдан айрилмайин,
Тушимдан айрилмайин.
Айрилсам ҳушдан кетгум,
Ҳушимдан айрилмайин.
4
Ўшанда ҳам қиш эди,
Кўрганларим туш эди.
Ҳеч уйғонгим келмасди,
Хаёлларим ҳуш эди.
Тушиммас, ўнгим рўё,
Қорқиздай эдинг гўё.
Чақирсам чопиб келдинг,
Бахт эди бутун дунё.
Ёр, бўрон ўйнар эдик,
Қорбўрон ўйнар эдик.
Ҳижронни хурсанд қилиб,
Қувончни қийнар эдик.
Қўлинг совуқ, совқотдинг,
Нега мени уйғотдинг?
Мен сени йўқотдимми,
Ё сен мени йўқотдинг?!..
5
Ўшанда ҳам қиш эди,
Кўрганларим туш эди.
Ҳеч уйғонгим келмасди,
Туш бўлса-да, ҳуш эди.
Лочин тоғ, қирда ўтди,
Бургут чўққида ўтди.
Кўрайин, деб тушимда
Умрим уйқуда ўтди.
Не қилай ҳеч қонмасам,
Ўтмишдан тонолмасам.
Яна кўрдим тушимда,
Қанийди уйғонмасам.
Қорда изларинг қолди,
Қалбда сўзларинг қолди.
Қўлда эриган қорга
Қараб кўзларим толди.
6
Ўшанда ҳам қиш эди,
Бугун яна қиш келди.
Қишга қўшилиб ҳижрон,
Ўкинч-у, ташвиш келди.
Соғинч тўла қор ёғди,
Тун бўйи бедор ёғди.
Қорда исмимни кўрдим,
Қалбимга баҳор ёғди.
Қўйвормасдан мени қор,
Сенга этар интизор.
Қордай эриб мен яна,
Йиғлатаман сени, ёр.
Кўраяпман мен сени,
Кўролмайсан сен мени.
Сенга ташлаб кетдим-ку,
Юрагимни — севгимни.
Юраклар тилка-пора,
Кўришмоққа йўқ чора.
Дийдор маҳшарга қолган,
Тақдир экан, начора.
Ўшанда ҳам қиш эди…
Муҳаммадшер ОТАБОЕВ