Ўтмишга тутилган кўзгу

ёки “Генерал Жўрабек: давр ва қисмат” тарихий-ҳужжатли бадиасини ўқиб…

Ўзбек китобхонлари жавони яна бир янги асар билан бойиди. Ҳали чоп этилганига бир ой ҳам тўлмаган бу китоб ва унда кўтарилган мавзулар хусусида катта-кичик маърифий, илмий давраларда, машваратларда турли хил баҳсу мунозаралар, фикр билдиришлар қизғин давом этаётир. Нега? Нима учун ҳатто кунора ўнлаб китобу тўпламлар ёмғирдан сўнг болалаган қўзиқориндек кўпайиб ётган бир пайтда салкам икки аср бурунги даҳшатли кўргиликлар, фожиалар баҳоли қудрат ёритиб берилган “Генерал Жўрабек: давр ва қисмат” китоби ўқирманлар орасида бу даражада акс садо бермоқда? Шу вақтгача босилган тарихий асарлардан унинг фарқли жиҳатлари нима? Ёки олис-яқин тарихимиз саҳифаларида чор Ўрусияси генерали сифатида чала-чулпа тасвирланган Жўрабек Қаландар қори ўғли ҳақидаги асл ҳақиқатлардан одамлар бехабармиди?

Бу каби жумбоқли ва аламли саволларга ёзилиш услуби, тарихий манбалар таҳлили ва энг асосийси, халқимиз хотирасидан деярли ўчирилган ўлмас сиймо, маърифатпарвар зот образига бугунги кун назари билан ёндашилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида “Адабиёт” нашриётида чоп этилган ушбу китоб муаллифлари — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Норқобил Жалил ҳамда Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Рўзимбой Ҳасан. Албатта, бу икки муаллифни ҳам адабиёт, журналистика соҳасида каттагина тажрибага эга ижодкорлар сифатида эътироф этсак арзийди.

Асосийси, ижодий ҳамкорликда яратилган янги китоб маънавий муштаракликнинг ёрқин намунаси саналади. Аслида, адиблар, миллат ойдинлари улуғ ва манфаатли маслакларда ҳамфикр, сафдош бўлсагина ана шундай асарлар дунёга келиши мумкин. Йўқса, ижодий услуб, сўзга индивидуал ёндашувлар икки ижодкор бошини бир ёқадан чиқаришга тўсқинлик қилиши табиий. Икки номдор ижодкорни бирлаштириб, фикри, услуби ва маҳоратини уйғунлаштириб турган ягона жиҳат — бу миллатпарварлик бўлса ажабмас.

Дарҳақиқат, миллатини севган инсонгина ўз теварак-жавонибидагиларнинг руҳан уйғоқ ва сергак бўлмоғини истайди ва ҳамиша ғофилларни бедорлантириш тараддудида бўлади. Муболағасиз айтмоқ керакки, улар тарихий-ҳужжатли бадиа деб номлаган китоб XIX асрнинг сўнгги бир неча ўн йилликлари ва XX аср бошларида Туркистон тупроғида кечган ўта мураккаб ва даҳшатли сиёсий-ижтимоий муҳорабалар даври ҳақида сизу бизнинг кеча ва бугунимизга тутилган ўзига хос кўзгудир. Унда биз миллат юзидаги чанг-ғуборларни, нур ва истарани ҳам кўргандек бўламиз. Бу ойна ўзимизни, ўзлигимизни англатади. “Ким эдик, ким бўлдик?” деган оғриқли саволларга ана шу китобда тасвирланган воқеа-ҳодисалар орқали жавоблар изланади.

“Генерал Жўрабек: давр ва қисмат” китоби ҳар иккала муаллиф тарих, жўғрофия илмидан ҳам яхшигина хабардор эканини англатади. Уни мутолаа қила бошлашингиз биланоқ қатор тарихий далилларга дуч келасиз. Қизиғи, улар шундоқлигича китобхон эътиборига ҳавола қилинган ҳолда ўтиб кетилавермайди. Улар таҳлил тегирмонига солиниб, мушоҳада ғалвирида эланади. Аввал айрим рад этиб бўлмас тарихий фактлар, сўнг эса муаллифларнинг нуқтаи назари маҳорат билан илова қилингани ўқувчини чалғитмайди, аксинча, оҳанрабо янглиғ ўзига тортади. Бу ҳам, аслида, ўзига хос услуб сифатида бежиз танланмаган, албатта. Айтиш мумкинки, муаллифлар бадиий услубдан кўра кўпроқ журналистика талаб-қоидаларига кўпроқ риоя қилмоққа уринган. Чунки бугунги кун китобхони эътиборини ҳар қандай жанрда ёзилган асар билан жалб қилиш осон эмас. Масалан, фақат тарихий манбаларнинг ўзини ҳеч қандай изоҳ ва муносабатларсиз ҳавола қилиш — адабий ёндашувнинг энг қуруқ ва рангсиз усули. Ҳаётий, исбот талаб қилмайдиган ҳаётий мисоллар холисона таҳлил қилинсагина уларнинг ўқувчи-китобхонга руҳий таъсир кучи ортиб боради. Муаллифларнинг ушбу ижодий услубида эркин фикр айтиш иқтидори яққол намоён бўлади. Зеро, юртимиз маданиятлар, урф-одатлар қоришиб бораётган серғалва бир замонда миллатни уйғотадиган тўғрисўз ижодкорларга жуда муҳтож.

Яна бир диққатга молик жиҳати шуки, китобда жой номлари — топонимикага оид фикрлар жуда қизиқарли. Уларни шунчаки ўқиб ўтиб кетолмайсиз. Манбалар эса соҳа тадқиқотчилари учун зарур ва муҳим маълумотлар ўлароқ асқатади. Шунингдек, китобда ҳикматларга бой отасўзи ва халқ ибораларини учратиш мумкинки, уларнинг адабий безакдек ярашиб тушганини кўриш мумкин. “Эллик йилда эл, тўқсон йилда тил ўзгаради” ва ҳоказо…

Мазкур китоб қанчалик далилларга бой бўлмасин, муаллифлар тарихнинг олис қатламларига чуқур кириб кетмайдилар. Улар яқин 200 йилдаги воқеалар хусусида сўз юритмоққа уринади. Ҳар бир воқеа ўз моҳияти билан айроча хусусиятга эга бўлса-да, асар қаҳрамони Жўрабек қисматига бориб уланади. Масалан, сўнгги асрларнинг энг мудҳиш кўргилиги бўлмиш шоира Нодирабегимнинг Амир Насрулло томонидан ўлдирилишининг Жўрабек қисмати билан қандай алоқадорлиги бўлиши мумкин? Ёки Хива хонлигининг Бухоро атрофларига уюштирган босқинчилик урушларининг-чи?

Аслида, бу воқеаларнинг асар қаҳрамони тақдирига тегиб кетадиган заррача томони мавжуд эмас. Бироқ муаллифлар Жўрабекдек катта иқтидор эгаси ўз олдига қўйган эзгу маслакларнинг юзага чиқишига тўсқинлик қилган омилларни очиқлаш орқали буюк бир сабоққа ишора қилади — бирлашмаган тўзади!

Маълумки, XIХ асрнинг иккинчи ярмидан эътиборан бутун Туркистон мустамлакапараст Россия томонидан босиб олина бошланади. Бу босқин, албатта, бир кунда пайдо бўлиб, бир кунда амалга оширилгани йўқ. Аввало, вазият, сабаб ва шароитлар урчий бошлади. Қонхўр қашқир тумшуғи остига келиб қолган бўлса-да, бир-бири билан тинимсиз равишда қирпичоқ бўлиб ётган ўлкадаги ҳукмрон хонлик ва амирликлар худбинлик ботқоғига ботиб, ўз соясидан нарини кўра олмади. Ҳатто Тошкент чор Россияси томонидан даҳшатли ҳолатда ишғол этилган бир паллада вазиятга тўғри баҳо бериш, миллат сифатида ягона жиҳод байроғи остида бирлашиш ўрнига амиру хонлар бир-бирларига тиш қайрадилар ёхуд шармандали енгилиш онларига томошабин бўлиб турдилар. Туркистон халқи юрагида асрлар давомида ювиб бўлмас қонли доғлар ана шундан бошлангани ачинарли, албатта.

Муаллифлар ушбу китобда ёзишларича, чор армияси юртимизнинг олтин дарвозаларини бузиб кирган бир маҳалда Бухоро амири Қарши ва Китоб, Шаҳрисабз бекликлари тарафларга — ўз диндош ва миллатдошлари устига қўшин тортади. Тасаввур қиляпсизми? Бир ёқда қонхўр душман босиб келаётир, бир ёқда эса улусни сўнгги бурда нонигача талаб битирган ичимиздаги хоинлар ўзаро бойлик, мулк талашиб юрган эди. Хива ва Қўқон хонлари эса Тошкентнинг босиб олингани ҳақидаги хабарни рутубатли ҳарамларида хотиржамгина қабул қилади. Худди ана шу пайтда жасур ва матонатли беклар — Жўрабек Қаландар қори ўғли ва Бобобек Бухоро амирининг ўғли Абдулмалик — катта Тўра билан биргаликда Тахтиқорача довонидан ошиб ўтиб, Самарқандни босқинчи душманлардан озод қилиш учун жангга кирган эди!

Улар ўз она халқи, миллати ва муқаддас дини ҳимояси учун ғазот курашига чоғланган эдилар. Бухоро амирининг қўрқоқ ва худбинлиги сабаб алалоқибат ўзларидан неча юз баробар кўп қўшинга қарши тенгсиз курашда ортга чекинмоққа мажбур бўлишади. Тоғнинг у тарафида эса вазиятдан пухта фойдаланган жаллод Абрамов бошчилигидаги қўшинлар Шаҳрисабз ва Китобни босиб олишга интилади. Икки йўл орасида қолган Жўрабек ва Бобобек Шарқий Туркистондаги ватанпарварлардан мадад кучи тўплаш учун ул тарафларга йўлга чиқади.

Минг афсуски, ўзингдан чиққан бало узоқдамас, оёқлари остида экан: қандай бўлмасин, ўз тахтини сақлаб қолмоқ умиди сўнмаган қўрқоқ, баднафс Худоёрхон Қўқон хонлиги ҳудудида Жўрабек ва Бобобеклар ортидан жон сақлаш учун эргашиб келаётган бир неча юз чоғли ватандошларимизни чор армияси генерали Фон Кауфманга қўшқўллаб тутиб беради ва орадан кўп ўтмай, сотқин хоннинг ўзи ҳам ғанимлар қўлига тушади…

Қуйидаги иқтибосга эътибор беринг: “Афсуски, Жўрабекнинг бу нияти амалга ошмади. Хонлик ҳудудига кенагас беклари киргани хабари етиши биланоқ Худоёрхон хиёнат йўлини танлади: тили, дини бир қавмдошларига эмас, босқинчиларга хизмат қилишни лозим топди. Бу билан чор малайларига садоқатини намоён қилмоқчи бўлди.

Худоёрхон томонидан юборилган кўп сонли навкарлар Жўрабек ва унинг ҳамроҳларини ҳибсга олиб, анча муддат эски бир қалъада тутқунликда сақлади.

Жўрабекнинг хон ёки унинг бирор амалдори билан учрашиш ҳақидаги истаги рад қилинаверди.

Охири Худоёрхон Жўрабек, Бобобек ва унинг ҳамроҳларини қаттиқ кузатув остида Тошкентга жўнатади.

Худоёрхоннинг ўз қавмига қилган хиёнати учун Яратган эгам томонидан бериладиган жазо узоқ куттирмайди” (88-89-бетлар).

Шундай қилиб, оловқалб бекларнинг қаноти синдирилади, бутун бир ўлка ва миллат келажаги йўлидаги орзу-интилишлари чилпарчин бўлади.

Аммо икки қондош амакивачча беклар умидсизликка тушмайдилар: чунки ўзларининг ҳаётидан кўра уларга кўпроқ ишонган, шу вақтгача ёвларга қарши жангларда ҳеч қачон ўлимдан қўрқмаган элдошларининг тирик қолмоғи афзалроқ эди! Шунинг учун ҳам ҳозирги кунгача дўсту ғанимларни безовта қилиб келаётган аламли савол, яъни “бекларнинг мустамлакачилар хизматига нега ўтгани” ҳақидаги жумбоқларга ягона жавоб — душманга хизмат қилди, дегани, бу ўз халқига хиёнат қилди дегани эмас-ку! Ёвлар орасида туриб ҳам юрт манфаати, ҳимояси йўлида хизмат қилиш мумкинлигини Жўрабек ва Бобобек тимсолида кўриш мумкин, деган хулосага ушбу китобни ўқисангиз, тўла иқрор бўласиз.

Китоб қаҳрамонлари — Жўрабек Қаландар қори ўғли ва Бобобек Ҳакимбек ўғли ҳам бири чор армияси генерали, бири эса полковниги унвонига лойиқ кўрилгани билан улар чин юракдан босқинчилар йўриғига юрган деб ўйлайсизми? Аксинча, иккиси ҳам жанг майдонларида эмас, балки маъмуриятда, расмий ҳужжатлар билан ишлаб, миллатдошлари дардига дармон бўлгани… оддийгина бир воқеа тафсилоти орқали, яъни Худоёрхон сургундан қочиб кетиши ва унинг сарсон-саргардонликда қолиб кетган аёли Оғача ойим ва фарзандларининг қай тарзда Тошкентга қайтарилгани ҳамда Жўрабекнинг Қорасувдаги дала ҳовлисида бир муддат яшашгани, бундан ташқари, яна қанчалаб мазлумларга турли йўллар билан ёрдам кўрсатишгани юқоридаги шубҳали саволларга яққол жавоб бўла олади деб ўйлаймиз. Бундай мисоллар оз эмас.

Бир сўз билан айтганда, Жўрабек нафақат тарихий манбалар, балки жаҳонгашта сайёҳлар ёзиб қолдирган хотиралар, саёҳатномалар орқали ҳам маърифатпарвар шахс сифатида кўз олдимизда намоён бўлади. Ҳатто унинг 1876 йил 20 августда Петербургда бўлиб ўтган шарқшуносларнинг III халқаро конгрессида қатнашиб, маърузалар қилгани, дунёни янгилашга интилган Исмоил Гаспиралидек улуғ жадид намояндалари назарига тушгани тарихий ҳақиқат эмасми? Минг афсуски, у Туркистонда етилиб келаётган (1905 йили Россиянинг ўзида революция содир бўлганини эслайлик) халқнинг жуда катта норозилик тўлқини фонида “исталмаган шахс” сифатида ваҳшиёна ўлдирилди. Айни ўша йиллари Тошкентда чор маъмурлари тузган “қора рўйхат”да шаҳардаги нуфузли диний уламолар, Жўрабек ва унинг ўғли Оллоқулибекнинг тиркалгани ҳам бежиз эмас…

Жўрабек ҳаётининг сўнгги ўн йилликларида ўзига хос маърифат ҳомийси, эл-улусни бошқариш салоҳияти энг юқори шахслардан бири сифатида эътироф қилина бошланган эди. Шунинг учун ҳам у билан, энг аввало, чор маъмурлари, қолаверса, Туркистон жадидчилик ҳаракати фаоллари жуда яқин фаолият олиб боргани маълум. Албатта, бу жиҳатлари алоҳида тадқиқотларни талаб қилади.

Агар ҳаёт вафо қилганида, 1917 йилги давлат тўнтаришидан сўнг авж олган алғов-далғовлар Жўрабек ҳаётида янги бир саҳифаларни очиши мумкин эди деб ўйлайман. Ким билади, балки у ҳам Иброҳимбек, Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Жунаидхон каби миллий озодлик ҳаракати фаолларидан бирига айланиши эҳтимоли йўқ эмас эди. Чунки ушбу тарихий-ҳужжатли бадиада худди ана шунга қаратилган аниқ ишораларни илғаш қийин эмас.

Китобда ижодкорлар фикр-мушоҳадалар мантиқ ўқи атрофида айланар экан, китобхонни яна бир карра сергакликка ундайди: кўзгуга боқ, ўзингни кўр! Кўзгудаги доғлар эса тарихнинг катта сабоғи. Ўз тарихидан улги олмаганлар эса миллат бўлолмайди. Зеро, талотумли, мураккаб эврилишлар силсиласида дунё саҳнида чинакам миллатларгина иқтидорга келади.

Таниқли ижодкорлар Норқобил Жалил ва Рўзимбой Ҳасаннинг ушбу китоби, бизнингча, ўзига хос тарихий тадқиқот вазифасини ҳам ўтайди.

Эрпўлат БАХТ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 5 =