Ёрдан эсди мулойим эпкин

ёки шоир Салим АШУР ижодига бир назар

Салим Ашур — бугунги ўзбек шеъриятининг кўзга кўринган, ўзига яраша мухлисларга эга вакилларидан бири. Шоирнинг “Она тилим” китобидан ўрин олган “Менинг эртакларим” туркуми номланишининг ўзиёқ кишида савол қўзғайди: нега эртаклар? Шоир шўролар тузуми, зўравонлик сиёсатига қарши қаратилган шахсий нафратини эртаклар шаклида ифодалаган. Булар, табиийки, биз билган адабий эртаклар эмас. Уларни ижтимоий воқеликни мажоз тили билан ифодалаган фалсафий-рамзий эртаклар дейиш ўринли кўринади. Эртаклар шакли шоир мулоҳазаларини баён этиш воситаси бўлиб хизмат қилган. “Эртаклар”нинг асосий қаҳрамонлари асардан асарга кўчиб юрувчи сариқ тулки ва тулкичалар. Тулкининг очофат, айёр ва ҳийлакорлиги, ўзга ҳайвонлар ўртасида низо туғилишига сабабчи бўлиши каби ҳолатлар ўша пайтдаги баъзи кимсаларнинг яшаш тарзини эсга солади. Туркумнинг биринчи эртаги мазмунига диққат қилайлик: қадимги чинорлардан бирининг шохларини қушлар макон тутган. Бироқ мамлакатда тулкилар кўпайиб, чинор шохларигача чиқиб олишади. Тулкилардан қушлар, қушлардан тулкилар тўрай бошлайди. Шунда дарахт ўз-ўзидан қурийди. Фақат битта илдизи омон қолади. Бу илдиз кўкариб, униб, аждаҳога айланади ва тулкиларни ютиб юборади.

Бу ўринда тулкилар тимсолида аввал чор тузуми, сўнгра шўролар зуғуми, чинор Ватан тимсоли, қушлар эса шу Ватан эгалари эканлиги назарда тутилган. Яна бир эртакда ўн бешта ҳайвон бир сандиқнинг ичида нима борлигини билмай, қўриқлаб ётадилар. Умр шундай ўтади. Ногаҳон бўрон кўтарилиб, қулфни бузади. Қарасалар, унда бир кўзгу бор эмиш. Бироқ кўзгу ҳайвонларнинг бирортасини ҳам кўрсатмас, унда қиёфасизлар сурати бениҳоя кўп экан. Бу билан шоир шўро лаганбардорларининг субутсизлигини, шахсий фикр, бинобарин, тайинли қиёфадан маҳрум эканлигини тасвирлайди.

Салим Ашур ижодида модерн шеърият намуналари ҳам салмоқли ўрин тутади. Айни пайтда шаклбозликка, экспериментларга маҳлиё бўлиб, шеърнинг асосий шарти — тирик қалбнинг тирик туйғулари ижодкор назаридан четда қолмайди. “Аталган кунлар” китобидаги “Отам портретига чизгилар”, “Оҳанглар ва шакллар” туркумлари, “Момом учун тўқилган эртак”, “Қўчқор шохига тумор”, “Дарахт пўстлоғидан тушиб қолган шеър”, “Сўзларимдан тўқийман занжир” каби шеърлар шаклий ва мантиқий қурилиши, ифода йўналиши, ўзига хос “ички” ва “ташқи” кўринишдаги янгиликлари, нафис бадиий олами билан шоир ижодида, эҳтимол, умуман, ўзбек модерн шеъриятида алоҳида ажралиб туради. Бу жиҳат шеърлардаги маънонинг серқатламлигида, образларнинг қуюқлигида, фикр ва туйғунинг таранглигида аниқ кўринади. Узун ва қисқа сатрларнинг алмашиб келиши шеърга ўзига хос ритм бағишлайди ва бу ҳол таъсирчан шеърхон диққатини ўзига ром қилади.

Модерн шеърлардан яна бири “Айвазовский” деб номланган. Унда ҳам ўхшатилаётган ва ўхшатилган нарсалар ўртасидаги мантиқий алоқа бузилган эмас. Шоирнинг модерн шеърларидаги ўзига хослик шуки, унда мантиқий фикр атайин бузилмайди, чуқурроқ ўйланса, фикр ва туйғунинг табиий мароми сақлангани сезилади:

Ой балиқдай силлиқ сузади

Булутларнинг тўрини йиртиб.

Руҳий, эстетик жиҳатдан айтиш мумкинки, Салим Ашур илк қадамлариданоқ адабиётга ижтимоий пафоси кучли шоир сифатида кириб келди. Талабалик давридаёқ ёзилган шеърларининг жавҳарини юрт озодлиги, халқ дарди ташвишлари ташкил этган.

Ўтган юз йилликнинг тўқсонинчи йиллари шеъриятнинг умумруҳи ўзгараётган, дабдаба, сохталик, қарсакбозлик, ортиқча шовқин-сурондан холи бўлиб бораётган, кўнгилга қайтилаётган палла эди. Шеъриятнинг табиатини ўзгартирадиган жараён чуқурлашиб борарди. Мустақилликдан сўнг миллий шеъриятимизда икки йўналиш пайдо бўлди. Бири — миллатнинг ор-номуси, шон-шарафи, эришилган мустақилликни куйлаш ва мадҳ этиш бўлса, иккинчиси — умумийлик, ижтимоийликдан хусусийликка, кўнгил сарҳадларини бадиий тадқиқ этишга, дунёни, инсонни ўз қалби орқали ҳис этишга, ўта шахсий сезимлар орқали идрок қилишга мойил бўлган йўналишдир. Айрим шоирлар ўз иқтидорига кўра ҳар икки йўналишни уйғунлаштира олдилар. Бу жараён Салим Ашур ижодида ҳам кузатилади. Тўқсонинчи йиллардан кейин унинг ижодида бадиий публицистикадан чин санъат сари интилиш, жамиятимиздаги иллатларни шеър тили билан фош этишни мақсад қилиб қўймаслик, аксинча, лирик кайфият, айниқса, анъанавий муҳаббат мавзуси етакчи ўринга чиққанини сезиш мумкин.

Ишқ ҳақида ёзмаган шоир бор эканми? Менинг наздимда шоирларнинг барчаси ишқ дарсидан сабоқ олиб, шоир бўлиб етишган. Жумладан, Салим Ашур ҳам. Негаки, унинг “Муҳаббат китоби” тўплами кўнгил умрини, ишқ йўлини узайтирадиган, қалбларга сурур, изтироб, шавқ-завқ соладиган ҳароратли шеърлардан таркиб топган.

Салим Ашурнинг лирик қаҳрамони муҳаббатда собит ва содиқ. У ҳеч қачон маъшуқасини айбдор санамайди. Гарчи у вафо русумини тутмаса ҳам:

Арзимайман эътиборингга,

Фақат ўтгил ёнимдан секин.

Етар мендек харидорингга

Сендан эсган мулойим эпкин.

Ҳар қандай ижтимоий масала ўткинчи бўлиши мумкин, бироқ ишқ, табиат ва инсон мавзулари абадийдир. Висолсиз муҳаббат кўнгилни биллурлаштириб, тозалаб боради. Муҳими висол эмас, балки висолга талпиниш орқасидан келадиган қалбнинг маънавий юксалишидир.

2020 йили Салим Ашурнинг “Буюк-75” номли китоби нашрдан чиқди. Китоб Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган бўлиб, инсон хотираси азизлиги, қадри юксак экани ҳақидаги шеърлардан тартиб берилган. Унда шоир Иккинчи жаҳон урушида жони увол кетган юртдошларимиз, умуман, жангда шаҳид бўлган ота-боболаримизнинг тарихий жасоратини шеърга солиш орқали замондошларимизни ватанпарвар бўлишга, шукур билан яшашга даъват этади. Бугунги дориломон кунлар ўз-ўзидан қўлга киритилмагани, унинг ортида минглаб фидойи инсонларнинг буюк жасорати турганини ўзига хос поэтик йўсинда ифодалайди.

Ушбу китоб, бизнингча, шеърларнинг мавзулари, мавзулар кўлами ва талқини билан шоирнинг янги ижодий босқичга ўтганини кўрсатади. Китобда жаҳоний муаммолар — уруш ва тинчлик, ҳаёт ва ҳалокат, инсон ва инсонпарварлик, Ватан ва ватанпарварлик, жасорат ва хиёнат каби умумбашарий мавзулар юксак инсоний позициядан туриб талқин этилган. Бу шоирнинг барча замон ва маконларга хос бўлган воқеа-ҳодисалар, миллий ва умуминсоний, миллат ва башариятга хос бўлган масалаларни уйғун ҳолда талқин этиш ҳамда бадиий тафаккурда синтезлаштириш йўлидан бораётганидан дарак беради.

Китобдаги шеърлар, аввало, шакл ва ифоданинг ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Шоир ушбу китобида ҳеч чўчимасдан янги шаклий тажрибаларга дадил қўл уради.

Шоир одамхўр урушга, тинчлик, осойишталик, тараққиёт кушандасига нисбатан нафратини қуйидаги ихчам шеърда шундай ифодалайди:

Майли, чекинмайлик,

майли, бекинмайлик,

майли, ечинмайлик

шу текисликда,

шу эссизликда,

шу изсизликда

озгина боқайлик,

озгина оқайлик,

озгина оғайлик

бешинчи ёнга —

Ердан ташқарига қараб ўсайлик.

Ер шарини озгина чўзайлик,

ўқлар отилмайдиган томонга.

Ушбу ўзига хос шеър “Айлана” деб номланган. Бу ном рамзий маънога эга бўлиб, унда Ер курраси — она сайёрамизнинг шаклига ҳам, ҳаётнинг узлуксизлиги ва такрорланишига ҳам ишора бор.

Китобдаги характерли шеърлардан бири “41 йил балладаси” деб номланган. Унда тўрт ўғлини урушга кузатган, икки ўғли жанггоҳларда дом-дараксиз кетган, шу икки ўғли нобуд бўлишини кузатаётган чоғдаёқ оналик савқи табиийси билан сезган волиданинг руҳий драмаси чуқур очиб берилган:

Ёнар эди тандирда олов,

дарвозадан чақирди биров.

Бориб келиб қарасам, ўтда

икки ўғлим ёнарди лов-лов.

Бугун икки ўғлини — иккинчи ва учинчи ўғлини урушга — борса-келмасга узатаётганини сезиб турган она қалбидаги шунча изтироб ва алам юқоридаги сатрларда акс этган.

…эртага кенжасини кузатади урушга,

сиз ўйламанг — кино кўришга…

Бу билан Салим Ашур уруш, жанггоҳ биз киноларда кўрганимиз совуқ манзаралар эмас, бутунлай бошқа ҳаёт эканини англатмоқчи бўлади.

Шу жиҳатдан мазкур тўпламдаги “Курраи Замин”, “Табиат хотираси”, “Дунё океанлари”, “Шоир” шеърларини мисол сифатида келтириш мумкин. “Шоир” шеърида ижодкор биз шу пайтга қадар тасаввур қилиб келган шоир образини янги чизгилар билан бойитади. Шоирнинг зиммасида, аввало, ижтимоий ҳаётда фаол Шахс бўлишдек масъулият мавжудлигига урғу беради. Шеър кутилмаганда метафорик тарзда якунланади:

Шоир ўқимайди шеърни,

Шеър ўқимоқда шоирни.

Салим Ашурнинг лирик қаҳрамони қуруқ хитобларга берилмайди. Унинг эстетик идеали маддоҳ ҳам, мадҳиябоз ҳам эмас. У оддий одамларнинг дардини ҳис этиш, шу дард билан яшашни ватанпарварликнинг, инсонпарварликнинг бош белгиси деб билади.

Салим Ашур шеърияти дунёнинг тотли, жозибали ва гўзал қирраларини кўз олдимизда кўзгудаги каби аниқ-тиниқ намоён қилиши билан эътиборга моликдир.

Абдураҳмон ПИРИМҚУЛОВ,

Ислом Каримов номидаги

ТДТУ ОФ илмий кенгаш котиби,

филология фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + seven =