Кўп асрлик чинор мисоли…

ёки шоир Хушбоқ Раҳим ижодига бир назар

Бу ҳаётда одамлар сони қанча бўлса, уларнинг кўнгиллари ҳисоби ҳам шунчадир. Одамлардан ҳар бири жисм-жуссаси жисмоний жиҳатдан бир жинсли вақтнинг беаёв таъсирларида, яшаш учун турфа курашларнинг оғир ижтимоий юки оқибатида оёқдан қолади. Бироқ кўнгил кексаймайди. Аксинча, у бепоён, бетакрор, нисбий борлиқ ёки воқеликнинг ҳаракатдаги ҳайрат ва ҳикоятларини тош битикка қайд қилинадиган қўшиқларини авжлантиргандан янада авжлантиради. Гўё ундай қўшиқ навбатдаги қўшиқнинг, кўнгил эса галдаги неча бир серпарвоз кўнгилларнинг ишончли пўлат қанотидай.

Иккинчи томондан, яхши қўшиқ, бадиий пишиқ шеър ёза билиш ёшга мутлақо боғлиқ эмас. Шеъриятда ижодкор ёшу пир учун бир хил талаб, бир хил тош, бир хил тарози. Саксон беш ёшли шоир Хушбоқ Раҳимнинг “Бухоро қасидаси”дан ўрин олган шеърий асарлари қўлёзмасини ўқиш жараёнида юқоридаги кўнгилбоп туйғулар лашкари кўкрагимиз ичкарисида исён кўтарди. Эсимизда, Хушбоқ Раҳим талабалигидаёқ, унга эзгу ниятлар билан Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол оқ йўл тилаган, газета саҳифасида фотосурати билан учта шеърини намуна сифатида эълон қилдирган эди. Унинг қуйидаги сатрлари ҳозир ҳам кечагидай ёдимда:

Кўп асрлик чинор мисоли,

Тик қоматим асло букилмас.

Зуҳра каби чақнаган кўзим,

Хираланиб ерга тикилмас.

Ишқ ўтида куйиб ўртанган,

Юрагимда туганмас тоқат.

Эҳтирос-ла тошиб қайнаган,

Қалбим билан битмоқдаман хат:

Таниш дўстим, нотаниш дўстим,

Соғинтирса азиз сирдошинг.

Сен ҳам мендай хатлар битарсан,

Йигирмага етганда ёшинг!

Шоир Хушбоқ Раҳимнинг “Йигирма ёшим” шеърининг ёзилганига олтмиш уч йилдан ошди. Ўтган шу йиллар орасида ўзаро севишганлар бир-бирига ўтмишдагидай хатлар ёзишларни унутди. Ундайларнинг ўзаро алоқа воситаси ҳозир уяли телефон. Бу яхши. Бироқ бугун телефон орқали топишиб, эртасигаёқ бир-бири билан юз кўрмас бўлишлари ёмон. Давримизга дахлдор ундай бемалҳам ҳодисалар шоир Хушбоқ Раҳим учун гўё беаҳамиятдай. У олис ўтмиш, яъни Зардушт замонига тикилгани-тикилган. О, “Авесто”нинг бизда ёзилганига уч ярим минг йилдан ортиқ вақт ўтгани чин. Қойил, XXI асрнинг йигирма тўртинчи йилларида ҳам у аввалги аҳамиятини камайтирганича йўқ. Хушбоқ Раҳим шундай ёзган эди:

 

Зардушт тарихий шахс,мавжуд эҳтиёж,

Борлиқни кўкракка тамом жойлаган.

Муҳитнинг талаби, Заминнинг дарди

Буқалар пўстини қоғоз айлаган.

Қоғоз, пўст юзида тилла из, ёзув,

Белгидан илоҳ кўп, жанжал, жудолик.

Бемаврид қирғинни қалқондай тўсди,

Зардушт ўйлаб топган “Якка худо”лик.

 

Зардушт —тарихий шахс. “Зардуштийлик дини, — деб ёзган таниқли ўзбек олимаси Фозила Сулаймонова “Шарқ ва Ғарб” (“Ўзбекистон” нашриёти, 1977) китобида, — Марказий Осиёда шаклланди, лекин конкрет жойи аниқ эмас. Баъзи олимлар Хоразм воҳаси десалар, баъзилари Бақтрия, Марғиёна дейдилар”. Шундай экан, Шарқ Ғарбдан, Марказий Осиё бошқа қитъалардан, Бухоро Ер юзидан ажралиб қолгани йўқ. Шоир Хушбоқ Раҳим шу важдан “Бухоро қасидаси”ни “Зардушт”дан бошлагани бежиз эмас.

Буғдой бор, тандир ҳам тошу тегирмон

Элагу супра, ун — тўкинлик ғоят.

Сийму зар, тиллосиз яшамоқ мумкин,

Ўчоғу кўмачсиз узилар ҳаёт.

Буғдой, буғдой нон.

Тилла билан буғдой ёки ғалланинг нисбати аниқ. Олтин ҳамиша олтин. У зангламас. Лекин тилла бор жойда хатар бор. У қўлдан қўлларга ўтади. Фақат мағлубнинг ёғоч сандиғидан ғолибнинг пўлатли жамадонига ўтади. Буғдойда юқоридаги жараёнлар кузатилмайди. Унда қуйидаги буғдойдаги уч ҳолат катта-кичикка аён. Биринчиси, дона дон ҳосили эртага хирмон бўлади. Иккинчидан, тошу тегирмон буғдойнинг юқоридаги ички имкониятига барҳам беради. Уни элагу супрага ташлайди, буғдой унини тандир озиқ-овқат тури — нонга айлантиради. Учинчидан, буғдой олтин мисоли ҳам қийматга, ундан фарқли ўлароқ истеъмол қийматига ҳам эга бўлиб келган ҳамиша. Лекин уни деҳқон меҳнатларисиз тасаввур қилиш қийин.

Хушбоқ Раҳим “Деҳқоним” шеърида ёзганидек:

 

Минг йил, миллион йил, балки кўпроқ,

Ўн панжанг тупроқда тўлиб турибсан.

Ҳар куни, ҳар соат, ҳатто ҳар лаҳза,

Кўпга нон, кўпга тўн бўлиб турибсан.

Деҳқоним, сенингсиз нафақат дарё,

Уммонлар кўлмакка ўхшаб қолади.

Жаҳонда исталган тўкин-сочин юрт,

Чатнаган қозондай қақшаб қолади.

 

Хушбоқ Раҳимнинг “Имом ал-Бухорий”га бағишланган шеъри эса қуйидаги сатрлар билан бошланади:

Одам атосидан ададсиз кичик

Зардушт, қалам тиғи, қиличдай шитоб.

Ўн икки минг мол, пўст, ёзув, “Авесто”

Қуръондай осмондан тушмаган китоб.

Одамлар ёзгани орасида энг

Ҳадис умри Замин умри билан тенг.

Девори пойдевори қурилиши милоддан аввалги IV асрга бориб тақаладиган Бухоро Арки бутун тарихини шоир Хушбоқ Раҳим бешта сўзга сиғдирган-қўйган: “Одамлар бўлмаса, бўлмас эдинг, Арк!” Шоир “Бухоро Арки”га бир юз олтмишга яқин “Бешлиги”ни бағишлаган. Улардан биронтасида ижтимоий залворли юк, фалсафа юкланмаган сатрни топа олмайсиз.

 

Оддий ижодкорга арғумон кўнгил,

Соғинчлар тўнининг сарасидан кий.

Саксонга етса ҳам Бухоро деди:

Бир чимдим тупроқни шоир Расулий,

Одамлар бўлмаса, бўлмас эдинг, Арк!

Дарҳақиқат, жаҳондаги шариф шаҳарлардан энг машҳури – Бухоро! Унда Иброҳим Машраб мисоли илм савдо қилганлардан ўз юртларида машҳур бўлганлари бисёр. Бунга Хожа Ҳованди Таҳур, Аҳмад Яссавий ва бошқалар мисолдир. Шоир Хушбоқ Раҳимнинг ҳам талабалик йиллари Бухорода ўтди. Унинг учун Бухоронинг бори-йўғи музей, кампирак девори китоб, унинг ҳар қадам замини ҳикматхонадир. Одамлари сийрати муҳитига мос, топган гаплари тарих, тилларида халқига, унинг фарзандига нисбатан эзгу тилаклар. Куни кеча Лабиҳовуз майдони қаршисидаги жин кўчада бир юзу беш ёшли Аҳмад исмли отахон билан суҳбат қурган шоир Хушбоқ Раҳимнинг шеърталаб кўнгли беихтиёр қўшиқ бошлади. Уни тинглаймиз:

Эзгу ният, ички туғён, имкони ўт,

Ҳар юракнинг алангаси кўкка етсин.

Таниқ, машҳур, меҳмонпараст ўзбегимнинг

Ўғил-қизи кексаликни кўриб кетсин.

Чол сўзидан О, Шодмонжон! Осмон чўққи,

Писта боғни билим билан барор қилдим.

Қувонч шунча, Зардушт ёзган “Авесто”дай,

Минглаб йилни кўрмоқликка қарор қилдим.

Йигит сўздан, арслон издан қайтмагайдир,

Чол ғайрати, халқ даъвати шитоб бўлди.

Қалб садоси, шеър гадоси Хушбоқ учун

Бухоронинг ҳар бир тоши китоб бўлди!

Шоир Хушбоқ Раҳимнинг “Бухоро қасидаси” тўрт қисм шеърлар мажмуасидан иборат. Лекин муаллиф уни қисмларга ажратмаган. Қасиданинг навбатдаги Наршахий “Бухоро тарихи”да ёзиб қолдирган “Бухоро ва унга қўшиладиган жойлар”дан бири “Байканд” ёки Пайкандга бағишланган. У “Қоракўлнома ёхуд қалб қўри”даги бадиий пишиқ шеърлардан иборат. Улардан ҳар бирида муайян залвор бор, табиат илми бор, тарих ва фалсафа бор. Улар шеърий асарга юзаки муносабатда бўладиган ўқувчиларни кечирмайди, асарни ўқиш, мазмунини уқиш учун улардан махсус билим ва тайёргарликни талаб қилади. Чунки шоир Хушбоқ Раҳимнинг шеърий сатрларидан аксарияти хушхўр қатламага ўхшайди. Уларнинг ижтимоий мазмунини англаш учун сатрларга қайта-қайта кўз ташлаш лозим. Аксинча, ўқувчи улардаги яширин тарихий хикмат ва ҳақиқатлардан бебаҳра қолиши аниқ.

Тоштемир ТУРДИЕВ,

филология фанлари номзоди,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − seventeen =