“Дардисар”нинг дарди не?

Ёзувчи Хуршид Абдурашид қаламига мансуб “Дардисар” романини ўқишимнинг ўзи ҳам қизиқ бўлди. Устозларимдан бири: “Янги асар чиқибди, қани, ўқиб мен билан мулоҳазаларингизни бўлишинг-чи”, дегандан сўнг романни тезда қўлимга олдим. Ва ниҳоят, автобиографик, тарихий, психологик ва дидактик асарлардан ортиб ушбу фантастик асарни ўқишга киришдим. Роман ўзбек адабиётида камроқ қўл уриладиган фантасмагорияга асосланган.

Классик адабиётлардан сўнг бу каби асарларни ўқиган китобхонларга замонавий адабиётлар гўёки бир марталик мириқиб ўқиладиган асардек туюлиши мумкин. Тўғри, ушбу романда муаллиф Жонатан Свифт сингари рамзий образ орқали бутун жамиятни титратиб юборолмас ёки Роулинг каби олам ичида сеҳрли олам яратолмагандир. Аммо романда айни пайтдаги ҳаётимиз, ўзимиз ва ўзимизга ўхшаган одамлар тасвирланади. Шундай экан, асарларимиз ҳам  ўзимиз каби бир марталикдек туюлаверади. Энди китобларда юксак, фалсафий ғояларни кўтариб чиққанига қараб эмас, бизга қай даражада кўзгу тута олганига қараб баҳо беришимиз керакдек. Ҳаётни бор бўйича кўрсата олса, яхши, ўхшатолмаса, ёмон…

“Дардисар”ни ўқишни бошлаганимда воқеалар ривожини ўзимча тахмин қилгандим. Лекин воқеалар умуман бошқа кўчаларга бурилиб кетди. Асар Кўзаобод қишлоғида, омадсиз ва қашшоқ ҳаётидан доимо нолиб, нуқул осон йўл билан бойиб кетишни хоҳлайдиган Ҳотам образи билан бошланади. Асар қаҳрамони оилали инсон бўлишига қарамасдан ҳаётдан ҳар доим мўъжиза излайди. Бунга сабаб унинг қарзга ботиб кетганлигидир, балки… Ҳотам ишлаш ёки янги касб-ҳунарнинг бошини тутишдан кўра атрофдагилардан қарз сўраш ёки хаёлидаги мўъжизанинг амалга ошишини кутади. Қани энди пул ёмғири ёғса-ю, Ҳотам бу ёмғирда кунлаб қолиб кетса… Афсуски, бу фақат унинг хаёлларида эди. Ҳотам бахтсиз кунларининг бирида йўлда алмисоқдан қолган чироқни топиб олади. Ўша фантазияга бой мияси билан уни “Оловиддиннинг сеҳрли чироғи” деб ўйлайди ва ишқалайди. Ана энди кўринг мўъжизани: чироқдан ростдан ҳам ўша биз кино-ю мультфильмларда кўрган ҳақиқий жин пайдо бўлади. Аммо унинг эртаклардаги жиндан фарқи шундаки, у биттагина сеҳрли тилакларни ҳам бажаролмайди.

Топилма ҳақиқатда ноодатий — сеҳрдан маҳрум жин. Мана шу сюжетнинг ўзиёқ китобхонни анчагина қизиқтириб қўяди. Лекин сеҳрсиз жин кимгаям керак? Ҳотам бечоранинг қувончи узоққа чўзилмади. Шунча йил кутган мўъжизаси рўй берса-ю, лекин тилакларни бажо қилолмаса… Шу он Ҳотамнинг хаёлига “Ҳеч бўлмаса, жиннинг чироғини антиқа буюмлар дўконига пулласам, қарзларимдан енгиллашардим”, деган фикр келади. Аммо жиннинг чироқсиз аҳволи не кечишига қизиқмай, муғомбирлик билан жиндан чироғини сўрайди.

Асардаги воқеалар худди мана шу жойдан бошланади. Жин 900 йилдан ортиқроқ умрни ер ости салтанати Бағдод ва ер устидаги бир неча шаҳарларда яшаган бўлса-да, бир оддий инсоннинг ёлғонига лаққа тушади ва бошпанаси бўлган чироқни Ҳотамга бериб юборади. Шундан сўнг унинг дарвешликдаги ҳаёти бошланади. У шу вақт мобайнида бир неча инсонлар билан танишади. Мисол учун, маҳалла раиси  Бўтақул ва унинг ўғли Турсунбой. Бўтақул — самимий, инсонпарвар ва виждонли инсон. У жинга ўз уйидан бошпана беради ва чироқни топиш ишларида ёрдамлашади. Бўтақул — танти ўзбек  тимсоли. У ўзга оламдан келган мавжудотни ҳам ўзбекона сийлайди. “Олиб ўтиринг, кўнглингиз нима тусайди, меҳмон?” дея самимий лутф айлайди. Унинг ўғли Турсунбой эса оддий талаба йигит. Офат исмли курсдошига ошиқу беқарор…

Жин ва Бўтақулнинг саргузаштлари орқали баъзи маҳалла тизимидаги ички ҳолатлар яққол очиб берилади. Мисол учун, Бўтақул маҳалла раиси сифатида кўпчилик боқимандалик кайфиятига тушиб қолгани ва маҳалла ишларида бекорчи рўйхатларнинг авжига чиққанидан нолийди…

Дарвоқе, жин чироғи топилгунча бирор юмуш билан банд бўлишни истайди ва ахийри мардикорлик билан шуғулланишга қарор қилади. У шу пайт давомида “Ўзим бўлай” партиясидан Қўйлибек Қултоевнинг антиқа таклифларига, ўзи математика ўқитувчиси бўлишига қарамай, адабиёт ихлосманди шоир Чори Чопра, ўзи одамларга шифо улашиб балога қоладиган Эломон Жўломоновга, ўзи ҳақида автобиографик асар ёздирувчи Каттаконов, зиқна ва виждонсиз Хуррамбой, порахўрликни аниқловчи аппарат яратган ихтирочи Ихтиёр, блогер Нозим Юртпарвар, маошининг ўзи ойнинг у бошидан бу бошига етмай яна қўшимча ҳашардан ошмайдиган география ўқитувчиси Олим ва яна бир неча қизиқарли образларга дуч келади ва улар билан суҳбатдош бўлади. Асардаги ушбу одамларнинг ҳикояларини ўқиб, жамиятимизда кеча ва бугунги кунда юз бераётган воқеаларни эслайсан киши. Кунда-кунора беморларнинг яқинлари томонидан калтакланаётган шифокорлар, депутатларнинг маънисиз таклифлар билан чиқиши, ўқитувчиларнинг дарсдан ташқари ҳашар юмушларига жалб қилиниши ҳақидаги хабарлар тез-тез атрофимизда айланади.

Қолаверса, асардаги Ko’za.uz хабарлари ҳам алоҳида диққатга сазовор. Унда математика фанидан ғолиб бўлган ўқувчига қовун-тарвуз мукофот тарзида берилганлиги, депутат Қултоевнинг бекорчи кишиларга солиқ солиш таклифи билан чиқиши, кўп қаватли уйлардан бири очилиш маросимининг ўзидаёқ қулаб тушиши ва қандайдир актрисанинг учинчи турмушидан ажрашганлигининг кенг муҳокамаси бугунги ҳаётимизда юз бераётган воқеаларнинг бадиий талқини, акси десак, хато бўлмас.

Асардаги дардисар ким ўзи? Гап шундаки, асар бошидан буён деярли ҳар бир образда муаммо ва дард бор. Ҳатто ўзга оламдан келган жин ҳам ушбу жамиятга қўшилиши билан ўзига дард орттирди. Инсон яшар экан, қандайдир муаммолар унга доимо шерик бўлади: у хоҳ етти яшар бўлсин, хоҳ етмишда. Романнинг қизиқ томони ҳам шунда бўлса керак. Асар муаммолар устига қурилган ва бунда инсоннинг шахсий муаммолари эмас, балки муаммолар жамият билан чамбарчас боғлиқлиги ҳикоя қилинади.

Асардаги жинга келсак, шахсан менда озгина тушунарсиз кечинмаларни пайдо қилди. Жин дея аталган образ оддий одамдан деярли фарқ қилмайди. Фақатгина бир тутам соқоли ва шифохонада ундан қон олишолмаганлиги, унга расмий ҳужжат тайёрлаш учун расмга тушира олишмаганидан бошқа фарқ кўринмайди. Балки, бу жиннинг ўша жой муҳитига тез мослашишидандир. Романдаги жин образида эса умидсиз, қари чолни кўролдим, холос. У нафақат сеҳрдан маҳрум, балки атрофидаги “дардисар”ларнинг муаммоларига тузук маслаҳат ҳам бера олмайди.

“Дардисар” форсча сўз бўлиб, “бош оғриғи”, “ортиқча ташвиш” маъноларини англатади. Роман бугунги дунёда шахсликнинг йўқолиб бориши, оддий муаммолар ичида ўралашиб, бош қотириб яшаётган, майдалашиб бораётган жамиятнинг дардисари ҳақида.  Жиннинг қари ва тушкун образда тасвирланишида эртанги кун ташвиши, дардисарларга ечим қидириш кексаларга қолгандек, улар ҳам куч-қуввати, даври ўтганидан жамиятни ўзгартиришга ожиздек тасаввур уйғотади.

Асар якунида эса… очиғи, ўзгача порлаш кутгандим. Аммо бизнинг жин асардаги ёмон қаҳрамонларни яхшилар ёнига улоқтиришдан бошқасига ярамади. Воқеа давоми ва бу ҳисоб-китоб қай тусда якун топгани китобхонга номаълумлигича қолиб кетаверди.

Ҳа, майли, нима бўлган тақдирда ҳам асар яхшилик билан тугади. Сих ҳам, кабоб ҳам куймади. Жин ҳам чироғини топиб, ўз Бағдодига эсон-омон етиб олгандир. Қолганлар ҳам ўз қилмишларига қайсидир маънода жавоб беришди. Шундай қилиб, ўзбек адабиётига фантастик, сатира, юмор руҳида ёзилган “Дардисар” деган роман қўшилди!

Дилдора ДЎСМАТОВА,

ЎзЖОКУ талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 1 =