Ватан тупроғи
Муаллиф ҳақида:
Ўролбой ҚОБИЛ — 1955 йилда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Гулистон қишлоғида туғилган.
Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг тарих факультетида таҳсил олган. Узоқ йиллар мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган. Ҳозирда нафақада.
Муаллифнинг “Кечиккан карвон қўнғироғи”, “Адир ортидаги қишлоқ”, “Эна тупроқ”, “Қамаши гурунглари”, “Кўнгилга йўл” каби насрий ва шеърий китоблари чоп этилган.
Қишнинг охирлари эди. Ташқари анча совуқ бўлса-да, онам хона эшигини очиб қўярди. “Нега бундай қиласиз? Шамоллаб қолманг”, дердим.
— Ёруғлик ҳам ғанимат, болам, — дердилар онам. — Ҳадемай кўклам келади. Қалдирғочлар уйимизни тополмай юрмасин.
Кўп ўтмай, кунлар исиб кетди, дов-дарахтлар куртак чиқарди, баҳор ёмғирлари ёғди. Одамлар дарвешона, Наврўзга ҳозирлик кўра бошлашди.
Мактабдан қайтаётиб, онамни кўргани бурилдим. Ҳовлида ўйнаб юрган набирам ёнимга чопиб келди.
— Бово, толдирғоч келди, толдирғоч, — деб мени онам турган хонага бошлади. Не кўз билан кўрайки, тўшакда ётадиган онам ўтириб олиб, шифтдаги электр симига қўниб турган икки жуфт қалдирғоч билан суҳбат қурарди:
— Келдингларми, Биби Фотиманинг қушлари, эгачиларим, қавму қариндошлар, хешу ақраболар эсон-омонми, тов-тошлардан, ёбонлару сувлиқлардан учиб ўтиб келдингларми? Чуғурлаган тилларингдан айланай! Эна тупроқни соғиниб келибсизлар-да…
Қалдирғочлар полапонларини учирма қилаётган кезлари онам вафот этди.
Ёстиғининг тагидан бир тугун чиқди. Очдим: Жонбўзсойнинг қадрдон, ёпишқоқ тупроғи ҳиди димоғимга урилди.
* * *
— Яқинда ўттиз йилдан бери кўрмаган болалик дўстимни учратдим, — деди Парда бобо хўрсиниб. — Бечора қариб-букчайиб қолибди, ёши ҳам етмишдан ошди-да… Йигитлигида ўгай онаси билан чиқишолмасдан аразлаб, Русияга кетиб қолганди. Ўша тарафларда уйланиб, ўғил-қизли бўпти. Йиллар ўтиб, ўғли бошқа шаҳарга ишга кетибди, қизи ҳам ўқишда украин йигит билан топишиб, Днепр бўйида қолибди. Хотини иккаласи ёлғиз қолгач, қишлоққа кўчишибди. Сигири, товуқ-ғозлари бормиш. Яшаши ёмон эмас экан-у, бегоналигим билинади, дейди бечора. Тилимни унутмайин деб тунлари ўзи билан ўзи гаплашиб чиқаркан. Куним битиб ўлсам, жанозамни ўқийдиган одам йўқ, — деб роса ўкинди.
— Қишлоғи ўрмон ёқасида эмиш, — дея гапида давом этади Парда бобо бир хўрсиниб қўйиб. — Қушлар кўп дейди, лайлаклар, турналардан юртимизга салом йўллармиш. Кетишига бир неча кун қолганда, иккаламиз қабристонга бордик. Унинг кўзларидан оқаётган ёшларни кўриб, юрак-бағрим эзилиб кетди. Чидаб туролмадим, менам қўшилиб йиғладим.
Қайтаётиб, дастрўмолига бир сиқим тупроқ тугиб чўнтагига солди:
— Таняга бераман, ўлсам, мозоримга сочади…
* * *
Муборак ҳаж сафаридан қайтган тоғам бир куни айтиб қолди:
— Ўзимизнинг элдан айирмасин экан. Кўрдим жаннат деб аталган гўшаларни. Қип-қизил тош, қум, бархан экан. На дов-дарахт, на гиёҳ бор. Одамлари турли даражада яшаса ҳам, негадир бир-бирларига ётсираб қарашаркан. Биздагидек меҳр-оқибат йўқ экан, жиян.
Борган кунимиз бир йигит ёнимга келиб саломлашди. Асли аждодлари туркистонлик экан. Тилини унутмабди. Кўзидаги мунг-дардни кўриб, кўнглим бузилди.
— Юртдош, мабодо сизда Ватан тупроғи топиладими? — деб сўради.
— Бор, — дедим ва халтачада олиб борган тупроқни кўрсатдим.
— Агар имкони бўлса, бир сиқим берсангиз, қанча сўрасангиз бераман, — деди шошиб.
— Юрт тупроғи сотилмайди, — дедим ва бир сиқим тупроқ бердим. Тупроқни кафтларига оҳистагина олар экан, бечора худди хазина топгандек қувониб кетди. Қайтар кунимиз ўша йигит яна мени излаб топди:
— Раҳмат, ватандош, мени оғир мушкулотдан халос этдингиз. Биласизми, ёши тўқсондан ошган бобом бор. Анчадан буён хаста эди. Бир куни ёнига чақириб, “юртимнинг тупроғидан топиб келмасанг, сендан рози эмасман”, деб айтди. Ўша сиз инъом қилган тупроқни олиб бордим. Бечора бобом уни кўзларига суртди, ўпди, сўнгра… кўксига босиб, тинчгина жон берди.
Мен йигитнинг сўзларини тинглаб, юзимга фотиҳа тортдим ва ҳеч кимни Ватан тупроғига зор этмасин, деб илтижо қилдим.
Ўролбой ҚОБИЛ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Қамаши