Ютуқлар курашларда намоён бўлади

Урганч  давлат университети талабаларига омад кулиб боқмоқда. “Бу биринчиси эмас, насиб бўлса, охиргиси ҳам бўлмайди!”  Университет иқтидорли ёшларининг  қалб шиори бу!

Олий таълим даргоҳи талабалари орасидаги  муваффақият балки юзинчи марта ғолибликдан дарак бераётгандир…   Қаердаки  спорт соҳасида мусобақа бошланса, иқтидорли  ёшларнинг ютуқларидан бутун бошли университет аҳли ҳаяжонга тушади. Ахир иқтидорли ўғил-қизлар ҳазилакам эмас – нақ  2 та олтин, 2 та  кумуш, 4 та бронза  медалига эга бўлишди.

Жорий йилнинг 11-13 февраль кунлари  Қарши шаҳрида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Универсиада-2024” спорт мусобақасининг кураш тури бўйича республика финал босқичи бўлиб ўтди.

Мазкур мусобақада Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч  давлат университети жамоаси 7 та вазн тоифасида фаол иштирок этиб, бир қатор медалларга сазовор бўлишди.

— Республикамиз миқёсида қўлга киритилган ғалабалар кўп минг сонли университетимиз  жамоасининг қалбини катта қувончга, ғурур ва ифтихорга тўлдирди, — деди филология фанлари  доктори  Дилшод Ғойибов. — Талабаларимиз эришган натижалардан шу нарса аён бўладики,  ютуқларимиз  нафақат таълим соҳасида, балки  спорт йўналишида ҳам республика ва жаҳон миқёсида намоён бўлаётгани фахрли натижалардир.

Олий таълим масканининг спорт фаолияти педагогика ва психология факультети 241-дзюдо гуруҳи талабаси Асадбек Бектурдиев  1-ўринни олиб, олтин медалга муносиб топилганлигидан  ҳаяжонланиб,  университетда спорт билан шуғулланиш учун барча етарли шароитлар яратилганлигидан мамнунлигини эътироф қилди.

— Мен ҳам  Асадбек билан битта факультетда, аммо кураш гуруҳида таълим олаяпман, — деди хурсандликдан чеҳраси табассумга тўлган Мавлуда Абдуллаева. — Биз мамлакатимизнинг энг бахтиёр ёшлариданмиз. Президентимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлардан мамнун бўлганим ҳолда шуни таъкидламоқчиманки,  ўқиш ва ўрганиш инсоннинг бир умрлик  ҳамроҳи бўлмоғи даркор. Ютуқларимда, аввало, устозларимнинг меҳнати борлигидан бахтлиман. Менга берилган олтин медаль — аввало,  устозларимники, қолаверса, университет жамоасиникидир!

Яна университет ёшларидан Асадбек Шихназаров, Моҳинур Аллаберганова 2-ўрин соҳиблари — кумуш, Динара Эгамберганова, Лайло Йўлдошевалар 3-ўринни эгаллаб, бронза медалини қўлга киритишга муяссар бўлишди.

Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − two =