Сўз сеҳри ва ижодий маҳорат

Журналист кадрлар тайёрлашда назарий билимлар ва амалиёт уйғунлиги ғоят муҳим ўрин тутади. Ярим асрча бурун биз талабалик давримиз Бегали Қосимов, Озод Шарафиддинов, Очил Тоғаев, Абдуғафур Расулов, Умарали Норматов, Санжар Содиқ, Ғайбуллоҳ ас-Салом, Нажмиддин Комилов, Ориф Саидов, Анвар Шомақсудов, Ирисали Тошалиев каби забардаст олимларнинг дарслик ва ўқув қўлланмаларини ўқиб, соҳамиз назариясини ўрганганмиз. Шу назарий билимларимизни амалиётга пайваста қилганлар етук публицист, адиб ва шоирлар бўлиб камолга етдилар.

Ҳар бир даврнинг ўз нафаси, ўзига яраша муҳити бўлади. Публицистика каби илмий-назарий асарлар ҳам доимо бойитиб боришни талаб этади. Хўш, бугун журналистика соҳаси учун қандай назарий манбалар зарур, деган савол ҳар бир назариётчини ўйлантириши даркор. Бугуннинг дарсликлари ва ўқув қўлланмаларидан қуйидаги саволларга мухтасар жавоблар ўз ифодасини топиши зарур: “Журналистиканинг назарий асослари деганда қандай дарслик ва ўқув қўлланмаларни тушунасиз? Ижод назариясини қандоқ идрок этасиз? Илк бор қўлига қалам тутган ҳаваскор ижод бўстонига қандоқ қадам қўйиши мумкин? Журналист касбини эгаллашга аҳд қилган ‎ёшлар ўқишга келгунга қадар нималарни билишлари, қандай тайёргарлик кўришлари ‎зарур? Фақат назарий билим олиш билан маҳоратли журналист бўлиб етишиш мумкинми? Ижодий маҳорат деганда нималарни тушунасиз? Ёзиш услубини қандоқ тасаввур этасиз? Бугунги ‎кунда миллий матбуотимиз олдида турган асосий вазифалар нималардан иборат? ‎Журналист этикаси, касб одоби ва бурчи, сўз масъулияти деганда нималар кўзда тутилади? Олган назарий билимларингиз амалиётга тўғри келадими?‎”

Бу каби мухтасар саволларга Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика ва ўзбек филологияси факультети журналистика кафедраси доценти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, адиб Аҳмаджон Мелибоевнинг “Журналистика сабоқлари” (“Samo nashr”, 2023), “Эркин Воҳидовнинг имзоси” (“Adabiyot”, 2023) “Асрларга татигулик умр” (Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2024), “Бадиий публицистикада ижтимоий таҳлил” (“Samo nashr”, 2025), “Журналистнинг тил бойлиги” (“Tubo nashr”, 2025) каби ўқув-амалий қўлланмалари, монография, илмий мақолалар тўпламидан мухтасар жавоблар топиш мумкин. Муаллиф, аввало, истеъдодли публицист-адиб. Ярим асрдан ошибдики, Аҳмаджон ака тинмай ижод қилиш билан бир қаторда айнан публицистика назариясига оид илмий изланишлар ҳам олиб бормоқда. Буни устознинг илмий тадқиқотлари, ўқув-амалий қўлланмаларида яққол кўриш мумкин. Атоқли адиб Ўткир Ҳошимов таъбири билан айтганда: “Роман қуввати билан қисса, қисса қуввати билан ҳикоя ёзиш керак”. Шу нуқтаи назардан таҳлил этилганда Аҳмаджон Мелибоевнинг мазкур қўлланмалари “Дарслик қуввати” билан яратилгани яққол кўриниб турибди.

“Журналистика сабоқлари” қўлланмасидан ўрин олган “Журналистика сеҳрли касб”, “Журналистика ҳақида”, “Ўқиш ва уқиш йиллари”, “Журналистиканинг ёзилмаган “қонун”лари”, “Журналистиканинг тил бойлиги”, “Журналист суриштируви”, “Эпистоляр жанр: кеча, бугун, эртага”, “Замонавий журналистика: у қандай бўлиши керак?” каби мақолаларнинг сарлавҳасиданоқ ўқувчи мавзу моҳиятини англай бошлайди.

Ёши улуғ ёзувчи-шоирларга ҳавас билан улғайганмиз. Асқад Мухтор, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов каби устозларнинг ҳар бир сўзи, ибратли ишлари биз учун катта сабоқ эди. Публицист-адиб Аҳмаджон Мелибоев узоқ йиллар ана шу устоз ёзувчи-шоирлар сафида фаолият кўрсатган. Аҳмаджон ака ўша кезлардаёқ кўрган-кечирганларини қоғозга тушириб борган! “Эркин Воҳидовнинг имзоси” тўпламидан ўрин олган мақолалар, эссе ва суҳбатларини мутолаа қилган ўқувчи атоқли шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг серқирра фаолияти, маънавий оламига ошно бўлади. Бу тўплам ижод аҳли учун ўзига хос ибрат мактаби, десак арзийди. “Менинг ишим — умрини Ватан саодати йўлига бағишлаган мутафаккир ватандошимиз ҳақидаги ҳаётнинг бугунги шиддати ёки бошқа сабаб боис, ёддан кўтарила бошлаган ҳақиқатларни адабиёт оламига энди-энди қадам қўяётган ёшларга эслатиб қўйиш, ўзим кўрган, бевосита гувоҳ бўлган воқеалар, эшитгуликлар тафсилотларини асли қандай бўлган бўлса, шундай ҳолда устознинг жонли суҳбатига илова қилишдан иборат бўлди, холос, — деб ёзади муаллиф. — Китоб Эркин Воҳидовни яқиндан билган, фусункор шеърлари, дилбар ғазалларидан баҳраманд бўлган мухлисларнинг янги-янги иловалари билан бойиб боради, деган умиддаман”.

Аҳмаджон Мелибоев ижодий изланишлари ва илмий тадқиқотларида мутафаккир ва гуманист адиб Чингиз Айтматов мавзуси алоҳида ўрин тутади. Амалий жиҳатдан эса 2017 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” экспозицияси ташкил этилиши катта воқелик бўлган. Экспозиция ташкил этилишида, алалхусус, Чингиз Айтматов ҳаёти, ижоди ва Ўзбекистон билан боғлиқ фаолиятига оид адабиётлар, фотосуратлар ва бошқа кўргазмаларни тўплашда Аҳмаджон Мелибоевнинг хизматлари алоҳида. Шу кунга қадар экспозицияни янада бойитиб бориш йўлида устоз ҳамон изланишда. Айтиш жоизки, мазкур экспозиция бўлғуси журналист ва филологларнинг ўзига хос маърифий масканига айланиб қолган.

Бу масканда ҳар йили 12 декабрда адиб Чингиз Айтматов таваллуд кунига бағишланган илмий-амалий анжуманлар, адабий кечалар ўтказилиши ўзига хос анъанага айланган. Унда атоқли қирғиз адиби, Қирғизистон Фанлар академияси академиги Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижоди, унинг ўзбек адиблари билан дўстона алоқалари, миллионлаб адабиёт ихлосмандлари севиб мутолаа қилаётган “Байдамтол соҳилларида”, “Юзма-юз”, “Жамила”, “Сарвқомат дилбарим”, “Бўтакўз”, “Биринчи муаллим”, “Момо ер”, “Сомон йўли”, “Алвидо, Гулсари”, “Оқ кема”, “Денгиз ёқалаб чопаётган олапар”, “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат”, “Кассандра тамғаси” каби асарлари ҳақида фикр алмашилади. Экспозиция раҳбари Аҳмаджон Мелибоевнинг шу буюк адиб билан учрашувлари, мулоқотлари ҳақидаги хотиралари барчада катта қизиқиш уйғотади.

Бугунги талабалар учун Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг қуйидаги фикрлари катта сабоқдир: “Айтматов ижоди бизга кўп жиҳатдан сабоқ бергулик мактабдир. Менинг учун Айтматов сабоқларидан бири қуйидагича: Чингиз оға ўзининг бениҳоя жасур истеъдоди билан ҳар қандай маҳдуд, қийин шароитда ҳам ҳақиқатни қиёмига етказиб, ўринлатиб айта билишини исботлади. Адибнинг “Алвидо, Гулсари” асарини эсланг. Асар қаҳрамони Танабойнинг ҳам, унинг содиқ йўлдоши Гулсари лақабли отнинг ҳам навқирон чоғлари жамият хизматига сарф бўлди. Бироқ улар қартайгач, назардан, эътибордан қола бошладилар. Ёзувчи мана шу фикрни мураккаб шароитда катта маҳорат билан бадиий асарга айлантирди. Бу гап бугунги кунда ҳам ўз актуаллигини, ҳаётий қимматини йўқотган эмас. Албатта, ҳар қандай буюк адибнинг ҳам ўз услуби, оҳанги бўлади. Толстойни Достоевскийдан фарқлашда доҳиёна белгиларни илғаш мумкин бўлганидек, Айтматов ижодини кузатганда ҳам фақат унга хос бўлган фазилатларни дарҳол топа оламиз. Булар — чуқур инсоний фалсафа ҳамда ғоят гўзал поэтик руҳдир”.

Аҳмаджон Мелибоев буюк адиб Чингиз Айтматов ижодий фаолиятини илмий тадқиқ этишга талабалик йилларидаёқ киришган. У 1974 йили ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаш арафасида ёзган диплом иши мавзуси: “Чингиз Айтматов — журналист” эди. Энг эътиборли жиҳати, мазкур диплом ишини Чингиз Айтматовнинг ўзи ҳам ўқиб, таҳлилий фикрларини билдирган. Ўша вақтдан то адиб ҳаётининг сўнгги кунларигача Аҳмаджон Мелибоев ул зот билан неча марта юзма-юз кўришган, мулоқот қилган. Муаллиф фикрича, ёзувчи Чингиз Айтматов халқимиз тарихи ва маданиятини, бой маънавий меросимизни яхши билади, чуқур ҳис этади, буюк алломаларимиз билан ўзбек халқи каби фахрланади. Унинг қисса ва романлари, публицистик мақолалари, долзарб маърузаларида халқимизнинг шонли тарихи, буюк аждодларимиз мероси, Самарқанд, Бухоро каби ўтмишга шоҳид шаҳарларимиз билан фахрланиш, Орол кўлининг тақдирига куюниш каби ҳолатлар кўплаб учрайди…

Турли даврлар мобайнида ёзилган “Адиб билан танишув”, “Ботир бола, кимнинг ўғлисан?”, “Тоғ ва дашт…”дан “Қулаётган тоғлар”гача”, “Айтматовшунослик илми уфқлари”, “Адиб ижодида бадиий публицистика”, “Жаҳаннам узра қарғалар фарёди”, “Давр саволлари”, “Суҳбатлар, эътирофлар”, “Фикр эркинлиги асри”, “Кремлдаги нутқ”, “Чингиз оға мактублари”, “Адиб ҳикматлари”, “Асрларга татигулик умр” сарлавҳали мақола, бадиа ва суҳбатлари “Асрларга татигулик умр” илмий-публицистик мақолалар тўпламидан ўрин олган. Уларни теран нигоҳ ила мутолаа қилган ўқувчи буюк адиб Чингиз Айтматов сабоқларидан баҳраманд бўлади. Бу битиклар Чингиз Айтматовнинг қуйидаги сўзларини ёдга солади: “Ёшлар, шуни билингларки, жамият ва адабиёт сизнинг олдингизга қўяётган бугунги вазифалар адабиётимизнинг катта авлоди олдида бир вақтлар турган вазифалардан кескин фарқ қилади. Биз бугун тарихнинг шу чоққа қадар юрилмаган йўлларидан ҳам юрмоқдамиз. Жамият, ижтимоий ҳаёт, адабиёт ўсиб, ривожланиб бормоқда. Шундай экан, сизларга катта устозларингиз босиб ўтган ижод йўлидан кўра мураккаброқ йўлларни босиб ўтишга тўғри келади. Шунинг ўзи сизларга, ҳаммамизга дахлдор масъулият. Бундан кейинги ишларимиз шу масъулиятдан келиб чиқишини англаб етмоғимиз зарур… Асар ёзиш учун қўлига қалам олган ижодкор гапни узундан-узоқ чўзмаслиги, бўлар-бўлмас воқеаларни қуруқ баён қилиш билан ўқувчининг бошини қотирмаслиги керак, деб ўйлайман. Бунинг ўрнига бугунги кун одамининг руҳий олами, ички дунёсини очиб берувчи, фалсафий ўй-фикрлар билан суғорилган, чинакам адабиёт талабларига жавоб бера оладиган, одамларнинг қоғоздаги нусхасини эмас, ҳаётдаги реал образини кўрсатадиган бақувват асарлар яратишга бел боғланглар. Бундай асарлар юксак гражданлик (фуқаролик — изоҳ бизники. Т. Э.) пафоси акс этган поэма, балким, трагедия, маиший мавзудаги драма ёки новелла бўлиши мумкин. Гап жанрда эмас. Ҳар қандай асар истеъдод билан ёзилган, ўқувчини тўлқинлантира оладиган бўлиши зарур”.

Айтиш жоизки, адиб Чингиз Айтматовнинг бугунги ёш ижодкорларга сабоқ бўладиган битиклари кўп. Жумладан, “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” асарида Соҳибқирон Амир Темурнинг Шероз шаҳрида ҳофиз Шерозий билан бўлган учрашувини ёдга олиб, улуғ ҳукмдорнинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Ўз шоирини излаб юрган подшонинг қўл остидаги халқ бахтли бўлади. Бироқ ўз ҳукмдорини излаб юрган шоирнинг халқи бахтсиздир”.

Кунда-кунора “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” экспозициясида сабоқ олаётган талабалар қирғиз адиби Чингиз Айтматов ўзбеклар диёрини ўз юртидай, одамларини туғишган оға-иниларидай қадрлаганини, Миртемир, Зулфия, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Мақсуд Қориев, Зиёд Есенбоев, Ботир Зокиров, Асил Рашидов, Анвар Жўрабоев, Париза Муҳаммаджонова ва бошқа кўплаб ижодкорларни яқин дўст билиб, улар билан умрининг охиригача қанчалик самимий мулоқотда бўлганини англаб етади. Бу — қардош халқлар ўртасида меҳр ришталарини тоабад мустаҳкамлашда адабиёт қанчалик муҳим ўрин тутишини кўрсатади.

“Бадиий публицистикада ижтимоий таҳлил” монографиясидан ўрин олган “Миллий тараққиётга эришишда ижодкорнинг ижтимоий фаоллиги”, “Бадиий публицистикада давр руҳи ва тамойиллари таҳлили”, “Публицистикада муаллифнинг маънавий-ахлоқий қарашлари”, “Бадиий публицистикада муаллиф маҳорати ва фикр уйғунлиги”, “Дунёвий янгиланиш ва ижтимоий публицистика” каби илмий-оммабоп мақолалари Аҳмаджон Мелибоевнинг матбуотдаги узоқ йиллик фаолияти, ижодий изланишлари ва кузатувлари самарасидир. Муаллиф мазкур монографиясида бадиий публицистика — жамиятда кечаётган ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий жараёнларга, дунё миқёсида юз бераётган, одамлар онг-шуурига, дунёқараши ва турмуш тарзига таъсир кўрсатаётган воқеа-ҳодисаларга тезкор ва холис муносабат билдирувчи ижодий тафаккур маҳсули эканини илмий асослаб беради. Шунингдек, бу жанр ўқувчи онгига тез таъсир кўрсатиши, бирор бир вазифа ёхуд муаммо хусусида жамоатчилик фикрини юзага келтириши, алалхусус, фикрни аниқ мақсад йўналишида ривожлантириши ҳақида ҳам теран мушоҳадали фикрлар таҳлил этилган. Муаллиф алоҳида таъкидлаганидек, публицистика ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олади ва шу боис, бадиий ижод каби бир неча (ижтимоий-сиёсий, илмий, иқтисодий, адабий-бадиий, маданий-маърифий, ҳажвий) соҳаларга бўлинади. Бу соҳалар ичида бадиий публицистика, яъни ёзувчи публицистикаси алоҳида мавқега эга.

Муаллифнинг “Журналистнинг тил бойлиги” ўқув-амалий қўлланмаси юқорида номлари қайд этилган қўлланмаларининг мантиқий давоми бўлиб, унда асосий эътибор она тилимиз муаммоларига қаратилади. “Тил — тирик, ҳаракатчан вужуд, у ҳам худди инсон каби парваришга, эътибор, меҳрга муҳтож. Бу ҳақиқатни унутадиган бўлсак, йиллар ўтиб ўзбек тилини ўрганиш курсларини бошқалар учун эмас, ўзимиз учун қайта тиклашимизга тўғри келади” дея бонг уради адиб Аҳмаджон Мелибоев. Дарҳақиқат, тил шундай бир боғки, ундаги ҳар бир ниҳол, ҳар бир ғунчанинг ўрни ва зарурати бор, борди-ю, улардан бирортаси парваришсиз қолса, боғнинг кўрки бузилади, таровати сусаяди. Бинобарин, тилимиздаги ҳар бир мақол ва матал, сўз ва ибора, ноёб айтимлар, топилма ташбеҳлар, “коса тагидаги нимкоса”лар ҳам шундай мақомга эга. Ҳикматли сўзлар, мақол ва маталлар, ривоят ва ҳикоятлар орқали биз халқимизнинг олис ўтмишига назар ташлаймиз, босиб ўтилган машаққатли йўллардан хабардор бўламиз. Шу маънода тилни бугунги кунни олис ўтмиш билан боғловчи кўприкка қиёслаш мумкин. Бу кўприк бизни эзгу амалларга, инсоний комилликка, саховатпешалик ва бағрикенгликка, ҳалол-покликка даъват этади. “Тилини асраган эл бой бўлади, уни йўқотган эл эса йўлидан адашади” деганларидек, ўзлигимизни йўқотмаслик, буюк хазинамиздан бебаҳра қолмаслик учун ҳам тилимизни асрашимиз лозим.

Ўқув-амалий қўлланмадан ўрин олган “Журналистнинг тил бойлиги”, “Гапнинг ушови”, “Айб ҳаккадами?”, “Тил, таҳрир, талқин”, “Жавобсиз саволлар”, “Сўзнинг тирик жондек ҳаёти”, “Ёғли қуртга тобингиз қалай?”, “Бир оғиз сўз билан”, “Чучмаллик”, “Бахтли тасодиф туфайли”ми?, “Қўл ёзувимиз нима бўлади?”, “Қутадғу билиг” — саодатга элтувчи билим”, “Тилингдан ўргилай, халқим”, “Тил ва тафаккур”, “Тилим менинг — жону дилим менинг” сингари илмий-оммабоп мақолаларни қунт билан мутолаа қилган ўқувчи она тилимизга эътиборсизлик қанчалик аянчли ҳолга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ўзи хулоса чиқариб олади.

Катта ҳаёт тажрибасига, бетакрор ижодий маҳорат мактабига эга бўлган устоз публицист-тадқиқотчи Аҳмаджон Мелибоевнинг китоблари ва кунда-кунора матбуотда ёритиб борилаётган мақолаларини мутолаа қилганларнинг тафаккури шунга яраша бойиб бораверади. Юқорида таҳлил этилган ўқув-амалий қўлланма, монография ва илмий мақолалар тўпламлари журналист-кадрлар тайёрлашга ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари учун муҳим назарий-амалий манбалар бўлиб хизмат қилаверади.

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ доценти, филология фанлари номзоди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + nineteen =