Муштараклик

ёки Чўлпон ва Озод Шарафиддинов ижоди ҳақида айрим қайдлар

Чўлпон ва Озод Шарафиддинов — икки давр одами. Лекин улардаги руҳий яқинлик асарларини мутолаа қилиш давомида яққол сезилиб туради. Бу уйғунлик фақатгина маърифатпарварликда эмас, балки айни мисолларда ҳам ўз аксини топган. Озод Шарафиддиновни нафақат танқидчи ва таржимон, қолаверса, буюк Чўлпоншунос десак ҳам ҳеч муболаға бўлмайди. О.Шарафиддинов бошчилигида Чўлпоннинг 3 жилдлик асарлари ва “Адабиёт надир?” тўплами тайёрланди. 2 та рисола яратди, “Чўлпонни англаш” асарини ёзди. Ўша даврларда ҳатто Чўлпоннинг номини тилга олиш таҳликали бўлган пайтда улуғ олим ана шундай жасоратли ишларни амалга оширди.

Чўлпон ҳам 1924 йилда ёзилган “500 йил” номли мақоласида биринчи бўлиб Навоийнинг 500 йиллигини ўтказиш тўғрисида фикр билан чиққан. “Мирзо Улуғбек” мақоласида тубжой халқи бундай улуғ сиймоларни етарли ардоқламаслиги тўғрисида ёзади.

Озод Шарафиддинов ҳам Чўлпон, Ҳамза, Фитратларнинг асарларини таҳлил қилар экан, бугунги “тубжой” китобхон учун асарлар мазмунини майдалаб тушунтираётгандек туйилади. Нафақат бугунги, балки ўтмишдаёқ жадидлар ижоди моҳиятини англамай, уларга беҳуда тош отган кимсаларнинг фикрлари хато эканлигини илмий жиҳатдан асослаб беради.

Мисол учун, 1967 йилда Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институтида уч жилдлик “Ўзбек совет адабиёти” босмадан чиқади. Китобнинг биринчи жилдида Чўлпоннинг миллатчилиги, совет тузумини кўролмагани ҳақида кўп марталаб гапирилади-да, кейин бир фикрни далиллашга ҳаракат қилишади. Шу мақсадда шоирнинг “Баҳорни соғиндим” деган шеъридан парча беришади:

Тала-туз

Экин-текин

Сўла бошлади.

Сарғайиб япроқ.

Бўяниб тупроқ

Ўла бошлади, ўла бошлади.

Бу парча қуйидагича шарҳланади: “У далани туз, аччиқ, заҳар деб ҳаётда фақат йўқотишни кўради”.

Озод Шарафиддинов бунга қарата қуйидагича жавоб беради: “Муаллифнинг “фош қилиш жазаваси” шу қадар жўш уриб кетганки, шеърдаги “туз” овқатга ишлатиладиган “намак” эмас, “яланглик, кенглик” деган маънода эканини хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Борингки, “туз” улар айтганидек, “намак” ҳам бўла-қолсин. Нега энди овқатга таъм киритадиган намак “аччиқ” ёхуд “заҳар”ни англатиши керак?

Иккинчидан, муаллифлар шу шеърнинг давомини ўқишга эринмасалар амин бўладиларки, шоир “ҳаётда фақат йўқолишни кўраётгани йўқ. Мана, ўша шеърнинг давоми:

Йўқ… ўлим йўқдур!

Ёлғиз бир очиб, бир сўниш бордир.

Бир ўчиб… сўниб, яна ёниш бор.

Яна баҳорлар,

Яна лолалар,

Яна сиз, ой… эркин тилаклар!”

Қолаверса, икки ижодкорнинг таржимонлик фаолиятида асар танлашдаги диди ҳам бир-бирига жуда яқин. Чўлпон ўз таржима фаолиятида Горькийнинг “Она” романи, “Егор Буличев” пьесаси, Пушкиннинг “Дубровский” ва “Борис Годунов” ва яна 25 та шеърини, Лохутийнинг “Европа сафари”ни таржима қилган. Озод Шарафиддинов ҳам фаолияти давомида жаҳонга машҳур юзлаб дурдона асарларни таржима қилган. Масалан, Аҳмад Аббоснинг “Ҳиндистон фарзанди”, Э.Казакевичнинг “Кўк дафтар”, В.Катаевнинг “Девордаги кичкина темир эшик”, “Ичак узар ҳангомалар”, А.Рибаковнинг “Арбат болалари”, Генлиннинг “Сталин ва Булгаков”, Л.Толстойнинг “Иқрорнома”си, Эфраим Савеланинг “Тўхтатинг самолётни, тушиб қоламан”, Оноре де Бальзакнинг “XIX аср француз ёзувчиларига мактуб”, Афлотун, В.Белинский, Н.Добролюбов, Ларошфуко, Ж.Ж.Руссо, О.Уайлд, Хосе Ортега, З.Фрейд, Франсуаза Саган, Ҳерман Вамбери, “Шахмат ҳангомалари”, В. Биков, П. Коэльо, Ж.Голсуорси, Кобо Абе, Ҳерман Ҳессе, Н.Гоголь, З.Бзежинский, Ю.Борген, В.Войнович, А.Моруа асарлари ва бошқалар. Улар қарийб, 150 та деб сарҳисоб қилинган бўлса-да, лекин аслида бундан ҳам кўп бўлса керак. Чунки О.Шарафиддиновнинг вафотидан сўнг ҳам бир неча таржималари “Жаҳон адабиёти”, “Тафаккур” ва “Саодат” журналларида эълон қилинган.

Бу икки ижодкорнинг ҳам энг улуғ мақсади — ўзбек китобхони ҳам дунё ўқийдиган асарлардан хабардор бўлиши кераклиги бўлган!

Чўлпонда атрофдаги ижодкорларнинг асарларига нисбатан қандайдир қониқмаслик ҳисси пайдо бўлади. Ҳамза, Сиддиқий ёхуд Авлоний асарларида, ҳатто жадидчиликнинг машҳур сиймоси Маҳмудхўжа Беҳбудий ижодида ҳам шу ҳисни туяди. Унинг айрим асарлари бундай асарларни “ўқимайман” дея зорланади ҳам. Лекин бу асло енгил фикрлилик ва шартакиликдан эмас. Чўлпон бунда, юқоридаги жадидлар фаолиятида кўпроқ ғоялар тарғиботига урғу берилиб, бадиият масалалари кейинги ўринларга тушиб қолганини назарда тутаётган эди. Озод Шарафиддинов ҳам ўзининг танқидчилик фаолиятида ҳар бир асарни виждонан танқид қилган. У ножўя камситишлар орқали ижодкорлар ва ижодга энди қадам қўяётган ниҳолларни “болталаб” ташламади. Уларни кескин танқид қилиб, ижоддан кўнглини совитмаган. Ўзининг маслаҳатлари, тўғри йўлга дастуриламалларини улашиб, ушбу ниҳолларнинг кераксиз шохларини “гулқайчи” билан кесган, холос… Ҳеч ким ижодкорга нисбатан “сиз нотўғри танқид қилгансиз” деган қаршилик билан чиқа олмаган. Ҳатто машҳур ёзувчи Саид Аҳмад китобларига фақатгина О.Шарафиддинов тақриз ёзишини хоҳлаган.

Шу ўринда, Озод Шарафиддинов Чўлпон ижоди ҳақидаги айтган муҳим бир гапни сал ўзгартириб, мунаққиднинг ўзига нисбатан қўллашни истардик: Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов бирон бошқа жанрда ижод қилмаганида ҳам, таржималарининг ўзиёқ, бизнингча, унинг номини ўзбек адабиёти тарихининг энг мўътабар ўрнига ёзиб қўйиш учун кифоя қиларди. Негаки, у яратган таржималар ўзбек халқининг маданияти ривожига катта ҳисса қўшди ва аллақачон халқимизнинг маънавий бойлигига айланиб кетди.

Дилдора ДЎСМАТОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + ten =