Бадиий публицистикада давр нафаси

2024 йил давомида мамлакатимиз марказий газеталарида ёритилган бадиий публицистик материалларга бир назар
Ҳаётимизда, жамиятимизда юз бераётган улкан воқеликлар, улуғвор бунёдкорлик ишлари республика газеталарида ҳозиржавоблик билан ёритиб борилмоқда. “Ижтимоий” деган маънони англатувчи бадиий публицистика мазмун-моҳияти юртимизда юз бераётган тарихий воқеликлар билан янада бойиб бораётгани баайни ҳақиқатдир. Фақат бу воқеликларни кўра олиш ва холис таҳлил этиш учун ижодкорнинг нигоҳи ўткир, дунёқараши кенг, фикри теран, қалами қайралган бўлмоғи зарур.
Республикамиз газеталарида 2024 йил мобайнида кўплаб сермазмун, мушоҳадаларга бой бадиий публицистикалар ёритилгани бу борадаги ўзига хос ютуғимиздир, дейишга ҳақлимиз. Муаллифлар мундарижасига эътибор берсангиз, миллатимиз етакчи зиёлилари бу борада ҳам қанчалик намуна кўрсатаётганига шоҳид бўласиз.
Бадиий асар каби ижтимоий ҳаётда воқелик бўладиган публицистикалар таҳлил этилганида “Халқ сўзи”, “Янги Ўзбекистон”, “Jadid”, “Hurriyat”, “Ishonch”, “XXI asr”, “Milliy tiklanish”, “Ўзбекистон овози”, “Адолат”, “Оила ва табиат”, “Маҳалла”, “Нуроний” ва бошқа газеталарнинг ижодий жамоалари қанчалик фаол меҳнат қилганликлари ҳам аён бўлди. Уларга яна бир бора самимий тилакларимизни изҳор этамиз.
Мамлакатимизнинг етакчи нашрларидан бири — “Халқ сўзи” газетаси 2024 йил 19 июль сонида Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигига бағишлаб ёзган “Марди майдон элларим бордир” сарлавҳали бадиасида қаҳрамон образи бадиий лавҳаларда теран акс эттирилади. Муаллиф “Сўз билан, шеър билан, ҳазил-мутойиба, ўтлиғ ва ўткир сатрлар билан ғанимларини мот қилиб, ер билан яксон этган, ҳамиша майдондан ғолиб ва музаффар чиққан” ҳазрат Ажиниёзнинг ибратли ҳаёти ҳамда ибратли фаолиятини кенг ёритади.
Шунингдек, газетанинг 26 сентябрь сонида Чустий таваллудининг 120 йиллигига Сирожиддин Саййиднинг “Эй тафаккур оламида фикри дарё дўстлар” сарлавҳали бадиасида Чустий домла билан энг яхши суҳбатдош ва гурунгдош шоирнинг асарлари — шеърлари, ғазаллари эканлиги ҳақида ғоят ибратли сўз юритилади.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али газетанинг 27 август сонида ёритилган “Васфи юз минг йил туганмас” сарлавҳали публицистикасида: “Мустақиллик, истиқлол, озодлик — буюк қисмат, толе, саодат” ҳақида сўз юритар экан, мустақиллик ҳақида гапирилса, айрим кишилар “Ўзбеклар истиқлолга осонликча эришди, қон тўкилмади, кураш бўлмади”, деган иддаосига муносиб жавоб беради. “Шу Ватан деб, жон олиб, жон берган чинакам ўғлонлар-чи, жонфидо қизлар-чи? Сирдарё билан Амударёга сиғмай тошган изтироблар-чи? Беайб, бегуноҳ берилган қурбонлар-чи? Сибиру Магаданларда саргардон бўлган азиз умрлар-чи?.. Улар ҳар биримизнинг юрагимиз туб-тубида қатланиб ётибди. Барчасини дил-дилимизда хотирга оламиз, асло унутмаймиз”.
Муаллиф юртимиз мустақилликка эришиш йўлида қанчалик муросасиз курашлар бўлганини изоҳлаб беради. “Бир вақтлар ўзбек ижодкори ўз овози икки дарё оралиғида қолиб кетганидан ўкиниб ёзган бўлса, бугун ижод майдони наинки ўша дарёлар оралиғида, балки икки қутбнинг тубига қадар кенгайган ва ўлкамизда майин шаббода янглиғ эсиб турган ижодий эркинлик эпкинлари адабиётимиз довруғини яқин келажакда, албатта, оламга ёяди” дея хулоса қилиниши ҳар бир зиёлининг дилидаги гапдир.
“Халқ сўзи” газетаси 2024 йил 11 сентябрь сонида ёритилган адиб ва шоир Ўткир Раҳматнинг “Халқ учун бахшида юрак”, 27 ноябрь сонида “Даъваткор сўз қудрати” сарлавҳали публицистикаларида бугунги куннинг энг долзарб мавзулари теран таҳлил этилади:
“Ҳар қандай мамлакат — бу фақат муайян ҳудуд ёки иқтисодиёт эмас, балки ўз орзу-умидларию хоҳиш-истакларига эга бўлган одамлардан иборат чинакам тирик организмдир, — деб ёзади муаллиф “Халқ учун бахшида юрак” сарлавҳали публицистикасида. — Шу боис давлатни бошқариш учун оқилона қарор ва стратегиялар билан бир қаторда шу мамлакат халқининг ҳаётий эҳтиёжларини чуқур англаш ҳам талаб этилади”. Бунда муаллиф аввало “Одамларга ишонч керак”лиги ҳақида сўз юритар экан, “Кўз ўнгимиздаги ўзгаришлар” ҳақида теран мушоҳада юритади.
* * *
Республикамизнинг етакчи нашрларидан яна бири ҳисобланмиш “Янги Ўзбекистон” газетаси саҳифаларида ҳам 2024 йил мобайнида ижтимоий-сиёсий ҳаётимизни ёрқин акс эттирувчи бадиий публицистикаларга кенг ўрин берилгани эътиборга моликдир.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Аҳмаджон Мелибоев газетанинг 2024 йил 20 февраль сонида ёритилган “Виртуал олам фожиалари” сарлавҳали публицистикасида изланувчан ижодкор сифатида тилга олина бошлаган Абдулкарим Ҳасан қаламига мансуб “Виртуал олам болалари” тўпламига “Виртуал олам фожиалари” дея бошқа сарлавҳа қўйгани ҳақида ёзиб, ўқувчи диққат-эътиборини ўзига тортади. “Уни ўқир эканман, “Биз — таълим-тарбия, бахтли болалик ҳақида тинимсиз бонг урадиган ёзувчи, олим, публицист, маърифат тарғиботчилари, одоб-ахлоқ мутахассислари, тарбиячилар, ота-оналар олдида нақадар масъулиятли, кечиктириб бўлмайдиган вазифа турганини ҳис қиламан, — деб ёзади муаллиф. — Бу жараёнга нечоғлиқ ҳисса қўшаётганимиз хусусида ўзимдан ўзим ҳисоб сўрайман, аммо жавобим қониқарли чиқмайди. Негаки, дунёнинг бугунги олатасир ҳолати ўзининг шафқатсиз “тамойиллари” билан наинки болаларни, катталарни ҳам тубсиз домига тортаётган, бола тарбиясига оид неча минг йиллик тажриба ва анъаналар бузилаётган, меҳнат тарбияси унутилаётган бир пайтда ёш авлод тарбияси ишига бефарқ қараш мутлақо мумкин эмас. Тарбия ишидаги бир кунлик сусткашлик бир йиллик муаммо келтириб чиқариши мумкин”.
Газетанинг 29 февраль сонида Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори, академик Азамат Зиёнинг “Буюк ўзбек йўли” рукни остидаги “Яшаб қолишимиз шарти” сарлавҳали публицистикасида “Миллий давлатчилигимизнинг 3 минг йиллик тарихи ва тажрибасидаги ўчириб бўлмайдиган ёрқин саҳифалардан бири, шубҳасиз, кенгашиб иш тутиш анъанаси” эканлиги ҳақида юритган таҳлилий фикрлари ўқувчини албатта мушоҳадага чорлайди. “Ҳуррият туйғуси ва давлатчилик бор экан, ватанпарварлик руҳи ва тарбияси масаласи, ундаги жанговарлик, юрт учун жондан кечиш мавзуси ҳеч қачон ўлмайди! Негаки, энг замонавий қуролни ҳам инсон бошқаради. Инсонни эса иродаси!” дея таъкидлайди муаллиф.
“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёровнинг “Адолат соғинчи ва уйғониш рамзи” сарлавҳали бадиаси (“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2024 йил 17 май сонида) Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкали очилиши муносабати билан ўзига хос санъат ва маданият байрамидаги ўйлар тарзида баён этилади. “Инсон — фикрат олами, шунингдек, хаёлот ва хотиралар, ширин соғинчлар исканжасида яшайдиган хилқатдир, — деб ёзади муаллиф. — Шу ўринда умуммиллат ўйлари, муштарак соғинчлар ҳақида сўз юритмоқчимиз. Улардан бири — адолат соғинчи бўлса, бошқаси — қадим замин оҳанглари билан қалбимизга, қон-қонимизга сингиб кетган вужудий ҳиссиёт бирлиги”. Бу исбот талаб этилмайдиган фикрлар аслида миллионлаб санъатсеварлар дилидаги гаплардир. Муаллиф ўзбек эстрада санъатига асос солиб, куй-қўшиқларини академик маҳорат билан куйлаган Ботир Зокировни “Арбоб ва жадид эди” дея таърифлаб, “Ботир Зокировни жадид боболаримиз сафига қўшиш учун ҳам ҳақлимиз. Унинг миллат келажаги учун қайғуриб айтган мана бу фикрини бир эслайлик: “Ўзимиз ўзлигимиз илдизини қирқсак, маданият ва санъатимнзни оёқости қилсак, ғуруримизни бемаъниларча топтасак, истеъдод бошида бюрократларча қилич яланғочлаб турсак, қачон халқ бўламиз? Қачон қад ростлаймиз? Қачон?..” дея хулоса чиқаради.
Тарих фанлари доктори, профессор Абдухалил Маврулов газетанинг 9 октябрь сонида ёритилган “Ахлоқсизлик “янги ахлоқ”ми?” сарлавҳали публицистикасида: “Яратилган минглаб назариялар, кашф этилган кашфиётлар, турли илм масканларида ўтказилган тажрибалар, ёқланган диссертациялар, уларда билдирилган фикрлар, тақдим этилган хулосалар натижа берганда ва инсонлар уларга амал қилганда ҳозир шахс тарбияси, маънавият, маданият тўғрисида бонг уриб ўтирмас эдик” дея муаммонинг асл илдизини очиб беришга ҳаракат қилади. Абдухалил Мавруловнинг “Уйғоқ фикр” рукни остида (“Янги Ўзбекистон” газетаси 28 февраль) ёритилган “Ватан нима? Ватанпарварлик-чи?!” сарлавҳали публицистикаси ҳам ана шундай долзарб мавзуга бағишланган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шарифа Салимова билан “Қабоҳат салтанатининг аччиқ тутуни” сарлавҳали (“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2024 йил 11 сентябрь) суҳбат Туркистонга маърифат олиб келишни истаган жадид аёллар матонати ҳақида. Муаллиф Мухтасар Тожимаматова суҳбатда қайд этганидек, Шарифа Салимованинг “Қабоҳат салтанати ёхуд қор қўйнида лолалар” деб номланган шеърий романида шоира ХХ асрнинг 20-30-йилларида сиёсий зулмлар қурбони бўлган бир қанча ўзбек хотин-қизларининг қисматлари ва инсоний сиймоларини ёритишни ўз олдига адабий-бадиий мақсад қилиб қўйган. Асар уч қисм, ўн уч фаслдан иборат. Фаслларнинг ҳар бирида сиёсий мустабид зулм қурбонлари — Хайриниса Мажидхонова, Марям Султонмуродова, Собира Холдорова, Тожихон Шодиева сингари турк дунёси осмонининг чин юлдузлари бўлмиш ўзбек жадид аёлларининг тақдирлари — бошларига тушган мислсиз азоб, кўргуликлари ёритилган…
* * *
Сўнгги пайтларда “Jadid” газетаси ҳам жамиятимизда ўзига хос “ҳаёт кўзгуси”га айланмоқда. Газета саҳифаларида ёритилаётган долзарб ва ғоят муҳим мавзулар ўқувчиларни маънан бойитишга хизмат қилади. Газетанинг 2024 йил 9 февраль сонида ёритилган академик, Ўзбекистон фан арбоби Абдулла Аъзамнинг “Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл…” сарлавҳали бадиий публицистикасида ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг ижодий меросида муҳим ўрин тутувчи сўзлардан бири — “наво” эканлиги, бу сўзнинг мумтоз адабиётда навобахш, навогоҳ, навозанда, навосоз, навосиз, бенаво каби ўндан зиёд ҳосилалари мунтазам қўллангани теран таҳлил этилади.
Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг “Тоза маърифат суви” сарлавҳали (“Jadid” газетаси, 2024 йил 21 июнь) бадиий публицистикасини ўзига хос адабий сабоқ сифатида мутолаа қилиш керак. Унда муаллиф “Тоза маърифат суви” миллий адабиётимизнинг мазмун доираси ва йўналишини аниқ-равшан белгилайдиган ибора эканлиги ҳақида сўз юритиб, бу борада атоқли адабиётшунос олимлар кашф этган муҳим ғояларни таҳлил этади.
Академик Оқил Салимов “Шарафли замондош” сарлавҳали (“Jadid”” газетаси, 2024 йил 8 ноябрь) публицистикасида ХХ асрда Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётида улкан ислоҳотларни амалга оширган атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидовнинг бугунги авлодлар учун ҳам ибратли жиҳатларини теран таҳлил этади.
Атоқли адиб Хайриддин Султон “Туркистон қайғуси, Туркистон дарди” сарлавҳали (“Jadid” газетаси, 2024 йил 19 январь) публицистикасида фидойи олим ва педагог Бойбўта Дўстқораев ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида атрофлича сўз юритади.
Адабиётшунос адиб Хуршид Дўстмуҳаммад “Конституциянинг даъваткор руҳи, шукуҳи” сарлавҳали (“Jadid” газетаси, 2024 йил 6 декабрь) публицистикасида жамиятда кечаётган улкан ислоҳот жараёнлари кишиларнинг руҳиятида, тафаккурида, дунёқарашида фавқулодда ўзгаришлар ясаши ғоятда жиддий масалалардан ҳисобланиши ҳақида сўз юритади. “Бугун биз тўла асос ва ишонч билан айтишимиз мумкинки, янги таҳрирдаги Конституциямиз Ватанимизнинг Бош ҳуқуқий ҳужжати сифатида фуқаролар тийнатида шахслашув жараёнини бошлаб берувчи, шахслашувдек олий инсоний мартабага — комилликка ундовчи, даъват этувчи манба вазифасини ўтамоқда”, деб ёзади муаллиф.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али “Тарихимизни теран билайлик” сарлавҳали (“Jadid” газетаси, 2024 йил 9 август) публицистикасида “Мустақиллик”, “ўзбек”, “халқ”, “тарих”, “зафарлар”… нечоғли кўнгилга руҳ бергувчи, қанотлантиргувчи пурмаъно сўзлар эканлиги ҳақида ифтихор билан сўз юритар экан, миллатимиз тарихига оид қимматли фикрларини баён этади.
* * *
Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларни кенг ёритиб боришда “Ishonch” газетасининг ўрни алоҳида эканлигини изоҳлашга ҳожат йўқ. Газета жамоаси ҳар йили энг сара публицистикаларни тўплаб, салмоқли китоб ҳолида нашр этиб бораётганини барча таҳририятларга намуна сифатида кўрсатишни истардик. “2024 йил: еттинчи китоб” деб номланган салмоқли тўпламнинг ҳажми иккита китобга тенг! 380 саҳифалик улкан китоб “Akademnashr” нашриёти томонидан бу гал 2000 нусхада чоп этилгани оддий ҳодиса эмас. Бу — газета мухлислари учун ҳам ўзига хос туҳфадир.
Таниқли сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “Уйғонаётган арслон” сарлавҳали (“Ishonch” газетаси, 2024 йил 13 август) публицистикасида бундан ўн-ўн беш йил илгари сиёсий табиати миллий айирмачилик, ўзаро адоват ва пинҳона душманликка мойил бўлган Марказий Осиё жамиятлари — минг йиллик қўшнилар ўртасидаги муносабатлар бугунга келиб, ҳайрон қоларли даражада ўзгариб кетгани таҳлил этилади.
Фармон Тошевнинг “Халқ мақоллари халқни тарбиялайди” сарлавҳали (“Ishonch” газетаси, 2024 йил 5 декабрь) публицистикасида халқ яратган мақолларда халқ, миллат руҳи акс этиши, улардаги нафақат сўзлар, ҳатто тиниш белгиларини ўзгартирсангиз ҳам мазмунига путур етиши теран таҳлил этилган. “Халқ мақолларини ўқиш, англаш орқали биз нафақат тилимизнинг нафосатини, балки миллатимиз тафаккури қудратини ҳам кўнглимизга, шууримизга жойлаймиз, — деб ёзади муаллиф. — Шундай пайтда кўнглимдан бир оғриқли савол кечади: нега биз кейинги пайтда ўзбек халқ мақолларини кенг тарғиб этмаяпмиз?”
Ҳусан Эрматовнинг “Ҳалол ҳофиз эди…” сарлавҳали (“Ishonch” газетаси, 2024 йил 30 январь) бадиасида эл суйган санъаткор Ортиқ Отажонов суратига чизгилар маҳорат билан ёритилган.
Алижон Абдураҳмоновнинг “Ўзгаришсиз ўзгараётган таълим…” сарлавҳали (“Ishonch” газетаси, 2024 йил 12 март) публицистикасида бугунги таълим муаммолари ҳақида таҳлилий фикрлар баён этилган бўлса, “Улар тик туриб жон бермасинлар” сарлавҳали (“Ishonch” газетаси, 2024 йил 23 май) публицистикасида “Кўкка тикилган мағрур дарахтлар”нинг бугунги аянчли қисмати ҳақида сўз юритилади.
* * *
Республика нашрлари орасида энг эркин фикрли “Hurriyat” газетасида 2024 йил мобайнида анча сермазмун, таҳлилий, салмоқли публицистикалар ёритилгани эътиборга моликдир.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети ўқитувчиси Нуриддин Очиловнинг “Тушларимга кирадиган хазиналар” сарлавҳали (“Hurriyat” газетаси, 2024 йил 4 январь) публицистикасида бизга кутубхона-ю китобга ташналик муҳаббати Абу Али ибн Сино, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Имом ал-Бухорий, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек сингари юзлаб буюк бобокалонларимиздан мерослиги ҳақида сўз юритилиб, бугунги ёшларни ҳам китобга ошно этиш зарурлиги ҳақида мухтасар фикрлар баён этилади.
Таниқли шоир Фармон Тошевнинг “11705-Шахсий иш” сарлавҳали (“Hurriyat” газетаси, 2024 йил 16 декабрь) публицистикасида келаси йилда туғилганининг 140 йиллиги нишонланадиган жадид бобомиз Саидризо Ализода ҳаётига оид янги маълумотлар баён этилади. “Асосий зиёлилар ўзбек тили (ўрта турк шеваси)да чиқувчи “Самарқанд” (бу Морозов рус тилида чиқарган “Самарканд” эмас) газетаси таҳририяти атрофида бирлашдилар, — деб ёзади муаллиф. — Ҳар гал газета ёпилгач, янги номлар билан чиқаверган: “Hurriyat”, “Меҳнаткашлар товуши”, “Камбағаллар ўқи” ва ҳоказо”.
Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зулфия Мўминова ижтимоий ҳаётимизда қандай фаол бўлса, долзарб мавзуларда ижод қилишда ҳам шундай намуна кўрсатмоқда. Ҳассос шоирамизнинг “Hurriyat” газетаси 2024 йил 5 сентябрь сонида ёритилган “Ўзбекистон байроғи — юксакларга муносиб”, “Нуроний” газетаси 2024 йил 11 декабрь сонида ёритилган “Уйғоқликка чорловчи қўшиқ” сарлавҳали публицистикалари ўқувчи қалбини маънан бойитишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Жабборов “Hurriyat” газетаси 2024 йил 16 январь сонида ёритилган “Паст савия сабаблари” сарлавҳали мақоласида бугунги аксарият ёшларнинг савиялари нега пасайиб бораётгани ҳақида таҳлилий фикр юритади.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Муҳтарама Улуғованинг публицистикаларини эътибор билан мутолаа қилган ўқувчи ўзи учун кўп ибратли сабоқлар олишига ишонамиз. Унинг “Уйғоқ қалблар, бирлашайлик!” сарлавҳали (“Hurriyat” газетаси, 2024 йил 3 апрель) публицистикасига “Бугун ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган ҳаёсизлик, маънавий таҳдидларга қарши чора излаб…” деб қўйилган тагсарлавҳа мазмунидан ҳам гап нима ҳақида эканлигини англаш мумкин.
Муҳтарама Улуғованинг “Аравани қуруқ олиб қочмайлик” сарлавҳали (“Hurriyat” газетаси, 2024 йил 10 июль) публицистикаси хулосасида баён этилган фикрлар, албатта, ўқувчини мушоҳадага чорлайди: “Халқ тили билан айтганда, ҳаётга, одамларга яқин бўлайлик, уларнинг ичида кўрган-билганларимизга асосланиб сўз айтайлик, “аравани қуруқ олиб қочадиган”лар тоифасидан бўлиб, эл назари-эътиборидан қолмайлик”.
Шунингдек, бугунги ёшларга Муҳтарама Улуғованинг мазкур газета 13 ноябрь сонида ёритилган “Сўз эркинлиги маданиятсизлик базми эмас!”, 21 февраль сонида “Миллий контент ҳаётимиз кўзгуси бўлсин!”, “Ҳаво — ҳаммамизнинг насибамиз”, 24 январь сонида “Зиёли зиёга ҳамиша муҳтож, лекин…”, 31 январь сонида “Ўзлигингни баланд тут, элим! Айрим хорижлик блогерларнинг постларини ўқиб…” каби долзарб мавзудаги сермазмун публицистикаларини ҳам теран нигоҳ билан мутолаа қилишларини тавсия этган бўлардик.
“Маънавий экспертиза” гуруҳи аъзолари Олим Тошбоев ва Шерзод Очиловнинг “Атти-батти, ўтта-бўтта…” ёки енгил-елпи, мазмунан ўта саёз, бачкана куй-қўшиқларнинг салбий таъсири хусусида” сарлавҳали (“Hurriyat” газетаси, 2024 йил 20 ноябрь) публицистикасида бугун телеканаллар ва ижтимоий тармоқларда айланаётган, кўз ва қулоқларимиз аллақачон кўниккан қўшиқлар мусулмон умматни қадриятларидан, демакки, ўзлигидан йироқлаштириш сиёсатига хизмат қилаётгани кескин танқид қилинади. “Бизнинг давр — “юмшоқ куч” даври. “Юмшоқ куч”нинг хавфи шундаки, миллат ўз тилида сўзлашадиганлар қўли билан ўзлигидан мосуво этилади”, деб ёзишади муаллифлар.
“Hurriyat” газетасининг 2024 йил 28 февраль сонида ёритилган ЎзФА Тарих институти кичик илмий ходими Завқибек Маҳмудовнинг “Таълим тизимидаги муаммолар илдизи қаерда?”, 11 март сонида Ҳаким Сатторийнинг “Ёруғ ҳасрат”, 3 апрель сонида “Улуғ тоғ қаршисида”, 20 июнь сонида “Бойлик қутқуси”, 7 август сонида “Биз зиёлимизми?”, 15 сентябрь сонида “Тамерлан”… қўрқинчли эмас”, 30 сентябрь сонида “Ғорда ажаб воқе дурур…”, 27 ноябрь сонида “Кўлга қўл берган қўрғон”, 29 декабрь сонида “Қор қўшиғи”, 24 январь сонида Ислом Асилбековнинг “Экология “посбон”лари нега жим?”, 22 май сонида Хонбиби Ҳиммат қизининг “Одам қўшганга совға бериладими?” сарлавҳали муаммоли мақолаларида ҳам ана шундай долзарб мавзулар ёритилгани эътиборга моликдир.
* * *
“Ma‘rifat” газетаси саҳифаларида номига яраша, асосан, маърифатга оид мақолалар, салмоқли публицистикалар ёритилаётгани ўқувчида қизиқиш уйғотади, албатта. Газетанинг 2024 йил 12 июнь сонида Ҳусан Карвонлининг “Бобурни йиғлатган қовун Андижондан келтирилганмиди?” сарлавҳали публицистиканинг биринчи жумласиёқ ўқувчини мушоҳадага чорлайди: “Ўзбек адабиёти тарихида кўп ғалати машҳур ҳодисалар бор. Мисол учун, ҳазрат Навойи тахаллуси “Навоий” эмас, асли “Навойи” эканлиги ҳақида дастлаб Ҳамид Сулаймон, сўнгра Нусратулло Жумахўжа домла кўп ёзган. Шунингдек, “Амир Темир” қачон “Темур”га, “Бобир” “Бобур”га айлангани, асли қайси тўғри эканлиги ҳам пухта ўрганишга муҳтож, — деб ёзади муаллиф. — Шундай ҳодисалардан яна бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонда пайти гўё Андижондан (Фарғонадан) келтирилган қовунни еб, Ватан соғинчи таъсирида йиғлагани ҳақидаги гап”. Муаллиф бу каби чалкаш гап-сўзларни ойдинлаштириб олиш борасида бир тўхтамга келиш зарурлиги ҳақида таҳлилий фикрларини баён этар экан, шундай хулосасини илгари суради: “Андижон, Самарқанд, Кобул, Ҳирот, Деҳли ҳудудлари, Бобур сўзлари билан айтганда, “Темурбекнинг юрти” эди. Хуллас, келтирилган қовун Андижон ё Кобулдан бўлсин, “Темурбекнинг юрти”дан эди. Хулоса шулки, асли аждоди Шаҳрисабздан бўлган, Андижонда туғилган, Самарқанд тахтига интилган, Кобулда кучли давлат тузган, Ҳиндистонни фатҳ этган буюк саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур биргина вилоят билан боғлаб, “маҳаллийлаштириш”дан жуда юксак турадиган бетакрор Шахсдир”. Бугун айнан мана шу хулоса Бобур шахси билан боғлиқ айрим чалкаш фикрларга барҳам беришда ҳам муҳим ўрин тутади.
Журналист Ҳусан Карвонлининг “Самарқандга ижод мактаби керак!” сарлавҳали (“Маърифат” газетаси, 2024 йил 7 август) публицистикасида ҳам муҳим мавзуга қўл уради. Муаллиф бугун баъзи ёшларнинг “журналист деса жаржағ телебошловчини, тирикўрим блогерни тушунадиганлар кўпайиб қолган”и ҳақида куюнчаклик билан ёзиб, бунинг ечимлари ҳақида мухтасар фикрларини баён этади.
* * *
“Оила ва табиат” ижтимоий-сиёсий газетаси саҳифаларида оила билан боғлиқ мавзулар ҳамда она табиатни асраб-авайлашга оид сермазмун публицистикалар ёритилаётган эътиборга моликдир. Газетанинг 2024 йил 21 сентябрь сонида Мадина Машрабхоннинг “Мамлакат маорифсиз худди мўрт ғиштдан қурилган уйдек бўлиб қолади”, 21 сентябрь сонида Эрпўлат Бахтнинг “Чиқинди мутасаддилари муаммо айтилган газетани чиқитга улоқтирдими?”, 31 май сонида Эркин Холмановнинг “Зарафшон миллий табиат боғи жиддий экологик ислоҳотларга муҳтож”, 29 март сонида Фазилат Соибнинг “Миллат келажаги… ва тафаккури бой берилмаслиги керак”, 12 декабрь сонида Шаҳруза Сатторованиинг “Экранларга термулиб совурилаётган умр” сарлавҳали публицистикалари мавзулари ранг-баранглиги билан ўқувчида илиқ таассурот қолдиради.
* * *
Мамлакатимизда маҳалла тизими такомиллашиб бораётган бир даврда “Маҳалла” газетаси ўзига хос “кўзгу”га айланиб бормоқда. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси, сиёсий фанлар доктори, профессор Қаҳрамон Қуронбоев “Маҳалла тизими БМТ минбарида эътироф этилди” сарлавҳали (“Маҳалла” газетаси, 2024 йил 16 ноябрь) публицистикасида маҳалла тизими асрлар давомида миллий қадриятлар, инсоний муносабатлар, орзу ва мақсадлар асоси бўлиб келгани ҳақида сўз юритар экан, бугун биз шу муҳитда яшаб, фарзандларимизни юртга қўшиш, эл корига камарбаста қилиш ниятида эканини изоҳлайди.
Қаҳрамон Қуронбоев “Маҳалла еттилиги” фаолиятига доир тавсиялар” сарлавҳали (“Маҳалла” газетаси, 2024 йил 27 июнь) публицистикасида маҳалла раислиги, бу — одамлар тақдири ва келажаги, қувонч ва ташвишларига дахлдор вазифа эканлигини таъкидлаб, улар олдидаги муҳим вазифалар ҳақида таҳлилий фикрларини баён этади.
* * *
Сиёсий партиялар нашрлари, асосан, ўз партиялари фаолиятини ёритишга ҳаракат қилмоқда. Улар орасида салмоқли ўринга эга бўлаётган “XXI asr” газетаси саҳифаларида бугуннинг энг долзарб мавзулари ҳам кенг ёритилаётгани эътиборга моликдир.
Филология фанлари номзоди Каромат Муллахўжаеванинг “Бобурнома”да яшаётган катта кўнгил изтироблари” сарлавҳали (“XXI asr” газетаси, 2024 йил 15 февраль) публицистикасида шоҳ ва шоир Бобур ҳаёти ва ижоди теран таҳлил этилади. “Дунё китобхонлари севиб ўқийдиган инглиз, немис тилларидаги “Бобур — йўлбарс”, “Фарғоналик шаҳзода”, “Тож кийган дарвеш” каби асарларда ҳам, ўзбеклар орасида шуҳрат топган “Юлдузли тунлар” романида ҳам Бобур ҳақидаги бу тасаввурлар ўзгармайди. Чунки уларнинг ҳаммаси “Бобурнома”га таяниб ёзилган. “Бобурнома” эса улкан ва ноёб манба, — деб ёзади муаллиф. — “Бобурнома”ни ўқиш — Бобурни таниш демак”.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Норқобил Жалиловнинг “Зиёрат ва зиёфат чегараси қаерда?” сарлавҳали (“XXI asr” газетаси, 2024 йил 1 февраль) публицистикасида Ҳажга, Умрага бориб келган ҳар бир юртдошимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши кераклиги ҳақида сўз юритилади. “Афсуски, ҳамма жойда ҳам шундай бўлмаяпти, — деб ёзади муаллиф. — Зиёрат баҳона ўзини кўз-кўз қилиш, манманликка берилиш каби бизга ярашмайдиган хунук ҳолатлар кўзга ташланяпти…”
Таниқли журналист Рўзимбой Ҳасаннинг “Шашмақом”дан… “Кўк жигули”гача қўшиқчилик санъати саёзлашдими ёки савиямиз?” сарлавҳали (“XXI asr” газетаси, 2024 йил 30 май) публицистикасида бир гуруҳ эл суйган санъаткорларни ибрат қилиб кўрсатган ҳолда “Ҳозир-чи? Қўшиқчи дегани ёмғирдан сўнг (фақат ёмғирдан сўнг бўлса гўргайди) пайдо бўладиган қўзиқориндек урчиган замонамизда мусиқаси тоғдан, матни боғдан келадиган қўшиқлар қулоқларимизни батанг қилмоқда. Энг ёмони, қўшиқсевар ёш авлод онгини бўлар-бўлмас, мантиқсиз, сийқа фикрлар (аслида, аксар қўшиқлардан фикрни топа олмайсиз) билан тўлдиришяпти” дея таҳлилий фикрларини баён этади.
Журналист Абдунаби Абдиевнинг “Қантар оққан кун” сарлавҳали (“XXI asr” газетаси, 2024 йил 22 февраль) бадиаси сермазмунлиги, тили равонлиги билан ўқувчи қалбига нақшланиб қолади. “Табиат қиёси йўқ мусаввир, уй ичидаги ҳарорат ва ташқаридаги совуқ ҳаво икки тарафдан ойнага таъсир қилиб, қалин қор босган арчазор тасвири ҳосил бўлган. Набирам унга синчиклаб тикилиб, баковул бўри, ясовул тулки, қоқимчи қарға, чақимчи чумчуқ сувратларини топиб олади” деб ёзади муаллиф.
Журналист Фаррух Жабборовнинг “Боболар изидан… Олтойга” сарлавҳали (“XXI asr” газетаси, 2024 йил 25 июль) йўл очеркини мутолаа қилган ўқувчи бир гуруҳ ўзбек олимлари, шоир, ёзувчи ва журналистларидан иборат илмий-ижодий экспедицияси Ўтрор, Чимкент, Тароз, Олмаота, Семей, Барнаул, Горно-Алтайск, Уст-Кан, Красноярск, Абаканда шаҳарларида кўрган-кечирганларига ошно бўлиб қолади.
* * *
Сиёсий партиялар нашрлари орасида яна бир салмоқли ўрнига эга бўлган “Адолат” газетаси саҳифаларида ҳам долзарб мавзулар кенг ёритилмоқда.
Газетанинг 2024 йил 7 июнь сонида “Адолат” СДП Марказий аппарати Ташкилий-партиявий, ахборот-таҳлил ва назорат бошқармаси етакчи мутахассиси Илҳомжон Абдуқаюм ўғлининг “Беҳаё рекламалар: ёхуд экраннинг эгаси йўқми?!”, 23 август сонида “Бола оғир юк кўтармаслиги кeрак!”, 8 ноябрь сонида “Квадробика: ахлоқий инқироз сари йўл”, 5 июль сонида Ангрен университети ректори, юридик фанлар доктори, профессор, “Адолат” СДП фаоли Комил Синдоров билан “Заковатли фарзандлар юртни жаҳонга танитади” сарлавҳали суҳбат (Камол Матёқубов суҳбатлашган), 26 апрель сонида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун муносабат билан шоирнинг рафиқаси, Муҳаммад Юсуф номидаги фонд раҳбари, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳибаси, шоира Назира ас-Салом билан “Мен бир чинор бўлсам, ўзинг ниҳолим…” сарлавҳали суҳбат (Саодат Матёқуб қизи суҳбатлашган), 19 июль сонида филология фанлари номзоди, Туркманистоннинг халқаро “Махтумқули Фироғий” медали совриндори Эргаш Очиловнинг “Миллатини оламга танитган шоир”, 19 июль сонида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Убайдулла Хўжаев: “Юртни, элни озод кўрмоқ орзуси. Эркин яшаш орзуси…” сарлавҳали публицистикалари ўқувчини мушоҳадага чорлайди.
* * *
“Ўзбекистон овози” газетаси саҳифаларида ҳам 2024 йили қатор долзарб мавзудаги публицистикалар ёритилган. Газетанинг 17 декабрь сонида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Назира Матяқубованинг “Ижтимоий давлат тамойили ҳаётга татбиқ этилмоқда”, 10 июль сонида “Қўшни келди — кўмак келди”, 13 март сонида “Маърифат йўқ жойда эзгулик ҳам бўлмайди” сарлавҳали публицистикаларида ҳам бугуннинг энг долзарб мавзулари маҳорат билан ёритилган.
* * *
“Milliy tiklanish” газетасида бадиий публицистикалар билан бир қаторда таҳлилий мақолаларга ўрин берилади. Газетанинг 2024 йил 2-сонида ёритилган Тошкент молия институти доценти Маҳфуза Юлдашеванинг “Кибер қароқчилар “ов”га чиққанда… ёхуд миллий қонунчилигимизда доксингдан ҳимояланиш кафолатланган”, 3-сонида Абдуғаффор Омонбоевнинг “Туринг, ҳазрати китоб келмоқда! Ёхуд “Номер тўйи”, Тўра Сулаймоннинг битмаётган уй-музейи ва 33 миллиардга қайта таъмирланаётган банк ҳақида ўйлар”, 48-сонида Маҳбуба Каримованинг “Ниҳоят, Тоҳир ва Зуҳранинг қабри топилди, Қоработирники ҳам…”, 48-сонида Шоҳида Эшонбобоеванинг “Заҳри қотил бу…”, 29 октябрь сонида Ҳаким Сатторийнинг “Тасодифдан ҳақиқатга”, 13 ноябрь сонида “Қор қўшиғи” сарлавҳали публицистикалари шулар жумласидандир.
* * *
Журналист ва шоир Ғайрат Шералиев “Тошкент ҳақиқати” газетасининг 2024 йил 22 июнь сонида ёритилган “Ўтмиш ва келажак чорраҳаси” сарлавҳали публицистикасида “бу заминнинг унумдор тупроғи, қут-барака ёғилган дала ва боғлари, олтин, кумуш, мис, мармар, кўмир, борингки, Менделеев даврий жадвалига киритилган барча табиий захираларга бой конлари, энг муҳими, меҳнаткаш, бағрикенг, кўпмиллатли халқи Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб” келаётгани, бугунги ва келгуси авлодлар ана шу бебаҳо бойликнинг қадрига етишлари зарурлиги ҳақида таҳлилий сўз юритади.
Фельетон ҳам бадиий публицистиканинг муҳим жанрларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда газеталарда анча-мунча танқидий мақолалар ёритилаётган бўлса-да, фельетон жанри жуда кам кўринаётгани таассуфли ҳол эди. “Тошкент ҳақиқати” газетасининг 2024 йил, 22 май сонида “Чоршанба фельетони” рукни остида ёритилган Тўхтамурод Ҳасанбоевнинг “Белка” яқинда она бўлади” сарлавҳали фельетони ана шу “бўшлиқ”ни бироз тўлдиргандек таассурот қолдиради. Мана бу сатрлар орқали асосий нишонга урилади: “Наҳотки Ангрен шаҳар ҳокимлигидагилар “Нурчи”дан колган “мерос”нинг кундан-кун нураб боришига томошабин бўлиб туришган бўлса?”
Айтиш мумкинки, мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, одамлар турмушидаги ижобий ўзгаришлар 2024 йилда чоп этилган газеталаримизда баҳоли қудрат кенг ёритиб борилди. Қатор бадиий публицистикаларда замондошларимиз сурати ва сийрати, тафаккуридаги эврилишлар ёрқин акс эттирилгани ижод аҳлининг заҳматли меҳнатлари самарасидир.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика
факультети доценти,
филология фанлари номзоди.