Беруний ва Ал-Хоразмийнинг улкан кашфиётлари

Донишманд ва олимларнинг

хулқларидан ўрнак олиш яхши

хулқларни яратади, ёмонларини

йўқотади.

Абу Райҳон Беруний

Абу Райҳон Беруний бобомизнинг ижодий фаолиятига назар ташласак, у ўзидан олдинги алломалар эришган илмий ютуқларни чуқур ўрганган, уларнинг ривожига ўз ҳиссасини қўшган ҳолда келажак авлодларга тақдим этган. Қуйида Хоразм элининг икки буюк алломаси — ал-Хоразмий ва ал-Беруний асарларидаги фикр-мулоҳазаларга эътибор қаратишни лозим топдик.

Бу алломаларнинг иккаласи ҳам Хоразм тупроғида туғилиб ўсган. Уларни 190 йиллик давр ажратиб туради. Замоннинг зайли билан бири Бағдодда, иккинчиси эса Гурганчда ва Ғазнада ижод қилиб, йирик асарлар яратиб, машҳур олимлар сифатида донг таратган.

Манбаларга кўра, Беруний ўз ватандоши Хоразмийнинг илмий мероси билан жуда қизиққан, уни ўрганиб чиққан, ўз даврига хос янги маълумотлар билан бойитган. Беруний ўз асарларида Хоразмий номини қайд этади, унинг асарлари ҳақида маълумотлар беради. Масалан, Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида Хоразмийнинг “Китоб ат-тарих” асарини тилга олган ва унинг астрономик кузатишлар олиб боргани ҳақида фикр билдиради. “Ҳиндистон” асарида ҳиндлардаги астрономик зижлар билан Хоразмий зижини қиёсий ўрганиб, илмий баҳо беради.

Аллома “Геодезия” асарида эса Хоразмийнинг астрономик фаолияти ҳақида фикр юритади. Берунийнинг ёзишича, Хоразмий ўша даврда Бағдодда олиб борилган астрономик кузатишларга раҳбарлик қилган. Беруний Хоразмий тузган астрономик жадваллар билан ҳам таниш бўлган. “Геодезия”да шаҳарларнинг географик узунликларини аниқлаш усули ва ҳиндларнинг “Синдҳинд” китобида бу масала қандай ёритилганлиги ҳақида Хоразмийнинг “Кичик Синдҳинд” асарида кенг илмий мулоҳазалар баён этилганини ҳам таъкидлаб ўтади.

Буюк олим ўз тадқиқотларида Абул Ҳасан ал-Аҳвозийнинг (ІХ аср) китобида Хоразмийнинг астрономик жадваллари тўғри таҳлил қилинмаганлигини аниқлади ва шу мавзуда асар ёзиб, унда ўз хулосаларини етарли далиллар билан исботлаб берди. “Қонуни Масъудий” асарида оддий йиллар, қуёш ва қамарий йилларини ҳисоблаш ҳақида ёзганида Хоразмий тузган “Маъмун зижи”дан ҳам мисол келтириб ўтади.

Маълумки, Ер меридиани айланасининг бир градусини дастлаб Эратосфен (милоддан аввалги 276-194 йиллар) ҳисоблаган. Берунийнинг хабар беришига кўра, Эратосфен маълумоти Гален (тахминан 131-201 йиллар; у Шарқда Жолинус ҳаким номи билан машҳур бўлган) асарида бир хил ва Клавдий Птолемей китобларида бошқача ёзилганлиги сабабли халифа Маъмун амалда яна бир бор ўлчаб чиқишни Хоразмийга буюрган. Беруний мавжуд ўлчовлар натижасидан қаноат ҳосил қилмай, Ер меридиани ёйи узунлигини шахсан ўзи ҳисоблаб чиқишга аҳд қилади. Бу ишни аввал Журжон (Гургон)да амалга оширмоқчи бўлади. Бироқ шарт-шароит бўлмагани сабабли, кейинчалик Ҳиндистонда Ер меридиани ёйи узунлигини ўлчаб ҳисоблаб чиқади ва халифа Маъмун даврида ал-Хоразмий томонидан бажарилган ўлчовлар натижасига ижобий баҳо беради.

Берунийнинг ёзишича, Хоразмий асарларида ўша давр Бағдод астрономларининг илмий фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар бўлган.

Беруний Хоразмийнинг фақатгина астрономия ёки географиягина эмас, балки математикага оид асарлари билан ҳам таниш бўлган, бу асарларни ўрганиб, ўзи ҳам шу соҳада асарлар ёзган. Бироқ Хоразмий ва Беруний географик мероси ўртасидаги боғлиқлик, асосан, уларнинг асарларида берилган шаҳарлар жадвалида кўринади. Бу жадвалларни ҳар иккала аллома ўз даври маълумотларига мослаб тузган.

Ал-Хоразмийнинг “Ернинг қиёфаси”, “Сурат ал-арз” асарида шаҳарлар иқлимларга бўлиб ёзилган, уларнинг географик узунлиги ва кенглиги градус ва минутларда кўрсатилган. Беруний тузган шаҳарлар жадвалида ҳам бу тартиб сақланган, аммо унга вилоятлар (областлар) ҳам илова қилинган. Масалан Жанпа, Апсур, Бановас, Панжёвар, Ромишер каби номлар кетига “Ҳиндистон” деб ёзиб қўйилган. Бу эса ана шу шаҳарлар Ҳиндистон мамлакатида жойлашганлигини кўрсатади.

Умуман, билод (вилоят) ларга бўлиш “Сурат ал-арз”да ҳам бор. Лекин Беруний асаридагидек шаҳарлар жадвалида эмас, балки алоҳида рўйхат тарзида берилган. Хоразмий асарида вилоятлар рўйхати дунё харитасини изоҳлаб, асосан, ғарбдан шарққа йўналишида ва иқлимлар тартибида тузилган. Хоразмийнинг вилоятлар учун ёзган координаталари ёрдамида фақат шу вилоят номининг харитадаги ўрнини белгилаш мумкин.

Хоразмий ва Беруний вилоятлар рўйхатидаги яна бир фарқ ўз даврининг таъсиридир. Хоразмийда берилган баъзи вилоятлар номи Беруний рўйхатида кўрсатилмаган. Бунинг сабаби Беруний шаҳарлар жадвалини ўз даврига мослаб тузган, ўзгаришларни ҳисобга олиб, янги маълумотлар қўшган. Жумладан, Хоразмийда шаҳарлар қаторида кўрсатилган айрим пунктлар Беруний жадвалида вилоят деб номланган. Масалан, Хоразмий рўйхатида “Хоразм шаҳри” Хоразм (вилоятининг) пойтахти сифатида келади. Дарёлар қисмида эса Хоразм шаҳри билан бир қаторда, Эли Хоразм (Хоразм эли) ҳам эслатиб ўтилган.

Демак, давр ўтиши билан ижтимоий тараққиёт жараёнида ер юзида янги маъмурий бирликлар таркиб топган, уларнинг чегараларида, номларида ўзгаришлар содир бўлган. Шу сабабдан Берунийнинг шаҳарлар жадвалида вилоятлар сони кўп, номлари ҳам аксар ҳолда янги. Масалан, маъмурадаги вилоятлар сони Хоразмий асарида 56 та, Беруний шаҳарлар жадвалида 80 та ва Улуғбек “Зижи Кўрагоний”сидаги шаҳарлар жадвалида эса 61 тадир.

Хоразмийнинг маъмурани вилоятларга ажратиши шарқ картографиясида Ерни маъмурий бирликларга ажратишнинг ўзига хос янги усули эди. Бу анъана кейинчалик Абу Райҳон Беруний томонидан ривожлантирилиб, янги поғонага кўтарилди. Иккала муаллиф шаҳарлар жадвалидаги бошқа хусусиятларни қиёслаганда ана шундай ҳолат кўзга ташланади. Масалан, Хоразмий ҳам, Беруний ҳам ўз жадвалларида шаҳарларнинг координаталарини кўрсатиш билан бир қаторда, уларга қисқача изоҳ беришган. Хоразмийда: “Қулзум, денгиз бўйида, узунлиги 56°30′, кенглиги 28°20′”. Берунийда: “Қулзум шаҳри, бу Қизил денгиз ниҳоятида бўлиб, у Суф денгизи деб машҳурдир. Узунлиги 56°30′, кенглиги 28°20′”. Демак, Беруний батафсилроқ изоҳлашга ҳаракат қилган. Бу изоҳларнинг хусусияти ҳам ҳар хил. Хоразмий ўз изоҳларини, асосан, харитадан олган ва унинг мазмуни маълум пунктнинг картадаги ўрнини белгилаб беради. Беруний, асосан, шу тамойилга амал қилган бўлса-да, қўшимча яна турли манбалардан тўплаган хабарларни ҳам келтирган. Масалан:

Хоразмийда:

ЖАННОБА — денгиз бўйида, узунлиги 77°20′, кенглиги 30°.

СИРОФ — денгиз бўйида, узунлиги 79°30′, кенглиги 29°30′.

ТИЗ — денгиз бўйида, узунлиги 82°40′, кенглиги 26°.

Берунийда:

ЖАННОБА — Форсда кемалар тўхтайдиган жой, узунлиги 77°20′, кенглиги 30°0′.

СИРОФ — Сифнинг марказий шаҳри. Сиф — Жанноба билан Нажирам орасида, узунлиги 79°30′, кенглиги 29°30′.

ТИЗ — Макроннинг марказий шаҳри, узунлиги 83°0′, кенглиги 26°15′.

Хоразмий баъзи шаҳарларга умуман изоҳ бермаган, Берунийда эса унинг изоҳи берилган. Масалан, Хоразмийда: Ал-Қайрувон, Ҳимс Бағдод, Ахсикат изоҳсиз ёзилган. Берунийда Ал-Қайрувон — Африқия марказий шаҳри, Ҳимс Финикия заминида, Бағдод — Дажланинг иккала томонида, Тинчлик шаҳри (ҳам дейилади); Ахсикат — Фарғонанинг маркази. Айрим ҳолларда эса аксинча, Хоразмий изоҳ берган, бироқ Беруний жадвалида изоҳсиз пунктлар ҳам учрайди. Масалан, Хоразмийда: “Ҳадиса шаҳар”, “Журжон — денгиз яқинида”, “Ат-Тароз — уни савдогарлар шаҳри ҳам дейишади” деб изоҳ билан ёзилган.

Беруний шаҳарлар жадвалининг афзаллик томони шундаки, Хоразмий жадвалида эслатилган номга қўшимча ана шу номнинг бошқа вариантларини ҳам келтиради. Масалан, Хоразмийда Ал-Мансура, Синдда, Тароблас, Ат-Тоиф, Ал-Ямома, Мосул ёзилган бўлса, Берунийда “Бахманво — бу Катта Мунха Мансура деб аталган”, “Илион — бу Тароблус Шомдир”, “Тоиф — қадимги исми Важж”, “Ямома — бунинг қадимги исми Жавдир”, деб изоҳланган.

Умуман, географик кенгликни ўлчаш учун қадимданоқ махсус асбоблар бўлган ва улар ёрдамида жой кенглиги анча аниқ ҳисобланган. Бундай ўлчовлар Хоразмий даврида ҳам бажарилганлигини юқорида айтиб ўтган эдик. Беруний ҳам жойларнинг географик кенгликларини кўпинча ўзи ҳисоблаб топган. Масалан, Беруний “Ҳиндистон” номли машҳур асарида ўзи олиб борган геодезик кузатишлари тўғрисида қуйидагиларни ёзади: “Лоҳур қалъасининг кенглиги 34°10′ эканини ўзим ҳисоблаб топдим. Кузатишлар натижасида мана бу жойларнинг кенгликларини аниқладим: Ғазни 33°35′, Кобул 33°47′, Гандиамир 33°55′, Дунпур 34°20′; Ламғон 34°43′, Пишавур 34°44′, Вайханд 34°30′, Жайлам 33°20′, Нандна қалъаси 32°, Сиёлкут 32°58′, Мандаккапур 31°50′, Мултон 29°40′”.

Қадимги китоблар ва зижларда ёзилган жойларнинг географик узунликлари ҳақида фикр юритганда, энг аввало, уларда кўрсатилган бошланғич меридианни аниқлаш зарур.

Биз ўз мақоламизда жаҳон цивилизацияси ривожига улкан хисса қўшган, умрбоқий асарлар яратган иккита буюк Хоразмийлар — ал-Хоразмий ва ал-Беруний асарларидаги улкан кашфиётларга эътибор қаратдик.

Асосий вазифамиз икки буюк аллома асарларини янада чуқур ўрганиш, улардан баҳра олишдан иборат.

Бахтияр РУЗМЕТОВ,

Урганч давлат университети

профессори,

иқтисодиёт фанлари доктори,

Нью-Йорк Фанлар академияси

ҳақиқий аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − five =