Чиғаноқдаги умр

Ҳар инсон — бир тилсим. Аёл — икки карра. Бугунги руҳий ҳолати барқарор, хотиржам, ўзининг қаҳрамонига айланган, қийинчиликлардан қўрқмайдиган, аввал ўзини, сўнг бошқаларни кечира олган, дўстликда садоқатни улуғлайдиган, ивирсиқ бўлиб қолишдан уяладиган беназир аёл ҳикояси шугина эмас.

Алла айтай, жоним болам,

Қулоқ солгин, алла.

 

Ширин аллам тинглаб, аста

Ухлаб қолгин, алла.

 

Юзларингга томган сувга

Ҳайрон бўлма, алла-ё.

 

Бахтимга сен катта бўлгин,

Хазон бўлма, алла.

 

Душанбедан Фарғонанинг Бувайдасига келин бўлиб тушган Зайнаб ая бор дарди, мусофирликдаги ёлғизлиги, умиди-ю оғриғини аллага тўкади. Шунданми, оилада саккиз фарзанднинг олтинчиси бўлиб дунёга келган Назира Тошпўлатованинг севиб тинглайдигани — Юнус Ражабийнинг мунгли қўшиқлари. Дунёдаги жамики ёрқин рангларни ўзиники қилган устозимнинг ёлғиз қолган кезлари оғир, ич-ичингни сўтиб, вужудингни зирқиратиб юборувчи қўшиқларни тинглашидан аввалига ажабландим. Аммо ҳайратим кўпга чўзилмай, ўзини фош этган эсселарига, кўнгил кечинмаларига кўзим тушди-ю, бир хилқатга жо қарама-қаршиликларни англагандай бўлдим. “Болалигимда онам укамнинг бешигини тебратиб алла айтса, негадир йиғлагим келарди. Чунки бу қўшиқ жуда мунгли ва ғамгин эди. Ҳали бу очуннинг сир-синоатини билмаган мурғак тасаввурим орқали шу дарднинг, кўҳна дарднинг оғирлигини илғардим ва даҳшатга тушардим. Шундай пайтларда кўнглим тўлиб: “Буви (Фарғонада она дегани), жон буви, шу ашулангизни айтманг, мен жуда қўрқиб кетяпман”, дердим”. Мурғак тасаввурга экилган уруғлар — устозимнинг қўшиқ (дунё)ни дард шаклида қабул қилишига, шоҳ асарлар оғриқдан келиб чиқишига, ҳаёти мобайнида бирор оғриқ унга бегона бўлмаслигига, ҳаммага дардкаш, “оғирингни мен олай” дейишига, шу билан бирга, дардга чидамли бўлиб ўсишига қадалган уруғ эди. Онанинг ўзи билиб-билмай дунёга ижодкорни тақдим этаётганига бир далил эди. “Ҳақиқий қўшиқ дарддан яралади, дардни куйлайди ва кўнгил дардига малҳам бўлади. У инсон қалбининг энг тубида ётган оғриқларига таъсир қилади, жунбишга келтиради. Тилига чиқара олмаган ҳисларини қўшиқ орқали идрок қилади” ёки “Қўшиқни тинглаганда жоҳил инсон ҳам унинг таъсирига тушиб, шу тобда кўнглидан кечган ҳис-туйғуларининг олдида ожиз қолади. Дийдаси юмшаб, туйғуларига бўйсунади. Ўзининг ожизлигини ҳеч бўлмаганда бир наво олдида тан олади”, деб ёзади Назира Тошпўлатова “Маърифат” газетасида чоп этилган “Боқий қўшиқ” эссесида.

Китобларини бир-бир варақлайман: “Кечинмалар ва кечирмалар”, “Йўлдаман”, “Журналистиканинг ҳуқуқий асослари”, “Журналистика психологияси”, “Журналистиканинг халқаро ҳуқуқий асослари”, “Таҳлилий журналистика”, “Медиа ҳуқуқи”, “Маърифат тарихи”… Китоблардан нафақат публицист, олима Назира Тошпўлатова, балки айрилиқ, йўқотиш азоби, ҳамдардлик, ўзганинг дардига бефарқ қараёлмасликдан яралган эсселар, Америка, Хитой, Петербург, Туркия, Ҳиндистон ва Франция йўлларида топган-туйган ҳайрат, ҳою ҳавас, ҳаяжон, хавотир, хотиралари жам бўлган сафарномалар, журналистика илмида фундаментал манбалар қаторига кириб улгурган илмий изланишлари, таҳлил-тадқиқлари ортидан мардонавор бўй чўзган Аёл ҳам чиқиб келади. Кўнгилга қайтиш, саёҳатлар, дунёни билишга кучли иштиёқ, психология, ҳуқуқ, таҳлил ва маърифат — Назира Тошпўлатова картинаси шундай намоён бўлади. Айнан ҳуқуқий журналистикани тадқиқотларининг, ёзилажак китобларининг бош мавзуси қилиб олганида ҳам маъно борга ўхшайди. Ҳуқуқ нима? Аввало, ўз қадр-қимматини билиш, вазифа ва масъулиятни англаш, яна ҳимоя…

Қалқони, илк қаҳрамони, падари Қурбон отадан тўсатдан, кутилмаганда, ҳали ўттизга ҳам кирмаган пайти эрта айрилиб қолгани, сўнгги манзилга кузатолмай чекканидаги армон, суюклиси, икки фарзандининг отаси, турмуш ўртоғидан айрилганидаги изтироб, икки буюк ҳимоячиси — икки қанотини йўқотгандаги бўшлиқдан яралди бу ҳимоя. Кўзмунчоқ қизалоғи, ҳали чилласи ҳам чиқмаган дилбанди Нигорани кўзлардан асраёлмагани, кўзларига тўймаган опасини дарддан юлиб ололмагани, зўравонлик қурбони бўлган 23 яшар жияни қошида қўл қовуштириб туришгагина ярагани, “онадан-да меҳрибон, опадан-да сирдош, сингилдан-да шўх, қувноқ…” дугонаси Гулнозни йўқотиб қўйгани, уларни ҳимоя қилолмаганидан яралди бу туйғу. Ҳаётнинг паст-баланд зарбалари, ноҳақликларидан ўзни ҳимоялаб, чиғаноқдангина нажот кутди. Дунёда ўзидан бўлак ҳимоягўйи қолмаганди… Ўтмишдаги армонлари сабабми, ҳозир атрофидаги яқинлари, шогирдларини ҳифзи ҳимоясига олган, онадек турли бало-қазолардан асрагиси, уларга отилган тошларга ўзи қалқон бўлгиси, гардларни қоқиб, пок сақлагиси келади. Йўқотишларининг кўпи ўлим билан боғлиқлиги важидандир балки, бу сўздан қаттиқ қўрқади. Ҳатто у мени йўқлаганида билмай ҳам қолай, деган нияти бор.

Феълидаги қусурларни қайсарлик, шартакилик, дилозорлик, эркакшодаликда деб билади. “Хонаси келиб қолса аяб ўтирмай, шартта юзига гапириб юбораман, дилини оғритиб қўйиб, кейин ич-этимни ейман. Феълимдан баъзан от ҳуркади. Эркак зоти-ку, бир чақирим наридан ўтади. Аёл киши сал юмшоқроқ бўлса-да”, дейди. Балки Назира Тошпўлатовани яқиндан билмаганлар ҳам шундай ўйлар. Асли буларнинг ҳаммаси йиллар мобайнида устига илинган ҳимоя либослари. Ўзини ҳаётнинг изғирин шамоллари, куйдириб жиззага айлантирувчи жазирамасидан ҳимоялай-ҳимоялай, ўша қаттиқ чиғаноқ ичига яшириниб олган чиқар. Ундан ўтиб, ичига мўраласангиз, жавҳарни кўрасиз: ёш боладек ҳуркак, боладек ҳайратга мойил, таъсирчан, кичик нарсаларга ҳам гоҳ йиғлаб, гоҳ мириқиб куладиган, кўзларини пирпиратиб, сизга табассум билан боқиб турган меҳр гадоси, ўзида дунёнинг меҳрини ичига сиғдирган қуёш… Бир қарашда кўзингизни ҳам, қалбингизни ҳам олади.

1987–1992 йилларда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетида таҳсил олди, журналист сифатида “Тошкент оқшоми”, “Маърифат” газеталарида фаолият юритди. Илмий фаолиятини Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бошлади, 2002 йилдан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетида журналистика илмидан дарс бера бошлади. 2005 йилда Бойбўта Дўстқораев илмий раҳбарлигида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Олти йилдан буён эса Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида талабаларга сабоқ бериб келмоқда.

Бугунги кунда элликдан ошиб ҳам қадди-қоматига қизлар ҳавас қилгудек, кийимларини гулини-гулига тўғрилаб, кўрган кўзни қувнатар даражада ораста кийинади. Шу ёшда ҳам гўзалликка интилган, гўзалликни севган устозимнинг ёшликдаги қиёфасини хаёлан чизаман: кўп йигитларнинг ақли шошиб қолгандир… Ҳар тонг эрта саҳардан қулоқчинларни тақиб, аудиокитоб эшитганча, спорт мажмуи томон одимлайди. Ҳар куни икки соат спорт билан шуғулланиш, севимли ўйини бадминтондан куч олиш, тонг неъмати, баракасидан тўйиниш, икки суянчиғи — ўғиллари билан мазали нонушта қилиш ва дорилфунун томон шошиш, мана, йилларки, одатга айланган. Соат ўнларга яқин журналистика (Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар) университетига, жонажон кафедрасига қадам қўяркан, хона бирдан ёришиб кетгандек бўлади. Ҳамма шогирд қизлари Назира Тошпўлатовани кутиб тургандек, қаҳва тайёрлашга ошиқишади. Кунни устози билан қаҳвахўрликдан бошлаш ҳам одат тусига кириб улгурган. Устозга бегона одам йўқ: “Болаларим, куёвим яхшими?” деган сўроқдан ўртадаги пардалар кўтарилиб, онангдек яқин ҳис қила бошлайсан. Танимаган одами, билмаган хабари йўқ: энг кичик доиралардан халқаро мавзуларгача ҳамиша улоқни илиб кетади. Суҳбатлашган сари суҳбат қургинг келаверади. Ўзи-да суҳбатдош танламайди: мавзу қизиқ бўлса ва ундан ҳикмат, янгилик олса, бас. Ота-онасидан мерос адолат, ростгўйлик хислатлари ҳар сўзи, амалида кўриниб туради. Шогирдлари ўртасида ҳам ҳамиша адолат қилгани, уларнинг ютуқларидан чин дилдан севина олгани, тан ола билгани, йўл-йўриқ, маслаҳат-тавсияларини аямагани учунми, ҳамма устозга, унинг хонасига талпинади. Йўқлаб келгувчилари кўп. Ўзи ҳам қай манзил, қай сафарга бормасин, туҳфа билан қайтади, пиширган таомидан шогирдлари, ҳамкасбларига илиниб, тугунчага тугиб келади.

Бошқа соҳаларда бўлгани каби журналистикада ҳам тор доираларда ихтисослашув бор. Кимдир фактчекинг бўйича мутахассис, яна биров публицистика, пиар, медиасаводхонлик… Назира Тошпўлатова ана шу стереотипни ўзининг мисолида бузгандек: медиа ҳуқуқи дейсизми, медиа психологиясими, таҳлилий журналистика ё публицистиками… барини бирдек сув қилиб ичган, дарсни ҳам санъат асари ёзаётгандек масъулият, импровизация, тайёргарлик, ўзига хос услуб билан ўтади. Дангасароқ, қитмирроқ талабалар ҳам Назира Тошпўлатованинг дарсига бошқача ҳушёрлик, тайёргарлик, масъулият билан келади. Илмий доиралар, семинарларда унинг савол беришидан чўчиб туришади. Яратганнинг марҳаматини қарангки, бир аёлни гўзаллик, зеҳн, илм ҳамда ижод билан ҳам сийлаган. Сабоқ берган фанларининг ҳар бирида қалам тебратган, гўзал намуналар яратган: интервью, суҳбат, таҳлилий мақола, эссе, йўл очерки… Устози Бойбўта Дўстқораев, Сайди Умировларнинг насиҳатига амал қилиб, шогирдларини ҳам шу категорияга кўра танлайди: “Журналистика факультетида таълим бераётган одам, албатта, ўзи ижод қилиши, ёзиши керак. Бўлмаса, талабаларни ишонтиролмайди”.

Устозим журналистикага оид қатор фанлардан сабоқ беришига қарамай, уларнинг ҳеч бирини камситмаган ҳолда илғаганим, энг яхши кўрган предмети — эссеистика. Унга муҳаббати боисиданми, алоҳида фан сифатида дастурга ҳам киритган, эссе ҳақидаги суҳбатларимизда кўзлари бошқача порлаб кетади. “Назира опа, сиз қалбан ижодкормисиз ёки олим?” сўрайман нигоҳидаги завқни кўриб. “Ижодкор бўлсам керак. Лекин илм ҳам ижод, аслида”, дейди.

Суҳбат суҳбатга уланади: “Ижод, бу — ҳаракат. Бирор масалада ниманидир излаш, текшириш, тажриба ўтказиш. Кўчма маънода, қониқмаслик йўлидаги саросарлик. Тўлиб турганингда ичингдагини ёзиб, енгил тортиш, сўнг ёзганингни ўқиб йиғлаш. Мени ҳайрат, ҳою ҳавас, ҳаяжон, хавотир, хотира ижодкор қилди. Ўзимга ўзим нимадир айтиш, ўзимнинг саволларимга жавоб бериш учун ёзаман. Ёзолмай қолишдан эмас, ўйлолмай, фикрлолмай қолишдан қўрқаман. Агар улар бўлмаса, ёзишнинг нима кераги бор? Назаримда, ижодкорга китобдан ва ўзидан яхши устоз бўлмайди. Уни яхши тинглайдиган, тушунадиган ҳамфикр, ҳаммаслак керак, холос. Авваллари мактуб битиб турардим. Охирги ёзган хатимга икки йил бўлибди, уни ҳам вафот этган опамга ёздим. Номи “Сенсизлик”. Ҳозир мактуб ёзмоқчи бўлганлар билан кўпроқ хаёлан гаплашаман”.

Саволдан-саволга чиғаноқ ичидаги жавҳарни кўра бошлайман:

— Тушкунликдан сизни нима чиқаради?

— Вақт, ўзни тафтиш қилиш, хатога иқрор бўлиш ва ҳаракатни янгидан бошлаш.

— Афсусингиз борми?

— Афсусланмайман. Чунки у бой берилган имконият. Ундан тўғри фойдалана олмаган бўлсам, унга ачиниш, ични ейишимга ҳожат йўқ. Ҳар бир берилган имконият муайян замон ва маконники, уни қайтариб бўлмайди. Хуллас, бўлиши керак бўлган ҳодиса, вазият, ҳолат сифатида қабул қиламан.

— Бахтингиз нимада?

— Борлигимда. Унинг маъноси оддий эмас.

— Ёлғизликдан роҳатланасизми?

— Роҳатланмайман-у, баъзан унга жуда эҳтиёж сезаман, баъзан ундан жуда қўрқаман.

— “Муқаддаслик” тушунчасига таърифингиз. Сизнинг ҳаётингизда нима муқаддас?

— Энг юксак қадриятлар муқаддасдир: эътиқод, макон, замон, инсон, муносабатлар. Аммо бу тушунча ҳамма учун бирдай мазмун касб этмайди. Моҳияти ва аҳамиятига қараб ўзгаради. Масалан, илгарилари гард юқтириб бўлмайдиган нарсанинг барчаси муқаддас эди мен учун. Ҳозир қарашларим ўзгарган. Яратганнинг борлиги ва унга иймон келтиришдан ташқари, кўп нарсанинг қадри ва аҳамияти вақт, муносабатлар ичида оддий ва табиий эканлигини англадим. Аммо ота-онам ўтгандан кейин уларнинг хотираси ҳақида кўп ўйлайман. Уларни ўз вақтида қанчалик қадрига ета олдим? Аммо ҳозир жуда қадрли. Баъзан уларни жуда кўп қўмсайман.

— Бахт ҳақидаги тасаввурингиз?

— Кимгадир нафинг тегиши, кимгадир керакли эканлигингни ҳис қилиб яшаш.

— Бахтсизлик ҳақидаги-чи?

— Ёлғизлик, ҳеч нарсага ярамай қолиш, бошқаларга малол келиш.

— Ўзингизда қандай қобилият бўлишини истардингиз?

— Мусиқа чала олиш ва расм чизиш қобилиятим бўлишини хоҳлардим. Лекин…

— Қайси ҳолатда ўзингизни камситилган ҳис этасиз?

— Мени эшитишмаса, эътибор бермаса, мен билан ҳисоблашмасалар…

— Қандай яшашни хоҳлардингиз?

— Эркин яшашни. Афсуски, бунинг иложи йўқ. Зиммамиздаги мажбуриятлар бунга изн бермайди.

— Қаерда яшашни хоҳлардингиз?

— Ҳавоси тоза, кичкинагина, одам кўп бўлмаган, денгиз бўйидаги яшил шаҳарчада. Негадир хаёлларимда шундай шаҳарчада уйим бўлишини кўп тасаввур қиламан.

— Ҳаётдаги қаҳрамонингиз ким?

— Ўзим (нокамтарлик бўлса ҳам)

— Дунёнинг сурати қандай?

— Турфа рангларда кўраман. Шунинг учун одамлар уни қандай бўлишидан қатъи назар яхши кўраверади. Ундан кеча оладиганлар саноқли. Унинг жилваларига асир бўлиб, кўп хато ва гуноҳлар қиламиз.

— Дунёга нима бера оласиз?

— Бутун ҳаётимни беряпман, ортиғига ожизман.

— Агар бугунги Сиз бўлмаганингизда, ким бўлардингиз?

— Бугунги мен бўлмаганимда, ҳеч ким бўлмасдим. Бугунги мен борманми, демак, шундай бўлардим.

— Одамлар сизни қандай хотирлашини истайсиз?

— Агар ўтганимдан кейин маҳшарда менинг гуноҳларимни енгиллаштиришга ёки жазоларимнинг оғирлашишига таъсири бўлмаса, қандай хотирлашларининг мен учун аҳамияти йўқ.

* * *

Ҳар инсон — бир тилсим. Аёл — икки карра. Бугунги руҳий ҳолати барқарор, хотиржам, ўзининг қаҳрамонига айланган, қийинчиликлардан қўрқмайдиган, аввал ўзини, сўнг бошқаларни кечира олган, дўстликда садоқатни улуғлайдиган, ивирсиқ бўлиб қолишдан уяладиган беназир аёл ҳикояси шугина эмас. Балки қолгани ўзини Жейн Эйр қаҳрамонида топган китоб саҳифаларига, қаҳва тутганча, деразадан узоқ-узоқларга тикилган нигоҳларга, севимли рассоми Айвазовскийнинг тилсиз суратларига, куч, илҳом олувчи ҳамма нарсага сочилиб кетгандир…

Ҳаётини йўл деб билган Назира Тошпўлатова ҳамон илм ва ижод йўлида. Бу йўлларда одатийликдан ноодатийликка, анъанавийликдан замонавийликка, билимдан тажрибага қараб одим ташлайди. Ҳар ишни севимли машғулотга айлантирмагунча тинмайди. Ҳеч нарсани шунчаки, қўл учида қилолмаслиги, эътибор ва меҳрини тўкис бериши оқ-қора ҳаёт йўлларига ранг беради, умрига эса мазмун. Энг кичик таржимаи ҳоли — оналик ва олимликкача бўлган йўлда ҳали не-не сир-синоатлар бор, бундан чиғаноқ ичидаги дургина хабардор. Бизнинг кўрганимиз, англаганимиз, туйганимиз шугина, холос.

Севара АЛИЖОНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 2 =