Илм дарёсининг мироблари

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева билан суҳбат
“…Асрлар мобайнида инсоният фикратининг “ақл машъали” бўлиб хизмат қилиб келаётган, дунё мамлакатларининг юраги каби ўзида ноёб китоблар, ахборот ва билимлар захирасини асраб ва сақлаб келишга хизмат қилаётган кутубхоналар инсонни оҳанрабо каби ўзига абадий чорловчи табаррук зиё масканидир…”
Кўнгилларнинг сурури илмдандир,
Кўрар кўзларнинг нури илмдандир, —
деганди улуғларимиз. Демак, бугунги суҳбатимиз яна илм хазинасининг махзани бўлган зиё масканлари, жумладан, ўзининг 155 йиллик тарихи мобайнида ноёб адабий-илмий дурдоналар захирасини кўз қорачиғидек асраётган, замонавий ахборот оламида ҳам етакчилик қилиб, ўз ўрнига эга бўлган мамлакатимиздаги энг йирик маърифат маскани — Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳақидадир. Суҳбатдошимиз ушбу даргоҳ раҳбари У.Тешабоева.
— Умидахон, аввалги суҳбатимиздан фарқли ўлароқ, кейинги йилларда ушбу тизимда қандай янгиликлар амалга оширилди?
— Мамлакатимиз раҳбарининг китоб, китобхонлик маданиятини яхшилаш тўғрисидаги мамлакат миқёсида олиб бораётган сиёсатининг ўқ томири кутубхоналар билан туташади. Зеро, болалигидан китоб мутолаасига меҳр қўйиб дунёни таниган қалб улғайгач, она Ватанининг, элининг суянч тоғи бўлади. Фикратининг шуъласи юлдузларни “тилга” киргизади. Миллат осмонидаги хуршиди анвар бўлиб, нур сочади. Ихтиролари, истеъдоди билан бани башариятни ҳайратга солади. Келажак уфқларига ташланган олтин кўприкнинг меъморига айланади. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори миллий кутубхоналар фаолияти ривожида катта бурилиш ясади: мамлакат миқёсида юридик мақомга эга, мустақил давлат муассасаси бўлган 186 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилди.
Кутубхоначилик соҳаси жамиятнинг маънавий ва маданий тараққиётида муҳим ўрин тутади. Айниқса, ҳозирги глобаллашув даврида кутубхоналар билим ва ахборот тарқатишда марказий роль ўйнайди. Улар турли ёзув манбалари, китоблар, журналлар, электрон ресурслар ва маълумот базалари орқали жамият аъзоларига билим етказади, тарихий ҳужжатлар, қўлёзмалар ва миллий маданий меросни сақлаш орқали келажак авлод учун муҳим манбаларни ҳимоя қилади. Замонавий кутубхоналар электрон каталоглар, рақамли архивлар ва интернет орқали масофавий ахборот хизмати кўрсатиш имкониятига эга, қолаверса, кутубхоначилик инсонларнинг тафаккурини бойитиб, ижтимоий ривожланишга кўмаклашади. Бепул ва кенг қамровли ахборотга эга бўлиш имконияти ҳамма учун тенг таълим олиш шароитини яратади. Охирги ўн йилликда эса кутубхоналар фақатгина китоб ўқиш жойи эмас, балки маданий тадбирлар, муаллифлар билан учрашувлар, китобхонлик клублари ва бошқа маърифий фаолиятлар маркази сифатида ҳам фаолиятни кенгайтирди. Шунингдек, кутубхоналар интернет (расмий веб-сайт, ижтимоий тармоқлар) орқали ҳам ўз хизматларини фаол амалга оширмоқда.
“Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасида Миллий кутубхона кутубхонашунослик, библиографияшунослик ва китобшунослик соҳасида илмий-тадқиқот ҳамда илмий-услубий фаолиятни амалга ошириши ва мувофиқлаштириши белгилаб қўйилган. Кутубхона мутахассислари томонидан республикамиздаги турли вазирлик ва идоралар тасарруфидаги кутубхоналар фаолияти ахборот-кутубхона соҳасининг турли йўналишлари бўйича ўрганиш, малака ошириш, мониторинг қилиш кабиларни доимий олиб боради.
— Соҳада меҳнат қилишнинг ўзига яраша масъулияти бор, шундай эмасми?
— Албатта. Миллий кутубхона тизимидаги кутубхоначилар билан кўп учрашаман, суҳбатлашаман. Бироқ мактаб кутубхоначилари билан учрашувлар ўтгазмагандик. Икки ойда юртимизнинг 9 та вилояти ҳамда Қорақалпоғистонда мактаб кутубхоначилари билан мулоқот қилдим. Биз бу амалиётни узлуксиз давом эттириш ниятидамиз. Чунки республикамизда энг катта кутубхоначилар армияси айнан мактаб кутубхоначилари ҳисобланади. Кутубхоналар фаолияти, кутубхоначининг нуфузи, ўқувчи-китобхонни китоб ва мутолаага меҳр қўйиш, билимли, комил инсон тарбиясидаги ўрни, рақамли дунёда, сунъий идрокнинг ҳаётимизга кириб келиши… Тасаввур қилинг, гўдак тасаввурга буларни жойлаш, сиғдириш учун кутубхоначининг ўзи қандай бўлиши керак, тафаккурининг сиғими-чи? Яширмайман, мактаб кутубхоначилари ҳали эшикларимизни қоқиб турган “меҳмонлар”ни (мамлакат тараққиётидаги янгиликлар, ўзгаришлар) қабул қилиб, уларни меҳмон эмас, балки тараққиёт жараёнларининг фаол аъзолари эканликларини тан олишга тайёргарликлари етарли эмас. Ўқиш, билим, таълим — кутубхоначининг келажакдаги ўрнини белгилайди.
Мактаб кутубхоналарида дарсликлар захирасидан ташқари нашрлар (бадиий, илмий-оммабоп, ижтимоий-сиёсий, маълумотнома нашрлар ва бошқалар) ҳам бўлиши керак, шарт. Тўғри, ҳозирда кутубхоналар захираларини тўлдириш анча фаоллашди, бироқ бу кутубхоначилик стандартлари, меъёрлари талаби даражасида эмас. Бугун мактаблар техник ва технологик томондан таъминланган, интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти яратилган ва бу масофадан хизмат кўрсатиш, ўқувчи-китобхон сўровини бажариши мумкин.
Кутубхоначиларга Миллий кутубхонанинг маълумотлар базалари ҳақида ва ундан фойдаланиш, соҳадаги янгиликлар, мактаб кутубхонасининг ўрни, кутубхоначининг билими ва китобхонни вояга етказиш, уйғотиш, тарбиялаш, китобхонликни янада тарғиб қилишда янгича ёндашувлар, қарашлар орқали фаолиятни олиб бориш ҳақида мулоқот қилдик. Яширмайман, кутубхоначилар (ҳаммаси ҳам эмас) ҳам ҳаракатда.
Шунингдек, Самарқанддаги учрашувда мактаб кутубхоначиси фаолиятидаги юкламалари, муаммолари, зиддиятли вазиятлар, таклифларини тинглаб, шундай хулосага келдим: кутубхоначиларни эшитиш керак, барча даражадаги раҳбарлар кутубхонанинг эҳтиёжи билан доимий танишиб, хабардор бўлиши зарур. Ўз навбатида кутубхоначи ҳам талабини асосли, ўзи тушуниб, таҳлиллар билан сўраса, албатта, натижалар бўлади. Биз барчамиз бир мақсад сари йўлдамиз, ҳаракатларимиз натижаси эса ҳар биримизнинг билим даражамиз билан ўлчанади.
Дунёда кутубхоначи касби замонавий ахборот технологиялари ва жамият эҳтиёжлари таъсирида фаол трансформация жараёнларини бошдан кечирмоқда. Рақамлаштириш ва ахборот технологияларини жорий этиш, кутубхона хизматларининг онлайн платформаларга ўтиши, кутубхоначи фақат китоб тақдим қилувчи шахс эмас, балки ахборотни саралаш, танлаш ва таҳлил қилишда маслаҳатчига айлангани, ахборот саводхонлиги (“media literacy”) ва киберхавфсизлик бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳам кутубхоначиларнинг янги йўналишига айланаётганида кўриш мумкин.
Аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш, китобхонликни тарғиб қилиш, мутолаанинг ҳар бир хонадонга кириб боришида ушбу кутубхоналарнинг ўрни беқиёс. 2025 йилдаги илк хизмат сафарларимдан бири Нукус тумани ахборот-кутубхона марказига бўлди. 2020 йили кутубхона коллеж биносида фаолият кўрсатарди. Ўша пайтда бинони абгор аҳволда кўриб, “кутубхона бекорга ташкил қилинган экан, наҳот XXI аср кутубхонаси шу кўринишга эга бўлса”, — деган изтиробли фикр билан чиқиб кетган эдим. Кеча кутубхона билан қайта танишиб, китобхонлар учун яратилган шароитларни кўриб, янги нашрлар ва газета-журналлар китобхонлар томонидан мутолаа қилинаётгани, иссиқ ва ёруғ ўқув залидаги гавжум китобхонлар кеч бўлишига, кўчада ёмғир, совуқ бўлишига қарамай, кетишга ошиқмай турганликларини кўриб шунга амин бўлдимки, КУТУБХОНАЛАР энди “кўкрагини тўлдириб нафас олмоқда”.
Очиқ бюджет имкониятларидан фойдаланиш, айниқса, Қорақалпоғистонда жуда яхши амалга оширилмоқда. Нукус тумани кутубхонаси ҳам 1 миллиард 400 миллион маблағни қўлга киритиб, у кутубхона фаолиятини яхшилаш учун йўналтирилди. Ўз касбининг фидойи кутубхоначилари эса кўзимни қувонтирди.
Миллий кутубхона тизимидаги икки юзта ахборот-кутубхона марказларининг ўтган йилги фаолияти сарҳисоб қилинганда, кутубхоналарда китоб хариди учун маблағлар ажратилиши ошган. Кўкдала, Қоровулбозор, Марҳамат туман ахборот-кутубхона марказлари учун бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Фарғона вилоят ахборот-кутубхона маркази тўлиқ қайта таъмирланди. Навоий вилоят ахборот-кутубхона маркази учун янги бино қурилиши бошланди. Миллий кутубхонага йил давомида 35 мингдан зиёд китобхон аъзо бўлди. Жорий йилнинг январь ойидан Президент қарори билан ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари ойлик маошлари оширилди. Кутубхона мутахассислари Дубай, Қозоғистон, Россия, Беларусь, Арманистон, Туркия, Озарбайжон, АҚШ, Франция давлатларида хизмат сафарларида бўлиб, конференция, семинар, ўқув-курслари, кўргазма, конгресс иштирокчилари сифатида қатнашдилар.
— Янглишмасам, ўтган йили сиз республикамизнинг деярли ҳамма вилоятларида хизмат сафарида бўлдингиз. Вилоятларда аҳоли ўртасида китобхонлик даражаси ошганлиги қандай ҳолатларда кўпроқ кўзга ташланмоқда?
— Сурхондарё вилоятига бўлган хизмат сафаримиз Жарқўрғон тумани ахборот-кутубхона маркази орқали ўтди. Марказ биноси эътиборталаб бўлишига қарамай, китобхонлари кўплигини кўриб, ҳайратга тушдик, қувондик. Ваҳоланки, соат кечки беш бўлишига қарамай, болажонлар китоб ўқиб ўтиришарди! Ўқишяпти, кўргазмали чиқиш эмас! “Хона иссиқ, бироқ ёруғлик талаб даражасида эмас, шу боис ёши улуғ китобхонларимиз кунлар узайса қайтамиз, деб китобларни уйга олиб кетиб ўқишяпти”, — деди кутубхона раҳбари. Кутубхонага жон берадиган, ҳаёт ато этадиган ўзи — китобхон ва кутубхоначининг меҳнатидир.
Қашқадарёнинг Касби туманида бўлганимда эса ёш, шижоати, билими, дунёқараши ва ватанпарварлиги билан ўнта йигитга татигулик Темурбек Поёнов билан танишдим. Темурбек бутун умрини илмга, зиё тарқатишга бахшида қилган, ўзбек халқининг фахри ҳисобланган адабиётшунос олим Поён Равшановнинг набиралари экан. Уч соат давом этган суҳбатимиз мобайнида мен Темурбек тимсолида Янги Ўзбекистон нафасларида, эпкинларида гуркираб турган келажак авлод қалбининг ёлқинларини кўрдим. Бобоси Поён Равшанов ташкил қилган уй кутубхонаси ҳақида юраги тўлиб, жўшиб гапирганида, кўҳна тарихнинг қутлуғ нафасларини сездим. Юртдошимиз Шербек Ёрбобоевнинг эса икки йил аввал ўз кутубхонасини шакллантира бошлаганини, бобоси китоб мутолаасига ошно қилганларини, ҳар ойлик маошидан 200-300 минг ажратиб китоб харид қилишини, китоблари учун махсус муҳр ҳам тайёрлатганини, уларни асраб-авайлашини, баҳоли қудрат зиё улашишдек умуммиллий савоб ишга ҳиссаси қўшилаётганидан хурсандлигини айтганида, оққан дарё яна оқаверишини, улуғ аждодларимиз илми яна ўзимизга қайтаётганидан қалбим фахрга тўлди. Мактаб ўқувчиларининг китобни ўқишга бўлган эҳтиёжи уларнинг бурро-бурро жавобларида, китобни танлаб ўқишида, хорижий тилларни ўрганиб, дунё адабиётини аслиятда ўқишларида намоён бўлмоқда.
— “Юрган — дарё”, деганларидек, сиз яқинда хориж сафаридан қайтдингиз. Таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз…
— Бажонидил. Мен Дубайнинг энг машҳур ва “визит картаси” ҳисобланган Бурж Халифа осмонўпар биноси, дунёдаги энг баланд ва шу билан бирга муҳандислик санъати қаршисида туриб, “Келажак музейи”да бўлиб, КУТУБХОНАЧИ деган касбим борлигидан миннатдор бўлдим. Сунъий идрок бўлса бўлаверсин, яшайверсин, чунки уни ҳам Инсон яратган! Бурж Халифанинг баландлиги 823 метр бўлиб, 2010 йили очилган. Бутун дунёдан сайёҳлар ушбу архитектура мўъжизасини кўриш учун келади. Бинода иккита кўриш учун майдон бўлиб, 148-қаватда ва 555 метр баландликда жойлашган. Юрак ютиб, кўриш майдончасига чиқаман деб бордим-у, кўз олдимдан онам, болаларим, Гулгунам, кутубхонам ўта бошлади ва кейинги сафарга қолдирдим, қушлар парвозига халақит бергим келмади! “Келажак музейи” ҳақида айтиш мумкинки, дунёдаги энг замонавий ва машҳур ушбу жой сизни инсоният тараққиётининг улкан истиқболлари билан таништириш учун яратилган. Музей дунёни яхши томонга ўзгартира оладиган энг янги технологиялар ва ихтироларни, инсониятнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган замонавий тадқиқотлар ва инновацияларни дунёга тақдим этиш мақсадида ташкил этилган. Бир неча даражаларда жойлашган, бир нечта мавзули майдонларга бўлинган музей сизга 2072 йилга саёҳат қилиш имконини беради.
Барчани ўзига жалб қиладигани эса — музей биноси! Шиша бинонинг бутун юзаси араб хаттотлиги ёрдамида ўймакорлик билан безатилган. Унда Дубай ҳукмдори Муҳаммад бин Рашид Ал-Мактум шеърларидан парчалар келтирилган бўлиб, шулардан бирида: “Биз юз йиллаб яшамаслигимиз мумкин, бироқ ижодимиз маҳсуллари биздан кейин ҳам узоқ вақт давомида мерос бўлиши аниқ”, — деб иқтибос келтирилган.
Муҳаммад бин Рашид кутубхонаси эса мамлакатнинг бебаҳо маданий бойлигидир.
Лавҳ устида очиқ китоб кўринишидаги ушбу бино ҳайратомуз қурилган. Кутубхона 2022 йил ишга тушган, 6 йил қурилиш ишлари давом этган, 1 миллиард дирҳам (тахминан 273 млн доллар) маблағ сарфланган, 1,1 миллиондан зиёд босма ва рақамли араб ҳамда хорижий нашрлар билан китобхонга хизмат қилади. Шунингдек, 35 мингта газета, 73 минг мусиқа партитуралари, 75 минг видеоконтент, 5 минг тарихий босма ва рақамли журналлар, 6 миллион диссертациялар репринти фондни ташкил қилади. Биринчи қаватда жойлашган Болалар бўлими мени ҳайратга солган биринчи бекат бўлди. Бўлимда бошқа кутубхоналар каби болажонлар учун мўлжалланган махсус мебеллар, болалар нашрлари, журналлар, аудионашрлар, ақлни ривожлантириш учун турли ўйинлар, компьютерлар билан таъминланган.
Яна бири эса кичкина робот болакай, яъни инсон кўринишидаги роботнинг китобхонларга хизмат кўрсатиши. Робот сунъий идрок ёрдамида болалар билан мулоқот қила олади. Аутизм касаллиги билан бемор бўлган шахслар, ҳаракатида нуқсони бор, кўзи ожиз инсонлар учун ҳам махсус майдонлар (зона) ажратилган. Китобхонлар якка ва гуруҳли тартибда ишлашлари учун 10 га яқин аудиториялар мавжуд. Техника воситалари билан тўлиқ таъминланган. Умуман олганда, ҳар бир бўлим араб миллатининг машҳур инсонлари иқтибослари билан бошланади. Музейда замонавий технологиялардан ҳам кенг фойдаланилган, сунъий идрок, интерфаол панеллар, киосклар. Бироқ экспонатларнинг 90 фоизи китоб, журнал, газета, фото ва архив ҳужжатларининг факсимил ва асл нусхаларидан ташкил топган бўлиб, 1884 йилдан ҳозирги кунга қадар илм-маърифат билан йўғрилган бой тарих саҳифаларига матбуот нашрлари орқали саёҳат қилиш имконини беради.
— 2024 йил 3 апрель куни Янги Тошкент шаҳридаги илк қурилиши режалаштирилган иншоотлар тақдимотига бағишланган тадбирда Президентимиз Миллий кутубхона янги биносининг қурилиши, бу каби лойиҳалар қурилиши илм ва таълим масканларидан бошланаётгани бежизга эмаслигини, булар маърифатли жамият барпо этишда ғоямизнинг асоси ва намунаси бўлади, деб таъкидлаган эди…
— Янги Тошкент шаҳри қурилишида биринчилар қаторида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси биносининг қурилиши мамлакат миқёсидаги улкан воқеадир. Кутубхона лойиҳага кўра тўрт қаватдан иборат бўлиб, миллий дизайнга эга бўлади. Жами 30 минг квадрат метр майдонга эга ушбу муҳташам бинода бир пайтнинг ўзида 1,5 мингдан зиёд китобхонни қабул қилиш сиғимига эга бўлиб, уларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, шунингдек, замонавий кутубхоначилик соҳасида қўлланилаётган энг янги технологик парк, трансформацион ўқув заллари, коворкинг марказлари, 300 ўринли кафетерийларда хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. Янги бинода кутубхона фондида адабиётларни муносиб сақлаш, хатловдан ўтказиш, хавфсизлигини таъминлаш, стерилизация қилиш, реставрация ва консервация жараёнларини амалга оширишга мўлжалланган махсус асбоб-ускуналар ўрнатилади.
Давлатимиз раҳбари ўтган йил охирида Янги Тошкент шаҳри лойиҳаси қурилишини кўздан кечириш давомида Миллий кутубхона учун қурилаётган янги бинони бориб кўрдилар. “Мен аввал айтганимдек, бизнинг икки ўқ томиримиз, икки таянч устунимиз бор: бири иқтисодиёт бўлса, бири маънавиятдир. Маънавий буюк халқ — иқтисодий томондан ҳам буюк бўлади. Шунинг учун янги шаҳримиз қурилишини маърифат масканларидан бошлаяпмиз. Булар юз йилга татигулик маънавият, маърифат, илм ўчоғи бўлиши керак”, — деди Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев. Бундай эътироф, меҳрдан хурсанд бўлмай бўладими?
2025 йил 11-12 февраль кунлари бино қурилиши лойиҳаси бўйича туркиялик ҳамкорлар билан учрашдик. Қурилиш майдонига ташриф буюрган ҳамкорларимиз томонидан қурилиш жараёнлари жадал кетаётгани эътироф этилди. Шу билан бирга, кутубхона фаолиятини тўлиқ автоматлаштириш, “ақлли кутубхона” концепцияси устида фикрлашиб олдик.
Асрлар мобайнида инсоният фикратининг “ақл машъали” бўлиб хизмат қилиб келаётган, дунё мамлакатларининг юраги каби ўзида ноёб китоблар, ахборот ва билимлар захирасини асраб ва сақлаб келишга хизмат қилаётган кутубхоналар инсонни оҳанрабо каби ўзига абадий чорловчи табаррук зиё масканидир. Бани башарият унга ўзида ҳамиша муҳтожлик сезади ва ундан айро тушмайди. Янги Ўзбекистонимизда қурилаётган янги Миллий кутубхона биноси эса ташкил бўлганига 155 йил тўлаётган Миллий кутубхона тарихи саҳифаларидаги янги зарварақдир.
— Самимий суҳбатингиз учун ташаккур!
Суҳбатдош: Шарифа САЛИМОВА.