Қутлуғ пойқадам

Уч байрамни бағрига олган ой

Мартни баҳорнинг дастлабки ойи, яшариш ва яратиш мавсуми сифатида биламиз. Унинг яна бир хусусияти бор. Ўзбекистонимизда ҳар йили 9 та умумхалқ байрами дам олиш куни  сифатида кенг нишонланади. Шунинг 2 таси – Халқаро хотин-қизлар байрами ва Наврўз айнан март ойига тўғри келади.

Аммо бу йил  муқаддас Рамазони шариф ҳам айнан мартнинг биринчи кунидан бошланди. Ойнинг охирги куни эса Рамазон ҳайити —умумхалқ байрами.

Рости, уч умумхалқ байрамини ўз бағрига олган ойни энди кўришимиз. Бу улуғ инъом, ёруғ муждалар муборак бўлсин!

Янгилик

Шу йилнинг 21 февралида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025 йил Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ПҚ–68-сон қарори қабул қилинди.

Унга 1-илова тарзида тасдиқланган “2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамининг  ғоявий-бадиий концепцияси”да, жумладан,  Наврўз фасли – март ойида халқимизнинг улуғ намояндалари бўлган машҳур сиймолар таваллуд айёмларини байрам шодиёналари билан ҳамоҳанг ҳолда ўтказиш белгиланиб, бунинг тарбиявий нуқтаи назардан катта таъсир кучига эга бўлиши алоҳида таъкидланган.

Биз ҳар йили оммавий ахборот воситаларида, турли маънавий-маърифий тадбирларда дунёвий руҳда фаолият олиб борган не-не буюкларимиз туғилган кунларини нишонлаб келамиз. Лекин ҳаётини диний-тасаввуфий йўналишдаги фаолиятга бағишлаган табаррук зотларимиз юбилейларини ўтказамиз-у, уларнинг таваллуд топган кунига у қадар эътибор қаратмас эдик.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори ана шу кемтиклигимизга барҳам берди. Чунки қарорнинг юқорида тилга олинган  1-иловасида Зулфияхоним (1 март), Озод Шарафиддинов (1 март), Ҳожи Муин (15 март), Абдулла Орипов (21 март), Мирзо Улуғбек (22 март), Шукур Холмирзаев (24 март) сингари дунёвий шоиру адибу алломаларимиз қатори, тарихимизда биринчи марта Маҳмуд Замахшарий (19 март), Алихонтўра Соғуний (21 март) ва Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (24 март) каби диний-тасаввуфий йўналишда фаолият олиб борган боболаримиз таваллуд кунларини Наврўз байрамига ҳамоҳанг тарзда кенг нишонлаш белгиланди.

Бу – эзгу анъананинг бошланиши.

Ишончимиз комилки, ҳар йили шундай бўлади, иншооллоҳ!

Ёруғ муждалар

Янги Ўзбекистонимиз учун баҳорнинг пойқадами қутлуғ келди. Бунга ҳаммамиз гувоҳмиз. Буни дунё аҳли ҳам кўриб-билиб турибди.

11 – 13 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи билан Франция Республикасида бўлиши Евроосиё материгининггина эмас, бутун жаҳоннинг энг муҳим сиёсий воқеаларидан бири бўлди, десак, хато бўлмаса керак. Чунки Ўзбекистон ва Франция дипломатик муносабатларининг стратегик шериклик даражасига кўтарилгани, Ғарбий Европа билан Марказий Осиё ўртасида ўзига хос бир дўстлик кўприги барпо этилгани ҳозирги мураккаб замонда жаҳон сиёсий саҳнасидаги муҳим қадам янглиғ баҳоланди.

Франция – бугун Европанинг энг ривожланган, дунёдаги кучли еттилик ва катта йигирматаликка кирган давлатлардан бири. У билан Марказий Осиёнинг Ўзбекистондек дадил тараққиёт босқичига кирган давлати ўртасидаги икки тарафлама бирдай манфаатли ҳамкорлик келажакда кўп-кўп соҳаларда катта маҳсуллар бериши кутиляпти.

Энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франциянинг олий мукофоти – “Фахрий легион” ордени  билан тақдирлангани бутун мамлакатимиз халқига байрамона кайфият бахш этди.

Бу, аввало, Президентимиз олиб бораётган оқилона сиёсатни, икки давлат ўртасидаги муносабатларни юксак даражага кўтаришга қўшган улкан ҳиссасини муносиб баҳолаш, қолаверса, бутун Ўзбекистонимиз ва унинг халқига алоҳида ҳурмат-эҳтиром рамзи ҳисобланади.

Моҳият

Ҳар қандай байрам замирида мақсад-муддао, бошқача айтганда, муайян мафкура ётади.

Шу маънода Наврўз – табиат байрами. У инсоннинг она заминга меҳр-муҳаббати, ҳаётга завқи, қалбан шукронасини тантана қилиш ҳисобланади.

Бобо Шарқимизда йил ҳам, баҳор ҳам Наврўздан бошланган. Амалда Наврўздан далада деҳқончилик ишлари авж олади. Қуёш қиздиради. Ер етилади. Дарахтлар гуллайди. Деҳқон ерга уруғ қадайди. Боғбон кўчат экади. Ризқ-рўз етиштириш ишлари авж олади.

Бу йил баҳор шиддат билан кириб келди. Ҳаш-паш дегунча дарахтлар гулдан салла ўради. Олам яшиллик либосига бурканди. Қиши билан димиқиб кетган кўнгиллар чандон  яйради.

Буларнинг бари инсонга завқ-шавқ, иштиёқ, илҳом бағишлайди, куч-қувват беради.

Наврўз бундан тўрт минг йил бурун ҳам аждодларимизни худди шундай қувонтирган, уларни яшаш, яшариш ва яратишга ундаган.

Шарқона Янги йилимиз қутлуғ келсин!

Султонмурод ОЛИМ,

филология фанлари доктори,

Тошкент амалий фанлар

университети профессори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − 12 =