Тарих янгиланмоқда

Маълумки, мамлакатимизда бугунги кунда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган. Зеро, жисмоний тарбия ва спорт аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзи ҳамда соғлом муҳитни қарор топтириш имконини беради.

Шу билан бирга, спорт юксак маданият, ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутиб, спортда эришилган ютуқлар мамлакатни дунёга танитади, барча юртдошларга ғурур-ифтихор бағишлайди. Мана шундай жиҳатларни инобатга олган ҳолда сўнгги йилларда аҳолининг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, айниқса, турли спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкил этишга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистонда қишки спорт турлари фаол ривожланмоқда. Бу эса мазкур йўналишнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани ва тизимли дастурларнинг амалга оширилиши туфайлидир. Агар қишки спортнинг юртимизда ривожланиш тарихига назар соладиган бўлсак, 2020 йилда қишки спорт турларини оммалаштириш ва спортчиларни халқаро мусобақаларга, жумладан, 2021 йилги қишки Осиё ўйинлари ва 2022 йилдаги XXIV қишки Олимпия ўйинларига тайёрлашга қаратилган “Ўзбекистонда қишки спорт турларини 2020-2023 йилларда ривожлантириш дастури” тасдиқланди. Мазкур дастур доирасида мамлакатимиз ҳудудларида фигурали учиш, хоккей, шорт-трек каби спорт турларини ривожлантиришга хизмат қилаётган ёпиқ муз майдончалари қурилиши бошланди.

Шунингдек, Қишки спорт турлари ассоциацияси, Хоккей федерацияси, касб-ҳунар клублари ва хусусий мактабларга солиқ ва божхона имтиёзлари берилди. Бу эса уларнинг фаолиятини рағбатлантириш, спорт инфратузилмасига сармоя жалб этиш имконини бермоқда.

Яна бир амалий ишлардан бири — 2026 йилда Италияда бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш доирасида спортчиларни комплекс тайёрлаш дастури тасдиқланди. Ушбу дастурнинг асосий вазифалари этиб, зарур инфратузилмани яратиш, спорт ва таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, ҳудудларни қишки спортнинг айрим турларига ихтисослаштириш ва терма жамоаларни шакллантириш белгиланди. Шунингдек, 2019 йилда Тошкент вилоятида очилган Амирсой тоғ-чанғи курорти ҳам муҳим лойиҳалардан бири бўлди. Бу замонавий курорт бўлиб, умумий узунлиги 22 км бўлган 13 та чанғи югуриш йўлагини ташкил этади. Келгусида мазкур йўлаклар сонини 28 тагача кенгайтириш режалаштирилган. Бугунги кунда эса Амирсой чанғи спортини ривожлантиришга кўмаклашиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб қилмоқда.

Шу ўринда, 2025 йил февраль ойида спортчиларимиз Харбин шаҳрида бўлиб ўтган IX қишки Осиё ўйинларида муносиб иштирок этиб, юқори тайёргарликни намойиш этиб, 26 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон делегацияси қишки Осиё ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди.

Энг қувонарли жиҳати, бу олтин медаль Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабалари, фигурали учиш бўйича терма жамоамиз аъзолари Дмитрий Чигирей ҳамда Екатерина Гейниш жуфтлиги томонидан қўлга киритилганлиги университетнинг бугунги кунда қишки спорт турлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаётганидан далолатдир. Эътиборлиси, бундан 26 йил олдин қишки спорт бўйича Ўзбекистонга илк медални 1994 йил Норвегиянинг Лиллихаммер шаҳрида бўлиб ўтган қишки Олимпиадада Лина Черязова фристайл спорт туридан тақдим этган эди. Айтиш жоизки, Лина Черязова ҳам Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг собиқ талабаси ҳисобланади.

Шунингдек, жорий йилнинг 1-2 март кунлари Хитойнинг Жиансу провинцияси қишки спорт турлари ассоциацияси томонидан тоғ чанғиси ва сноуборд спорт турлари бўйича бўлиб ўтган халқаро мусобақада университет талабалари умумий ҳисобда 2 та олтин ҳамда 1 та бронза медалларига эга чиқиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи бўлишди.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, университетимизнинг мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи асосларини шакллантириш, кенг аҳоли қатлами орасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини таъминлашда ва энг муҳими, малакали кадрларни тайёрлашда, давлатимизнинг дунё спорт ареналаридаги нуфузини янада оширишда алоҳида ўрни бор.

Қишки йўналишдаги комплекс ёндашув, жумладан, инфратузилмани ривожлантириш, спорт ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ва спортчиларни тайёрлаш Ўзбекистонда қишки спорт турларини фаол ривожлантиришга хизмат қилиб, ўзининг илк натижаларини бера бошлади. Бу эса ўз навбатида мамлакатимиз спортчиларининг ушбу йўналишда ҳам энг кучли жамоалар сифатида эътироф этилишига сабаб бўлмоқда.

Султон ДАВЛЕТМУРОДОВ,

Ўзбекистон давлат жисмоний

тарбия ва спорт университети

Қишки ва мураккаб-техник

спорт турлари кафедраси мудири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + 11 =