“Бу кунларни отам кўрмади…”

Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 33 йиллиги муносабати билан “Шуҳрат” медалига лойиқ кўрилганлар орасида Зарипов Маратжон Ризаевич номини ўқир эканман, негадир айни шу инсон эътиборимни тортди. Қайси округда хизмат қилаётган экан ва миллати нима? Йўқ, асло миллатчилик юзасидан эмас, исми ва отасининг исми ўзбекча, аммо ўзининг исми…

Ҳа, исмлар борасида гапирилганда халқимиз орасида “Исми жисмига мос экан” деган ибора ҳам тез-тез қулоғимизга чалинади. Ҳаётнинг чигал сўқмоқлари жисмни исмга мослаштирса, не ажаб…

Болтатош Зарипова тўрт норасидаси билан бева қолганида эндигина 35 ёшни қаршилаган эди. Ўшанда болаларининг қоронғи ҳаётини ёритмоқ учун Болтатош “болта” билан ўтин қилди, “тош” билан ўт ёқди. Тўнғич фарзанд бўлган Маратжон эса онасига елкадош бўлди.

Ўтган дамларни оғриниб эсларкан, Болтатош ая бугунги ёруғ кунлар учун Яратганга шукрона айтади. Ука ва сингиллари келажагига пойдевор бўлишдан чарчамаган Маратжонни алқайди, дуо қилади. Ҳа, айтганча, қаҳрамонимиз бўлган Маратжоннинг исмини газета ўқиётиб, Болтатош аянинг ўзлари топиб қўйган экан.

Катта сержант Маратжон Зарипов 1980-йилда Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида таваллуд топган. Ҳарбий либосни кийиб, Ватанга хизматни бошлаганига ҳам чорак аср бўлибди. Бу вақт мобайнида не-не машаққатларни бошдан кечирган қаҳрамонимиз сўзларига қулоқ тутамиз…

 

Биринчи топшириқ

 

– Уйимиз катта йўлнинг бўйида жойлашган эди. Серқатнов кўча, доимий автотранспорт воситаларининг ҳар икки томонга тинимсиз қатнаши бизга завқ берса, онамга доимий ҳадик ва қўрқув берарди. Шундай кунларнинг бирида (олти ёшларда эдим чамаси) катта юк машинаси йўл четида тўхтаб турарди. Секин қарасам, ҳарбий либосдаги икки инсон машина ғилдирагини алмаштираётган экан. Отам ҳам ўт ўчириш машинасини ҳайдагани боис менга бу ҳолат таниш эди. Секин улар томон яқинлаша бошладим. Аввалига ҳарбийлар менга эътибор бермади. Мен эса масофани янада қисқартирдим. Шунда улардан бири шу атрофда туришимни билгач, ичиш учун чой ёки сув келтиришимни илтимос қилди. Бу илтимос назаримда муҳим топшириқдек туюлган эди. Вазифани бажараётиб, ўзимни ҳарбийлардек ҳис қилган эдим. Касбга муҳаббат ўшандаёқ уйғонганди.

 

Тўнғич фарзанд масъулияти

 

– Мактабни 1997-йилда тамомладим. Касб танлашдаги хоҳиш-иродамга қарши чиқишга мажбур эдим. Ҳарбийлик касбини танласам, онам укаларимни боқишда қийналиб қолишини тушунардим. Шунинг учун Фармацевтика институтига ҳужжат топширдим. Афсуски, айни ўша йилдан бошлаб институтларда тўлов-контракт жорий этилган эди. Давлат гранти асосида қабул қилинишим учун 3,6 балл етмади. Шартнома асосида ўқишга эса оилавий аҳволимиз танг эди. Уйга қайтдим. Онамга рўзғор тебратишда ёрдам беришни бошладим. Аммо ўзимдан кўнглим тўлмас эди.

Орадан икки йил вақт ўтди. 1999-йили муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун армия сафига жўнадим. Ва ниҳоят, орзумдаги либосга эришган эдим. Ҳарбийлик касбини шу даражада яхши кўрардимки, муддатли ҳарбий хизматни тугатиш арафасида кичик сержант унвонини олдим. Муддат тугади ва уйга қайтдим. Орадан яна икки йил ўтгач, касбга бўлган садоқат мени мудофаа ишлари бўлимига ариза билан мурожаат қилишга ундади. 2002-йили Зарафшон шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда контракт бўйича ҳарбий хизматни бошладим ва бугунги кунгача шу ерда хизматимни адо этмоқдаман. Хизматим шарафли ва масъулиятли. Болалигим машаққат ва синовларга бой бўлди. Бундай синовлардан олган тажрибам хизмат фаолиятимда ўз самарасини берди. Синовлар мени сабрли бўлишга ўргатди.

 

Бахт

 

– Онамнинг кўзидаги қувонч мен учун катта бахт. Ўзим севган соҳада фаолият юритаётганим бахт. Касбимдан камол топганим яна бир бахт. Давлатимизнинг юксак мукофоти – “Шуҳрат” медалига лойиқ кўрилишимда ҳам онам мендан кўпроқ хурсанд бўлди. Назаримда, ютуқларимдан қувонаётган онам ёшаргандек туюлади. Бундай лаҳзалар менга олам-олам бахт беради.

Доим вақтни қадрлашга ҳаракат қиламан. Ҳар нарсани ўз вақтида бажаришга интиламан. Хизмат фаолиятимни бошлаганимдан буён ҳар куни эрталаб 5:30 да уйғонаман. Шу кунгача бирор маротаба хизматга кеч қолмадим. Буларнинг барчасини касбга бўлган садоқатдан деб биламан. Чунки касбимни яхши кўраман. Демак, мен энг бахтли инсонман!

 

Армон

 

– Менда армон йўқ. Ҳаётимдан минг бора розиман. Ўтган умримда нимагадир эришдим. Вақтни зое сарфламадим. Керакли вақтда онамнинг ёнида бўла олмагандирман, ҳолидан хабар ололмагандирман. Аммо ҳар вақт онамга суянч бўлишга ҳаракат қилдим. Бугунги кунда оиламизда барчамиз олий маълумотлимиз. Ҳатто онамнинг келинлари ҳам ўқимишли. Ҳеч нарсадан камимиз йўқдек. Бироқ гоҳ-гоҳида шу кунларни отам кўрмаганидан афсусланаман…

 

Шерзод ШАРИПОВ,

“Ватанпарвар”

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 4 =