Чамандагул

Салим АШУР

Кўчаларга ранглар сочди камалак,

Дўппиларга эргашди ҳур жамалак,

Сарпо ёйган игна, ип, кашта, палак,

Кўринг атлас, адрас, ипак, шойини:

“Ўзбекистон — Ватан!..” деган жойини.

 

Ўт тушгандек гуриллади ҳисларим,

Ҳисларимни гулзорлардан изладим,

Изларидан кетиб қолди изларим,

Кўринг адрас, атлас, шойи, ипакни,

Момолардан мерос ёруғ тилакни.

 

Шарму ҳаё, ибо деган сўзлар бор,

Умид билан термулган не кўзлар бор,

Ҳаёт кўрки — аёллар бор, қизлар бор,

Кўринг шойи, ипак, атлас, адрасни,

Бахш этамиз уларга ҳар нафасни.

 

Қатим нурдан шошиб қолди ёш кўклам,

Кўтарибди кўч-кўронин совуқ ғам,

Ҳар қадамда симиллайди қовурғам,

Кўринг ипак, шойи, адрас, атласни,

Тоширади кўзларимда ҳавасни.

 

Ҳилпирайди узун-узун кўйлаклар,

Илдизларин узай дейди тераклар,

Майсаларга айланади кесаклар,

Тиз чўктирар бизни яна хонатлас,

Жоним қайда?.. Борми бир тоза нафас?..

 

Таққа қолди бир зумга чархи фалак,

Тегирмони юрсин деб жоним ҳалак,

Юлдуз — кўсак бўлса, ой — бир ҳандалак,

Ёйилади чамандагул дўппилар,

Денгиздаги ҳубобдан ҳам кўп улар.

 

Кўлда сузган ўрдагим ё ғозимдир,

Қанот ёйса, ё кўпим, ё озимдир,

Бор-йўғингни пана тутмоқ лозимдир,

Майда қадам, танноз қадам, соз қадам,

Етолмайман сизга, алам, жон, алам.

 

Юрагимни тешиб ўтди кўзлари,

Сўнгра малҳам босди байту сўзлари,

Кўчамдан ҳеч ўтмадилар ўзлари,

Мен тушимни яна сувга айтдимми,

Ё айтмасдан сув бўйидан қайтдимми?

 

Кафтларига суртиб хино — кимёни,

Лол қолдирди Оврўпа, Осиёни,

Аёл зоти ўзгартирар дунёни,

Кўринг адрас, атлас, ипак, шойини,

Ҳеч ботмаган Ўзбекистон ойини.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 3 =