Тонг нур тутар ташна қароғларимга

Садоқат ҲАМРАЕВА
Муаллиф ҳақида:
Садоқат ҲАМРАЕВА — 1990 йили Каттақўрғон туманида туғилган.
Шеърлари мунтазам вақтли матбуот саҳифаларида эълон қилиниб келинади. Хусусан, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, Туркиянинг “Güncel Sanat” журналларида ва “Кўклам баёзи”, “Турон таронаси”, “Уйғоқ қалблар овози”, “Пиллапоя” каби жамоавий тўпламларда шеърий туркумлари эълон қилинган. “Кўнгил кўзгуси” номли илк шеърий тўплами нашр этилган.
НУРЛАНТИРСИН
Бу муқаддас, фазилатли кунларда, дўст,
Ибодатда, бедор ўтган тунларда, дўст,
Қаноатга ноил — хушнуд онларда, дўст,
Аллоҳ ишқи қалбимизни нурлантирсин!
Амалининг ажрин туйиб ҳар банда, дўст,
Неъматларга шукрин қилмай ҳеч канда, дўст,
Ихлос билан саждага бош қўйганда, дўст,
Аллоҳ ишқи қалбимизни нурлантирсин!
Ғоят гўзал, савоб амал тиловат, дўст,
Хислатларнинг афзалидир диёнат, дўст,
Ҳидоят деб бораверсак, оқибат, дўст,
Аллоҳ ишқи қалбимизни нурлантирсин!
Бордир Аршнинг ризвонидан илинжлар, дўст,
Тавба қилсак, кўкка етсин ўтинчлар, дўст,
Оташида ёндирмайин ўкинчлар, дўст,
Аллоҳ ишқи қалбимизни нурлантирсин!
Ҳар яхшининг қўли очиқ, — дейдилар, дўст,
Хайри борнинг йўли очиқ, — дейдилар, дўст,
Эртасининг ғамин бугун ейдилар, дўст,
Аллоҳ ишқи қалбимизни нурлантирсин!
Бу дунёнинг ғами азал заҳматдир, дўст,
Қаноатнинг ажри гўзал неъматдир, дўст,
Мўминларга иймон асл зийнатдир, дўст,
Аллоҳ ишқи қалбимизни нурлантирсин!
РАЙЁН САРИ ЙЎЛДИР — РАМАЗОН
Табаррукдир фарзи бу ойнинг,
Муборакдир файзи бу ойнинг,
Ҳаққа элтмоқ фазли бу ойнинг,
Ҳикматларга мўлдир — Рамазон.
Райён сари йўлдир — Рамазон!
Бандасига бўлсин деб фурқон,
Бунда нозил қилинган Қуръон,
Шукур, етдик рўзага омон,
Ҳимматларга мўлдир — Рамазон.
Райён сари йўлдир — Рамазон!
Ҳамма ойдан афзали ўзи,
Муқаддасдир кеча-кундузи,
Рўзадорнинг ёруғдир юзи,
Қийматларга мўлдир — Рамазон.
Райён сари йўлдир — Рамазон!
Иймон — қалбни мунаввар айлар,
Ҳидоятга муяссар айлар,
Аллоҳ зикрин мўътабар айлар,
Хислатларга мўлдир — Рамазон.
Райён сари йўлдир — Рамазон!
Фазилатга сероб ойдир бу,
Қабул бўлар тавба-тазарру,
Гуноҳларни куйдирар мангу,
Рағбатларга мўлдир — Рамазон.
Райён сари йўлдир — Рамазон!
Бир кеча бор, Қадр кечаси —
Минг ойга тенг, ажр кечаси,
Тиловату такбир кечаси,
Зийнатларга мўлдир — Рамазон.
Райён сари йўлдир — Рамазон!
Савоби кўп қаноатингни,
Хайр-эҳсон, саховатингни,
Тиндирмасанг ибодатингни,
Неъматларга мўлдир — Рамазон.
Райён сари йўлдир — Рамазон!
Аллоҳ ажри, иноятига,
Умид қилсак шафоатига,
Олгай ҳифзи ҳимоятига,
Раҳматларга мўлдир — Рамазон.
Райён сари йўлдир — Рамазон!
САБР БЕР
Чап кўксимда оғриқ бор,
тош ютганга ўхшайман,
Қир ошишга улгурмай,
дарз кетганга ўхшайман.
Илвираган юракни туйғуларим ўртайди,
Ширин жоним хунхори, қайғуларим ўртайди.
Ҳовурланган қавариқ — орзуларим мозори,
Ўз ҳолига куйса дил, куюклари озори.
Тиргаб куюк кўнгилни,
нураб борар бардошлар,
Қотиб қолган лош каби кипригимда кўз ёшлар.
Ғамгузор дил, ғамнок дил ҳаётнинг сийловими,
Тақдирнинг сийловлари
сабримнинг синовими?!
Соқий, селоб жомини ғамбодасин ювиб бер,
Дилкосамни тўлатиб, менга сабр қуйиб бер.
КЕЛ, БАҲОР!
Қор остида унса митти бойчечак,
Гул очса, бандидан узиб кел, баҳор.
Қорлар сувга дўнса, нур тутгач шафақ,
Шошқин шалоладан ўзиб кел, баҳор.
Бодом гулбаргларин қувиб, қувлашиб,
Жўшқин жилғаларда сузиб кел, баҳор.
Ялпизга айланиб ариқ лабида,
Яйдоқ адирларда кезиб кел, баҳор.
Тўрғайлар учганда қанотин қоқиб,
Кўкка камалаклар чизиб кел, баҳор.
Турналар қайтишсин арғимчоқ солиб,
Қушларни изингдан тизиб кел, баҳор.
Сеп ёйса чучмома, очилса лола,
Мен учун шодалар тузиб кел, баҳор.
Ҳар ташна байтимга сингдирай сени,
Васфингни гулларга ёзиб кел, баҳор.
ЎЗГАЧА
Тонг нур тутар ташна қароғларимга,
Фараҳбахш онларни интиқ кутгандай.
Оҳиста силкинар бодом шохлари,
Қушлар нағмасига хиром этгандай.
Мастона термилсам баҳор васфига,
Кафтимга тўкилар оқ, пушти гуллар.
Кўнглимнинг жунуний майлин сезгандай,
Бир ажиб бўй тутар ўйноқи еллар.
Ўрик шохларида рангин ғунчалар
Куртагин тарс ёриб гуллаш азмида.
Ошифта кўнгилнинг завқин ошириб,
Кўрк ила сафолар йўллаш азмида.
Борлиқ туслангандай ҳар куни ажиб,
Ҳар кун куйласам ҳам куйлар ўзгача.
Ердан бодраб чиққан момақаймоқлар,
Хаёлни олганда ўйлар ўзгача!
БАҲОР ВАСФИ
Жилваланса уфқ узра шафақ,
Қамашади рангдан қароғлар.
Ороланиб шабнам инган боғ,
Жимирлайди ҳарир япроқлар.
Сафоларга чулғаниб мутлақ,
Сабо елар, тонглар хушҳаво.
Чағчағлашар булбуллар хандон,
Анбарафшон гулшанлар аро.
Югуради ютоқиб нигоҳ,
Капалакдай гулдан гул оша.
Баҳор иси димоққа уриб,
Юрак қурғур ҳапқирар, шошар.
Тонг елида тебранар аста,
Куртаклари кулган дарахтлар.
Насимларга эркалик қилиб,
Юрагимда энтикар бахтлар!